Тўлдирилган ҳисоб эвазига 1 майдан кейин ҳам 2 ой давомида эски тариф амал қилади

Сақлаш
11:04 / 22.04.2024 1085 0

Маълумки, 1 майдан электр энергияси ва газ учун белгиланган тарифлар нархи ўзгаради. Бунда истеъмолчининг сарфига қараб сумма ҳажми ҳам ортиб боришидан хабарингиз бор.

 

Электр энергияси ва табиий газ учун 1 майгача ҳисоб рақам тўлдирилиб қўйилса, икки ой давомида эски тариф амал қилади, деб хабар берди Spot. Хабарга кўра, бу ҳақида Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.

 

«Бу эса фақат ижтимоий норма доирасидаги истеъмол ҳажмига, жумладан, 100 кубометр газ ва 200 кВт/соат электр энергияси учун амал қилади. Агар мазкур ҳажмлар ошиб кетса, икки баравар тариф қўлланилади», дейилади хабарда.

 

Яъни, тепадаги жумлага кўра, бу фақатгина аҳоли учун амал қилади.

 

Мазкур хабар 2018 йил январь ойида қабул қилинган «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари»нинг 8-боб, 1-бўлим, 116-банддаги жумлаларга асосланади.

 

«Маиший истеъмолчи ўз хоҳишига кўра, 2 ойдан кўп бўлмаган муддат учун электр энергиясидан фойдаланиш ҳақини олдиндан тўлаб қўйиши мумкин ва бунда тариф ўзгарса ҳам қиймат қайта ҳисоб-китоб қилинмайди», дейилади ўша қисмда.

 

Шу ўринда айтиш лозим, нарх ошириладиган кунгача бўлган қарздорлик эски нархда тўланади. Яъни, агар қарздорлик нарх оширилган даврдан ҳам ўтиб кетса ва тўланмаса, қарздорликнинг нарх оширилган кунигача бўлган қисми эски нарх билан қопланади.

 

Юқоридаги масалага келсак, «Табиий газдан фойдаланиш қоидалари»да ҳам тарифлар ўзгарган ҳолларда табиий газ ҳажми учун аванс тарзида тўловни амалга оширган истеъмолчи икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга қўшимча тўловларни амалга оширишдан озод этилади.

 

Яъни, агар истеъмолчи 30 апрелгача эски нархдаги 2 ойлик пулни олдиндан тўлаб қўйса, келаётган икки ойда ана шу эски тариф амал қилади, гарчи нарх кўтарилса ҳам.

 

Шу ҳисобда, агар олдиндан тўлов қилган истеъмолчи май ойида 250 кВт/соат электр энергияси ишлатса, 200 кВт/соат учун 59 минг сўм (295 сўмдан), қолган 50 кВт/соат учун эса 29 минг 500 сўм (590 сўм), жами 88 минг 500 сўм тўлайди.

 

Бу тартиб табиий газ учун ҳам худди шундай амал қилади.

 

Аммо, бу юқоридаги ҳолатлар ҳисоблагич қўйилмаган хонадонларга татбиқ қилинмаслиги мумкин.

 

Эслатиб ўтиш лозим, 1 майдан ўтиб кетган тўловлар юқорида айтилган «имтиёз» учун инобатга олинмайди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси