Суриядаги зилзиладан 3 ой ўтиб вайроналар остидан тирик одам топилгани ҳақидаги хабар рад этилди

Сақлаш
11:05 / 18.05.2023 1005 0

Ливаннинг “Ан-Наҳар” газетаси 6 февралдаги зилзиладан уч ойдан кўпроқ вақт ўтиб, Сурия—Туркия чегараси яқинидаги вайроналар остидан тирик одам топилгани ҳақидаги хабарни рад этди. Бундай хабар «Akhbar.fouri» порталида эълон қилинганди, унда ер силкинишидан омон қолган эркакнинг сурати кўрсатилган.

 

Порталга кўра, суратда Идлиб вилоятидаги Хон Шайхун шаҳрида яшовчи 1984 йилда туғилган Аҳмад ас-Сусий тасвирланган. Унинг амакиваччаси суратни нашрга бериб, тўшакка михланиб қолган Сусийга одамлар эътиборини қаратмоқчи ва шу орқали унинг даволаниши учун пул тўпламоқчи бўлган.

 

“Ан-Наҳар” газетаси беморнинг акаси билан боғланишга муваффақ бўлди, у Аҳмад ас-Суси ҳозир Кфар Желис қочқинлар лагерида истиқомат қилаётганини, унинг аҳволи жуда оғир эканини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, «Akhbar.fouri» нашри эълон қилган сурат тахминан етти йил аввал олинган бўлиб, укасининг танасидаги яралар вайроналар остида уч ой қолганидан эмас, балки псориаз (юқумли бўлмаган тери касаллиги) туфайли пайдо бўлган.

 

Аввалроқ портал 16 май куни қутқарилган суриялик гўёки маҳаллий касалхонага олиб кетилгани ва шифокорлар назоратида экани, у узоқ реабилитациядан ўтиши ҳақида хабар берганди.

 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойи бошида Туркия жануби-шарқида, Сурия чегарасига яқин жойлашган Қаҳрамонмараш вилоятида 7,7 ва 7,6 магнитудали вайронкор зилзилалар содир бўлган эди.

 

Сейсмик ҳодиса қўшни Сурияга ҳам таъсир қилган ва у ерда ҳам иккита шаҳарда бинолар қулаб тушган эди.

 

Март ойи ҳолатига кўра, Туркияда зилзила қурбонлари сони 50 783 кишини ташкил этган, Сурияда эса 5,8 минг кишидан ошган. Жами зилзилалар оқибатида Сурияда 400 мингдан ортиқ одам жабр кўрди. 1,5 минг киши вайроналар остидан қутқариб олинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси