Минтақадаги энг баланд, энг қадимий миноралар. Туркий халқлар меъморчилиги ёдгорликлари қандай қурилган? 1-қисм


Сақлаш
17:06 / 26.06.2024 151 0

 

Олтойдан то Болқон яриморолигача чўзилган улкан ҳудудларда ўнлаб салтанат тузган туркий халқлар дунё тарихига сезиларли таъсир ўтказган эди. Улар нафақат, ўз давлатчилик тизими ва анъаналарига, балки ўзига хос меъморий услубларига ҳам асос солган. Чунончи, бугунги кунда туркий давлатларда бутун жаҳон танийдиган, йилига миллионлаб сайёҳлар ташриф буюрадиган ва деярли мамлакат рамзига айланган бир қанча машҳур обидалар бор.

 

Султон Аҳмад масжидидан Румий мақбарасигача. Туркия

 

Замонавий Туркия давлати ўзининг қадимий юнон ва Византия даврига доир обидалари билан дунёга машҳур бўлсада, бу ерда туркийлар қурган бинолар ҳам анчагина. Истанбул ва бутун Туркия рамзларидан бирига айланган Султон Аҳмад ёхуд Мовий масжид шундай иншоотлардан бири. 1609-1616 йилларда усмонлилар султони Аҳмад I ташаббуси билан бунёд қилинган ушбу масжид ўзининг 6 та минорага эга экани билан мусулмон оламидаги бошқа масжидлардан фарқланади. Унинг қурилишида энг сифатли мармар ва керамикадан фойдаланилган. Иншоот архитектураси усмоний ва византия меъморчилик услублари қоришмаси ҳисобланади.

 

 

Турли ҳисоб-китобларга кўра, Султон Аҳмад масжидига ҳар йили 100 миллион атрофида сайёҳ ташриф буюради. Туркияда туркийлар қурган яна бир машҳур бино – бу Кўниё шаҳридаги Мавлоно мажмуасидир. Салжуқий султон Аловуддин Кайқубод I таклифига биноан Кўниёга келган Жалолиддин Румий бу ерда отаси қабри устига мақбара қурдиради. Румийнинг ўзи ҳам вафотидан сўнг айнан шу ерда дафн этилади. Унинг қабри устига қурилган мақбара кейинги асрларда сўфий дарвишларининг асосий манзилларидан бирига айланади ва ҳозирга қадар бу анъана давом этмоқда.

 

Мавлоно мақбараси ёнига кейинчалик, султон Сулаймоннинг хотини Ҳуррам султон мақбараси, дарвишлар ҳужралари ва фавворалар қурилган. Бу обидага йилига 500 мингдан кўпроқ турист келади. Шунингдек, Туркияда машҳурлиги ва гўзаллиги юқоридагилардан қолишмайдига Тўпқопи саройи, Шаҳзода масжиди ва Аниткабир каби яна ўнлаб ёдгорликлар мавжуд.

 

Қозоғистон. Буюк авлиё мавзеси

 

Қозоғистон тарихий меъморчилигининг энг ёрқин намунаси, шубҳасиз, Туркистон шаҳрида жойлашган Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасидир. Яссавий тариқати асосчиси ҳисобланувчи Аҳмад Яссавий нафақат Марказий Осиё, балки бутун ислом дунёсида ўз ўрнига эга олим ва авлиё бўлган. 1395 йилда Тўхтамиш устидан ғалаба қозонган Амир Темур ғалаба шарафига Туркистон шаҳридаги Яссавий қабри устига катта мақбара қурдиради. Манбаларга кўра, Темурнинг шахсан ўзи қурилиш ишларида қатнашган ва бино тарҳини чизишда иштирок этган. Мақбара ажойиб архитектурага эга бўлиб, унинг қурилишида ҳатто фил суягидан фойдаланилган. Бинонинг асосий гумбази баландлиги 44 метрга етади.

 

Мақбара ёнида яна бир нечта бинолар, хусусан Ишимхон, Робия султон-бегим, Таваккалхон, Қосимхон мақбаралари, жума масжиди жойлашган. 1989 йилда, Қозоғистон ҳукумати томонидан ушбу иншоотларни бирлаштирувчи «Ҳазрат султон» музейи ташкил этилган.

 

 

Қозоғистоннинг яна бир қадимий обидаси – Ойша-биби мавзеси ҳисобланади. ХII асрга оид ушбу қадамжо тахминларга кўра, қорахонийлар сулоласидан бўлган ҳукмдор томонидан қурилган. Маҳаллий аҳоли орасида Ойша биби мақбараси борасида турли хил афсоналар тарқалган.

 

Энг кўп тарқалган афсонага кўра, Ойша биби машҳур авлиё Сулаймон Боқирғонийнинг қизи бўлиб, отаси вафот этгач қиз унинг яқин шогирди қўлида қолади. Ойша биби улғайгач, Тароз шаҳри ҳокими Муҳаммад Қорахонни севиб қолади ва ёшлар никоҳ қуришга аҳд қилади. Бироқ қизнинг васийси тўйга розилик бермайди. Натижада Ойша биби севгисига етиш учун қочиб кетишга мажбур бўлади. Йўлда Ойша биби ва дугонаси Бободжи хотун Асса дарёси бўйида дам олиш учун тўхтайди. Қизлар ухлаётганда дарёдан илон чиқади ва Ойша бибининг бош кийимига кириб олади. Уйғониб, бош кийимини кийган Ойша бибини илон чақади ва қиз унинҳ заҳридан ҳалок бўлади.

 

Севгилисининг ўлимидан хабар топган Муҳаммад Қорахон Ойша биби вафот этган ерга мақбара қурдиради. Бободжи хотун бир неча йил ушбу мақбарада яшайди. У вафот этгач, Ойша биби мақбараси ёнидан Бободжи хотун мақбараси ҳам барпо этилади.

 

Қозоғистоннинг Жамбил вилояти жойлашган бу икки ёдгорлик мамлакат тарихи, маданияти ва меъморчилиги муҳим ўринга эга.

 

Манас ордосидан Бўрон минорасигача

 

Қирғизистоннинг энг таниқли обидаларидан бири бўлмиш Манас ордо қурилиши ХIIIIV асрларга бориб тақалади. Қирғизистон пул бирлигида тасвирланган афсонавий Манас мавзеси ўзининг оддий, бироқ мафтункор услуби билан танилган. Гарчи ривоятларда, бу ерда қирғиз эпоси қаҳрамони Манас қабри жойлашгани айтилсада, тарихчилар аслида мақбара Қорахонийлар ҳукмдорларидан бирининг қизи қабри устига қурилганини таъкидлайди. Манас Ордо ҳозирда Қирғизистоннинг туризм марказларидан бири.

 

 

Қирғизларнинг яна бир тарихий обидаси бўлмиш Бўрон минораси ҳам Қорахонийлар даврига оид бўлиб, иншоот Х-ХI асрлар барпо қилинган. Дастлаб 44-48 метр баландликка эга бўлган бинонинг бўйи ҳозирда 21 метр. Минора ёнида қадимги туркийларга хос бўлган балбаллар жойлашган. Бўрон минораси бир пайтлар Марказий Осиёнинг катта ва машҳур шаҳарларидан бири бўлган Балосоғун шаҳри марказида жойлашган дея тахмин қилинади. Балосоғун шаҳри мўғуллар босқини даврида вайрон қилинган, бироқ Бўрон минораси Минорайи Калон каби бу ва бошқа вайронгарчиликдан омон қолган.

 

Қадимги шаҳарлар мамлакати

 

Туркманистон ҳудудида бир вақтлар гавжум, муҳим географик аҳамиятга эга бўлган, бироқ бугунги кунда ташландиқ, кимсасиз ҳудудга айланган бир нечта шаҳарлар бор. Масалан, қадимги Марв, Кўҳна Урганч, эски ва янги Нисо. Қадимги Марв шаҳри Туркманистоннинг энг катта тарихий комплексаларидан биридир. Ушбу осмон остидаги музейда Катта ва кичик Қиз қалъаси, султон Санжар мақбараси, Султон қалъаси, Байрамалихон қалъаси каби ўнлаб обидалар жойлашган. Чунончи, улар орасидан Катта Қиз қалъаси яхши сақланиб қолган ва ўзининг салобатли кўринишини йўқотмаган. Умуман, қадимги Марв шаҳри бир неча соат давомида кезиш мумкин бўлган ноёб тарихий обидалар ансамблидир.

 

Туркманистонда Марказий Осиёдаги энг баланд тарихий минора ҳам жойлашган. 1320-1330 йилларда қурилган «Қутлуғ Темур»нинг баландлиги 60 метрга етади ва у минтақада энг баланд минора ҳисобланади. Минора Олтин Ўрда амалдорларидан бири бўлган Қутлуғ Темур томонидан барпо қилинган. Унда араб ҳарфларида ёзилган Қутлуғ Темур ва Ўзбекхон исмларини кўриш мумкин.

 

 

Минорадан унча узоқ бўлмаган жойда Туркманистоннинг яна икки машҳур ёдгорлиги – Султон Текеш ва Тўрабек хоним мақбаралари жойлашган. Туркманистонда яна бир қанча қадимий ёдгорликлар мавжуд. Улар сирасига эски ва янги Нисо шаҳри, Нажмиддин Кубро мақбараси, Нодиршоҳ қўрғони кабиларни киритиш мумкин.

 

Қиз қалъасидан муҳташам саройларгача

 

Озарбойжон – қадимги Кавказ ва туркий маданият, архитектура ўзаро уйғунлашган мамлакат. Бу ерда қадимги Византия услубидаги черковлар ҳам, ўрта аср Эрон услубидаги мадрасалар ҳам учрайди. Озарбойжоннинг энг асосий ташриф қоғози, шубҳасиз, Бокудаги Ичкари шаҳардир. Ичкари шаҳар бир нечта ёдгорликлардан ташкил топган. Улардан энг машҳури Қиз қалъаси ва Ширвоншоҳлар саройи ҳисобланади.

 

Қиз қалъаси қурилиши икки босқичда ўтказилган. Биринчи босқич VI асрдан олдин тугатилган дея таъкидланса, иккинчи босқич қалъадаги ёзувларга асосланиб ХII асрда амалга оширилган деб тахмин қилинади. Истанбулдаги адашидан фарқли ўлароқ, Бокудаги Қиз қалъаси баландроқ (28 метр) ва маҳобатлироқ. Ушбу бино дастлаб мудофаа иншооти, кейинроқ маёқ вазифасини бажарган. Ҳозирги кунда Қиз қалъаси Бокунинг асосий туристик марказларидан бири бўлиб қолмоқда.

 

 

Озарбойжон ва Бокунинг яна бир тарихий рамзларидан бўлмиш Ширвоншоҳлар саройининг катта қисми Халиуллҳоҳ I даврида бунёд қилинган. Ушбу тарихий комплекс шоҳ саройи, девонхона, сайид Яҳё Бакуви мақбараси, сарой масжиди ва минораси ҳамда катта мақбарадан иборат. Ушбу бинолар турли даврларда, турли ҳукмдорлар тарафидан қурилган. Ширвоншоҳлар саройи дастлаб сарой, сўнгра Сафавийлар ва Усмонийлар даврида маъмурий бино вазифасини бажарган. Урушлар сабаб мажмуанинг катта қисми жиддий шикастланган ва ХХ асрда реставрация қилинган.

 

Озарбойжонда юқоридаги обидалар билан тарихийлиги ва салобати борасида бемалол баҳслаш оладиган яна ўнлаб ёдгорликлар мавжуд. Улар мамлакатнинг Шамаҳи, Нахчивон, Ганжа ва Шуша каби ҳудудларида жойлашган.

 

Ўзбекистон: Регистондан Минорайи Калонгача

 

Туркий цивилизация маркази ҳисобланувчи Марказий Осиёда бу халқ томонидан бунёд қилинган кўплаб тарихий ёдгорликлар мавжуд. Бу обидаларнинг аксарияти узоқ вақт минтақанинг сиёсий ва маданий маркази бўлган Самарқанд, Хива ва Бухоро шаҳарларида жойлашган.

 

Ўзбекистоннинг ташриф қоғозига айланган Регистон ансамбли туркий Темурийлар ва Аштархонийлар даврида қурилган. Мирзо Улуғбек томонидан 1415-1420 йилларда қурилган Улуғбек мадрасаси ёнига, Имомқулихон амирларидан бири, Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодир яна иккита мадраса (Шердор ва Тиллакори) бино қилдиради. Бир-бирига қарама-қарши жойлашган ушбу иншоотлар ажойиб кўриниш ва услуб ҳосил қилган. Регистон кейинги асрларда Самарқанд шаҳри бош майдони бўлиб хизмат қилган, аммо урушлар сабаб зарарланган. Аввалига Амир Шоҳмурод даврида таъмирланган Регистон, ХХ асрда ҳам бир неча бор реставрация қилинган.

 

 

Ўзбекистондаги яна бир машҳур обида, шубҳасиз, Минорайи Калон минорасидир. Бу минора нафақат ўзининг баландлиги (47,5 метр), балки қадимийлиги билан ҳам ўлкадаги бошқа ёдгорликлардан ажралиб туради. Минора 1127 йилда қорахоний ҳукмдор Арслонхон буйруғи билан қурилган. Иншоот жуда мустаҳкам пойдеворга эга бўлгани боис, асрлар давомида мустаҳкамлигини йўқотмаган. Биринчи ўзбек фильми ҳам айнан Бухоро шаҳрининг рамзига айланган Минорайи Калон ҳақида олинганди (1925 йилда суратга олинган «Ўлим минораси» фильми). 

 

Бу бинолардан ташқари, Ўзбекистонда яна юзлаб муҳташам тарихий обидалар мавжуд бўлиб, улар турли меъморчилик услублари ва саънатларига тааллуқли. Масалан, Хивадаги Ичан қалъа ўрта аср шарқ ва ислом меъморчилик анъаналари намунаси бўлса, Бухоро, Қўқон ва Тошкентда неоклассизм услубидаги меъморчилик асарлари кўплаб учрайди.

 

Шундай қилиб, туркий халқлар қадимдан ўзлари яшаётган ҳудудда ўзига хос маданият, маъмурий тизим ва архитектура яратган эди. Уларнинг меъморий услублари яшаётган ҳудуд шароитлари, қўшни халқлар билан муносабатлар факторлари ортидан бир-биридан фарқланган. Афсуски, ХVIVII асрлардан кейин туркий сулолалар йирик қурилишлар амалга оширишни деярли тўхтатиб қўйди. Мавжуд обидалар ҳам аксарият ҳолларда беэътибор қолди, кўпчилиги, масалан Марказий Осиё ва Озарбойжондаги бир неча асрлик ёдгорликлар советлар томонидан бузиб ташланди. Шу тариқа туркийлар халқлар меъморчилиги хазинасининг сезиларли қисми йўқ қилинди.

 

Муҳаммадқодир Собиров

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

//