Рўзага оид кўп такрорланадиган саволларга жавоблар


Сақлаш
12:04 / 01.04.2022 1470 0

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати рамазон ойида рўзали киши билан юз бериши мумкин бўлган турли ҳолатлар юзасидан бериладиган саволларга жавоб берди.

 

Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган киши уйғонганидан кейин сув ичиб, ният қилиб рўзани давом эттирса бўладими?

 

Рамазонда саҳарликдан ухлаб қолган одам, уйғонгач оз бўлса ҳам бирор нарса еб-ичиб, рўзани ният қиламан деса, нияти ҳам ўша куни тутадиган рўзаси ҳам тўғри бўлмайди. Рамазон ойида саҳарликка ухлаб қолган одам, уйқудан тургач, рўзани бузадиган (яъни, еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмасдан, шу кунги рўзани тутишни ният қилади. Бундай ниятни токи қуёш тиккага келгунгача қилиш мумкин. Демак, рамазонда саҳарликка ухлаб қолган киши, уйғонгач, ҳеч нарса емай-ичмай рўза тутишни ният қилиши лозим бўлади.

 

Айтишларича, рўзадор одам ўз сўлагини ютса рўзаси очилиб кетиши мумкин экан. Бу гап қанчалик тўғри?

 

Рўзадор сўлаги (тупуги)ни ютиши билан рўза очилмайди. «Муҳитул Бурҳоний» номли китобда бу ҳақида шундай дейилади: «Рўзадор оғзида тупугини йиғиб кейин ютиб юборса, рўзаси бузилмайди». Қасддан сўлагини оғзида тўплаб ютиш эса макруҳ бўлади. Демак, тупукни қасддан оғизда йиғиб, ютишдан иложи борича сақланиш керак бўлади. Одатдаги ҳолатда эса сўлакни ичга ўтиши макруҳ эмас.

 

Рўзадор киши кундуз кунлари ювиниши мумкинми?

 

Бу мавзуда сўз бошлашдан аввал, кундуз куни эҳтилом бўлиб қолган рўзадор ғусл қилиши вожиблиги, албатта, ювиниши шарт эканини таъкидлаймиз ва бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Бизнинг мавзумиз ғусл қилиши вожиб бўлмаган рўзадорнинг ювиниши ҳақида бўлади.

 

Бу мавзуда «Ал-Фатовол ҳиндия» китобида шундай дейилади:

«Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинишича, рўзадор таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиши макруҳдир. Шунингдек ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш ҳам макруҳдир. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Юқорида саналган ишлар макруҳ эмас». Мана шу гап устунроқ, «Муҳити Сарахсий» китобида шундай келган».

 

Демак, жиддий зарурат бўлмаганда таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиш, ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш каби ишларни қилинмаса, бу ишларни ифтордан кейинга қолдирилса, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига амал қилинган бўлади. Лекин, масалан, кун қаттиқ исиб кетганда ва бошқа шу каби ҳолатларда юқоридаги ишларни қилиш зарурати туғилса ва ибодатдан безор бўлиш маъносида эмас, балки ибодатга ёрдам олиш маъносида бу ишларни қилинса, Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига, кейинги уламолар устун кўрган сўзга амал қилинган бўлади, макруҳ бўлмайди.

 

Рўзадор киши тиш олдириши ёки милки қонаши натижасида ичига қон ютса, рўзаси бузиладими?

 

Ичга қон ютиш масаласининг бироз тафсилоти бор. Тиш олдирганда ёки милк қонаганда тупук қондан кўп бўлса, ютганда ҳам таъми билинмаса, рўзани бузмайди. Агар қон тупукдан кўп бўлса, рўза бузилади. Агар тупук ва қон баробар бўлса, эҳтиётан, рўза бузилади.

 

Ошқозонида яраси бор одам рўза тутиши фарзми ёки фидя бериб юрса хам буладими? Умуман олганда рўзанинг фидясини кимлар беради?

 

Фидя - киши зиммасидаги нарсани адо қилиш мақсадида мол ёки шунга ўхшаш нарсани беришидир. («Лисонул араб»). Шариатимиз икки тоифа кишиларни рўза тутмасликларига рухсат бериб, ўрнига Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришга буюрган.

 

Биринчиси: Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар.

 

Иккинчиси: Сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш уларнинг саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар. («Баҳрур роиқ»).

 

Фидяни Рамазон ойи киришидан олдин берилмайди. Ой кириши билан хоҳласалар, ўттиз кунлик рўзанинг фидяларини бирданига жамлаб беради, хоҳласалар ҳар куни бўлиб-бўлиб тўлаб беради. («Фатовойи Ҳиндия»).

 

Рўза фидясини бир кишига ҳам ёки бир неча кишига ҳам бериш мумкин. («Раддул муҳтор»).

 

Фидяни мискин, фақир, бева-бечора, етим-есир, ночор ва закот беришга қодир бўлмаганларга берилади. Аммо отаси, онаси, фарзандлари, набиралари, эри, хотини ва закот беришга қодир бўлганларга бериши жоиз эмас.

 

Рўза одам тишини тиш пастаси билан ювса бўладими?

 

Рўзадор киши тишларини тозалашда тиш пасталаридан фойдаланиши макруҳ саналади. Агар пастадан ҳосил бўлган кўпикларни ютиб юборса, рўзаси очилади. Чунки паста билан тиш тозалаш бирор нарсани татиб кўришга ўхшайди. Фиқҳий китобларимизда шундай дейилган:

 

«Рўзадор бирор нарсани татиб кўрса, рўзани очувчи сурат ва моҳият топилмагани учун рўза очилмайди. Лекин бундай қилиш макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда рўзани бузувчи омилга яқин келтириш бор» («Ҳидоя»).

 

Шунга кўра кўпчилик замонамиз уламолари рўзадор ҳолда тиш пастасидан фойдаланмасликни балки, уни саҳарликдан аввал ёки ифтордан кейинга қолдиришни тавсия этадилар. Зеро, ибодат масаласида эҳтиётини олиш авло саналади.

 

Қолаверса, Рамазон ойининг кундузлари тишларни тоза сақлаш учун мисвокдан фойдаланиш ҳам мумкин. Чунки, мисвок ишлатиш билан рўза очилмайди. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида ундан кўп марта фойдаланганлари далил бўлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси