Европоид қиёфасидаги туркий тилли қарачайлилар – улар бугун қандай яшашади?


Сақлаш
18:06 / 25.06.2024 128 0

Қарачай-Черкас ва Қабардин-Балқар республикаларида истиқомат қиладиган қарачайлилар Элбурс тоғини Мангутов деб атайди. Унинг жануби-ғарбий этакларидан Қўбан дарёси бошланади. Дарёнинг икки қирғоғи бўйлаб Қўбан тарихий вилояти жойлашган. Уни руслар Кубан шаклида ишлатгани учун ҳозир кўпчилик шундай атайди. Аслида дарёга қарачайлилар ном берган. Қўбан қипчоқча “қўпқан” (қарачайча: қўпхан) – қўпадиган, тошадиган дарё маъносини беради, яъни бу ном дарёнинг феълини англатадиган тошмоқ феълидан ясалган. Қўбан дарёсига қуйиладиган барча ўзанлар туркийча номланган.

 

Қарачай тоғли ўлкаси Қўбаннинг юқори қисмидаги Теберда[1], Ақсавут[2], Қум каби ўзанлар атрофида жойлашган бўлиб, ҳозирги кунда Карачевск шаҳар округи шу ерда барпо этилган.

 

Қарачайлиларни худди балқарлар каби тавли(қ)лар деб ҳам аташади. Бунда уларнинг миллатига эмас, балки тоғда яшашига нисбат берилган бўлиб, аслида келиб чиқиши ва ментал хусусиятларига кўра қарачайлилар балқарлардан фарқ қилади. Балқарлар тўлиқ ислом динида, аммо қарачайлиларнинг бир қисми насронийликда қолган. Бунинг асосий сабаби – қарачайлилар жуда кеч, аниқроғи, XVIII асрга келиб исломни қабул қила бошлаган[3]. Қарачайлиларнинг энг таниқли исломшунос олими Айсандир Дудов (1612–1722) XVIII асрнинг ўрталарида Бухоро ва Самарқандда таҳсил олиб, кейин ўз элига асл динни ўргатган[4].

 

Қарачайлилар эътиқодида тангричилик дини унсурлари сақланиб қолган. Ис чиқариш, етти, қирқ, йил каби мотам маросимлари ўтказиш кенг тарқалган. Чунки улар исломгача Тангри[5] билан бир қаторда Улкан, Жер Анаси, Су Анаси, Қая қизи (Тоғ қизи) каби илоҳларга ҳам сиғинишган. Қурбонликлар қилишган[6].

 

Хазар хоқонлиги даврида барча Кавказ халқлари қатори қарачайлилар ҳам яҳудийликни қабул қилган бўлиши мумкин. Балки бир қисми қабул қилгандир, аммо кейинчалик яна насронийликка қайтишган. Насронийлик элементлари Қарачай ўлкасидаги археологик ёдгорликларда, шунингдек, лексикада ҳам сақланиб қолган.

 

Қарачайлиларнинг этник шаклланиши XIII-XIV асрларга тўғри келади. Бу даврда улар яшаган жойлар Алания деб аталган. Ерли халқ IV асрда насронийликни қабул қилган. Қарачайли миллатининг тўлиқ шаклланиши XIV асрда якунланган ва унда аланлар, хазарлар ва қипчоқ турклари иштирок этган. Шунинг учун бўлса керак, қарачайлилар орасида бўйлари ва қўллари узун европоид кишиларни ҳам, кўзлари қисиқ қипчоқларни ҳам учратиш мумкин.

 

 

Турмуш тарзи

 

Туркий англашимда “ирисқи” деган тушунча бор. Буни кўпчилик арабчадан ўзлашган “ризқ” сўзи билан адаштиради. Бироқ бундай эмас. “Ризқ” арабча сўз бўлиб, ундан Раззоқ, яъни ризқ берувчи Аллоҳ томонидан ҳар бир махлуққа бериладиган ҳам моддий, ҳам маънавий бойликлар тушунилади. “Ирисқи” туркий сўз бўлиб, Тангри томонидан инсонлар ва ҳайвонларга бериладиган неъматлардир[7]. Уни инсон ўзи топиши керак ва шунинг учун “эскича фикрлайдиганлар” ҳозиргача ирисқисини қандайдир ҳайвонда ёки ўсимликда деган эътиқодда юради. Шу тушунча қарачайлиларнинг мақолларида ҳам сақланган экан:

 

Қарачайны ырысхысы – малда.

 

Дарҳақиқат, қарачайлилар қадимдан асосан чорвачилик билан шуғулланиб келган ва ирисқини чорвадан топган. Мангутовнинг этакларидаги адир-қирлар, Қўбан дарёсининг бўйлари қўй боқиш учун жуда қулай бўлган. Бу ерларда асосан қўй, буйвол ва от етиштирилган. Қарачайли қўйлари сермаҳсуллиги  бўйича дунёнинг энг яхши ўнталигига киритилган[8].

 

Қарачайлилар турмуш тарзи асосан чорвачилик билан боғлиқлиги диний эътиқоди, жумладан, дуоларида ҳам акс этган:

 

Улу Тейри, хан Тейри,

булутларни ий, Тейри!

Жавунларни жавдур, Тейри,

жилқиларни тўйдур, Тейри!

Тейри, Тейри, билебиз

кучунгни, қарувунгни, Тейри[9].

 

Қарачайлилар Тангрини Тейри шаклида талаффуз қилишади ва бундай дуоларни “Тейри алғиш” деб аташади. Айни дуолар насронийликни ёки исломни қабул қилган даврларда ҳам ўзгармаган.

 

Қарачайлилар жун ишлатишга моҳир бўлишган. Бунда уларнинг зотдор қўйлари муҳим ўрин тутган. Қарачай ерларида уч хил зотли қўйлар етиштирилади: қора мюйюз, яъни қорашохли қўйлар. Уларнинг туси қора, танаси бақувват ва катта бўлади. Тумақ зотли қўйлар ҳам жундор, аммо танаси кичикроқ, эти ширин бўлади. Кўкбош қўйларининг туси кўк, гўштдор ва жуда гавдали бўлади[10].

 

Кийиз (кигиз) азалдан қарачайлиларнинг миллий бренди саналган. Кийизларнинг туурлуқ, алача, ойувлу (нақшли) ва жийма (йиғиб қўйиладиган безакли) турлари оммалашган. Қора мюйюз қўйларнинг дағал жунидан тўшама туурлуқ кийизлар тайёрланади. Алача кийизлар учун эса тумақ ва кўкбош қўйларнинг жуни ишлатилади. Кўкбошнинг жунидан жийма ва алачаларни таёрлашда безак учун фойдаланилади.

 

Қарачайли оиласида ўрмак, урчуқ, ийна, бийиз (бигиз), чындай ийне, ырчық ийне бўлиши шарт бўлган. Уларда аёллар жунрўмол ва турли кийимлар тўқишда уста бўлишади. Қарачайли аёлларининг тўқиган жунрўмоллари бутун дунёга машҳур бўлиб келган. 1990-йилларда Тошкентнинг Эскижўва бозорида ҳам қарачай рўмоллари сотилар эди.

 

Қарачайлиларнинг жаулиқ – енгил рўмолчаси жуда машҳур. Мен даставвал жаулиқ қўлни артадиган мойсочиқ бўлса керак деб ўйлагандим. Кейин ўрганиб кўрсам, ажойиб тарихи бор экан. Бу рўмолни фақат балоғатга етган қизлар тўқир ва қайси йигитни севса, ўшанга атар экан. Кейин унга ошиқ йигитлар ўзаро ёвлашиб қолса, рўмолчани олган йигит куёв бўлар ва шу билан номзодлар орасидан ёвлик кўтарилар экан. Жаулиқнинг каттароқ ўлчамдагиси ҳам бўлади ва уни кўпинча ёши катта аёллар ёпиниб юради.

 

Қарачайлилар ҳамма туркийлар қатори нақшни ойма (ўйма) дейди. Уларнинг безаклари орасида муйиз нусха, балиқ дум ва ўсимлик гулли нақшлар кўп учрайди. Кўплаб безакларнинг марказида туркийлик рамзи – Ўғузхон юлдузи – саккиз бурчак ўрин олган. Аммо айрим орнаментларда олтибурчак – Довуд юлдузи ва хоч ҳам кўзга ташланади.

 

 

Қарачай таомлари

 

Қарачайлилар гўштли ва сутли маҳсулотларни хуш кўради. Улар гўштли овқатларни “қиш таоми”, сутли овқатларни эса “ёз таоми” деб аташади. Кўпинча ёзда сўйилган қўй, мол, от гўшти тузланиб, қуритилиб қишга сақланади. Қарачайлиларнинг ҳамма гўштли таомлари ажойиб, аммо улар орасида қуритилган гўштдан тайёрланган шулум шорпа (шўрва) алоҳида ажралиб туради.

 

Қарачай бовурсоқлари ҳам жуда ширин. Айниқса қувват манбаи сифатида қараладиган буламиқ (атала) қарачайлиларнинг энг севимли таоми. Қарачайлар айрон, пишлоқ, бўза, қимиз тайёрлашда ҳам уста. Улар винони чағир деб аташади.

 

 

Қарачайли тили

 

Қарачайли тили туркий тилларнинг қипчоқ тиллари гуруҳига мансуб. Дастлаб уни рус тилшунослари “тавли татар тили” (тоғ татарлари тили) деб хато номлаб келишган. Аммо ХХ асрнинг бошларидан алоҳида тил сифатида тан олинган. Совет даврида кам сонли миллатларга нисбатан қўланган тил сиёсати сабаб бугунги кунда қарачайли ва балқар тили битта тил сифатида ўрганилади. ХХ асрнинг бошларида ва унга қадар ҳам иккала тил алоҳида ўрганилган. Бунга мисол тариқасида И.Ақбаев, Б.Шаумян ва У.Алиевларнинг тадқиқотларини келтириш мумкин. Шунингдек, икки тил ўртасидаги фарқлар Зуҳра Қўрқмазованинг “Лексико-семантические различия между карачаевским и балкарским вариантами литературного карачаево-балкарского языка” мавзусидаги докторлик диссертациясида ҳам ўз тасдиғини топган.

 

Қарачайли тили грамматик хусусиятларига кўра бошқа қипчоқ тилларидан фарқ қилмаса-да, айрим морфологик фарқлар кўзга ташланади. Лексикасида олтой пластидаги сўзлар ҳам талайгина. Мисол учун аслан, алтын, ат, баба, бабай, сақал, талқи, ағач, бавур каби сўзлар умумолтой сўзларидир. Аммо шундай бўлса-да луғат фондининг асосий қисми туркий қипчоқ сўзларидан таркиб топган. Шу билан бирга, айрим ҳолатларда ўғузча талаффуздаги сўзлар ҳам учрайди. Энг қизиғи, тилнинг шакланишига чиғатой тилининг ҳам таъсири бўлган ва бу албатта XVIII асрнинг ўрталарида Бухоро ва Самарқандда таҳсил олган муллалар ва сўфийларнинг таъсирида шаклланган. Исломни қабул қилгандан кейин араб, форс тилларидан сўзлар ўзлашган. Шунинг учун бўлса керак, қарачайли тилига “татар чағатайча”си деган ном ҳам берилган. XIХ асрдан бошлаб рус тилидан сўзлар кириб кела бошлаган ва ҳозирги кунда луғат бойлигининг 20 фоизи русча сўзлардир.

 

Қарачайли тилида шевалар асосан ж товушининг талаффузига кўра фарқланади. Мангутовнинг шимоли-ғарбий этагида қарачай-басхан-чегем шеваси, жануби-ғарбий томонида балқар шеваси кенг тарқалган. Шимолликлар “ж”ни қаттиқ, жанубда яшовчилар юмшоқ талаффуз қилади. Шу билан бирга, балқар шевасида ч ўрнига ц қўлланади: чач – цац, чачқи – цацқи ва ҳ.

 

Қарачайли ва балқарлар учун битта қилиб яратилган адабий тилни тушуниш бироз қийин. Чунки унда халқона сўзлардан кам фойдаланилган ва натижада қипчоқ тилига хос хусусиятлари йўқолган. Масалан, муомалада ишлатиладиган жўқ (йўқ) сўзи адабий тилда йўқ. Адабий тилдаги жўқ (йўқ) “мавжуд эмас” маъносида қабул қилинган. Аммо қишлоқ шеваларида сақланган[11].

 

Қарачайли тилини ўрганиш қийин эмас. Бунинг учун қипчоқ тилларидан бирини ёки унинг ўзига хос хусусиятларини билиш кифоя қилади. Шунда ҳатто сўзлашгич ҳам керак бўлмайди. Келинг, қарачайча сўзлашувга эътибор қаратамиз:

 

Салом

Сау кел (соғ кел)

Хайр

Сау бар (соғ бор)

Раҳмат

Сау қал (соғ бўл)

Оқ йўл

Жўлингиз бўсин

Яшашингиз қалай?

Жашауунг қалайды?

Нима янгиликлар бор?

Не жангылық барды?

 

Бу нимани кўрсатади? Бундан кўринадики, қарачайлилар саломлашувда соф туркий сўзларни сақлаб қолган ва бу ўзаро мулоқотни осонлаштиради. Ҳозирги кунда исломий ақоидга кўра қабул қилинган “ассаламу алайкум”, “ва алайкум ассалам” шаклида саломлашиш урфга айланган. Аммо қишлоқларда “сау кел” кўпроқ ишлатилади.

 

Бу тилда феъл орқали гап ясалиши ҳам умумтуркий қолипда:

 

Овқат е – ашни аша, сувни ич – сууни ич, отни қўйвор – атни ий, отни эгарла – атни жиерле, отга мин – атха мин, отдан туш – атдан тюш, эгарни еч – жиерни теш.

 

Охирги жиерни теш (эгарни еч) сўзига эътибор қаратилса, қипчоқча чеч (еч) сўзида т ва ш товушларининг ўзгарганини кўриш мумкин.

 

Қарачайли тилида равишнинг қўлланиши ҳам туркий қолипда ва бу ўрин-пайт равишларида яхшироқ кўзга ташланади:

 

ўтган йил – былтыр;

бу йил – быжил;

келаси йил – кели жыл;

кеча – тюнене (туновун);

бугун – бюгюн;

эртанги кун – тамбла.

 

Охирги тамбла сўзи туркий сўз бўлмаслиги мумкин, чунки бу сўз ҳеч бир туркий тилнинг луғатида йўқ.

 

Қарачай тилида олмош, сон ва сифат бошқа туркий тилларники билан айнан бир хил. Фақат фонетик фарқлар бор холос:

 

Бу юч сары алма (бу учта сариқ олма).

 

Мен терт сай табақ бишген бламуқ салиб, адамлаға юлешдим (Мен тўрт тарелка бламуқ (атала) солиб одамларга улашдим).

 

Арабча ва форсча сўзлар ислом динини ўрганиш жараёнида ўзлаша бошлаган ва ҳозирги кунда заман زمان, тарих تاريخ, сағат ساعة, дақыйқа دقيقة, устаз أستاذ, китаб كتاب, дафтар دفتر, қалам قلم, дерс درس, ахыр آخر, рамадан (ай) رمضان, жаннет جنة, уммет أمة, дин دين, намаз каби сўзлар лексикада фаол қўлланади. Айниқса, араб тилидан Муҳаммад, Фатима, Зуҳра, Ойиша, Умар, Усмон каби юзлаб исмлар ўзлаштирилган.

 

Қарачайли тилининг луғат бойлигида насронийликка хос исмлар ҳам сақланган. Филология фанлари доктори Тамара Биттированинг ёзишича, қарачайлиларда ой ва ҳафта кунларининг номларида насронийликка оид сўз ва исмлар кўп учрайди. Аммо бу исмлар бузиб талаффуз қилингани учун уларни бир эшитганда англаб олиш қийин кечади. Мисол учун, ҳозирги кунда григорий календари амалда бўлса-да, ҳамон қарачайлилар эски ой номлари сифатида насронийча номларни ҳам сақлаб келишади.

 

Аммо шу билан бирга қадимдан қўлланган туркий ой номлари ҳам сақланган:

 

Ақтон ай (оқ тўн ойи) – январ.

Бурул ай (буруладиган ой) – феврал.

Балдыр ай (болдир ойи) – май.

Луккул ай (ёғоч омоч ойи) – июн.

Бузчачар ай (музсочар) – июл.

Қырқар ай (қўй қирқим ойи) – август.

Қырқавуз ай – сентябр.

Соғум ай (мол сўйиладиган ой), яна бир номи Этыйық ай (эт ейиладиган ой) – октябр.

Арғыш ай (қишга захира ғамлаш) – ноябр.

Алтайғыр ай – декабр.

 

Ҳафта кунларида ҳам худди шундай ҳолат кўзга ташланади:

 

Баш кюн – душанба.

Гюрге кюн (авлиё Георгий куни) – сешанба.

Бараз кюн (авлиё Параскева куни) – чоршанба.

Орта кюн – пайшанба.

Байрым кюн (муқаддас Мария куни) – жума.

Шабат кюн – шанба.

Ыйых кюн (дам олиш куни) – якшанба.

 

Эътибор берилса, бу ерда фақат уч кун туркийда номланган. Қолганлари насронийлик билан боғлиқ. Қарачайлилар насроний авлиёларни шыйых – шайх (шыйых Гюрге, шыйых Тотур) деб аташган. Черков попини эса – “калиса қуллуқчиси” деган. Троицани (христиан динида: ота худо, ўғил худо ва муқаддас руҳдан иборат ягона илоҳ) ючеулен, ючеу яъни учовлон деб аташган. “Крешение” сўзини хач салырға, динға буру, ийман салу дейишган. “Миссия”ни борч (бурч), иш, жумуш деб таржима қилишган. Умуман олганда, қарачайлилар узоқ муддат насронийлик динида бўлгани учун луғатида шу динга оид лексемаларнинг туркий вариантлари ҳам кўп сақланган.

 

Қарачайли тилига рус тилидан ҳам сўзлар кўп ўзлашган. Масалан, қарачайлилар дунё томонларининг иккитасини туркийда айтиб келишган: кюн чықған жаны ва кюн батхан жаны. Аммо шимолни север, жанубни юг деб аташган. Мисол учун: севердағи тейри жарық (шимол ёғдуси) ёки Юг Америка (Жанубий Америка). Фақат исломни қабул қилгандан кейин жануб маъносида қибла[12] қўллана бошлаган. ХIХ асрдан диний уламолар орқали жануб ва шимол сўзлари ўзлашган. Бу сўзларнинг туркий вариантлари эса фақат айрим луғатларда сақланган холос. Ҳозирги кунда бу сўзларнинг туркий ёки исломий вариантларини луғатга киритиш бўйича иш олиб борилмоқда.

 

Қарачайли тилига бегона сўзлар қанчалик ўзлашмасин, ўз қатлам сўзлар тилнинг аслиятини сақлаб қолган. Айниқса, қипчоқ тилига хос бўлган элементлар уни янада гўзал ва улуғвор қилиб кўрсата олади: тав, сав (соғ), жав (душман), жузук (узук), аюв (айиқ), жариқ (ёруғ), сыйлиқ (совға), тийирманчи (тегирмончи), торба (тўрва), жамғир (ёмғир), жавун (ёғин), жийин (йиғин) ва ҳ.

 

Қарачайлиларда бошқа туркийларда учрамайдиган лексик бирликлар ҳам учрайди:

 

Аюу улучақ (Айиқ боласи), қозлаған қатын (қўзилаган, болали хотин), туқум/тухум (фамилия), мюйюзчюк (мугуз, кичик шох), чарықчи (этикдўз), тошгроб (тоштобут), жюлғуч (устара), сақал жюлютер (сартарош), ачылмаған чичек (ғунча), женгил журу (тез юриш), женгил аяқ (чаққон) ва ҳ.

 

 

Қарачай мақол ва топишмоқлари

 

Қарачайлилар тоғнинг баланд жойларида яшагани учун жамият бўлиб бирлашиб яшаш ҳаёт-мамот масаласи саналган. Шунинг учун бўлса керак, бирлик ва элдан айрилмаслик, ўзаро аҳиллик ғоялари мақолларга сингиб кетган:

 

Бирликде – тирилик.

Бирикген иш артха (ортга) қалмаз.

Бирлик болмаған жерде насыб болмаз.

Бирикмеген иш бишмез (пишмас).

Элинден айырылған – қанаты сыннган (Элдан айрилганнинг қаноти синган).

Эки қарға жағалашса бир қузғунга аш тюшер (Икки қарға ёқалашса, бир қузған уларнинг ошини олади).

 

Умуман олганда қарачайли мақолларида туркона руҳ, қалбга яқин бир шукуҳ ҳукмронлиги сезилади ва бу уларнинг бизнинг яқин қардошларимиздан бири эканини ҳис қилиш имконини беради. Шунинг учун қарачайли мақоллари орасидан сараланган қуйидаги мақолларга эътибор қаратамиз:

 

Ач аш айырмайды (оч киши овқат танламайди).

Ач қарным, тынч қулағым.

Адам – тувған жеринде, ит – тойған жеринде (одам туғилган ерини, ит тўйган ерини ватан тутади).

Ақыллы эркиши атын махтар, ақылсыз эркиши қатынын махтар (Ақлли эркак отини мақтар, ақлсиз эркак хотинини).

Ана қойну – балаға жаннет.

Ана қучағы балаға бешик.

Ат эркешининг қанаты (от эр кишининг қаноти).

Ата журтуму башы болмасам да, босағасыны ташы болайым (ота юртимнинг боши бўлмасам-да, бўсағасининг тоши бўлайин).

Атлыға бир айт, жаяуға эки айт (Отлига бир айт, яёвга икки айт).

Айыбны суу бла жууалмазсан (Айбни сув билан юволмассан).

Бай арбазында қоян тутар (Бой аравасида туриб ҳам қуён тутар).

Билдириб келген жаудан қорқма, билдирмей келген жаудан қорқ (Билдириб келган ёвдан қўрқма, билдирмаганидан қўрқ).

Биреу сени таш бла урса, сен аны аш бла ур (Биров сени тош билан урса, сен уни ош билан ур).

Бёрю бир кёзю бла жуқлар (Бўри бир кўзи билан ухлар).

Бёрю да аджашхан малны ашар (Бўри ҳам адашган молни олади).

Жангыз бала жылаууқ болур (Ёлғиз бола йиғлоқи бўлади).

Жангыз баласы барны чығар-чықмаз жаны бар (Ёлғиз боласи борнинг чиқар-чиқмас жони бор).

Жау сёз бла ёлмез (Ёв сўзлаганга ўлмас).

Жауға жанынгы берсенг да, сырынгы берме (Ёвга жонингни берсанг ҳам сиринги берма).

Жер таусуз болмаз, эл жаусуз болмаз (Ер тоғсиз, эл ёвсиз бўлмас).

Жыланны бассанг, башындан бас (Илонни боссанг, бошидан бос).

Илкер батмай, танг атмаз (Ҳулкар ботмай тонг отмас).

Ит қутурса иесин қабар (Ит қутурса эгасини қопар).

Кёк жашнамай, кёк кюкюремез (Осмонда яшин бўлмаса, ўт кўкармас).

Қайғысы жоқ қуру суудан семирир (Қайғуси йўқ фақат сув ичса ҳам семиради).

Қызым, санга айтама, келиним, сен эшит.

Қылыч жара бителир, аууз жара бителмез (Қиличнинг жароҳати битади, оғизники битмайди).

Ойнай билмеген оюн бузар (Ўйнай билмаган ўйин бузар).

Эки ананы эмген бузоуну тили татлы (Икки онани эмган бузоқнинг тили ширин).

Эки харбыз бир қууучха сыйынмаз (Икки тарвуз бир қучоққа сиғмас).

 

Ҳамма қипчоқ халқлари каби қарачайлилар ҳам топишмоқ тўқишда уста. Инчунин, уларнинг топишмоқлари жуда ҳам мазмунли ва одамни топқирликка ундайди. Энг асосийси, уларда ҳам ўзбекларга таниш руҳ, халқона улгилар кўзга ташланади:

 

Бир алтин жузугум бар, бар дуняни жаритар (Бир олтин узугим бор, бор дунёни ёритар) (қуёш).

Бир ананы минг баласы (ой ва юлдузлар).

Бир атым барды да, чапса жерни къыртышин къобарады (Бир отим бор, чопса ернинг терисини шилиб олади) (ранда).

Бир тёбеде жети тешик (бир тепаликда етти тешик) (Бош ва ундаги икки кўз, икки қулоқ, икки бурун ва оғиз).

Бети акъ, чачы бурма (оқ қайин).

Бир сюрюуюм барды да, жатсам да бирге, қўбсам да бирге (Бир сурувим бор, ётсам ҳам бирга, турсам ҳам) (мунчоқ).

Бир къара кишичик таудан аууб барады (бир қора киши, тоғдан оғиб боради) (қўнғиз).

Бир къызым барды да, ийнели чепкен киеди (Бир қизим бор, игнали чепкан кийган) (кирпи).

Бир терекде – беш бутақ, беш бутақда – беш чапрақ (Бир дарахтда – бешта шох, бешта шохда беш япроқ) (бармоқлар ва тирноқлар)

 

 

Хулоса ўрнида

 

Тилшунослар, хусусан қарачай тилшунослари қарачайли тилининг “Қуманлар қомуси” тилига яқинлигини таъкидлаб келади. Тўғри, бошқа қардошлардан фарқли ўлароқ, то XVIII асрга қадар насронийлик динини сақлаб келгани учун уларда “Қуманлар қомуси”га яқинлик бўлиши мумкин. Аммо шуни унутмаслик керакки, “Қуманлар қомуси”нинг тили қирим тилига яқинлиги бўйича олимларнинг фикри муштарак.

 

Мазкур мақолани ўқиган ўқувчи англаб етган бўлса керак, қарачайли тили ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасига ўхшайди. Икки тилнинг бир-биридан фарқлари эса совет даврида яратилган алифболарнинг турличалиги сабаб келиб чиққан. Шунинг учун мазкур мақолада қарачайли мақоллари ва топишмоқларига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки тилшуносликда янги даврда амалга оширилган ўзгартишлар кўпроқ замонавий лексикага таъсир қилган, аммо фолклорда ўз қатлам сўзлар, сўзлардаги миллий руҳ сақланиб қолган.

 

Анвар БЎРОНОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 1-сон.

“Мангутовнинг мангулиги” мақоласи



[1] Қарачайча: Теберди туб ер, туб юр.

[2] Оқсовут.

[3] Семенов П. Карачай // Географическо-статистический словарь Российской империи. Санкт-Петербург, 1865. Т. II. С. 505.

[4] Игнатенко А.А. Ислам в современном мире. Ислам в Карачае: гомогенные и гетерогенные факторы. Дисс. раб. на соиск. доктора философии.; Койчуев А.Д. Карачай: вопросы истории, культуры и религии. – Ставрополь: Изд-во КЧГУ, 2006.

[5] Қарачайча: Тейри.

[6] Bittirova T.Sh. Karachaevo-balkarskaya dukhovnaya literatura: rukopisnoe nasledie. [Karachay-Balkar Spiritual Literature: Manuscript Heritage] / Nalchik, 2016 [in Russian]

[7] Бўронов А. Тангричилик маънавиятга таҳдид сифатида.Тошкент: Маънавият, 2019. – 34-б.

[8] Государственный реестр селекционных достижений, допущенных к использованию (Породы животных) (по состоянию на 08.04.2015 г.)

[9] Карачаево-балкарский фольклор. Хрестоматия / сост., вступ. ст., коммент. Т.М.Хаджиевой. Нальчик: Изд. центр «Эль-Фа», 1996. 592 с.

[11] Русско-карачаево-балкарский словарь. Под редакцией X. И. Суюнчева и И. X. Урусбиева. М: «Сов. энциклопедия», 1965. 744 стр.

[12] Каъба Кавказнинг жанубида жойлашган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

//