Хослар санъатининг илдизи Авестога бориб тақалади(ми?) – Мақом тарихига назар


Сақлаш
15:06 / 29.06.2024 202 0

Мақомлар халқнинг бебаҳо маънавий хазинаси бўлиб, бу санъатнинг яратилиши ва камолоти аждодларнинг беқиёс бадиий тафаккури билан боғлиқ. Мақом ибораси араб тилида мусиқа товушларининг “ўрнашган жойи”, яъни мусиқа созларидаги “парда” деган маънода келади. Умуман куй маъносида ҳам қўлланилади. Мақомлар – соз ва сўз санъатининг юксак даражада уйғунлашуви асосида юзага келган чуқур бадиий эстетик кучга эга бўлган асарлардир. Уларда айтилиб келинаётган классик шоирларнинг шеърлари куйнинг салобатига айнан мос тушади. У инсоннинг олийжаноб фазилатлари, ҳис-туйғуларини ифодалаб берувчи кучга эга.

 

Ўзбекистонда мақомнинг уч йўналиши мавжуд: Бухоро Шашмақоми; Хоразм суворалари; Фарғона-Тошкент мақом йўли. Бу нодир санъат, фавқулодда ноёб ҳодиса бўлиб, Марказий Осиё халқлари ҳаётида сўнгги асрларда юз берган тарихий ўзгаришларнинг маҳсулидир. Яъни, ягона давлат ўрнида Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликларининг қарор топиши баробарида кечган жараёнларнинг маданий ҳаётдаги инъикоси сифатида бунёдга келган эди. Бухоро Шашмақомининг тугал кўриниш олишини Ота Жалол, Хоразм мақомларини кўҳна урганчлик Ниёзжон Хўжа, Фарғона-Тошкент мақом йўлини қашқарлик Худойберди Устоз ва Ашурали Маҳрамларнинг хизматлари билан боғлашади[1]. Ўзбек мақом санъатининг беқиёс салобатини ҳис этиш мақсадида биргина Бухоро мақоми – Шашмақомни мисол келтирсак. Шашмақом – ҳар бирида олтитадан ўнтагача чолғу куйлари, қирқтадан элликтагача ашула йўллари мавжуд бўлган, бир-бирига узвий боғлиқ жами 300 дан ортиқ асардан ташкил топган. Буларнинг ҳозирги ҳолатдаги ҳамма ижро ёзувлари 30 соатдан ортиқ вақт мобайнида янграши мумкин[2].

 

Ҳозирги ўзбек мақом санъатининг асоси – Шашмақомнинг тарихий илдизи Ўзбекистон ҳудудида XV–XVIII асрларда жорий этилган бастакорлик анъаналарига бориб тақалади. Бу анъана ҳозирги кунгача давом этиб келмоқда. Марказий Осиё халқларининг ўтмиш, ҳозирги ва келажак мусиқий маданиятини Шашмақомсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ўзбек анъанавий мусиқасининг муҳташам, бузилмас пойдевори бўлмиш Шашмақомни халқ ҳаётининг акс садоси, севги муҳаббатининг мангу куйланувчи эпопеяларига қиёслаш мумкин.

 

Умуман, мақомлар тўғрисидаги тарихий ва назарий масалалар IX–XIX асрлар Шарқ ёзма манбаларида, айниқса мусиқага бағишланган рисолаларда ўз ифодасини топган. Мақомларнинг ўтмишда ижро этилиб келинган намуналари (Шарқда қулайроқ нота ёзув воситалари бўлмагани сабабли) бизгача етиб келмаган, қадимий ёзма манбалардан маълум бўлишича, улар турли шаклларда бўлган ва тахминан XI–XVIII асрларда “Ўн икки мақом” (“Дувоздаҳ мақом”) цикли машҳур бўлган. Тарихда олим А.А.Семёновнинг Шашмақомнинг туркум сифатида шаклланиши XVI асрда рўй берган деган фикри мавжуд эди. Бироқ ўзбек мақомшунос олимлари тадқиқотлари натижасида Шашмақом XVIII аср бошларида Бухорода юзага келган деган қатъий хулосага келинган. Боиси Кавкабий (XVI аср) ва айниқса, етук созанда Дарвеш Али (XVII аср)лар ўз рисолаларида Шашмақомни ҳатто эслатиб ҳам ўтмаганлиги Шашмақом ҳали шаклланмаганлигидан яққол далолат беради[3]. Бухорода ёзилган рисолаларида XVIII асргача Шашмақом ҳақида бирор гап бормаган, фақат XIX аср бошларида Шашмақом қисмлари номланган ва уларга айтилган шеър текстларини ўз ичига олган тўпламлар юзага келган. Гарчи, Шашмақом XVIII асрнинг ўрталарида тугал шаклланган бўлса ҳам унинг яратилиши ва юзага келиши жуда қадимги замонлардан бошланган. Шашмақом “Қомусий” санъат асари бўлиб, унда азалдан келаётган халқ ижодидаги ютуқлар, ҳам касбий мусиқа, яъни бастакорлик анъаналари ютуқлари, қолаверса, мусиқа илмидаги ютуқлар – ҳаммаси мужассам. Мутахассис олимларнинг фикрича, мақомлардаги Дугоҳ, Сегоҳ, Чоргоҳ, Панжгоҳ номли намуналарнинг илдизлари Авестога бориб тақалади. “Дугоҳ” икки таянч парда, “сегоҳ” уч таянч парда, “чоргоҳ” тўрт, “панжгоҳ” беш таянч пардага асосланади, унда зардуштийларнинг беш маҳал ибодатида қатъий тизимлаштирилган оҳанг асослари инъикос этган. Шунингдек, “Якгоҳ” ҳам бўлган, унинг ўрнини Хоразм Рост мақомида ҳис қилиш мумкин. Шу жиҳатлари билан гоҳларнинг келиб чиқиш илдизлари зардуштийларнинг ибодат маросимларидаги диний мадҳиялари – гатларга бориб тақалиши эҳтимолдан узоқ эмас дейдилар. Мақомлар асрлар ўтиши билан йириклашиб борган ва уларнинг дастлабки кўриниши “Ўн икки мақом” олти мақом (Шашмақом)га бирлаштирилган. Шашмақом бир қолипда қотиб қолмади, жамиятнинг бадиий-эстетик талаблари ва тарихий шароитига қараб ўзгариб ривожланиб, бойиб, бир авлоддан иккинчи авлодга ўтган сари такомиллашиб борди.

 

Шашмақом илк бор Ф.Хўжаев ва Фитратларнинг ташаббуси билан 1923 йил Успенский томонидан нотага олиниб, 1924 йил Москвада нашр этилган эди. Бироқ бу инсонларнинг қатағонга учраши билан мазкур Шашмақом куйларининг ҳаммаси йиғиштириб олиниб халқ назаридан узоқлаштирилган. Мутафаккир олим Фитратнинг миллий ўзбек мусиқий меросига бағишланган асари, Ғ.Зафарий қатор мақолалари тақдири ҳам шундай бўлди. Шўро ҳукуматининг миллий маданиятлар тараққиётига нисбатан паст назар билан қараши, таъқиб сиёсатининг устиворлигига эътибор бермай ўзбек миллий мусиқаси фидоийлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилган эди. Жумладан, “Шашмақом” тўпламининг энг мукаммал ва намунали варианти академик Ю.Ражабий раҳбарлигида 1966–1975 йилларда Тошкентда нашр этилган эди. 1959 йилда Ўзбекистон телерадиоси қошида ташкил этилган “Мақом” ансамбли қисқа вақт ичида, 1960–1969 йилларда 21 грампластинкадан иборат “Шашмақом” ижроси яратилган. 1950–1959 йилларда Ю.Ражабий (Илёс Акбаров таҳрири остида) 6 жилдлик Шашмақом (1966–1975) китоби мусиқа ва матнлари билан нашр этилган. 1950 йилларда Беляев муҳаррирлигида Шоҳназар Соҳибов, Бобоқул Файзуллаев ва Фазлиддин Шаҳобовлар томонидан 5 жилдлик Шашмақомнинг Тожикистон варианти нашр этилган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистондан Америкага кўчиб борган бухоролик яҳудий созандаларининг бир гуруҳи 1992 йилда Нью Йорк шаҳрида “Мақом” ансамблини ташкил этади. Созанда, бастакор ва шоир Илёс Маллаев бошчилигидаги бу жамоа Тошкентда Ю.Ражабий ансамблида узоқ йиллар фаолият кўрсатган мақом усталари И.Катаев, Э.Малаков, М.Шамаева ва бошқалар иштирокида 1997 йил Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган “Шарқ тароналари” фестивалида, 2000 йил августида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Навоий шаҳарларида муваффақиятли концертлар уюштирди. Шу тариқа бугунги кунда дунёда Бухоро “Шашмақом”ининг уч хил варианти юзага келган бўлиб, мутахассис-олимлар томонидан уларни қиёсий-таҳлилий ва холис ўрганиш зарурияти мавжуд.

 

Ўзбек мақом санъатининг иккинчи йўналиши Хоразм суворалари бўлиб, бу гўзал дурдона асарлар бугунги кунда жаҳон халқларига манзур. У қадим замонлардан воҳа халқи дилига ҳамоҳанг бўлган оҳанг-нолалар билан зийнатланган, мураккаб руҳий кечинмалар, теран фалсафий фикрлар билан жилоланган бир мўъжизадир. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Хоразм мақомлари Бухоро Шашмақоми асосида яратилган, бироқ азалий мактаб асосида шакллантириш жараёнида номланишлар ўзгаради ва янги-янги мусиқий ихтиролар билан бойиб борди. Шу жиҳатлари билан Хоразм мақомлари бетакрор ва алоҳида йўналиш сифатида қарор топди. XIX асрдаёқ Хоразмда Паҳлавон Ниёз Мирзабоши Комил Хоразм танбур чизиғи орқали ноталаштиришни кашф этиб, хоразм мақомларининг мусиқасини ёзиб олишни бошлаб берган эди. Е.Е.Рамановская томонидан Хоразм мақомлари 1934 йил нотага олиниб, 1939-йил нашр эттирди. Унинг “Хоразм классик музикаси”га ёзган сўзбошисида: “Сўнгги хонлар даврида (XIX аср) Хивада ижро этилиб келинган ҳамда 1934 йилда Ўзбекистон Санъатшунослик илмий текшириш институти экспедицияси ёзиб олган мақомлар аслида Бухоро мақомларидир. Бу мақомларни бундан тахминан 130 йил бурун (Кўҳна Урганчлик) Ниёз Хўжа деган созанда, машшоқ Бухородан Хивага олиб келган. Бу ерда уларни Хива машшоқлари ўрганиб олиб, ҳар қаерда чалиб айтиб юрганлар”[4]. Хоразм мақомларининг 3 томлиги тўпловчи ва нотага олувчи М.Юсупов ва И.А.Акбаров таҳрири остида 1980–1987 йиллар давомида нашр этилган. Унда Хоразм мақомларининг Шашмақомдан фарқли томонлари кўрсатиб берилган эди[5].

 

Учинчи йўналиш – Тошкент-Фарғона йўли ҳисобланади. Тошкент-Фарғона йўлининг тараққиёт босқичи юқоридаги икки йўналишдан фарқ қилиб, унда нафақат сарой, балки саройдан ташқари муҳитнинг таъсири ҳам кучли эканлиги билан ўзига хос кўриниш касб этган. Бу мақомлар халқнинг дарду ҳасрати, жасорати, бахтию шодиёнаси, севги муҳаббатини тараннум этиб, мукаммал ва гўзал шаклу шамойилга эга бўлган ҳолида намоён бўлади.

 

Мақомлар улкан мусиқий манба бўлиб, халқ бастакорлари мақом услубида ажойиб мусиқий асарлар яратган ва яратмоқдалар. Ўзбек халқининг буюк бастакорлари Ю.Ражабий, Т.Жалилов, Ш.Соҳибов, Д.Зокиров, С.Калонов, Ғ.Тошматов, Т.Содиқов ва бошқалар ижодида мақомларнинг таъсири яққол сезилиб туради. Биринчи ўзбек операси М.Ашрафийнинг “Дилором” операсида Моний арияси Сегоҳ мақомининг Мўғулчасидаги Нимчўпоний, Р.Глиэр ва Т.Содиқовларнинг “Лайли ва Мажнун” операсидаги Қайс арияси (“Ироқ”) Бузрук мақомининг Ироқ шўъбаси мухайяри асосида яратилган. Бу арияга муаллиф мақомларда кўп учрайдиган турк авжини ҳам киритган”[6]. Шунингдек, “Ҳалима”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” мусиқаларининг асоси мақом ҳисобланади. М.Тожиевнинг 3-симфониясида Сегоҳдан, М.Бурҳонов ўша йилларда яратган “Навоийга қасида”сида “Сарахбори Наво”дан кенг фойдаланган. 2001 йилда М.Бафоев “Лисон ут-Тайр”да Шашмақом оҳангларидан унумли фойдаланган ва бундан кейин ҳам мақомлар бастакорлар учун туганмас хазина вазифасини бажараверади.

 

Миллат мумтоз мусиқасининг нодир хазинаси бўлмиш “Шашмақом” 2003 йилда UNESCO томонидан “Инсониятнинг номоддий маданий мероси дурдоналари” деб тан олиниб, Умумжаҳон Репрезентатив рўйхатига киритилди. Шу туфайли асрлар мобайнида сақланиб келинаётган ўзбек мақомчилик санъатига қизиқиш дунё миқёсида тобора ортиб бормоқда. Жаҳоннинг Германия, Польша, Франция, Англия ва Япония каби мамлакатларида қатор олимлар бу санъатга катта илмий қизиқиш билан қарайдилар. Бугунги кунда О.Иброҳимов, О.Матёқубов, Р.Абдуллаев, Ҳ.Ражабий, Р.Юнусов каби қатор ўзбек мақомининг билимдон олимлари мақомларни ўрганиш устида кенг қамровли тадқиқотларни амалга оширмоқдалар.

 

Мақом аввало сарой санъати эди ва шундай бўлиб қолмоғи лозим. Тарихдан маълумки Хива ва Бухоро давлатларида маълум байрам кунларида мақом санъаткорлари махсус фармон орқали халққа ўз ижроларини намойиш этганлар ва уларни ўзгартириш, бузиб ўзи билганча талқин этиши қатъиян тақиқланган. Боиси, мақом хослар санъати бўлиб, ҳамма ҳам тушиниб кетавермайди, у тингловчидан маълум кўникма, малака, билим ва тафаккурни талаб қилади. Сўзларнинг чуқур маъноларини идроклаш мақом шинавандачилигининг ажралмас бўлагидир. Мураккаб ва йирик бўлган мақом асарлари тингловчилари юқори даражадаги тинглаш маданиятига эга бўлмоғи, юксак бадиий эстетик диди тарбияланган, катта фаҳм эгаси бўлиши лозим. Мақомчи ҳофизлар ҳам бақувват, нафаси катта, овози кучли, ёқимли, ширали, диапазони кенг ва юқори дид эгаси бўлиши керак, хуллас ҳар томонлама етук профессионал ижрочи бўлмоғи талаб этилади. Муаммо шундаки, бугунги тезкор замонда, бозор муносабатлари шароитида мақом санъати қанчалик буюк ва нодир бўлмасин, юқоридаги талабларга жавоб берадиган кўп сонли тингловчиларни топиш, яъни талабнинг юқори бўлиши қийин ҳолат. Юқоридаги талабларга жавоб берадигин ҳофизни эса тинимсиз, узоқ машаққатли меҳнат ва рақобат юзага келтиради. Шу маънода мақом ҳеч қачон шоу-бизнес даражасига кўтарила олмайди ва ҳозирда бу нодир санъат аввалги замонлардан ҳам кўпроқ давлат ҳимоясига муҳтождир. Бугунги кунда барча миллат ва давлатларда ҳам миллий маданиятни, миллий қадриятларни сақлаб қолиш масаласи жиддий муаммо кўринишини олгани сир эмас.

 

Хулоса қилиб, Ўзбекистонда мустақиллик йиллари давомида миллий мусиқий меросини, хусусан мақом санъатини илмий ўрганиш, қайта тиклаш ва тарғиб қилишда кенг миқёсли ишлар амалга оширилди. Жаҳонда глобализация жараёнлари кескин ўсиб бораётган бир шароитда мақом санъатининг миллий маданиятни ривожлантириш ва миллий ўзликни англашдаги муҳим аҳамиятини инобатга олган ҳолда тадқиқотчи томонидан қуйидаги таклиф ва мулоҳазалар илгари сурилади:

 

– Мақом санъатини сақлаб қолиш ва ривожлантиришни давлат сиёсати даражасига олиб чиқиш, мақом санъатига ёшларни кенг миқёсда жалб этиш ва давлат ҳомийлигини янада кучайтириш;

 

– Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўламини ошириш ва тарғибот, мониторинг ишларини олиб бориш мақсадида ягона Халқаро Мақом Марказини ташкил этиш ҳамда ўзбек мақом санъатини нафақат давлат балки, халқаро миқёсда тарғиб этиш;

 

– Композиторлар томонидан халқ чолғулари ҳамда симфоник оркестрлар учун мақом куйларини қайта ишлаш;

 

– Теле-радио дастурлар орқали тарғибот, дискларда мақом ансамбллари ва якка ижроларни янада кўпайтириш, уларнинг хилма-хиллигини орттириб бориш;

 

– Мақом ижрочиларининг шахсий концертларини, турли тадбирларда уларнинг иштирокини кўпайтириб бориш;

 

– Маъқом санъатининг қатъий мақомини белгилаш, яъни “Профессионал мақом усталарининг халқаро танлови”ни ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўларди.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 


[1] Отаназар Матёқубов. Мақомот. Тошкент, “Мусиқа”. 2004., Б – 90.

[2] Ю.Ражабий. Ўзбек мақомлари. Шашмақом. Тошкент. 2007. “Олти мақом-Шашмақом-олтин мерос”., Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий. 14-бет.

[3] Шашмақом I том. “Тошкент”, 1966 й., Ёзиб олувчи Ю.Ражабий., 5-бет.

[4] Хоразм классик музикаси. Ўздавнашр., Тошкент. 1939 й., 11-бет.

[5] Хоразм мақомлари. I том. Тошкент., “Ғ.Ғулом нашриёти”, 1980. 18-бет.

[6] И.Ражабов. Мақомлар. Тошкент. “San’at”., 2006. 316-317-бетлар.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

//