«Хато ва бемаъни таклиф», «Соҳа фақат олифталардан иборат эмас» – жамоатчилик санъаткорларнинг уй олишига субсидия бериш таклифи ҳақида


Сақлаш
16:11 / 10.11.2023 373 0

 

Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда санъат вакилларининг уй олишида имтиёз берилиши ҳақидаги хабарлар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Гап шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг «Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун маданият ва санъат ходимларига субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Унга кўра, маданият ва санъат соҳаси вакилларига ҳамда истеъдодли ёш ижодкорларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида субсидия берилиши белгилаб қўйилган.

 

Мазкур банд эса ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, фаоллар томонидан эътирозларга сабаб бўлмоқда. Яна бир гуруҳ зиёлилар эса ушбу қарор лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, айрим маданият вакилларининг моддий аҳволи яхши эмаслигини таъкидламоқда. Oyina.uz ҳар иккала тараф фикрларини бир ерга жамлади.

 

Қарор лойиҳасида нима дейилади?

 

Мазкур бир марталик субсидия миқдори Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар учун 192,5 млн сўмдан, Тошкент шаҳри учун эса 245 млн сўмдан юқори бўлмайди. Субсидия тақдим этиш тўғрисидаги тавсиянома олган шахслар ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг уй-жой қийматининг камида 5 фоизига тенг бўлган қисмини ўз маблағлари ҳисобидан шакллантиради.

 

Ариза берувчи 18 ёшдан 60 ёшгача бўлиши (60 ёшни инобатга олган ҳолда), Ўзбекистон фуқароси бўлиши, маданият ва санъат соҳасида камида 2 йил иш стажига эга бўлиши ҳамда ариза бериш вақтида мулкий-ҳуқуқ асосида фаолият юритаётган ҳудудда ўзи ва турмуш ўртоғининг номида уй-жой бўлмаслиги лозим.

 

Соҳа фақат олифталардан иборат эмас

 

 

Санъаткорлар шундоқ ҳам тўйлардан катта пул топиши, субсидияни эса муҳтож қатламга бериш кераклиги ҳақидаги фикрларга жавобан ссенарист Сирожиддин Рустамов маданият вакилларининг асосий қисми арзимаган маош эвазига фаолият юритаётганини қайд этди. Унинг ёзишича, ушбу касб номи улуғ, супраси қуруқ. 

 

 

«Англаганим: ҳамон одамларнинг 70 фоизи санъат ва маданият ходими деганда, машшоқ ва актёрларни тушунар экан. Ваҳолангки, бу ходимлар орасида арзимас маошга ишлайдиган ва қийналиб кун кечирадиган санъат вакиллари ҳам кўп:

 

-         Умр бўйи театрда арзимас ойликка ишлаб, автобусда қатнайдиган номи улуғ, нони қаттиқ «санъаткорлар» бор;

 

-         Умр бўйи ТВ нинг орқа кадрида «чириб» ишлаётган ойликдан ойликкача аранг етиб борадиган медиамутахассислар бор.

 

-         Умр бўйи кино соҳасида одамларнинг «ғашини келтираётган» юлдуз актёрлар танилиши учун хизмат қиладиган фидойилар бор.

 

Улар ҳам санъат ва маданият ходими. Бу соҳа фақат олифталардан иборат эмас.

 

Қарор лойиҳасида кўпроқ вилоятликларга урғу берилган (вилоятларда аҳвол янада жиддий: бир неча ой олдин 30 йилча фольклор жамоаларида лапар айтган аёлни ТВга чақирдим, у бундан жуда хурсанд бўлди ва йўлкирага пул топа олса, келишини айтди... Бу аёл сизлар айтаётган машшоқ эмас, ҳар ҳолда) ва албатта, ёш ижодкорларга ҳам эътибор қаратилган (ўз дўстларим орасида шахсий ҳаёти ва ижодий карьераси аросатида қолиб беҳаловат яшаётган, квартирадан квартирага оиласини етаклаб юрганлар тиқилиб ётибди).

 

Биринчи яхши томонини кўрибман, ижтимоий тармоқларда эса катастрофа. Ҳатто мен билган кўплаб зиёлилар нотўғри талқин қилмоқда. Бу лойиҳа тасдиқланса, мен фақатгина эҳтиёжманд санъаткорлар учун хизмат қилишини хоҳлардим», дейди у. Ижодкор, шунингдек, мисол сифатида биргина спектакль устида ишлайдиган ходимларнинг тахминий рўйхатини ҳам келтирди.

 

1. Драматург

2. Саҳналаштирувчи режиссор

3. Ёрдамчи режиссор

4. Саҳналаштирувчи рассом

5. Либослар бўйича рассом

6. Бастакор

7. Мусиқий жамоа (дирижёр, созандалар ва ҳоказо)

8. Хор жамоаси

9. Балетмейстер

10. Саҳна усталари (декораторлар)

11. Бутафория усталари

12. Либосчилар (тикувчилар)

13. Грим устаси

14. Овоз режиссори

15. Чироқ устаси

16. Суфлёр

17. Саҳна жанги бўйича мутахассис

8. Саҳна нутқи бўйича мутахассис

19. Театршунослар

20. Техник ходимлар

21. Актёрлар жамоаси.

 

Таклиф янги Конституцияга зид(ми)?

 

 

Блогер Обиджон Латипов ҳам бу мавзуни эътиборсиз қолдирмади. У бу иш амалга ошса адолатсизнинг чўққиси бўлиши ва Маданият вазирлигини тугатиш кераклиги ҳақида ёзди.

 

 

«Жиддий айтадиган бўлсак, ўзи ҳамма учун мажбурий бўлган солиқларни санъаткорлардан қойил қилиб ундира олмаётганимиз бир пайтда, бошқалар тўлаган солиқдан уларга субсидия бериш адолатсизликнинг энг чўққиси бўлади. Бу мутлақо хато ва бемаъни таклиф. Бу бошқа солиқ тўловчиларнинг устидан кулишга тенг иш.

 

Менинг шахсий фикрим, мана шу таклифни илгари сурган Маданият вазирлигини тугатиб юбориш тўғрироқ бўлар эди.

 

Аксинча, гламур ва ҳашам ичида яшаб, шу юртда фаолият юритиб беҳисоб бойлик орттираётган санъаткорларга адекват солиқ тизимини тезроқ яратиб, уни ундириш чораларини кўриш керак.

 

Ҳеч кимга сир эмас, яширин иқтисодиётнинг катта улуши ушбу соҳага тўғри келади. Соҳада айланаётган триллионлаб пуллар на солиққа тортилади на банк орқали айланади. Олди-бердиям нақд пулда амалга оширилиб, чек ҳам берилмайди. 10 минг сўмга чек бермаганни қувлаб юрадиган ташкилотлар, 10 минг долларга чек бермаганга кўз юмади. 50 долларда олди-берди қилганларга тадбир уюштирадиганлар, ҳар куни 5000 доллар оладиганларни кўрмайди. Қандайдир улкан мафияга ўхшайди. Негадир давлат бу «мафия» олдида ожиздек таассурот уйғонмоқда.

 

Қолаверса, Маданият вазирлигининг ушбу таклифи яқинда қабул қилганимиз янги Конституциямизнинг 19-моддасигаям зид. Яъни, ушбу лойиҳа қабул қилинадиган бўлса ғайриконституцион нормага айланади», деб ёзмоқда блогер.

 

Ҳозиргача берилган уйларни ҳам олиб қўярдим

 

 

Журналист Аброр Зоҳидов ҳам ушбу қарор лойиҳасига қаршилигини маълум қилди. Унинг фикрига кўра, 20 йиллардан буён давлат ётоқхоналаридан фойдаланаётган маданият вакиллари бор.

 

 

«Давлат томонидан санъат ва маданият вакилларга уй олишда имтиёз берилиши тўғри эмиш, чунки улар орасида ҳам ночорлари бор эмиш...

 

Сиз менга қаср қурган битта фаррош, 100 минг долларлик машина минган битта ўқитувчи ёки 1,5 мингга туфли кийган битта санитаркани кўрсатинг. Мен эса шундай қилган ва камига бойлигини мақтанган юзлаб санъат вакилларини кўрсатаман.

 

Хонандалар ҳисоб эмас, дейсизми?

 

Бўлмаса битта тадбирга чиққани учун 500-1000 доллар бериладиган битта кутубхоначини кўрсатинг, мен сизга ўнлаб актёру актрисаларни кўрсатаман.

 

Маданият вакиллари 20 йиллаб давлатнинг ётоқхоналарида яшаб юрибди, дейсизми?

 

Айтинг, 20 йиллаб давлатнинг ётоқхонасига етолмай, ўз пулига ижарага яшаб юрганларнинг нечтасини кўрсатай?!

 

Хафа бўлманглару, менга қолса, шу пайтгача берилган уйларни ҳам олиб қўярдим», дейди журналист.

 

Уларни ҳам яшашга ҳақи борку

 

Баҳс-мунозараларга айрим ваколатли шахслар ҳам аралашди. Хусусан, Театр арбоблар уюшмаси раиси ўринбосари Усмон Эратов маданият вакиллари энг кам ойликка ишлашини иддао қилмоқда.

 

«Нима, маданият ва санъат соҳаси одамлари одам эмасми?! Бир-иккита қўшиқчи тўйга чиқиб яхшироқ пул топса, бутун соҳа яхши пул топади дегани эмаску. Ўзи энг кам ойликка ишлайдиган шу маданият соҳаси ҳисобланади. Уларнинг меҳнати умуман кўринмайди. Қанча байрам, тадбирлар бўлса қишни қиш, ёзни ёз демасдан меҳнат қилишади. Қайси ташкилот тадбир қилса, шуларни айтиб кетишади. Халқнинг кўнглини олиш учун минг ўлиб, минг тирилишади.

 

Нега буларнинг меҳнати кўринмас экан? Бошқа ташкилотлар маданият соҳасидан уч баравар кўп ойлик ва имтиёзли уй-жой оляпти. Уларнинг шохи борми? Нега уларни гапиришмайди? Театр ва маданият марказларида баъзи ходимлар 900 минг сўм ойлик олишади. Шу маошни ҳам баъзида ўз вақтида ололмайди. Раҳбарият ходимларнинг ойлиги ҳам бошқа ташкилотникидан уч баробар кам. Улар қандай қилиб уй олишади? Қандай қилиб оиласини боқишади? Бўлдида энди, ғийбатларни бас қилинглар! Уларни ҳам яшашга ҳақи борку! Ҳали чиқмаган қарорлар учун шунча маломат», дейди у.

 

Маданият соҳаси фақат ашулачилардан иборат эмас

 

 

Узоқ йилдан буён маданият соҳасини ёритиб келувчи журналист Гулчеҳра Умарова ҳам мазкур баҳсларга қўшилди.

 

 

«45 йилдан буён маданият соҳасини ёритиб келаман. Тўйга ҳамма ҳам чиқмаслигини, асосий маданият ходимларининг аҳволи қандайлигини яхши биламан. Маданият, санъат соҳалари фақат ашулачилардан иборат эмаску. Кейин уларнинг ҳаммаси ҳам тўйда юргани йўқ. Театрда ишлайдиганларнинг аҳволи ҳам шу. Нечта театр артисти тўйма-тўй юрибди? Бармоқ билан санарлику. Оркестрлар ҳақидаку гапирмай қўя қолайлик. Бир гуруҳ тўйчилар учун ҳамма маданият ва санъат ходимларининг устига ахлат ағдаришга ҳақлимизми?

 

Байрам ва тадбирларда қанчадан-қанча маданият ва санъат вакиллари тер тўкиб хизмат қилади. Шуларнинг ҳар бирида катта-катта участкалар, миллион-миллион пуллар борлигини аниқ билишадими ё ҳаммаларининг уйларига бориб кўриб келишганми? Худди бошқа соҳалар ходимларининг ҳаммаси бечораю маданият ва санъат аҳли юлғич, порахўр зодагонларми? Мавзу топилса бўлди, билса-билмаса ҳамма ақлли бўлиб кетади», деб изоҳ қолдирган Умарова.

 

Айрим санъаткорлар аранг нон-чой қилиб яшайди

 

 

Журналист ва ижтимоий тармоқ Чори Латипов ҳам барча санъат вакиллари ҳам тўйлардан даромад олмаслигини таъкидлайди. 

 

 

«Санъат аҳлининг маълум фоизигина тўй ва бошқа тадбирлардан даромад қилади, асосий қисми арзимаган маош билан ишлашини ким билмайди? Ким театр актёрини тўйига чақириб роль ўйнатиб пул беряпти? Ёки биронта тўйда опера ва балет қўйиляптими? Ё қўғирчоқ театри боряптими тўйга? Мумтоз қўшиқчиларимизнинг тўй бозори чаққонми? Ошгаям фақат машҳурроқ ҳофизлар айтилади, холос. Хуллас, маданият соҳасида каттагина қатлам маошни кутиб, аранг нон-чой қилиб яшайди. Бундан кўз юммаслик керак.

 

Бу ерда иккинчи масала бор: ана шу негативларга сабаб бўлаётган тўйма-тўй юриб фалон пул олаётганларнинг даромади ҳеч жойда қайд этилмайди. Шу боисдан бу берилган имтиёзларга шулар эга чиқиб кетишининг олдини олиш керак. Мана, бу негативга сабаб бўладиган масала», дейди у.

 

Маданият вазирлиги муносабати

 

Икки кунлик баҳс-мунозаралардан сўнг Маданият вазирлиги ҳам муносабат билдирди ва фуқароларда санъат соҳаси вакиллари шаъни ҳамда қадр-қимматини камситиш ёки ёлғон, шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш каби ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаган ҳолда қонунчилик ҳужжатлари юзасидан асосланган таклиф ва мулоҳазалар билдиришни сўради.

 

«Бугунги кунда маданият ва санъат соҳасида 36 мингдан ортиқ ходимлар фаолият олиб боради. Улардан 850 нафардан зиёди олий таълим тизимида, 2500 нафари ўрта ва ўрта махсус таълим тизимида, 12 минг нафардан ортиқ ўқитувчилар болалар мусиқа ва санъат мактабларида, 9 минг нафардан кўпроқ мураббийлар маданият марказларида, 6 минг нафардан ортиқ ижодкорлар театр ва цирк соҳасида, 2 900 нафардан ортиқ санъаткор ва ижодкорлар концерт-томоша соҳасида меҳнат қилиб келмоқда.

 

Қолаверса, халқаро миқёсдаги кўрик-танловлар ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаб, Ватанимиз номини улуғлашга ҳамда маданият ва санъат соҳаси ривожига катта ҳисса қўшаётган маданият ва санъат соҳаси вакилларининг аксарияти узоқ йиллардан буён оилавий ётоқхоналарда ва ижара уйларда яшаб келишмоқда.

 

Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда иддао қилинаётганидек, маданият ва санъат соҳаси вакилларининг ҳаммаси ҳам бир хилда тўй-ҳашам, туғилган кун ва ёки бошқа тадбирларда хизмат кўрсатиш, қўшимча даромад топиш имкониятига эга эмас. Лекин шунга қарамай, улар ўз касбига меҳр қўйиб, фидойилик билан меҳнат қилмоқда», дейилади вазирлик муносабатида.

 

 

Шаҳноза ТЎРАМУРОДОВА,

 

Oyina.uz

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси