Гилам тўқишни, ўтин ёришни яхши кўрадиган 106 ёшлик Ойгул момо


Сақлаш
19:05 / 10.05.2024 309 0

Ўзбекистонда 100 ёшдан ошган фуқаролар яшайдиган ҳудудлар бўйича Қашқадарё вилояти етакчи ҳисобланади. Бугун сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз ҳам Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги олис Хитой қишлоғида яшайди. 

 

«15 ёшимда турмушга узатишган. Биринчи оиламдан фарзандим туғилибоқ ўлганди. Шундан кейин бошқа бола кўрмадик ва ажрашдик. Иккинчи рўзғоримга 6 та фарзандга она бўлиб турмушга чиқдим. Ўшанда болаларнинг тўнғичи 15 ёш, кичиги эса 3 ойлик эди. Уларни катта қилиш, оқ ювиб, оқ тарашнинг ўзи бўлмади, кичикларику эсини билмагани учун тез кўникишди, аммо катталарнинг мени она сифатида тан олишлари осон кечмаган. Оғир меҳнат, катта сабр билан уч қиз, уч ўғил ўстирдик. Ҳозир 40 нафар невара, 100 га яқин чевара, 30 дан ортиқ эварам бор». Бу гапларнинг эгаси – 106 ёшли Ойгул момонинг ҳали хотираси тиниқ, кўзлари нурли. Унинг равон сўзларидан, қулоқларининг аниқ эшитишидан, йиллар, саналар, фамилияларни, ҳаёти давомидаги маълумотларни адашмай айтиши, набираларини гарчи исмини билмасада, шу фарзандимнинг боласи деб чақиришидан ҳайратга тушасиз. Сўзлаши ҳам бошқача: аниқ, дадил, дангал.

 

 

«Умрим меҳнатда ўтган, тинмай ишлардик, ҳозир ҳам бекор ўтирсам касал бўлиб қоламан. Ўтинларни ўзим майдалаб ташлайман! Болтам, аррам бор, ҳеч кимга бермайман. Гилам тўқишни яхши кўраман. Кўп-кўп пиёда юраман, нарсаларимни ўзим кўтараман. Кичкина келинларга ёрдам бераман. Болалар ётинг, дам олинг, дейди, ётмайман, дейман», – дейди ўзига хос қайсарона оҳангда момо. 

 

Ойгул момонинг қўллари меҳнатда қаварган. Аёлнинг куни тонг саҳар 04:00 дан бошланади. Ҳовлиларни супуриш, сигир соғиш, товуқларга дон бериш юздан ошсада Ойгул момо учун ҳамон одатий юмуш…

 

Кампирнинг тилидан шукроналик тушмайди. Ўтган ҳаётини, бошидан ўтказган қийинчиликларини, турмуш ўртоғи Ашурали тоға билан олти нафар фарзандни оёққа турғазгунча чеккан азобларини, навқирон пайтларида тонг саҳардан кеч оқшомгача далада тупроқ кечиб, экин экканларини гапириб беради. Аммо момо шу ёшдаям жуда ҳазилкаш, тўйларда рақс тушишдан чарчамайди. Бирор марта «дуҳтирга иши тушмаган, укол олмаган». Энг ажабланарлиси, момонинг тишлари иккинчи марта чиққан.

 

 

- Момонгнинг ажойиб одатлари бор. Ҳар бир набирасига «Ўтиб кетганимдан кейин мени эслайсан» дея келинлик ёки куёвлик сандиғини, биринчи фарзандли бўлганда эса бешик совға қилишни ҳеч ёдидан чиқармайди. Невара-чеваралар майли, маҳалладагиларга ҳам шундай ҳадя улашади. Қишлоқдагилар бўлса ҳеч бир тўйни момонгсиз бошлашмайди. Дадамнинг гапларини эшитиб, тўйимга совға қилинган сандиқ, биринчи фарзандимга чиройли қилиб безатиб келинган бешик, оила аъзоларимизга олиб келинган бош-оёқ сарполар кўз олдимдан ўтаркан, бўғзимга аччиқ нимадир тиқилди.

 

Шу зайл уларнинг яна бир ажойиб одати ёдимга тушади. Амакимнинг шинам уйи ортидаги нураб қолган эски ҳовлимизда эрталабдан кечгача бир нима юмушларни қилиб юради момом. Болаларининг «Отамнинг деворлари бир кун нураб, сизни босиб қолади, келинг, буларни янгилаб, таъмирлаб берайлик», деган ҳазиломуз гапларига, «Йўқ, бу уйларда отангнинг нафаси, қўлларининг изи бор. Мен ўтгандан кейин бу уйни бузасизларми, қурасизларми, ўзингиз биласиз. Унгача тегинманг», – дейдилар чинакамига жаҳл билан.

 

 

Момомнинг гап-сўзларига қулоқ солиб ўтирсангиз, инсон умри давомида яхшилик қилишдан чарчамаслиги, айниқса, қўни-қўшнилар ҳолидан хабар олиш, касал бўлганида йўқлаш, тўй ва яхши кунларида маслакдош бўлиш кераклиги жуда муҳимлигини англайсиз. Қанча умр кўриш, албатта, тақдирда белгиланган. Лекин инсон умрини узайтирувчи омиллар бордек. Булар Ойгул момом айтганидек, меҳнатдан қочмаслик, эрта туриб, эрта ётиш, яхши (соғлом)овқатланиш – суви қочган нон, талқон, туршак ейиш, сут-қатиқни кўпроқ ичиш, яқинларга меҳрли бўлиш, кечириш, ҳаётни яхши кўришдир балки. 

 

 

Қишлоққа борганимда момомнинг гоҳ шотидан томга чиқаётганлари, гоҳ ҳалинчак учаётганлари ёки ҳовлини супуриб, ўрик данакларини териб юрганларининг устидан чиқаман. Мени кўришлари билан киссасидан мевами, ширинликми нима бўлсин олиб узатадилар. Биламанки, бу шунчаки мева ё ширинлик эмас, бир асрлик меҳр. Шунақа вақтлар момом яхшиям дадамга она бўлиб келганларига суюнаман, янаям узоқ умр кўришларини тилайман ич-ичимдан.

 

Шаҳноза АШИРОВА,

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси