Энди Латвия мактабларида рус тилини ўқитилмайди

Сақлаш
09:04 / 22.04.2024 1078 0

23 апрель, сешанба куни Латвия ҳукумати асосий таълимда рус тилидан иккинчи чет тили сифатида босқичма-босқич воз кечиш тўғрисида қарор қабул қилади, деб хабар бермоқда Делфи.

 

Латвиялик мактаб ўқувчилари биринчи чет тили бўлмиш инглиз тилини бошланғич синфдан бошлаб ўрганади. Иккинчи чет тили эса бошланғич таълим охиридан мактаб дарсликларига киритилади.

 

Назарий жиҳатдан, болалар иккинчи чет тили сифатида француз, немис ва бошқа тилларни ўрганишлари мумкин, аммо айни даврда уларга рус тили кўпроқ ўқитилади. Бунга сабаб эса мактабларда бошқа тиллардан дарс берадиган ўқитувчилар етарли эмаслигидир.

 

Таълим ва фан вазирлиги маълумотларига кўра, Латвия мактабларининг деярли ярмида рус тили иккинчи чет тили сифатида ўқитилади. Баъзи таълим муассасаларида эса рус тилидан бошқа чет тили ҳам йўқ.

 

Вазирлик томонидан таклиф қилинган ўзгартиришларга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб мактаблар ўқувчиларга асосий таълим даражасида иккинчи чет тили сифатида Европа Иттифоқи ёки Европа иқтисодий ҳудудига аъзо давлатларнинг расмий тилларидан бирини ёки таълим тўғрисидаги ҳукуматлараро битимлар билан тартибга солинадиган чет тилларини босқичма-босқич таклиф қилишлари керак. Бироқ улар ичига рус тили кирмайди.

 

Лойиҳа тўртинчи синфга нисбатан бешинчи синфда ҳафтасига дарслар сонининг кўпайиши билан босқичма-босқич бошқа чет тилини ўқитиш тизимига ўтишни назарда тутади.

 

Шунингдек, ҳужжатда 2027/2028 ўқув йилида бешинчи ва олтинчи синфларда, 2028/2029 ўқув йилида 5-, 6- ва 7-синфларда иккинчи чет тили ўқитилиши белгиланди. Умумий ҳисобда, 2031 йилгача Латвия мактаблари иккинчи тил сифатида ўқитилаётган рус тилини дарс жадвалидан мана шу тарзда чиқариб юборади.

 

Албатта, таълим бўлимининг режасига нисбатан жуда кўп шахсий эътирозлар бўлган. Масалан, икки ҳафта давомида жисмоний шахслар ва турли уюшмалар вакилларидан 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг аксарияти бошланғич синфларда иккинчи чет тили сифатида рус тилини ўқитишдан босқичма-босқич воз кечишга қаршилик кайфиятида бўлган.

 

Шунингдек, муҳокамаларнинг кўпайиши болалар ўз она тилини ўрганишда чекланмасликлари ва қайси тилни ўрганишни ўзлари ҳал қилишлари кераклиги билан боғлиқ. Бундан ташқари, норози томонлар сиёсат туфайли рус тилидан воз кечиш нотўғри деб ҳисоблайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси