Толстойни мусулмон деб айтиш мумкинми – унинг сўнгги иқрори қандай бўлгaн?


Сақлаш
17:07 / 01.07.2024 337 0

Ҳаётлик чоғидаёқ шуҳрати бутун оламга ёйилиб, классик сифатида тан олиниш жуда кам ижодкорларга насиб этади. Ана шундай толеи баланд ижодкорлардан бири буюк рус ёзувчиси граф Лев Николаевич Толстой эди (18281910).

 

XIX юзйиллик охирларида унинг номи нафақат Россия, балки шундай кенг диёрни ҳам ёриб чиқиб Ғарбу Шарққа таралган, бу қитъаларнинг-да энг севимли муаллифи сифатида шуҳрат қозонган эди. Бунда унинг шарқ оламининг маънавий раҳнамолари (ҳиндистонлик Махатма Ганди ва мисрлик Муҳаммад Абдо) билан олиб борган ёзишмалари катта роль ўйнаган. Шунингдек, унинг ғояларининг мусулмон матбуотида араб ва турк тилларида тарғиб қилиниши ҳам уни Шарқда машҳур қилди.

 

Толстой ижоди ва унинг жамоатчилик фаолияти билан давлат арбобларидан тортиб энг оддий инсонларгача – миллонлаб одамлар қизиққан. Шарқ одамлари матбуот тинимсиз ёзаётган ана шу фавқулодда шахс, унинг асарлари ва ғоялари билан қандай қилиб яқиндан танишиш мумкинлигини ўйлар эди. Шарқ зиёлиларининг ғарб тилларини биладиган қисми унинг асарларининг таржималарини мутолаа қила бошлади (дастлаб европа тилларида, кейинроқ эса рус тилида аслиятини). Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, улуғ мутафаккир, Ҳақни излаётган ёзувчининг бадиий ва публицистик асарлари – адабиётнинг икки жанри ўлароқ таржима қилинди.

 

Толстойнинг диний изланишлари босқичлари қандай бўлган, уни нималар илҳомлантирган ва ҳаётининг охирида қандай қарорга келган?

 

Унинг сафарининг сўнгги манзили ҳақида сўз юрита оламизми ёки у мухлисларига ўз даҳосининг ниҳоятда аҳамиятли кўп нуқталарини қолдириб кетдими? Ниҳоят, унинг Ислом дини ҳақидаги тушунчаси қандай бўлган? Ушбу мақолада ана шу саволга жавоб топишга ҳаракат қилинади. Яна бир бор таъкидлаймизки, замонавий Россияда буюк ёзувчининг мусулмон бўлгани ёки бўлмагани долзарб масала сифатида қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда! Чунки жаҳон классикларининг пешволаридан бўлган, қолдирган адабий мероси аллақачон жаҳон классикаси мулкига айланган, асарлари ҳали ҳам энг кўп ўқиладиган асарлар қаторида ва таъсир доираси кенг, барча замонларнинг энг машҳур ёзувчиси бўлиб қолаверадиган ёзувчининг қайси динга мансуб бўлганини билиш барча дин вакиллари учун ҳам катта аҳамиятга эга.

 

Бугунги кунда Россияда иккита қараш ҳукмрон бўлиб турибди: кўплаб исломий сайтлар Толстойнинг шахсий мактубларидан бирида “Мени Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) издошлардан деб ҳисоблашингизни сўрайман”, деб ёзган гапини асос қилиб олиб, уни мусулмонлардан бири деб ҳисоблайди. Аммо адабиёт сайтлари ва музейларда ҳамда расмий мактаб ва институтларнинг дарсликларида бу ҳақда ёзилмайди. Шунинг билан бирга, ёзувчининг диққат-эътиборини Исо Масиҳнинг шахсиятини ва таълимотини тушунишга урингани ҳамда Инжилни замондошлари учун кўчиришга жазм этгани ҳақида эслатишни унутмайди.

 

Толстойнинг 1901 йилда Правослов черковидан чиқариб юборилганини ҳамма билади. Шунингдек, унинг ҳаётлик чоғида пайдо бўлган Бутунроссия “толстойчилар” ҳаракати шўро даҳрийлари даврида деярли яксон қилинган эди. Ана шу ҳаракат ҳозирги кунда динга дахлдор ҳаракат сифатида қайта тикланмоқда ва протестантлик формаларидан бири ўлароқ шаклланмоқда.

 

Хўп, Лев Толстойни мусулмон деб айтиш мумкинми ёки йўқми? Рус ва жаҳон адабиётининг йирик вакилининг диний мансублик борасидаги сўнгги қарори қандай бўлган?

 

Толстой Ислом ва мусулмонлар ҳақида нималарни билган?

 

Аввало, Толстойнинг ҳаётида мусулмонлар ва улар эътиқод қилувчи Ислом дини билан кесишган нуқталар бўлганми, йўқми ва у Ислом ҳақида нималарни билган, шуни аниқлаштириб олмоқ керак. Аён бўлишича, унинг мусулмонлар билан шахсий алоқалари ва Ислом дини ҳақидаги билимлари рус классикларининг ҳаммасиникидан кўп бўлган.

 

У 13 ёшга кирган вақтида оиласи Қозонга кўчиб боради. Волга бўйидаги ўрта асрларда Волж булғорлари мамлакатининг марказларидан бири бўлган қадимий шаҳарни XVI асрда рус босқинчилари ишғол қилган бўлса-да, шаҳар аҳолиси барибир эски исломий ҳаёт тарзини, урф-одатларини сақлаб қолган эди. (Ҳозирги Россия федерацияси таркибидаги Татаристон республикаси пойтахти – Қозонтатар халқининг мусулмонлик хусусиятлари айнан шу ерда шаклланган).

 

Бўлажак ёзувчининг бобоси Илья Андреевич 1815 йилдан 1820 йилгача айнан Қозон шаҳри губернатори бўлган. Унинг қабри ҳозир ҳам Қизиқ қабристонида сақланиб турибди. 1844 йил ёш Толстой Қозон университетидаги шарқ тиллари бўлимининг фалсафа факультетига ўқишга киради (кейин у ўқишини ҳуқуқшунослик факультетига ўтказади ва у ерда тўлиқсиз икки йил ўқийди). Унчалик кўп вақт бўлмаган эса-да, Толстой йирик олим, Россия шарқшунослиги асосчиларидан бири бўлган Мирзо Козимбек (18021870) раҳбарлигида араб ва турк тилларини ўқиди. “Ўқиди” дегани, албатта, ўрганиб олди дегани эмас. Бу ўринда фақат унинг араб ва турк тиллари билан танишгани ҳақида сўз юрита оламиз.

 

1851 йил ёзувчининг акаси Николай уни биргаликда Шимолий Кавказга боришга кўндиради. Толстой Терек дарёси бўйидаги казак қишлоғида уч йил яшаб қолади ва вақти-вақти билан Кизлар, Тифлис, Владикавказга бориб туради ҳамда ҳарбий ҳаракатларда қатнашади (дастлаб кўнгилли, кейин эса расман хизматда бўлади).

 

Ўша вақтларда ёзилган расмий тарихларда ҳарбийлар “Кавказда тинчлик ўрнатиш учун бу ерга келди”, дейилган. Аслида эса бу – Россия империясининг қадимдан бир қисми православ, катта қисми мусулмонлардан иборат бўлган шарқ халқларининг ерини тортиб олиш ҳисобига мустамлакаларини кенгайтириш сиёсати эди. Муҳаммад пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари ҳижрий II асрда Кавказнинг этагига қадар, Дарбанд шаҳрига келган эдилар. Кавказнинг кўтарилиб чиқиш қийин бўлган тоғли ҳудудларида исломлаштириш секин, бугунги тарихчилар ҳисобига кўра йилига бир чақирим тезликда борар эди. Ҳа, дарвоқе, шунинг учун ҳатто бугунги кунларда ҳам вайнахлар (чеченлар), ингушлар, осетинлар ва бошқа халқларнинг диндорлиги ва табиати тоғликларнинг қадимий урф-одатлари сифатида сақланиб қолган. Лев Толстой ана шу кўпмиллатли ва мураккаб олам одамлари билан тўғрима-тўғри юзлашган эди.

 

Кавказнинг ажойиб табиати, урушаётган тарафларнинг ҳаёти ва маънавияти, исломият туфайли “руҳларининг тоғдек” юксалгани Толстойнинг автобиографик повести “Казаклар”, ҳикоялари “Кутилмаган ҳужум”, “Ўрмон кесиш” ва яна кейинчалик ёзилган повести “Ҳожимурод”да тасвирланган. 

 

Россияга қайтганидан сўнг кундалигига “бир-бирига қарамақарши бўлган – уруш ва озодлик ғайритабиий ва шоирона руҳда бирлашиб кетган ана шу ёввойи ўлкани севиб қолганини” қайд этиб қўйган.

 

Адиб умрининг сўнгги кунларига қадар кавказлик дўстларини хотирлаб, улардан миннатдор бўлиб ўтди. Бир сафар ўйинқароқ ёш граф қартага катта миқдорда пул ютқазиб қўяди ва қарздорлик чоҳига қулай бошлайди. Ўшанда чечен Садо Мисербоев унинг жонига оро кириб, у ютқазган пулнинг барчасини қайтариб ютиб олиб беради. 

 

Толстойнинг машҳур “Севастополь ҳикоялари” Қирим уруши, Севастополни инглизлар қуршовга олгани, бу урушда ёш ёзувчи-зобит артиллерия батареясига командирлик қилгани, шахсий жасорат кўрсатгани учун Анна ордени ва медаль билан тақдирлангани ҳақида ёзилган. Қиримда у нафақат қаҳрамонлик ва уруш фожеасини, балки ушбу минтақанинг маҳаллий аҳолиси бўлган қирим татарларининг табиатини ҳам ўрганди. Бундан ташқари, ўша йилларда ёш зобитда, кейинчалик Толстой қарашларида пайдо бўлган энг муҳим ғояларидан баъзиларини тахмин қилиш мумкин: Қиримда у Исо Масиҳнинг амалда тозаланган дини – “янги диннинг асосини” ўрганишни орзу қилган.

 

Орадан бир оз вақт ўтиб – 1899 йил Мисрнинг бош муфтийси бўлган Ислом динининг машҳур ислоҳотчиси Муҳаммад Абдо (18481905) билан хат ёзиша бошлаган.  У эса панисломизм назариётчиси Жамолиддин Афғонийнинг (18391897) шогирди ва сафдоши эди. Абдо билан ёзишмалар – Толстойнинг Ислом назариясига ва дунё халқларининг турмушини яхшилаш борасидаги ижтимоий ислоҳотлар салоҳиятига бўлган жиддий қизиқишини ифода этадиган, жуда ҳам қизиқарли бўлган алоҳида мавзу.

 

Пайғамбар алайҳиссалом тилида гапирадиган араб олими билан муносабат ўрнатиш Толстой учун жуда ҳам аҳамиятли эди. Зотан, унинг ўзи кўплаб ҳадисларни рус тилига ўгирган эди. Толстойнинг наздида, ҳадислардан рус ўқувчиларининг ҳам хабардор бўлиши бошқа халқларнинг даҳосидан хабардорлик белгиси эди.

 

Янада ажабланарлиси, Лев Толстой мусулмон турклар билан ҳам яқин муносабатда бўлган. Бир сўз билан айтганда, ахлоқий наср, сўнгра публицистика Россия жамиятининг ночор аҳволини ва инсонларни Исо Масиҳ таълимотидан хийла узоқлаштириб юборган (Лев Николаевич наздида). Православ черкови олимлари Россия империясидаги мусулмон турк халқлари Лев Николаевичда жуда катта таассурот қолдирганини эътироф этади.

 

Толстой асарларини биринчи бўлиб 1896 йилдан бошлаб озарбайжонлар ўз тилига фаол таржима қила бошладилар.

 

У анъанавий мусулмонлик тарафдорлари ва янгича қарашга эга мусулмон татарлар билан ёзишиб турган ва кўпчилиги билан учрашиб суҳбатлашган ҳам. Унинг ҳаётининг бу тарафи – татарлар билан диалоги ҳам қизиқарли алоҳида мавзу. Толстой араб олими билан фақат ёзишиб туришга имкон топган бўлса, татарлар билан кўп бор юзма-юз ўтириб суҳбатлашган. Замонавий тадқиқотчи Озод Охуновнинг айтишича, “19051907 йилларда, татарларнинг шиддатли миллий юксалиши даврида татар матбуотида Лев Толстойга шу қадар кўп эътибор қаратилдики, бошқа рус ёзувчиларнинг барчасини тўпласа ҳам унинг яқинига кела олмас эди”.

 

Уни ғайритабиий равишда диний масалалар, хусусан, Ислом ёки ўша вақтлар тили билан айтганда, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дини ўзига тортар эди. Татарлар буни билишар ва унга ўз эътиқодлари ҳақида ёзишар эди: сўрашарди, маслаҳатлашарди, баҳслашарди. Уларга жавоб берарди. Татарлар Толстойга фақат хат ёзиш билан кифояланмасдан унинг ҳузурига – Ясная Полянага ҳам кўп келишарди. Толстой ва татарлар мавзуси бағоят кенг ва ажойиб мавзу. XIX асрнинг охирлари XX юзйиллик бошларида Лев Николаевич Толстой ҳаётига ва ижодига мурожаат қилмаган бирорта татар ёзувчиси ва жамоат арбоби қолмаган эди...

 

Шайх Қосим Субаев Қозонда туриб Толстойга ёзган эди: Буюк ахлоқ устозига. Мен россиялик барча мусулмонлар номидан инсонларга диний ва миллий мансублигидан қатъи назар умумхалқ сифатида қарашга ўргатганингиз учун миннатдорчилик билдираман. Бундан ташқари, Сиз, буюк ҳаёт муаллими, бошқирдлар ҳаётини тасвирловчи ихчам, аммо ғоят қийматли бўлган “Илёс” повестини ёздингиз. Уни мен ўз тилимизга таржима қилиб, нашр эттирдим”. Бу ерда Россиядаги яна бир мусулмон халқ – бошқирдлар тилга олинади. Бошқирдларнинг Қоралик деган жойига 1862 йил Толстой қимиз ичиб даволаниш учун борган эди.

 

Таъкидлаш жоизки, Толстой хориждаги ислом давлатларига бормаган. Ислом билан фақат кавказликлар, татарлар ва бошқирдлар воситасида танишган. Унинг “Исломга саёҳати” бу – Шимолий Кавказ, Астрахань, Оренбург ва Бошқирдистон, татарларнинг аҳоли пунктлари, Пенза ерлари ва ниҳоят Қирим эди.

 

Россияда алоҳида қизиқиш уйғотган мавзулардан бири Толстойнинг татар миллати вакили Исфандиёр Воинов билан ёзишмалари эди. 1901 йилнинг 22 февралида православ черковининг бош органи – Синод жунбушга келиб, Толстойни черковдан четлатганда Воинов унга Истанбулдан хат ёзган: “Тан оламан, уларнинг Сизга бўлган бундай муносабатини кўриб, Сиз учун жуда ҳам қаттиқ қайғурдим. Сизни Парвардигор Ўз паноҳида асрасин!”

 

Ўша йилларда Россия мусулмонлари ҳам расмий ҳукумат ва ҳукмдор черков қаршисида худди Толстой каби ҳимоясиз ва ночор эди. “Бизнинг муҳтарам устозимиз ва жаҳон миқёсидаги ёзувчига ўхшаган мутафаккир (хушомад учун айтилаётгани йўқ) ҳар йили туғилмайди, асрда ҳам эмас, айниқса, бизнинг қари онамиз Россия графимиз Л.Н.Толстойни 2000 йил деганда туғди. Унинг руҳини доим шод қилсин, хотирасини ҳозир ҳам, келажакда ҳам – ҳар доим абадий қилсин”, деб ёзган эди Воинов Толстой ҳақида.

 

“Сизнинг эътиқодингиз ва тушунчангизга қараб туриб, ягона Аллоҳга иймон келтиришингизга гувоҳ бўляпман. Бу жуда ҳам яхши. Ана шу – Исломга эътиқод ва Пайғамбар таълимотидир”. Толстой Истанбулдан келган мактубга жуда ҳам яхши жавоб берган. “Синодга жавобимдаги эътиқодимнинг асосий нуқталари билан сизнинг қарашларингизнинг мувофиқ келиши мени жуда ҳам хурсанд қилди. Мен Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) издошлари билан руҳий мулоқотда бўлишни жуда ҳам қадрлайман”, деб ёзган эди у Воиновга.

 

Бироқ Исфандиёр Воинов ва Лев Толстой ўртасидаги ёзишмалар подшо ҳукуматининг диққатини тортади ва уларга хатарли ёзишмадек туйилади. Ёзувчининг Россия мусулмонлари орасидаги обрўси кун сайин ортиб бораётгани тезкор чоралар кўришни талаб қилаётган эди. Ўшанда ёзувчини хатарли шахс сифатида бадном қилиш қозонлик миссионер Яков Кобловга топширилади. У ушбу “муҳим” вазифага киришиб уни фош қилувчи “Граф Л.Н.Толстой ва мусулмонлар” (“Православный собеседник”, 1904. – Ч.И) мавзуида катта мақола эълон қилади. Мақола бошдан оёқ Толстой ва Воинов ёзишмаларига асосланиб ёзилган, лекин бу ҳақда бир оғиз ҳам айтилмаган. Шундай қилиб, Толстойнинг давлат ва черков билан бошлаган мунозараси унинг ўзига ва Россия мусулмонларига диний жиҳатдан жуда ҳам муҳим, ижтимоий томондан эса ғоят хавфли эди. Толстойнинг жасорати эса кўплаб мусулмонларни руҳлантириб юборди. Улар ота-боболарининг эътиқодини тиклаш ва мамлакатда амалга оширилиши зарур бўлган демократия шароитида ҳуқуқларини тиклашни истай бошлашди.

 

Толстойнинг исломий маълумоти бўлмаган, у олим ҳам эмас, ўша вақтда европацентрлашган Россиянинг юксак тарбия кўрган инсонига хос бўлган билим ва тажрибага эга эди, холос. Лекин у кўплаб мусулмонлар билан шахсан муносабатда бўлиб XIX-XX юзйилликлар орасида Россия ва унинг чегарасидан ташқарида диний уйғонишда иштирок этди. 

 

Православ черкови Толстой нигоҳида

 

Ҳақни излаш Лев Толстойнинг черков асосларини таҳлил қилиб кўришига сабаб бўлди: “Дунё ҳаёти ўзининг истаганини қилди ва черковни инсонларга ҳаёт маъносини тушунтириб беришдек мақсадидан чалғитиб юборди. Натижада Масиҳнинг таълимотига зид бўлган ўз турмуш тарзини ўрнатди ва Масиҳнинг қонунига зид тарзда ҳаёт кечирадиган оломонни яратди. Ва бу дунё бутунлай моддият дунёсига айланди. Жамият пешволари нафақат бу ҳаётни оқлашни бошлади, балки черков ҳам уларга маддоҳлик қилиб, айнан шу ҳаётни Масиҳнинг таълимоти эканини таъкидлай бошлади”, деб ёзган эди Толстой ўзи туғилиб ўсган Ясная Полянада 1909 йилнинг мартида.

 

Натижада унинг қаламида черковнинг шаънига ярашмайдиган, очиқдан очиқ маломат қилиб ёзган мақолалар ёзилиб эълон қилиндиАлбатта, бунинг ортидан Лев Толстой черковдан расман ажратилиб, бу ҳақда Россиядаги барча православ черковларида эълон қилинди. Буни эшитиб бутун мамлакат шокка тушиб қолди! Асарлар энг кўп ўқиладиган севимли ёзувчилардан бири Россия державасининг суянчиғи бўлган черковнинг қаҳрига учраган эди.

 

Руҳий тушкунликка тушган рус халқи – кимдир нафрат билан, кимдир умидворлик ила буюк мутафаккир ёзувчининг “анафема”дан (ажратиш), насронийлик черковидан айрилгандан сўнг қандай ижодий топилмалар қилар экан, дея кузатиб турар эди. У эса янги таржима устида ишлашда давом этди, аниқроқ қилиб айтганда, Инжилга ўзининг иловаларини қўшиш устида ишлади ва нафақат Россиядаги, балки хориждаги ўнлаб илоҳиётчи олимлар ва дин соҳаси устозлари билан иймон-эътиқод мавзуидаги кўплаб мақолалари ва соғлом турмуш тарзи ҳақидаги ёзишмалари ўрин олган Менинг эътиқодим нима?” деган китобини эълон қилди.

 

Унинг ғазабини қўзғаган православ догматикаси, куч ва пулга асосланган зўравонлик ва адолатсизликни муқаддаслаштирувчи – амалдаги маросимлари, черков тарихи ва ижтимоий доктринаси буларнинг ҳаммаси бугунги кунимизда ҳам яшаб келмоқда. XXI аср мусулмонлари бошқалар билан мунозарага киришиб қолгудек бўлса, Толстойнинг тавҳид ва Қуръони каримнинг нозил бўлиши ҳақидаги фикрларига бемалол таяниши мумкин.

 

Машаққатли изланиш кунлари, атрофидаги одамларнинг уни тушунмасликларидан сиқилган ёзувчи хатларининг бирида бундай ёзган эди: “Агар сиз ҳам мен билан бир эътиқодда бўлсангиз, жуда ҳам хурсанд бўлар эдим. Сиз менинг ҳаётимни озгина ўрганинг. Турли-туман мувафаққиятлар – бойлик, шон-шараф – уларнинг бирортаси менда йўқ. Менинг дўстларим, ҳатто оилам ҳам мендан юз ўгирмоқда. Айрим либераллар ва нафосатшунослар мени Гоголга ўхшаган ақли заиф, жинни деб ҳисоблайди. Революционерлар ва радикаллар мистик ва вайсақи дейди; ҳукумат одамлар эса ўта хатарли революционер деб хавфсирайди; православлар эса иблис дейишади. Тан оламан, буларнинг бари мен учун жуда ҳам оғир... Негаки, марҳамат қилиб, сиз менга самимий Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) издошига қарагандек қаранг, ҳаммаси бутунлай бошқача бўлади.

 

Ана шу сўздан кейин шундай хулосага келиш мумкинки, Лев Николаевич Ислом динига эътиқод қилгани унчалик аниқ эмас, деган гапга ҳожат қолмаган...

 

 Лев Толстой эътиқодининг тимсоли нимани англатади?

 

Биринчидан, Исломни очиқ-ошкора қабул қилмаган, мусулмонча ҳаёт тажрибаси бўлмаган. Шуни унутмаслик керакки, насронийликдан ҳақиқат излаб ўзини “самимий Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) издоши” деб атаган ёзувчи айни пайтда Будда ва Конфуцийликдан ҳам кам ҳайратга тушмаган. Шунингдек, турли дин вакиллари билан мунтазам ёзишиб турган. Масалан, Махатма Ганди билан уларнинг ёзишмаларини ҳар куни ўқишни маслаҳат берадиган машҳур тавсияномалар рўйхатига киритиш мумкин. У ҳинд ва хитой донишмандларидан “ҳамммага бирдек дахлдор бўлган умуминсоний ҳақиқат”ни излаган эди.

 

Бундан ташқари, Толстой универсалликни қидириб дастлабки кезларда Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) таълимотини давом эттираётганини даъво қилган баҳоизмнинг яралишига асос бўлган бабизмни ҳам катта қизиқиш билан ўрганди. Аммо мирзо Ҳусайн Али Нурининг (18171892) сунъий даъволаридан дарҳол кўнгли қолди.

 

Комил ишонч билан айтиш мумкинки, Толстой ижодининг сўнгги йилларида – Исо Масиҳ таълимотида ҳақиқат деб тан олинган нарсалар асосида умуминсоний ҳақиқатни излаш бўлган.

 

Унинг ўзи Инжилга ёзган изоҳи ва диний мавзудаги мақолаларини изланишларининг якуний хулосаси деб ҳисобламайди. Лекин у ҳаётлик давридаёқ мухлислари “толстойчилик” деб ном олган ҳаракатни шакллантиради.

 

Ҳа, айнан шундай – Толстой ростдан ҳам “толстойчилик”ни яратди, аммо унинг ўзи “толстойчи” эмас эди ва янги пайдо бўлган оқимга устоз ва йўлбошчи бўлишни истамади. Кейинчалик диншунослар “толстойчилик”ни ҳақли равишда рус насронийлигида неопротестантлик дея таълиф қилдилар. Шунга эътибор қиламизки, унинг ўзига хос бўлган таълимоти Исломнинг остонасига келиб қолган эди... остонага келдими, демак, ичкарига кирилади.

 

Ниҳоят ҳаётининг охирги йилларида уйни ташлаб чиққан Лев Толстой дастлаб Шамордин монастри хизматчиси бўлган синглиси Марияникига боради. Сўнгра православ Россиясининг таниқли диний раҳнамолари – Оптина чўли оқсоқоллари ҳузурига боради. Православ тарихчилари бу воқеага ва монах синглиси ҳамда оқсоқоллар билан бўлган суҳбатларга урғу бериб, у Оптина черкови билан келишувга эришиш учун борган, кейинчалик оқсоқоллар жамоаси оқсоқол Варсинофейни Толстойнинг ортидан юбориб, унинг “тавба қилиш ва жамоага қайтишга тайёрми ёки йўқлигини” аниқлашни мақсад қилган, дейди. Улардан баъзилари “уни кечириб, православ насронийлиги”га қайтариш керак деса, бошқалари қатъиян туриб: “Толстой черковнинг муросасиз рақиби сифатида оламдан ўтиб кетди, энди уни кечиришга ҳеч қандай асос йўқ”, деб ҳисоблайди.

 

Москвадаги Толстой музейининг сайтида бизнинг кунларимизда ҳам Толстойнинг таълимоти диндан мутлақо чалғитмайди, аксинча, черковга келишга ёрдам беради, деган ёзувни ўқиш мумкин эди. Бу энди бутунлай мавҳумлик.

 

Инсоннинг эътиқоди тимсолини белгилайдиган хусусиятларнинг энг муҳими, тўғридан тўғри Шаҳодат калимасини айтиши ёки вафоти олдидан бўлган сўнгги иқроридир. Агар Толстой биринчисини қилмаган бўлса, тирикликнинг чегарасига келиб қолган чоқда, ўлими олдидан айтган гапларига эътибор қилайлик.

 

1910 йилнинг 6 (19) ноябрида Лев Николаевич Толстой атрофида тўпланиб турган яқинларига хитобан охирги сўзини айтди: “...Тушкунликка тушманг, Лев Толстойдан ташқари, лекин сиз бир Арслонга қараб турибсиз... Эркаклар бу тарзда ўлмайди...” Ва аллақачон унут бўлган тарзда: “Ҳақни севаман...” Ажойиб саҳна ва ғаройиб сўзлар!

 

Аллоҳ олим, бу – фақат қудрат эгасига маълум! Биз бу саволга аниқ жавоб изламаймиз – Лев Николаевич охирги хатти-ҳаракати орқали нимани эътироф этган эди?..

 

Ишонч билан айтиш мумкин бўлган ягона нарса: Лев Толстой Ислом ҳақида кўп нарсани тушунган ва уларни қадрлаган, соғлом эътиқоддаги турли миллат вакиллари билан дўстлашган ва улар билан дўстлашиб мактуб ёзишиб турган. У бизга мусулмонлар, хусусан, кавказликлар ва татарларнинг юксак бадиий образини қолдирди ва Ислом дини ҳақида ҳар қандай шубҳадан холи бўлган теран ва ҳаяжонли фикрлар ёзди. Ундан руҳланган “толстойчилар”нинг оммавий диний ҳаракати Исломга жуда ҳам яқин эди, аммо улар Исломга қараб ҳаракатланмади. Турмуш тарзининг кўплаб жиҳатлари ва иймон-эътиқод масаласида мусулмонларга жуда яқин бўлган толстойчилар ҳали ҳам насронийликнинг асосий қисмида қолиб кетмоқда.

 

Ҳарҳолда, Толстойнинг теранлиги ва қиймати бугунгача йўқолмаган “исломий саҳифалари” бор.

 

Мусулмон одамга турмушга чиққан рус аёли Елена Ефимовна Векилова Толстойга хат ёзиб, ўғлининг Исломга кирмоқчи бўлаётганини айтади ва қандай йўл тутиш лозимлиги юзасидан ундан маслаҳат сўрайди.

 

У қуйидагича жавоб беради: “Энди Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) динининг масиҳийликдан юқори қўйилаётгани масаласи (айниқса, сизнинг ўғилларингиз кўрсатаётган олижаноб сабабларга) келсак, мен бундай ўтишга жон-дилим билан хайрихоҳман. Айтсам, ғалати бўлади, лекин ҳамма нарсадан масиҳий ғояларни ва чин маъносида масиҳийлик таълимотини юқори қўядиган мендек бир одам ҳам Муҳаммад дини ўзининг ташқи кўриниши билан черков масиҳийлигидан қиёслаб бўлмайдиган даражада баланд туради деб биламан. Шундай экан, одам олдида черков дини ё Муҳаммад динини танлаш масаласи кўндаланг бўлса, ҳар қандай онгли одам иккиланиб ўтирмайди ва ҳаммаси Муҳаммад динини танлайди. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Чунки черков дини троица (учлик) гуноҳ ювиш, яширин топинишлар, Худонинг оналари, авлиёлар ва уларнинг суратлари… сингари қийин ва тушунарсиз ибодатлардан, маросимлардан иборат илоҳиётдир. Исломда эса бу нарса йўқ. У якка Худонинг битта йўлини ва у юборган пайғамбарларнигина тан олади.

 Ясная Поляна, 15 март 1909 йил”. 

 

Юқоридагилардан шундай хулосага келиш мумкинки, буюк рус классиги ва жаҳон адабиётининг пешқадам сиймоларидан бири бўлган Лев Толстой ҳаётининг сўнгги йилларида, ҳеч шубҳасиз, Ислом динининг остонасида бўлган.

 

Ана шундай эътиқодга келиш учун у ўзи миллионлаб китобхонлар учун ҳақиқий титаникнинг ишини қилган: Исломдан ниҳоятда узоқ бўлган бир оилада туғилган, европача ва европоцентрик руҳда таълим олган, рус императорига яқин бўлган, ниҳоятда бадавлат ва граф ана шу бойликлар, имтиёзлар ва шон-шуҳратдан воз кечиб атроф-муҳитнинг қаттиқ қаршилигини енгиб чиқди, Исо алайҳиссаломнинг сўзларининг ҳақлигини ва унинг насронийлар тарихида бузилиб кўрсатилганини ҳазм қила олмади. Ана шу асосда у ҳамма вақт, ҳамма халқлар учун улкан ва очиқ бўлган ҳақиқий яккахудоликни топишга уринди. У жўшқин бир муҳаббат билан Муҳаммад Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларини рус тилига таржима қилди.

 

Ҳаёти дунёдан у Ҳақни изловчи покиза инсон сифатида ўтди. Китобхонлар учун унинг дин йўлидаги ҳаракатларининг қиймати ана шунда. Қолганларини Аллоҳнинг Ўзи ҳукм қилади. Зотан, бизнинг қалбимиз фақат Унга тегишлидир. Аллоҳу алим!

 

(Қисқартиришлар билан эълон қилинди). 

 

Муаллифлар: Саид КАМИЛОВ, Жаннат Сергей МАРКУС

 

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

//