Кичик АЭС қурилиши бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказилади – «Ўзатом» масьули

Сақлаш
14:06 / 28.06.2024 85 0

Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси (КҚАЭС) қурилиши бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказилади, деди «Ўзатом» раҳбари маслаҳатчиси Қосим Тўхтахунов. Шунингдек, у атом энергетикасини ривожлантириш ва кичик модулли реакторларни танлаш заруратини тушунтирди.

 

Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси (КҚАЭС) қурилиши бўйича маҳаллий жамоатчилик эшитувлари ўтказилади. Бу ҳақда Атом энергияси агентлиги («Ўзатом») директори маслаҳатчиси Қосим Тўхтахунов Марказий Осиёда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича «Остона – Москва – Тошкент» видеоконференцияси чоғида маълум қилди.

 

«Референдум масаласига келсак... Конституциямизга кўра, бу масалалар бўйича референдум ўтказишга ҳожат йўқ, лекин биз, албатта, жойларда жамоатчилик муҳокамаларини ўтказамиз», — деди у.

 

Ўзбекистон «жаҳон меҳнат тақсимотида хомашё базаси» бўлиб қолиш ниятида эмас. Шу мақсадда қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун маҳаллий хомашёларни қайта ишлаш режалаштирилмоқда. Бунга мисол қилиб, қайта ишлана бошланган пахта ҳамда тўқимачилик ва калава хорижга сотилаётганини, бунинг натижасида валюта тушуми 4 баробар ошгани, 100 минг иш ўрни яратилгани таъкидланди.

 

Уран билан ҳам шундай қилиш режалаштирилган. «Нега уранни қайта ишлаш ва қўшимча маҳсулотлар олиш керак эмас? Президентимиз олдимизга ана шу вазифани қўйди. Шу боис атом энергетикаси масаласи биз учун муҳим ва Ўзбекистон атом энергетикасини – нафақат йирик, балки кичик модулли [атом электр станциялари]ни ҳам ишонч билан ривожлантиради, деб ишонамиз», деган Қосим Тўхтахунов.

 

«Ўзатом» раҳбари маслаҳатчиси бугунги кунда Ўзбекистон учун кичик модулли реакторлар нисбатан мақбулроқ эканини таъкидлади.

 

«Бундай турдаги реакторлар анча мослашувчан, иш режими 120 фоизни ташкил қилади. Биз қайта тикланадиган энергия, қуёш энергиясини жуда шиддатли, кенг жорий этаётганимизни инобатга олсак, ҳисоб-китобларимиз шуни кўрсатадики, кичик модуллар энергия тизимининг ишлаш режимига жуда муваффақиятли, жуда уйғун қўшилиши мумкин», деган масъул.

 

Унинг сўзларига кўра, «Росатом»нинг бош пудратчи сифатида танланиши «соф прагматик ёндашув» билан изоҳланади.

 

«Биз таҳлиллар ўтказдик: дунёда нима содир бўлмоқда, қандай компаниялар ишлаяпти, улар қандай ишлайди. Ва, табиийки, бизнинг танловимиз «Росатом» бўлди. Бу ерда соф техник, соф прагматик ёндашув бор», деган «Ўзатом» вакили.

 

Видеоконференция 26 июнь куни бўлиб ўтди. Шу куни Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Тузкон кўли ёнида бўлажак станция жойлашувчи жойда атом электр станциясини қуриш бўйича шартномани кучга киритиш тартиби тўғрисида баённома имзоланди. Станция инфратузилмасини яратиш ишлари кузда бошланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//