Инсон руҳининг ижодий кураши – фандан ажралган фалсафа ҳақида


Сақлаш
11:12 / 02.12.2021 1362 0

Янги фалсафанинг орзуси – фан ёки фаннамо бўлмоқдир. Бу соҳа аҳли, қандай бўлмасин, уни фанга айлантирай деб жони ҳалак. Позитивистлар ва метафизиклар, материалистлар ва критицистлар шу масалада якдил, ҳамфикр. Барча – Кант ва Ҳегель, Конт ва Спенсер, Коҳен ва Риккерт, Вундт ва Авенариус фалсафа фан ёки фаннамо бўлса дейди. Фалсафа азалдан фанга ҳавас қилади. Фанда – файласуфларнинг азалий орзулари мужассам. Файласуфлар ҳеч ҳам ўзлигига содиқ эмас: олимларга ўхшашга уринади, уларга тақлид қилади. Файласуфлар фалсафадан ҳам фанга кўпроқ ишонади. Ўзига ва ўз ишининг аҳамиятига шубҳаланиб боқади – ёмони, бу ишончсизлик одатий ҳолга айланган.

 

Файласуфлар билишга фақат фан борлиги учун ишонади – фалсафий билимларни фаннамо бўлсагина қабул қилади. Нафақат позитивист ва критицистлар, балки янги давр метафизикларининг аксари ҳам шу нуқтаи назарни маъқуллайди. Метафизиклар ҳам олимларга тақлид қилишга уринса-да, аммо буни қойиллата олмай диллари ғаш. Бугуннинг файласуфлари фалсафани мустақил соҳага айлантириш учун уни тугал, махсус фанга айлантирмоқ зарур деб билади. Замонавий инсон онги “илмий” фалсафа ғоясига мубтало, у “илмий”лик ғоясига банди. Бунда айтарли янгилик йўқ – эски схоластика яна бир турланяпти, холос. Метафизиклар ўзича олимнамо бўлишни истайди. Олимнамоликда Декарт ва Лейбниц, Коҳен ва Ҳуссерлдан қолишмайди. ФаннамоликниёқлагансоддадилҲеккельилмий монизмнияратиш учунўзигаэски метафизикСпинозанинамуна қилиболди. СпинозанинггеометрикметодиКантнинг фаннамоликка даъвогар трансцендентал методи кабидир. Ўрта асрнинг схоластик фалсафаси вакиллари нафақат фалсафа, ҳатто теологияни ҳам фаннамо қилишга уринди.

 

Ўрта асрлар илмий тафаккури ҳозиргидан хийла фарқ қилган. Антик даврнинг энг олимнамо файласуфи Аристотелнинг обрўcи бежиз юксак эмас эди. Фома Аквинский ҳам Коҳен каби олимнамо файласуф, аммо ҳар қайсиси ўз даври учун ва ўз даврига монанд олимнамодир. Коҳеннинг илмий фалсафаси схоластик фалсафанинг издоши, меросхўридир. Неокантчилик эса билиш масаласини янада чуқурлаштирган янги схоластикадир. Фома Аквинский метафизикани мавжудлик ва унинг қоида-тартиблари ҳақидаги тугал фан деб билган. У соф рационал фан эди, қатъий мантиққа асосланарди. Фома Аквинский янги фалсафанинг жами танқидий шубҳаларидан бехабар эди, унинг таълимоти ҳам догматик эди. Фома Аквинскийнинг “фан”и теология устидан ҳам, ҳаёт устидан ҳам ҳокимлик қилди. Ўша кезлар фалсафа теологиянинг хизматкори эди. Буни фалсафа теологияни илмий, фаннамо қилди, деб тушуниш мумкин.

 

Янги фалсафанинг барча танқидий шубҳаларидан сўнг Коҳен билиш назариясини метафизиканинг янги турига айлантирди – у тушунчалар ҳақидаги фанга, илгари Ҳегелда бўлганидек, моҳият ва унинг тартиботи ҳақидаги фанга айланди. Илмий фалсафа, схоластик фалсафа даъво қилганидек, ҳаёт устидан ҳукмронликка интилади. Ахир, схоластика илмийлик, рационалликни фалсафа ва ўша давр маданияти устидан ҳукмрон қилишни кўзлаган эмасмиди?! Фаннамо рационаллик мазмуни ўзгарди, аммо моҳият – ўша-ўша. Аристотель, Фома Аквинский, Декарт, Спиноза, Кант, Ҳегель, Спенсер, Авенариус, Коҳен, Ҳуссерллар фалсафани фаннамо схоластикага айлантирдилар. Фалсафанинг универсал фан бўлиш истаги – схоластик истакдир. Фалсафий тафаккур шу тариқа азалдан булғанган, у фаннамо бўлиш учун ғайрифалсафий идеаллар ва меъёрларга таянади, қул хожага хизмат қилганидек сохта, алдамчи ғояларга хизмат қилади.

 

Фалсафа мутлақо фан эмас ва мутлақо фаннамо бўлиши ҳам керак эмас. Қизиқ, нега фалсафанинг фан ёхуд фаннамо бўлгиси келиб қолди? Санъат, ахлоқ, дин – фан бўлиши шарт эмас-у, нега фалсафа фан бўлиши лозим? Ўз-ўзидан маълумки, дунёда фаннинг ўзидан бошқа соҳа фан бўлолмайди. Илмийлик фақат фанга хос ва фан учун меъёрдир. Демак, ахлоқ – ахлоқий, дин – диний, санъат – бадиий бўлганидек, фалсафа ҳам фан ёки фаннамо эмас, балки фалсафий бўлмоғи даркор. Фалсафанинг ёши улуғроқ, фандан қадимроқ, у донишмандликка ҳамнафас. Кейин у фанни ўзидан ажратди. Энди эса навбат фан ўзини фалсафадан буткул ажратишига етди. Фан фалсафадан буткул ажралиб чиқса, бу фалсафа учун айни муддао, зеро, бу билан у ўзига хослигини сақлаб қолади. Таассуфки, бу ажралиш фалсафа оёғига бошқа бир тушовни солаётир. Агар фалсафани бошқа фанлар қатори бир фан деб эътироф этсак (масалан, мавжудлик ёки билиш тамойиллари ҳақидаги фан), унинг маънавий ҳаётга дахлдор соҳа эканини унутишга тўғри келади. У ҳолда фалсафани дин, санъат, ахлоқ қаторида санаш ноўрин бўлиб қолади. Фалсафани риёзиёт, физика, кимё, физиология каби фанлар қаторига қўшишга тўғри келади. Фалсафа фаннинг эмас, маданиятнинг мустақил соҳасидир. Ваҳоланки, файласуфларда фалсафани фанга айлантиришга, уни илмий қилишга интилиш кучли.

 

* * *

Фаннинг аҳамиятини ҳеч ким инкор қилмайди. Фан инсон учун нақадар зарурлигига шубҳа йўқ. Аммо фаннамолик керакми – бу борада баҳслашиш мумкин. Фан ва фаннамолик айни бир нарса эмас. Фаннамолик – фан мезонларини фанга бегона бошқа маънавий соҳаларга кўчиришдир. Фаннамолик фан – руҳият учун олий мезон, у ўрнатган тартибга барча итоат этмоғи шарт, унинг ижозати ва тақиқи барча жойда беистиснодир, деган ишончга таянади. Илмийлик ягона методни талаб этади. Фанда илмий талаблар бўлишига ҳеч ким қарши эмас. Бу ўринда турли фанлар бўлгани каби турфа илмий методлар ҳам борлигини айтмоқ зарур. Масалан, табиий фанлар методини психология ёки ижтимоий фанларга кўчириш мумкин эмас. Буни олмон гносеология назариётчилари кўп марта исбот қилган. Бироқ бу назариётчилар фаннамолик идеалини мустаҳкамлашга ҳам ёрдам бердилар. Олмон танқидий онгида фаннамоликка жўшқин интилиш бор. У бутун маданиятни фанга йўналтиришни истайди. Олмон танқидий онгидаги илмий фалсафа идеали француз ва инглиз позитивизмидагидек дағал эмас, хийла назокатли ва мураккаб. Лекин олмон танқидий онги нафақат фалсафанинг илмийлигини, шу билан бирга, фаннамолик ахлоқ, эстетика, ижтимоий соҳалар устидан ҳукм юритишини ҳам тан олди.

 

Маданиятни илмий-танқидий даражалаш, илмий тартиблаш зарур. Фаннамолик меъёри истаса, ҳаммасини банди қилади, истаса озод этади. Ақл-идрок доирасидаги дин, рационал протестантизм – фаннамоликнинг диний ҳаёт устидан ҳукмронлигидир, бу эса уни қоралашга йўл қўймайди. Бироқ фаннамолик фан эмас, у фан талаби ҳам эмас. Ҳеч бир фан ўзига бегона соҳага фаннамо бўл, деб кўрсатма бермайди. Астрономия, физика, геология ёки физиология фалсафанинг фаннамо бўлишидан, маданиятнинг илмий тартибланишидан манфаатдор эмас. Фаннамолик (фан эмас) руҳнинг тубанлашуви, руҳнинг қуллигидир, у ҳар ерда зарурият ҳокимлигини, ҳар нарса дунё таъсиридалигини урғуловчи қайсар онг демак. Фаннамолик – эркини йўқотган ижодкор руҳ инъикоси. Шу маънода, фаннамолик касаллик аломати кабидир. Олмон критицизми руҳни фаннамолик билан тартиблашни, уни бошбошдоқликдан халос этишни истайди. Бу ҳамма нарса илмий йўл билан англаниши зарур, дегувчи “асл” олмон ғоясидир. Ҳар соҳада илдиз отган фаннамолик руҳ қуллиги ва руҳ парокандалиги белгисидир. Олмон файласуфлари ҳатто никоҳни ҳам фаннамо қилиш ва буни методологик жиҳатдан асослаш тарафдори. Бунда тизгинсиз герман рационализми ўзини намоён этади. Фан – дунёга инсон руҳининг ўзига хос муносабати. Уни инсоннинг дунёга бўлган бошқа муносабатларига мажбуран қўлламоқ руҳ қуллигидир.

 

Фан, аслида, инсонга фоний дунёнинг зулмат ўрмонида ўзини асрамоғи учун бир чора-тадбирдир. Бу дунёда яшаш ва ривожланиш учун инсон англанган, мақсадли чора кўриши даркор эди. Ўз-ўзини ҳимоялаш йўлида чора кўриш учун эса инсон ўзини дунёвий мавжудлик, дунёвий заруриятга мослаши талаб этилди. Фан – дунёвий мавжудликка, заруриятга мослашувнинг такомиллашган қуролидир. Фан – дунёвий мавжудликка мослашиш орқали заруриятни англашдир. Шунингдек, фан – дунёвий заруриятга мақсадли чора-тадбир ва ўз-­ўзини асрамоқ учун берилган мухтасар, тежамли низомдир. Илмий тафаккур мақсад қуролидир, у мудом дунёвий мавжудликка мослашган, мувофиқлашган бўлади. Мазкур мослашув нафақат илмий экспериментда, балки фандаги дискурсив мулоҳазаларда ҳам кўринади. Илмий мантиқ заруриятга мослашув қуроли, демак, унда дунёвий заруриятга итоат бор, унда шу зарурият ва мавжудликнинг маҳдудлигига ишора бор. Формал мантиқнинг чекловчи дилеммалари дунёвий заруриятнинг чекловчи дилеммаларига мослашувдир аслида.

 

Чекланган мантиқда бу дунёнинг чекланганлигига уйғун муносабат бор. Фикрлашдаги зарурият дунё заруриятига мослашишда ўз-ўзини асраш демак. Дунёвий зарурият англаниши учун инсон тафаккурида унга мувофиқ келувчи зарурият яратилиши даркор. Прагматизмнинг айрим шаклларига танқидий ёндашиш мумкин, аммо фаннинг прагматик табиатини, унинг ғаразли-ҳаётий, биологик хусусиятини инкор қилиш қийин. Бэкон фаннинг ғаразли-прагматик табиатини аллақачон очиб берган. Махнинг илмий билиш назариясида бартараф этиб бўлмас, фактик ҳақиқат мавжуд. Чинакам олимлар, илм дарғалари яратган фан Коҳен ва критицистларни эмас, Мах ва прагматистларни оқлайди. Универсал фан ҳақида фақат файласуфлар орзу қилган, олимлар бу борада доим камтар бўлган. Олимлар дунёвий мавжудликни алоҳида соҳаларга ажратган, шу соҳаларнинг мухтасар тавсифини берган ва бу тавсифни табиат қонуни деб атаган. Табиат қонунларининг қиммати, аввало, табиатдан амалий чора топиш ва шу чора, яъни мослашув орқали табиатни бўйсундиришда намоёндир. Тўғри, фанда мудом икки руҳ яшаган ва ўзаро курашган, улардан бири дунё сирларини англашга муштоқ эди. Бу руҳ фанни яратмаган, у фалсафа, теософия ва магияга ён босган. Кейин фаннинг магия билан алоқаси кўзга ташланган.

 

Илмий фалсафа кераксиз экани, бундай нарса аслида йўқлигини асослаш учун фан заруриятга мутеликдир, деган хулосани таъкидлаш жоиз. Фан – ижод эмас, бўйсуниш, унинг стихияси – эрк эмас, зарурият. Кўриниб турибдики, фан ўз диний моҳиятига кўра, Қадимги аҳд ва илк гуноҳ билан боғланган. Фан инсон руҳининг эркин ифодаси бўлолмайди. Чунки ҳаммавақт инсоннинг заруриятга бандилиги ифодаси бўлган. Лекин у зарурият дунёсида мўлжал олмоқ учун керак ва одамнинг ўз гуноҳи оқибатларини илоҳиёна англашидир. Фан ўз моҳияти ва мақсадига кўра, дунёни зарурият тарзида англайди, “зарурият” тушунчаси мавжудликка қаратилган илмий тафаккурнинг асосий тушунчасидир. Фан дунёда эркни кўрмайди. Фан сўнгги сирларни билмайди, чунки фан – бехавотир билиш. Шунинг учун фан Ҳақни билмайди, фақат ҳақиқатларни билади. Фан ҳақиқати борлиқнинг жузъий ҳолатини ифодалайди ва унда йўл топиш – мўлжал олишда асқатади. Фан ўз воқелигини вужудга келтиради. Фалсафа ва дин эса буткул ўзгача воқеликлар яратади.

 

* * *

Модомики, фан дунёвий мавжудликка мослашиш ва дунёвий заруриятга итоат этиш экан, у ҳолда нима учун ва қайси маънода фалсафа фанга боғлиқ ва фан бўлиши зарур? Энг аввало, фалсафа  мўлжални умумий олади, у борлиқнинг хусусий ҳолатидаги хусусий мўлжал олиш эмас. Фалсафа Ҳақни излайди, ҳақиқатларни эмас. Фалсафа – донишмандликни севишдир. София чинакам фалсафани яратади. Фалсафий онг чўққисида София инсонга кўчади. Фаннинг асослари ва қоида-тартиблари, негизи фалсафага боғлиқ, аксинча эмас. Фан фалсафаси бўлиши мумкин, бироқ фалсафа фан бўлмайди. Ўз моҳияти ва вазифасига кўра, фалсафа заруриятга мослашиш бўлмаган, чин файласуфлар дунёвий мавжудликка итоат этмаган, чунки улар бу дунёдан юқори турувчи ҳақиқатни қидирган.

 

Саждагўйлик – фалсафага ёт. Фалсафанинг азалий мақсади мудом эркни англаш ва эркин англаш бўлган. Фалсафанинг стихияси – эрк, зарурият эмас. Фалсафа инсон руҳини зарурият тушовидан озод этишга интилган. Фалсафа дунёвий заруриятга мувофиқлашган тафаккур мантиғини тадқиқ қилиши мумкин, аммо унинг ўзи ушбу мантиққа қулларча итоат этмайди. Доноликни англаш – мантиқий билишдан аъло. Фалсафа билим орқали дунёвий мавжудликдан юксалиш, дунёвий заруриятни енгиб ўтиш, фаҳм этмоқ демакдир. Фалсафа дунёга фандан кўра ўзгача муносабатда бўлади, ўзгача манбадан туғилади, ўзгача йўналишда кечади. Фалсафанинг фанга бўйсуниши эркнинг заруриятга бўйсуниши демак. Илмий фалсафа ўз эркини зарурият ҳукмига таслим қилган фалсафадир. Дунёвий мавжудликдаги эрксизлик фан учун мажбурият, фалсафа учун инқироз ва эркка ташна иродага хиёнатдир. Дадил айтиш жоизки, дунёвий мавжудлик сарҳадлари ва дунёвий зарурият ҳукмлари фалсафа учун мажбурий эмас. Фалсафа дунё бизга ҳадя этган нимарсаларга қараб қолмаган. Чунки у дунёнинг зоҳирини эмас, ботинини, ҳақиқатини излайди. Дунё моддийликдангина иборат бўлса, фалсафа ҳам моддиюнчи бўлиши шарт эмас. Фалсафанинг чин истаги, зарурият ва борлиқ шароитига мардона қарши турувчи ижодкорлик каби, мудом трансцензус – мавжудлик сарҳадидан ўтиш бўлган.

 

Такрор бўлса-да айтиш жоиз, фалсафа ҳеч қачон фан бўлмаган, бўлолмайди ҳам. Билиш эркак-аёл муносабатига ўхшайди – унда фидойи рецептивлик ва ёруғ фаоллик бор. Фалсафа ҳақиқатни билиш йўлини объектга йўналган қуёш нури каби ёритади. Билишда билувчи – эркак, яъни логосдир. Фалсафагина билишнинг шу фаол, эркакона томонини очиб беради. Фалсафа – ижод демак, у мослашиш ҳам, итоатгўйлик ҳам эмас. Фалсафага ижод сифатида эркинлик бериш – уни фанга тобеликдан озод қилиш ва фан билан алоқадан халос этиш, яъни зарурият ва мавжудликка дадил қарши туришини тан олишдир. Фалсафада инсоннинг мавжудликка ва заруриятга мослашиши эмас, мавжудлик ва заруриятдан ўзини халос этиши рўй беради. Фалсафа – фан эмас, санъат демак. Фалсафа адабиёт, мусиқа ёки рангтасвирдан фарқ қилувчи алоҳида санъат, билиш санъатидир. Фалсафа – санъат, чунки у – ижод. Фалсафа – санъат, чунки у – илоҳий неъмат ва қисмат, чунки унда шоир ва мусаввирдан қолишмайдиган ижодкор шахси инкишоф этилади. Лекин фалсафа борлиқ образларини эмас, унга дахлдор ғояларни яратади. Фалсафа – дунёвий мавжудлик ва заруриятга қарши, дунё сарҳадларининг нариёғидаги сирларга етишни кўзлаган ғоялар воситасида эркин билиш санъатидир. Санъатни фанга, ижодни мослашувга, эркни заруриятга боғлаб қўйиш тўғри эмас. Фалсафа фан бўлса, ўз қафасини бузиб чиқиш, заруриятдан эркни ажратишдек мақсадига етолмайди.

 

Фалсафанинг ғалабаси инсон руҳининг фаол қаршилиги ва ижодий курашидадир. Фаннинг ғалабаси эса мавжудликка мослашиш ва зарурият талабларига бўйсунишдадир. Фанда одамнинг оламга банди эҳтиёжи мужассам, фалсафада руҳий қувват тошқини, оҳанрабо бор. Фалсафанинг ҳаётийлиги фанникидан кам эмас, аммо бу мавжудликка мослашиш орқали ўзини асраб қолишга қаратилган ҳаётийлик эмас, мавжудлик доирасидан ташқари чиқиш кўзланган ижодий билишнинг ҳаётийлигидир. Фалсафа табиатига мухтасарлик, лўндалик хос эмас. Фалсафа фандаги мухтасарлик, лўндаликдан кўра серхарждир. Фалсафада, худди утилитаристлар наздидаги санъатда бўлганидек, қандайдир байрамоналик бор. Дунёда яшаш учун фалсафа фандек зарур эмас, у дунё доирасидан чиқиш учун зарур. Фан инсонни заруриятга, дунё бемаънилигига дучор этади, бироқ ўша маънисиз дунёда ҳимоя қуроли ҳам беради.

 

Фалсафа дунё моҳиятини англашга интилади, заруриятнинг бемаънилигига қаршилик кўрсатади. Чин фалсафанинг асл нияти моҳиятнинг мавжудлигини ва шу моҳият ҳақиқатини англашдир, бемаънилик орқали моҳиятга ёриб киришдир. Буни Кант ҳам эътироф этган, кантча фалсафада эски метафизиклардагига ўхшаш сустликни йўқотувчи ижодий шиддат борлигини ким ҳам рад этарди! Бу ижодий шиддат Фихтеда янада кучли эди. Дунёвий мавжудликнинг бемаънилигига мослашиш эса моҳиятни англашга халал беради, холос. Илмий фалсафа тарафдорлари айнан шу мослашишни талаб этади, яъни фалсафанинг ижодий табиатини инкор қилади. Тўғри, улар фаннинг ўзини юқори поғонага кўтаришга тиришади, уни ижодий фаолият деб эътироф этади ва фан қўллайдиган мантиқий тушунчаларда логос, олий моҳиятни кўради. Аммо фанни юқори поғонага кўтариш ва олий маъволарга татбиқ этишга фалсафани билиб-билмай фанга олиб кириш орқали эришилади.

 

Фанда фалсафа унсурлари борлигини, илмий фаразларда фалсафий илҳом мавжудлигини, гоҳида олим-файласуфлар ҳам учраб туришини инкор қилиб бўлмайди. Биз учун бош масала – нима фанникию нима фалсафаники экани масаласидир. Фанда фалсафийлик учрагани учун фалсафадан илмийлик талаб этиш тўғри эмас. Илмий билиш асослари саналган мантиқий тушунчаларнинг нисбий аҳамиятини рад қилиш мумкин эмас, лекин уларга олий ва мутлақ онтологик моҳият бериш – зарурият таъсиридаги дунёвий мавжудлик асир этган сохта фалсафанинг ўзидир.

 

Николай БЕРДЯЕВ

 

Рус тилидан

Виктор АЛИМАСОВ таржимаси

 

 

“Тафаккур” журнали, 2018 йил 3-сон.

“Фалсафа – эркин ижоддир” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси