«Меҳр дафтари» ҳисобидан тўртта BYD автомашинасини сотиб олгани айтилаётган ҳокимлик расмий муносабат билдирди

Сақлаш
10:04 / 25.04.2024 1337 0

Автомашиналар «Меҳр дафтари» жамғармаси ҳисобидан харид қилинмаган, дейилади Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов берган муносабатда.

 

Унга кўра, ушбу ҳолатда техник хатолик юз берган бўлиши мумкин. Вилоят ҳокимлиги харид қилган гибрид транспорт воситалари Президентнинг 2022 йил 19 декабрдаги (ПҚ-443) қарори асосида халқ депутатлари вилоят кенгашининг 2024 йил 16 февралдаги К/24-сонли қарори қабул қилиниб, унга асосан маҳаллий бюджетнинг 2024 йил бошидаги эркин қолдик маблағлари ҳисобидан харид қилинган.

 

«Яъни, автомобиллар хариди учун «Меҳр дафтари» жамғармасидан маблағ ўтказилмаган», дейди расмий.

 

Тушунтирилишича, мазкур ҳолатда автомобиллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги 258-сонли қарорида белгиланган меъёрларга амал қилган ҳолда харид қилинган.

 

 

«Ҳозирда серверда нега «Меҳр дафтари» жамғармаси кўрсатилаётгани сабаблари ўрганилмоқда. Қўшимча маълумотлар тақдим этамиз», дейди вилоят ҳокимлиги Матбуот котиби.

 

«Kun.uz» нашри кеча Қашқадарё вилояти ҳокимлиги «Меҳр дафтари» жамғармаси номидан тўртта «гибрид» BYD Song Plus сотиб олаётгани бўйича хабар берган эди. Шу ҳисобда ҳокимлик ва товора сотувчи томон ўртасида 1 миллиард 780 миллион сўмлик келишувлар амалга оширилган(1, 2, 3, 4). Қизиғи, ўтган йилнинг 9 июнь куни ушбу жамғарма томонидан ҳам 450 миллион сўмга Chevrolet Equinox (старт-стоп тизими билан жиҳозланган гибрид) сотиб олиш учун ариза берилган бўлиб, у ҳали ижро босқичида эканлиги кўрсатилган.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси