Зоминда II Халқаро мақом санъати анжумани тантанали равишда очилди

Сақлаш
10:06 / 28.06.2024 78 0

Жиззах вилоятининг Зомин туманида 27 июнь куни II Халқаро мақом санъати анжумани тантанали равишда очилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

 

Бу анжуман давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ва биринчи фестиваль 2018 йил Шаҳрисабзда ўтказилган эди. Кейинчалик пандемия туфайли кечиктирилган санъат қурултойи бу йил янгича руҳ ва шукуҳ билан қайтди.

 

 

Тантанали очилиш маросимида президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, мақом санъатининг тарихи ва аҳамиятини эътироф этди.

 

«Бизнинг қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, азалий қадриятларимизнинг рамзи бўлган мақом санъати теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди. Мақом – умумбашарий туйғуларни авж пардаларда тараннум этадиган нодир санъат тури сифатида ҳам биз учун ғоят қадрлидир», – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Мумтоз мусиқа санъати вакили бўлган ўзбек мақомлари ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.

 

 

Маросимда ЮНEСКО Бош конференцияси 42-сессияси президенти Симона Микулеску, АЙСEСКО Бош директори Салим Муҳаммад ал-Малик ҳам сўзга чиқиб, иштирокчилар ва меҳмонларни қутлади.

 

Шунингдек, анжуманда ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев, Туркий маданият ва мерос фонди президенти Актоти Раимкулова, Туркий давлатлар Парламент ассамблеяси бош котиби Меҳмет Сурейя Эр, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бош котиби ўринбосари Нурлан Сейтимов, Туркия президентининг бош маслаҳатчиси Ялчин Топчу, Қозоғистон президентининг маслаҳатчиси Малик Отарбаев, Тожикистон президентининг ижтимоий ривожланиш, маданият ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Абдулло Раҳмонзода, Қирғизистон маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Олтинбек Максутов, Озарбайжон маданият вазири Адил Габил ўғли Каримли қатнашди. Умуман, фестивалда Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Африка қитъаларининг 80 дан ортиқ мамлакатидан қарийб 400 нафар меҳмонлар иштирок этмоқда.

 

 

Анжуман 30 июнга қадар давом этади. Якунда «Энг яхши мақом ансамбли», «Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси» ва «Энг яхши яккахон хонанда» йўналишлари бўйича ғолиблар эълон қилинади. Шунингдек, мақом санъатининг назарий ва амалий асослари мавзусида халқаро конференция, давра суҳбатлари бўлиб ўтади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//