“Тузсиз одам”, “гапингизнинг тузи йўқ” – одам ёки гап тузсиз бўлиши мумкинми?


Сақлаш
09:07 / 01.07.2024 185 0

“Тузсиз одам”, “гапининг тузи йўқ” каби ибораларни эшитганда – одам ёки гап ҳам “тузсиз” бўладими? – деган савол хаёлингиздан кечган бўлиши мумкин. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да шундай изоҳ келтирилади: “Тузсиз – 1. Тузи йўқ ёки паст. Тузсиз овқат; 2. (кўчма) Маъноси, мазмуни йўқ; бемаъни, тутуриқсиз. Мақол: Ўзи юзсизнинг сўзи тузсиз. “Қўйинг тузсиз гапларингизни, сизга ярашмайди”. М.Ўринхўжаев. Унутилмас кунлар” (ЎТИЛ. II. 1981. 220). Яъни, изоҳли луғатда бу сўз овқатга солинадиган ош тузига боғлаб тушунтирилади.

 

Лекин бу ибора бугун ё кеча пайдо бўлган сўз эмас, ҳаттоки у энг қадимги туркий обидаларда ҳам учрайди, хусусан VIII аср ёдгорлиги Култегин тошбитигида шундай жумла бор: “Бäглäри, будуны тўзсиз ўчўн, табғач будун таблигин кўрлиг ўчўн...”, – маъноси: “Беглари, халқи тузсиз (бўлгани) учун, табғач элининг ёлғонларига учгани учун...”

 

Хўш, нега ёдгорликда турк беглари ва будунига нисбатан “тузсиз” сифати ишлатиляпти? Бу ерда ҳам ош тузи кўзда тутилганми?

 

Тўғри, туз маъдани азалдан туркийда – туз, лекин унга шаклдош, аммо маъноси фарқли бўлган бошқа “туз” ўзакли сўзлар ҳам борки, Маҳмуд Кошғарий бобомиз “Девону луғотит-турк”да шундай сўзлардан бештасини келтиради: 1. (تُوزْ) Тўз – қайиш ёки камарга тақиладиган ва боғланадиган ҳалқа; 2. (تُوزْ) Тўз: ӭл тўз нӭтäк? – мамлакат, эл қандай? (бу ерда “мамлакат”, “юрт” маъносида); 3. (تُوزْ) тўз – асл, таг, асос. Мисол: äнiң тўбi, тўзi кiм? – унинг таги, зоти, асли ким? Кимга бориб тақалади? 4. (تُوزْ) Тўз: тўз jӭр – тўғри, текис ер; 5. (تُوزْ) тўз – туз (ДЛТ. III. 1963. 135).

 

“Девон”да алоҳида маънолари кўрсатилган бу сўзларнинг аксарияти, аслида, келиб чиқиши жиҳатидан “текис”, “тўғри”, “тартибли” каби маъноларга эга бир ўзакка бориб тақалади. Шунингдек, бу ўзакдан “тузмоқ”, “тузатмоқ”, “тузук”, “тузум” каби сўзлар ҳам ясалган.

 

Шундай қилиб, Култегин тошбитигида: “беглари ва халқи тузсиз бўлгани учун” дейилганда “тузсиз” сифати – “ош тузи” эмас, балки бошқа маънодаги “тўз” ўзагидан ясалган бўлиб, жумлада: “Беглари ва халқи тўғри, тартибли, асосли, хоқонига содиқ бўлмагани учун, аксинча табғач (хитой) халқининг ёқимли нарсаларига алдангани учун” деган фикр айтиляпти.

 

Ҳозир ҳам “тузсиз одам”, “гапининг тузи йўқ” деганда “тартибсиз, асоссиз, тутуриқсиз одам”, “гапининг асоси, тартиби, тутуриғи йўқ, тўғри эмас” каби маънолар тушунилади. Яъни, унинг ош тузига алоқаси йўқ.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

//