“Ҳеч қачон касал бўлмаган”, сайловда “рекорд” ўрнатган ва шахматни яхши кўрган – Ўзбекистонни 25 йил бошқарган Ислом Каримов ҳақида 25 факт


Сақлаш
14:01 / 30.01.2024 269 0

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов 1938 йил, 30 январда Самарқанд шаҳрида туғилган. Бугун мустақил Ўзбекистонни роппа-роса 25 йил бошқарган сиёсатчи ҳақида турли хил фикрлар янграйди. Oyina.uz биринчи Президент таваллуд топган кун муносабати билан Каримовга доир 25 фактни эсга олди.

 

1. Ислом Каримовнинг отаси Абдуғани Каримов давлат хизматчиси, онаси Санобар Каримова эса уй бекаси бўлган.

 

2. Ислом Каримовнинг Меҳринисо исмли опаси ва Омонулла, Ибодулла, Арслон, Қуддус, Икром, Хуршид исмли ака-укалари бўлган.

 

Фото: Каримов фонди

 

3. Каримовнинг ака-укалари – Ибод ва Қуддус Абдуғаниевичлар фан номзоди даражасини олган.

 

4. 1941 йилда ота-онаси Ислом Каримовни Самарқанддаги меҳрибонлик уйига топшириб, бир йилдан сўнг қайтариб олган. Бироқ 1945 йилда Каримов яна меҳрибонлик уйига берилган.

 

5. Каримов Ўрта Осиё политехника институти (ҳозирги Тошкент Давлат техника университети) ва Тошкент қишлоқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент Давлат аграр университети)ни тамомлаган.

 

6. Ислом Каримов муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликлари ҳамда иқтисод фанлари номзоди даражасига эга бўлган.

 

7. Ислом Абдуғаниевич “Ташселмаш” ва Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис сифатида фаолият юритган ва шу ердан Ўзбекистон ССР давлат режалаштириш қўмитасига ўтган.

 

8. 1983-1986 йилларда Молия вазири бўлган Каримов 1986 йилда Қашқадарё вилояти ҳокими этиб тайинланган.

 

 

9. 1989 йилда Ислом Каримов Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг биринчи котибига айланган.

 

10. Каримов совет республикалари раҳбарлари орасида биринчи бўлиб (1990 йил 24 март), “президент” титулини олган. Таққослаш учун СССР раҳбари Михаил Горбачёв 1990 йил 15 мартда президент деб атала бошланган. Қозоғистон биринчи котиби Нурсултон Назарбоев эса бир ой ўтиб, 1990 йил 24 апрелдан президент бўлган.

 

11. Ислом Каримов 4 маротаба (1991, 2000, 2007 ва 2015 йилларда) президентлик сайловларида ғалаба қозонган.

 

12. 1999 йил февраль ойида Тошкентда Ислом Каримов ҳаётига суиқасд уюштирилади. Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши бўлиб ўтадиган ҳукумат биноси яқинида автомобиль портлатилади. Портлаш оқибатида 16 киши ҳалок бўлади, юздан ортиқ инсон жароҳатланади. Каримовнинг ўзи портлашдан жабрланмаган. Президент телевидениедаги чиқишида ушбу портлаш радикал ислом вакиллари томонидан унинг ҳаётига суиқасд уюштириш учун ташкиллаштирилганини айтган.

 

13. Каримов Афғонистон масаласида АҚШ ва Европа мамлакатлари билан ҳамкорлик қилган ва яқин алоқалар ўрнатган.

 

 

14. 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Каримов ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар совуқлашган. Натижада Ислом Каримов Россия ва Хитой билан алоқаларга катта эътибор қарата бошлаган.

 

15. Ислом Каримов давлат раҳбари сифатида расмий ташриф билан 125 маротаба хорижий давлатларга борган.

 

16. Ислом Каримов сайловлар борасида рекордларга эга. 2007 йилги президентлик сайловларида Каримов 91 % сайловчи иштирок этган биринчи турда 90,76 % овоз олган ва бу билан дунё рекордларидан бирини ўрнатган.

 

 

17. Каримовнинг 25 йиллик президентлик даврида унинг хасталангани ҳақида ҳеч қачон расмий хабар берилмаган.

 

18. Ислом Абдуғаниевич Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли ҳудудни яратиш ташаббускори бўлган.

 

 

19. Каримов дастлаб Наталя Кучма Петровна билан турмуш қурган (1960 йилларда) ва 1969 йили уларнинг фарзанди – Пётр Каримов дунёга келган.

 

20. 1967 йилда Каримов Татяна Каримовага уйланган. Бу никоҳдан икки қиз – Гулнора ва Лола Каримовалар туғилган.

 

 

 

21. Ислом Каримов шахмат ўйнашни ёқтирган ва баъзида соатлаб шахмат столи олдида ўтирган.

 

22. Биринчи Президент “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони, “Мустақиллик” ва “Амир Темур” орденлари билан тақдирланган.

 

23. Каримовни Испания қироли «Фуқаролик хизматлари учун» ордени билан тақдирлаган.

 

 

24. Ислом Каримов Ўзбекистон давлатини 27 йил – 1989 йил 23 июнда биринчи котиб бўлгандан 2016 йил 2-cентабр, вафотига қадар, мустақил Ўзбекистон Республикасини 25 йил (1991 йил 31 августдан) бошқарган.

 

25. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти 2016 йил 2 сентябрь куни 78 ёшида вафот этди ва 3 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида дафн этилди.

 

Муҳаммадқодир СОБИРОВ тайёрлади.

 

Ўхшаш мақолалар: «Ўткан кунлар», «Тонглар тинч отарди, бу ерда…” – Ислом Каримов яхши кўрган фильмлар

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси