Таниқли «дефектолог»га тегишли янги марказ очилгани ҳақида хабарлар тарқалди

Сақлаш
15:04 / 15.04.2024 875 0

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида «дефектолог» Дилором Жабборовага тегишли «Овоз» маркази ташкил этилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

 

Болалар омбудсмани мутасадди идоралар билан биргаликда мазкур ҳолатни ўрганганини маълум қилди.

 

Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг маълумотига кўра, Наманган шаҳар Янги Наманган туманида фуқаро Дилором Жабборовага тегишли «Овоз» номли ҳеч қандай таълим муассаса қайд этилмаган. Мазкур ҳудудда сўнгги вақт мобайнида ҳам бундай турдаги ҳеч бир нодавлат таълим муассаса очилмаган.

 

Аммо аниқланишича, «Овоз» МЧЖга тегишли «Овоз академияси ўқув маркази» Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтган бўлиб, ушбу марказ Наманган шаҳрининг Янги Наманган туманида ижара шаклида ўз фаолиятини бошлаган.

 

Дилором Жабборова эса ушбу масканнинг очилиш маросимида ташкилотчилар томонидан реклама мақсадида таклиф этилган.

 

Маълумот учун, жорий йилнинг 27 февраль куни Жабборовага нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган эди.

 

Ҳозирда тергов давомида Жабборованинг болалар дудуқланиши муаммосига оид ҳар қандай фаолият билан шуғулланиши тўхтатилган ва у бундай хизмат кўрсатишни давом эттирмаслик юзасидан тегишли тартибда огоҳлантирилган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

«Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан мазкур иш бўйича ўз кузатувини давом эттиради. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади», дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси