Қатағоннинг яна бир қурбони – биринчи ҳарбий журналистлардан бўлган Мирзақул Рисқулов нега ўлдирилган?


Сақлаш
12:05 / 10.05.2024 245 0

1904 йил Каттақўрғон шаҳрида туғилган Мирзақул Рисқулов аввал Каттақўрғондаги жадид мактабида савод чиқарди. Кейин замона зайли деб рус-тузем мактабида рус тилини, Европа адабиётини ўрганди. Аслида қалби гўзалликка, адабиётга шайдо йигит инқилоблар, ижтимоий бўҳронлар ортидан ўзи суйган йўналишда эмас, аксинча, совет милицияси сафида меҳнат фаолиятини бошлайди. Каттақўрғонда иқтисод ва ҳуқуқ бўлимининг мудири сифатида ишлаётганида эса бир гуруҳ тенгқур дўстлари қаторида Москвага, Бутуниттифоқ коммунистик университетига ўқишга йўлланади. 1925-1928 йилларда Ленин номидаги Ўрта Осиё ҳарбий мактабини тугатиб Самарқандга келган Мирзақул ўзбек миллий армиясининг нашри – «Қизил юлдуз» газетасида «кичик сиёсий раҳбар» унвони билан иш бошлайди. Шу тариқа журналистика соҳасига кириб, қисқа вақтда оддий мухбирликдан бош муҳаррирликкача кўтарилади. Асосан Самарқанддаги ҳарбий бўлинмаларга тарқатилиши кўзда тутилган «Қизил Юлдуз» газетасининг адади бу вақтда аллақачон 2 000 дан ортиб, оддий ўзбек халқининг ҳам суюкли нашрларидан бирига айланиб борди. Бу орада Мирзақул Рисқулов Ўрта Осиё коммунистик университетининг журналистика факультетини сиртдан ўқиб, профессионал журналист мақомини олади. Ўқишдан чарчамайдиган муҳаррир 1931-1934 йиллар Ленинграддаги Толмачев олий ҳарбий академиясида ўқиб, олий ҳарбий зобит унвонига эришади. Аммо орадан кўп вақт ўтмай, яъни 1937 йилнинг 10 сентябрида Ички Ишлар Халқ Комиссарлиги (НКВД) Ўрта Осиё Ҳарбий округи махсус бўлими томонидан уни аксилинқилобий ташкилот аъзоси деган айблов билан қамоққа олишга қарор қабул қилинган. 

 

Ҳибсга олиш чораси ҳақида

ҚАРОР

Самарқанд шаҳри                                            1937 йил 10 сентябрь

Мен, НКВД Давлат Хавфсизлиги Бош бошқармасининг Ўрта Осиё Ҳарбий округидаги Алоҳида бўлими I бўлинмаси бошлиғи, Давлат хавфсизлиги лейтенанти Василев Рисқулов Мирзақулга оид қўлимдаги тергов материалларни кўриб чиқиб

 

Қуйидагиларни аниқладим

Мавжуд материаллар асосида Рисқулов Мирзақул ўзи муҳаррирлик қилган «Қизил Юлдуз» газетаси таҳририяти ходимларини аксилинқилобчи-миллатчи шахслардан, яъни, у билан яқин алоқада бўлган, унинг аксилинқилобий-миллатчилик ғояларини қўллаб-қувватловчи кишилардан танлаб олгани фош қилинади. Бунинг натижасида Рисқулов газета саҳифаларида халқ душманлари томонидан аксилинқилобий чиқишлар қилинишига йўл очиб берган. Шунингдек, тергов томонидан Рисқуловнинг эндиликда ҳибсга олинган халқ душмани Ризаев билан яқин алоқада бўлгани ҳам аниқланди. Рисқулов 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясида қисм раҳбарияти таркибидаги аксилинқилобий-миллатчи шахслар билан яқинлашди. Яъни, собиқ дивизия командири Миршаропов тузган ташкилотга аъзо бўлиб, ЎзССР ЖК 66-моддаси I-қисмида кўзда тутилган жиноятни содир этган. Ана шуларни ҳисобга олиб

 

ҚАРОР ҚИЛДИМ

Рисқулов Мирзақул 1904 йил Каттақўрғон шаҳрида деҳқон оиласида туғилган. Миллати ўзбек, хизматчи. 1937 йилда аксилинқилобий-миллатчилик фаолияти учун партия сафидан ўчирилган. 1925 йилдан ишчи-деҳқон қизил армиясида хизматда. Охирги хизмат жойи 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясининг «Қизил Юлдуз» газетаси муҳаррири. Самарқанд шаҳрида яшайди. Рисқулов Мирзақул ҳибсга олинсин ва унга ЎзССР ЖК 66-моддаси I-қисмига кўра айблов эълон қилинсин. Ҳибсга олинган Рисқулов ЎзССР Ички ишлар халқ комиссарлиги Самарқанд секторининг ички қамоқхонасида сақлансин.

 

“Розиман” Ўрта Осиё Ҳарбий                               НКВД Давлат хавфсизлиги Бош

округидаги Давлат хавфсизлиги                           бошқармасининг Ўрта Осиё Ҳарбий

бош бошқармаси Алоҳида бўлими                        округидаги Алоҳида бўлими  I-бўлинмаси

бошлиғи ёрдамчиси, катта                                     бошлиғи, Давлат хавфсизлиги лейтенанти

лейтенанти  ЗАБРОДИН                                         ВАСИЛЬЕВ 

 

Ушбу қарордан сўнг 1937 йил 11 сентябрь куни битилган ордер асосида Рисқулов Самарқанд шаҳри, Ленин кўчасидаги 25-уйда ҳибсга олинади. НКВДнинг Тошкентдаги ички қамоқхонасига юборилган Мирзақул Рисқулов 28 сентябрдаги сўроқда ўзига қўйилган айбловларни бирма-бир рад этади. Шундан кейин тергов жараёни муттасил жисмоний қийноқлар ва руҳий босимлар остида кечади.

 

Рисқулов Мирзақул Ризқулович

 

Хўш, нега дивизия газетасининг оддий муҳаррири бўлган бу одам шахсига НКВД раҳбариятининг эътибори бунчалик ошиб кетган эди? Ҳамма гап шундаки, НКВД йўқ қилишни, номига қора чаплаб, аксилинқилобчи-миллатчи, «халқ душмани» каби айбловлар билан бадном этишни режалаштирган совет давлатидаги биринчи ўзбек генерали Миркомил Миршароповни ҳибсга олишга тайёргарлик кўрилаётганди. Бунинг учун эса замин ҳозирланиши лозим бўлади. Ана шу асосни яратиш ниятида у илгари қўмондонлик қилган Самарқанддаги 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясидаги миллати ўзбек, тожик бўлган офицерлар – қисмнинг сиёсий раҳбарияти гўё мақсади Ўзбекистонни СССР таркибидан ажратиб олиш бўлган аллақандай «аксилинқилобий-миллатчилар» ташкилотига аъзоликда айбланиб, ҳибсга олина бошланади. Булар орасида дивизия сиёсий бўлимининг бошлиғи, Москвада Толмачев номли академияни битирган Юнус Наримонов, дивизия офицерларидан Содиқ Ёқубов, Ботир Йўлдошев, Мирсаид Шамирбоев, Бурхон Ҳамроқулов каби йигирмадан зиёд киши бор эди. Мирзақул Рисқулов ҳам шулар қаторида ҳибсга олинади. 

 

Тергов материалларига кўра, Рисқулов 20-30 кун давомида ўзига қўйилган барча айбларни рад этиб, уларни туҳмат, дея тан олмаган. Лекин ўтган вақт ичида жисмоний ва руҳий азоблар ўз таъсирини кўрсатади. Буни 9-10 октябрь кунлари Давлат хавфсизлиги катта лейтенанти Мугинштейннинг Тошкентдаги НКВД ҳибсхонасида ўтказган сўроқ далолатномасидан ҳам билса бўлади:

 

Савол: Сиз 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясида мавжуд бўлган аксилинқилобий-миллатчилар гуруҳи аъзоси сифатида ҳибсга олингансиз. Лекин, мана 20 кун давомида ушбу ташкилот аъзоси бўлганингизни қатъиян рад этяпсиз. Бундан кейин ҳам шундай йўл тутиб, ўзингизнинг аксилинқилобий фаолиятингизни инкор қиласизми?

Жавоб: 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясидаги аксилинқилобий ташкилотга 1936 йилнинг ёзида дивизия сиёсий бўлими бошлиғи Наримонов томонидан жалб этилганман…

Савол: Наримонов сизни ушбу ташкилотга тортиш чоғида унинг иштирокчилари сонини рақамлар билан айтмаган, балки номма-ном тилга олган. Нега буни биздан яширяпсиз?

Жавоб: Наримонов мени ташкилот сафига жалб қилиш пайтида аъзолардан фақат уч кишининг исмини айтган. Булар – Мирсаид Шомирбоев – 42-полк ўқув-тайёргарлик мактаби бошлиғи, Ҳамид Исомуддинов – 41-отлиқ полки штаби бошлиғи, Холмат Шукуров – дивизия штаби I-қисми бошлиғининг ёрдамчиси.

Савол: Сиз алдаяпсиз. Тергов сиздан ташкилотнинг Наримонов ва ўзга манбалар орқали маълум бўлган бошқа аъзолари номини ҳам айтишингизни талаб қилади.

Жавоб: Менга яна олти кишининг номи маълум. Булар – дивизия партия комитети котиби Бурҳон Ҳамроқулов, дивизия сиёсий бўлими йўриқчиси Мамадали Отаев, дивизия сиёсий бўлими йўриқчиси Жўрабой Шокиров, дивизия сиёсий бўлими йўриқчиси Ботир Йўлдошев, 42-отлиқ полки ҳарбий комиссари Абдураҳимов, 42-отлиқ полки от ўргатувчиси Содиқ Ёқубов…

 

 

Тергов материалларини ўқиркансиз, бу жавоблар олдиндан тайёрланиб, М.Рисқуловга жисмоний қийноқлар орқали имзо чектирилганига амин бўласиз. Ахир терговчи, дейлик, Наримонов ва Рисқулов ўртасидаги «суҳбатда» қатнашмаган бўлса, «Наримонов иштирокчилар сонини рақамлар билан айтмаган, балки номма-ном тилга олган» деб қандай таъкидлайди?

 

Ёки М.Рисқулов терговчининг «Наримонов сизнинг олдингизга қандай вазифаларни қўйган эди?» деган саволига берган жавобга эътибор қилинг: «Наримонов менга «Қизил Юлдуз» газетасини мавжуд тузумга нисбатан туҳмат тарғиботлар олиб борувчи, партия ва совет ҳукумати ўтказаётган тадбирларни бузиб талқин этувчи қуролга айлантириш вазифасини топширган эди».

 

Бундай жавобни ҳужжатлаштириб, М.Рисқуловнинг «халқ душмани» эканига бир далил, деб ўйлаган НКВДнинг катта лейтенанти Мугинштейн ҳатто газета босмахонага топширилгунича қандай жараёнлардан ўтишини ҳам билмаган. У газетанинг ҳар бир сони муҳаррир ўқиб, имзолагандан кейин ўша пайтлар НКВД тасарруфидаги «Матбуотда давлат сирларини сақлаш бошқармаси», яъни «ЎзЛИТ»нинг масъул ходими бирма-бир кўриб, муҳр босгандан сўнггина босмахона қабул қилишидан бехабар бўлган. Бундай шароитда газетада «аксилинқилобий руҳдаги» мақолалар босилган бўлса, нафақат муҳаррир, балки уни ўқиб, босишга рухсат берган НКВД тасарруфидаги идора ходими ҳам жавобгар бўларди. Ёлғон далиллар тўплашга, сохта айбловларни шакллантиришга берилиб кетган терговчи Мугинштейн масаланинг бу томонига эътибор ҳам бермаган. Мана шу келтирилган мисолларнинг ўзиёқ Рисқулов устидан қўзғатилган «жиноят иши» бошдан-оёқ туҳматлардан иборат эканини кўрсатиб турибди.

 

«Қизил юлдуз» газетаси 

 

Шу тариқа 1937 йилнинг 1 ноябрида биринчи ўзбек генерали М.Миршаропов Ростов-Дон шаҳрида ҳибсга олингунга қадар, Самарқандда йигирмадан зиёд ўзбек офицери қамалади. Улар даҳшатли қийноқлар остида ўзларига ва М.Миршароповга қилинган бўҳтонларни «тўғри» деб тан олишга мажбур бўлишади. Биринчи ўзбек ҳарбий журналистларидан бўлган Мирзақул Рисқулов ҳам улар қаторида эди, афсуски. Унга шунингдек, «Қизил Юлдуз» газетаси таҳририятини аксилинқилобий-миллатчилик руҳидаги ғояларни ташувчи кишилар билан тўлдиргани, ходимлардан Шукруллаев – жадид, Юсупов – «Миллий Иттиҳод» ташкилоти аъзоси, Очиловнинг хотини эса мулланинг қизи бўлгани, партиядан ўчирилган Убайдуллаев, ўзининг ўринбосари, аксилинқилобчи Мирабдуллаев, «халқ душмани» Султон Галиевнинг қизини ишга олгани катта бир айб сифатида тақилди.

 

 

Мирзақул Рисқуловнинг иши бўйича гувоҳ сифатида тергов қилинган Н.Бекмуродов кўрсатмаларидан:

«Рисқулов дивизиядаги ашаддий аксилинқилобчилардандир. У таҳририятни ижтимоий ёт унсурлар билан тўлдирди.»

 

П.Борисов кўрсатмаларидан:

Рисқуловнинг халқ душманлари билан яқин алоқада экани дивизиядагиларга яхши маълум эди… У халқ душманлари Ризаев, Юсупов билан яқин алоқада бўлган. Юсупов орқали эса шоир Чўлпон билан дўстона муносабат ўрнатган. Ёзувчилар уюшмасининг Самарқанд бўлими раиси бўла туриб, ҳеч қачон ва ҳеч ерда аксилинқилобий-миллатчилик руҳидаги буржуа ёзувчиларини фош этмади».

 

Турли тазйиқлар остида М.Рисқуловга қарши яна ўнга яқин кишидан ана шундай кўрсатмалар олинган. Бундан ташқари унга «1923-25 йилларда «Миллий Иттиҳод» ташкилотининг Каттақўрғон бўлими аъзоси бўлган» деган айб ҳам қўйилади. Бунинг учун унга яна аввалдан тайёрланган сўроқ ҳужжатларига имзо чектирилганини тахмин қила оламиз, холос.

 

1937 йил 28 сентябрь куни ўтказилган сўроқ далолатномасидан:

Савол: Сиз «Миллий Иттиҳод» аксилинқилобий-миллатчилик ташкилотига ким томонидан ва қачон жалб қилингансиз?

Жавоб: Мен «Миллий Иттиҳод» аксилинқилобий-миллатчилик ташкилотига 1923 йилда Каттақўрғон уезд ижроия қўмитасининг собиқ раиси Қори Ўрин Абдураҳимов томонидан жалб этилганман. Ўша пайтлар шаҳар комсомол қўмитасида бўлим мудири эдим. Айнан 1923 йилда уезд ижроия қўмитаси аъзолигига ҳам сайландим.

 

 

Яна бир ҳолат ҳам тергов ҳужжатларида акс эттирилган. 1936 йил август ойида Миркомил Миршаропов 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизияси ташкил этилганининг 15 йиллиги тантаналарида иштирок этиш учун Самарқандга келади. Шу муносабат билан дивизия сиёсий бўлимининг бошлиғи Юнус Наримонов ўз уйида катта зиёфат уюштиради ва унга Миршаропов билан бирга хизмат қилган офицерларни таклиф қилади. Ва табиийки, ўтиришга Мирзақул Рисқулов ҳам келади. Кейинчалик тергов жараёнида бу зиёфат девизиядаги аксилинқилобчиларнинг яширин йиғини, деб талқин қилинган. Гўё унда тўпланганлар Миркомил Миршароповдан совет тузумига қарши фаолиятларини кучайтириш бўйича янги кўрсатмалар олган эмиш…

 

Хуллас, мана шундай айбловлар билан тўлдирилган Мирзақул Рисқуловнинг «жиноий иши» 1938 йил 10 октябрь куни СССР Олий Суди Ҳарбий коллегиясининг Тошкентда бўлган сайёр мажлисида кўриб чиқилади. Унга бригада ҳарбий юристи Алексеев раислик қилган. Аъзолари бригада ҳарбий юристи Зайсев ва 1-тоифали ҳарбий юрист Болдирев бўлишган. Ҳарбий трибуналда Мирзақул Рисқулов ЎзССР Жиноят Кодексининг 57-2,64,67-моддалари билан айбланган. Трибунал иши соат 16 дан 15 дақиқа ўтганда бошланиб, 16 дан 45 дақиқа ўтганда якунланган.

 

Рисқуловнинг трибунал мажлисида айтганларидан айрим парчаларни келтирамиз:

«Мен ўзимни айбсиз деб биламан ва терговда тазйиқ остида берган барча кўрсатмаларимдан воз кечаман». «Мен бу кўрсатмаларимни жисмоний ва руҳий босимлар, азоблашлар остида берганман. Мени нафақат ўз шахсимга, балки бошқалар шаънига ҳам туҳмат гапларни айтишга мажбурлашди». «Мен ҳеч қачон қандайдир аксилинқилобий ташкилот аъзо бўлган эмасман ва совет ҳокимиятига қарши ҳеч қандай тарғибот олиб борган эмасман».

 

Бор-йўғи ярим соат давом этган ҳарбий трибунал мажлисида унинг бу гаплари, кўрсатмалари умуман эътиборга олинмайди. Ҳарбий трибунал уни отиб ўлдиришга ҳукм қилади. Тергов ва ҳарбий трибунал ҳужжатларини ўрганар эканман, бу ерга тикиб қўйилган бир далолатномага ҳам кўзим тушди. Унда шундай дейилганди: «Мирзақул Рисқуловни отиб ўлдириш ҳақидаги ҳукм 1938 йил 10 октябрь куни Тошкент шаҳрида ижро этилди». Демак, ҳукм чиққанидан бир неча соат ўтиб, у отиб ўлдирилган. Ўз интилишлари ортидан ўқиб-ўрганган, 1920 йиллардаёқ олий маълумотли журналист ихтисослигини эгаллаган ва бу соҳада баракали ижод қилган каттақўрғонлик бир ўзбек йигитининг аччиқ қисмати шу тариқа якун топади...

 

Албатта, бизни унинг оила аъзолари ҳақидаги маълумотлар ҳам қизиқтирарди. Мирзақул Рисқулов ҳибсга олинган пайтда унинг оиласи – хотини Рисқулова Равза Бозорбоевна, олти ярим ёшли қизи Раиса, бир ярим ёшли ўғли Дамир бўлгани маълум. Бу ҳужжатларда акс эттирилган. Уларнинг кейинги тақдири қандай кечган? «Халқ душмани»нинг оиласи сифатида бошларига қандай кунлар тушган? Изланишлар давомида бу саволларга ҳам жавоб қидирдик. Маълум бўлдики, Раиса вояга етгач, биринчи бўлиб отасининг тақдири билан қизиққан. Ҳали бу каби қатағонларнинг бошида турган Сталин шахси қораланмасдан туриб, СССР Прокуратураси, Олий Судига 1954 йил 7 декабрда мактуб йўллаб, отасининг қамалгандан кейин қаерга жўнатилгани, унинг тирикми ёки вафоти ҳақида маълумот сўрайди. Мирзақул Рисқулов отиб ўлдирилганига 16 йилдан ошган бўлсада, ўша пайтлар Москва-д-57, Голованов тор кўчаси 18/1, 182-хонада истиқомат қилган (балки ўқигандир) Раиса Рисқулова СССР Олий Суди Ҳарбий коллегияси раиси, генерал-лейтенант А.Чепцов имзоси билан қуйидаги жавобни олади:

 

«Шуни маълум қиламанки, 1902 йилда (чалкашлик) Каттақўрғон шаҳрида туғилган Рисқулов М.Р. 1938 йил 10 октябрда СССР Олий Суди Ҳарбий коллегияси томонидан ҳукм қилинган. 1939 йил 21 сентябрь куни жазони ўташ жойида сил касаллигидан вафот этган».

 

Ҳатто орадан шунча вақт ўтган эсада, Мирзақул Рисқулов эмас, аслида ўзлари содир этган жиноятни хаспўшлаш учун жазо машинаси хизматкорлари унинг фарзандларини ҳам алдашга уриндилар. Лекин, марҳумнинг 43 ёшли аёли Рисқулова Равза Бозорбоевна 1955 йил 2 декабрда яна юқори давлат органларига эрининг тақдирини аниқлашда ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилади. Энди мамлакатда 1937-38 йилларда қатағон қилинганларга бирмунча енгиллик берилган, улардан тирик қолганларининг бир қисми қамоқлардан озод қилинаётган эди.

 

Равза Рисқулованинг мактубидан айрим парчалар: «Эрим 1937 йил ҳибсга олингандан сўнг мени икки нафар ёш болам билан яшаётган уйимиздан кўчага ҳайдашди. Комсомолдан ўчиришди. НКВДга чақиришиб, «эрим гуноҳкор» деб ёзиб бер, деб қийнаб-қисташди. Эрим билан 7 йил яшаб, унинг бирор-бир айбини, совет тузумига қарши ишини сезмаганман. 19 йилдан буён «халқ душманининг хотини», фарзандларим эса «халқ душманининг боласи» деган тамға билан яшаб келаётирмиз. Шу сабабли улар ўзлари истаган олий ўқув юртларига қабул қилинмади. Ўтган 19 йил ичида ҳеч бир мурожаатимга жавоб ололмадим. Ҳеч бўлмаса болаларим «халқ душмани фарзанди» деган тамғадан озод яшасин».

 

1956 йил кузига келиб М.Рисқулов ишини текшириш Бош ҳарбий прокуратура ходими Прошко фамилияли шахсга топширилади. У Рисқулов билан хизмат қилган Жалилов, Очилов, Бекжонов, Мирабдуллаев каби кишиларни гувоҳ сифатида тергов қилади. Мана унинг хулосаларидан кўчирмалар:

 

«Уларнинг барчаси Рисқуловни ҳар томонлама ижобий баҳолашди ва унинг советларга қарши хатти-ҳаракати ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтишди». «Бекмуродов ва Борисов эса ўзларининг айтганлари бутунлай бошқа бўлиб, тергов ҳужжатларида сохталаштирилгани, қўшиб-чатиб ёзилганини билдиришди». «Айбдор деб топилган шахслар жисмоний қийноқлар туфайли қилмаган ишига иқрор бўлишга мажбурланган».

 

Мана шундай қайта текширувлардан сўнг Мирзақул Рисқуловнинг бутунлай айбсизлиги, унинг «аксилинқилобий-миллатчилик фаолияти» бошдан-оёқ тўқима гаплар эканлиги аён бўлиб қолди. Шу сабабли Туркистон Ҳарбий округининг Ҳарбий прокуратураси 1956 йил охирида унинг ишини қайта кўриб, таркибида жиноят аломатлари бўлмагани сабабли ҳаракатдан тўхтатади ва ишни бутунлай ёпади. Бироқ, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади, дейишганидек, биз ўрганган ҳужжатлардан хулоса сифатида айтиш мумкинки, биринчи ҳарбий журналистлардан ҳисобланган Мирзақул Рисқулов айбсиз бўлган.

 

Баҳром ИРЗАЕВ.

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси