Жамият
9 апрель – Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун. Эрта тонгдан пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида тарихчилар, давлат ва жамоат арбоблари, шоир-ёзувчилар, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар жам бўлишди. Тадбирда сўз олганлар Амир Темур давлатчилиги, унинг туронзаминда тинчлик ўрнатиб, мамлакатнинг ҳар жиҳатдан ривожи учун қўшган ҳиссаси, халқнинг тинч-осойишта ҳаёт кечириши ва давлатнинг қудратли бўлиши йўлида қилган саъй-ҳаракатлари ҳақида маълумот беришди.
– Соҳибқирон мамлакатда қонун устуворлигини таъминлади, зироатчилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, илм-фан ва маданиятнинг ривожига улкан ҳисса қўшди. Амир Темур Ватанни севиш, халқини улуғлаш, ундан фахрланиш ва ғурурланиш сингари олий маънавий фазилатлар барқ уриб турган туронзаминнинг жасур ўғлонидир. У яхши қуроллантирилган, ҳарбий машқларда обдан чиниқтирилган кучли армияга асос солди. Ҳамма замонлар, ҳамма мамлакатлар, ҳамма халқлар учун ибрат намунаси, ўзбек халқи учун эса фахр ва миллий ғурур тимсоли бўлиб қолди. Шубҳасиз, ҳар биримиз Амир Темур сингари дунё тарихида ўчмас из қолдирган шундай улуғ инсоннинг авлоди эканимиздан ҳақли равишда фахрланамиз. Бугун Янги Ўзбекистонда учинчи Ренессансга пойдевор қўйилаётган бир пайтда соҳибқирон бобомиз шахсиятига хос бўлган қаҳрамонлик, жасурлик, фидойилик, Ватанга садоқат каби кўпдан кўп фазилатлар барчамиз учун ўрнак бўлиб хизмат қилади, – деди Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али.
Шунингдек, Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Гулиев сўзга чиқиб, Озарбайжонда соҳибқирон Амир Темур даври тарихини ўрганиш бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар ҳақида гапирди. Ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари йиғилганларда илиқ таассурот қолдирди. Якунда Амир Темур хотирасига ҳурмат бажо келтирилиб, бобокалонимиз ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Тадбирдан сўнг барча меҳмонлар темурийлар тарихи давлат музейига йўл олишди. Тадбир «Темурийлар ренессанси: тарих, тадқиқотлар, муаммолар» мавзусидаги конференцияга уланиб кетди. Анжуманда юртимиз ва қўшни мамлакатлардан келган тарихчи олимлар маъруза қилиб, ўзаро фикр алмашишди.
– Амир Темур Шарқ ва Ғарб тадқиқотчиларини ўз атрофида тўплаган Туроннинг машҳур тарихий намоёндаларидан биридир. У барпо қилган Темурийлар давлати Ўзбекистон давлатчилик тарихи концепциясининг ўзагини ташкил этади. У ўзбек миллати қаҳрамони сифатида талқин этилиши бежиз эмас. Амир Темур қудратли салтанат қуришни истаганди ва буни ажойиб тарзда уддалади. Туронни ягона туғ остида бирлаштирди, – дейди Абдулла Қодирий ижод мактаби директори, Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Ҳилола Назирова.
Музей фаесида темурийлар шажараси, Ўрта асрларга оид энг ноёб экспонатлар, нодир қўлёзмалар ва бошқа осори-атиқалардан ташкил этилган кўргазма барчага бирдек манзур бўлди. Кўргазмада халқимиз ва хорижий меҳмонлар иштирок этиб, чин маънода тарихга саёҳат қилишди.
Амир Темур ва темурийлар давридаги қадимий қурол-аслаҳалар билан бирга юртимизнинг таниқли халқ амалий санъати усталари ижодий ишлари ҳам намойиш этилди. Жумладан, маданият ва санъатга иштиёқи туфайли халқ ҳунармандчилигининг миллий мусиқа чолғуларини таъмирлаш ва ихтиро қилиш бўйича илмий изланишлар олиб бораётган таниқли уста, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Абдумалик Абдураимов ўзининг 50 йиллик фаолияти давомида кашф этган «Ғижжак Бобурий», «Ғижжак Бобурий» альт, «Ғижжак Бобурий» бас, «Ғижжак Бобурий» контрабас, «Дилрабо», «Дилнаво», «Хушнаво», «Янги чанг», «Қўштор» чолғулари кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ