Тошкент вилоятида нарколаборатория ташкил этган хориж фуқаролари қўлга олинди

Сақлаш
10:06 / 28.06.2024 91 0

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситалар савдоси билан шуғулланувчи шахслар аниқланиб, қамоққа олинди.

 

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида ДХХ ходимлари томонидан божхона ҳамда ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилди.

 

Хусусан, 1998 йилда туғилган Украина фуқароси ва 2001 йилда туғилган Озарбайжон фуқароси вақтинча истиқомат қилаётган Юқори Чирчиқ туманидаги хонадонда 411 грамм «Альфа-ПВП» синтетик гиёҳвандлик воситаси, 7 килога яқин ярим тайёр наркотик моддалар ҳамда 237 кило прекурсорлар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб мусодара қилинган.

 

Маълум бўлишича, улар ушбу манзилда яширин нарколаборатория ташкил этиб, хориждан келтирилган хом-ашёлар ёрдамида синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган.

 

Сергели туманида қайд этилган ҳолатда, қўшни республикадан халқаро йўловчи ташувчи автобус орқали юборилган 4 килограм 799 грамм «Альфа-ПВП» синтетик наркотикни қабул қилиб олган вақтида мазкур туманда яшовчи, 1985 йилда туғилган шахс қўлга олинган.

 

Аниқланишича, у Телеграм мессенжерида фаолият юритувчи наркодўкон учун омбор вазифасини бажариб келган.

 

Яна бир шундай ҳолатда, Юнусобод туманида истиқомат қилувчи, 1999 йилда туғилган шахс ўзининг яшаш хонадони яқинида жойлашган электр трансформатори остига келгусида сотиш мақсадида 584 грамм гашиш моддасини яшириб қўйгани аниқланиб, ушбу гиёҳвандлик воситаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

 

Ҳозирда учала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, қонунбузарларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//