Нобель қўмитасидан хат олган ўзбек олими


Сақлаш
15:06 / 19.06.2024 230 0

Ўшанда туғилган куним эди. Почтадан хат келди. Ичида Пиер Огюст Ренуар қаламига мансуб сурат бор экан. Унда меҳр билан пианино чалаётган қиз тасвирланган. Орқасини ўгирсам, хат отамдан. Энтикиб, хурсанд бўлиб ўқий бошладим. Отам «Тошкентга қайтишим биланоқ туғилган кунингни оилавий нишонлаймиз, суратдаги қиз каби пианино чалишни қунт билан ўрганишинг керак» деб ёзганди. Ишонасизми, «Сени ўпиб қолувчи отанг. Париж, 1963 йил 26 январ» деб тугатилган суратли хат кўнглимни тоғдай юксалтирди... Бу хатни ҳануз шахсий буюмларим орасида сақлайман. Шу кунгача миллион марта ўқиган бўлсам керак...

 

 

«Абдулазиз»нинг «Ёлқин»га айланиши

 

Инсон хотираси жуда ҳайратланарли. Атрофдан келаётган сон-саноқсиз сигналлар мия ҳужайраларида из қолдиради, хотирада сақланади ва энг муҳим лаҳзаларда тирилади. Тўғриси, ҳамма ҳодисалар ҳам эсга тушавермайди: баъзилари изсиз ўчиб кетса, бошқалари абадий яшайди. Абадиятга муҳрланган хотиралар ҳар эсланганда ҳисларингизга, кези келса ҳаётингизга таъсир қилади. Адоқсиз соғинч исканжага олганда отам Ёлқин Тўрақулов ҳақидаги хотираларим қайта ва қайта жонланади, кино тасмасидай кўз ўнгимдан ўтади. Яхшиям хотиралар бор, яхшиям улар севимли инсонларимизни ёдга солиб туради.

 

Гапни отамнинг болалигидан бошласам. Отамнинг асл исми Абдулазиз бўлган. Аланга, машъал маъноларини англатувчи Ёлқин исмини кейин устози қўйган. Отам ўз хотираларида бу ҳақда шундай ёзган: «Ўзбек тили ва адабиётидан дарс берган устозим, «Қопчиғай» достони муаллифи шоир Рафиқ Мўминов шеъриятга меҳрим бўлакчалигини кўриб, мени Ёлқин деб атай бошлаган. Бошқа ўқувчиларга ҳам ноодатий – Учқун, Аланга исмларини берган. Улар бу исмларни сақлаб қолганми-йўқми билмайман, лекин мени ҳамма шу исм билан танирди, чақирарди. Кўпгина шеърларим ва мақолаларим матбуотда шу тахаллус билан босилди».

 

Отамнинг болалиги Қозоғистоннинг Меркесида ўтган. Мерке – бугунги Қозоғистон жанубидаги Тяншан тоғолди ҳудудида жойлашган, анча машҳур тарихий шаҳар. У ердан бир пайтлар Буюк ипак йўли ўтган ва ХХ аср бошларида ҳам бу жойлар савдо йўлининг чорраҳаси бўлган. Меркеда гавжум бозор бўлиб, узоқ-узоқлардан савдогару харидорлар оқиб келган. Отамнинг буваси мулла Тўрақул ишбилармон бўлгани боис муқим яшаш учун оиласи билан Тошкентдан кўчиб борган. Замонасининг маърифатли кишиси, диний ва дунёвий билимлар соҳиби бўлган. Тўрақул бувам фарзандларининг илм олишига алоҳида эътибор қаратади. У кишининг тўнғичи, бобом Холмуҳаммад Тўрақулий (Холмат домла номи билан машҳур бўлган) замонасининг ниҳоятда маърифатли кишиларидан бири бўлиб, ахлоқ-одоб бобида унинг олдига тушадигани бўлмаган дейишади. Қариндош-уруғларнинг хотирлашича, Холмат домланинг каттагина уйи бўлиб, ичи тўла китоб экан. Ҳолбуки, кимнинг уйидан араб имлосидаги китоб чиқса қатағон қилинган замонлар...

 

Шоҳидларнинг ҳикоя қилишларича, одамлар жазодан қўрқиб, уйларида сақланаётган қўлёзма асарлар, бебаҳо китобларни ариқларга оқизиб юборишган. Ўша кезлар Тошкентни иккига бўлиб оқадиган Анҳорда китоб саҳифалари оқиб кетаётган манзарани тез-тез учратиш мумкин экан. Холмат домла ҳам араб имлосидаги қўлёзма китобларни ҳалокатдан асраб қолиш мақсадида бир қисмини қабристондаги эски қудуққа беркитиб, энг нодир китобларни ҳовлига тўплаб, девор кўринишида тахлаган ва ғишт териб устидан суваб ташлаган. Бу бебаҳо китобларнинг тақдири кейинчалик нима бўлгани менга қоронғи.

 

Холмуҳаммад Тўрақулий қаламига мансуб мақолалар XX асрнинг бошларида нашр қилинган «Садои Туркистон» газетаси, «ал-Ислоҳ», «Ислоҳот» журнали саҳифаларида сақланиб қолган.

 

Академик Ёлқин Тўрақулов китобга, илмга, адабиётга меҳрли домла Холмуҳаммад Тўрақулий оиласида туғилиб катта бўлди. Отам болалик хотираларини эслар экан, олти ёшидан амакилари Абдуқаюм ва Абдумалик уни физика ва математиканинг сирли дунёсига олиб кирганини бот-бот такрорларди: «Қиздирилганда жисмларнинг кенгайишини амаким тажриба қилиб кўрсатган. Жуда кичик эмасманми, тажрибалар менга ҳайратланарли туюлган. Масалан, колбага сув тўлдириб, оловга қўйган. Сув кўпая бошлаган ва ҳатто тошиб ҳам кетган». Отамнинг болалиги ҳақидаги шу каби ҳикояларни эшитар эканман, уни мана шу қизиқарли тажрибалар илм оламига олиб кирганига амин бўламан. Отам туғма олим эди. Билим олишга шу қадар чанқоқ бўлганки, у кишининг хотира дафтаридаги қуйидаги битикларда бу сезилади:

 

«Меркедаги ҳаёт жонли, қизиқарли ва муҳим воқеаларга тўла бўлса-да, трамвайу кутубхоналар, театр ва турли билим юртларига бой Тошкенти азимда ўқиш иштиёқи менга тинчлик бермасди. Балки Тошкентда таҳсил олаётган танишлар, қариндош талабаларнинг ҳар таътилда келганда айтадиган ҳикояларини эшитиб ё бўлмаса уларнинг кийиниш, муомала маданиятини кўриб, азбаройи уларга ўхшашни истаганимдан шу фикрга келгандирман... Мени ҳаваслантирган ўша талабалар орасида амаким, бўлажак ёзувчи ва таржимон Маннон Ройиқ, шоир Уйғун, драматург Умаржон Исмоилов ҳам бор эди. Айнан уларнинг суҳбатидан кейин Тошкентга кетишга қаттиқ аҳд қилганман. Ота-онамнинг қаршилигига қарамай, тўққиз ёшимда биринчи марта поездга ўтириб орзуларимда яшаётган шаҳарга келдим. Амакимнинг саъй-ҳаракати билан Карл Либкнехт номидаги мактабда ўқий бошладим».

 

 

Микронинг макро шижоати

 

Отам ўғилларидан кўра мени кўпроқ яхши кўрарди. Икковимиз бир-биримизни яхши тушунардик. Онам укаларимга суянарди. Мен эса отамга ўхшашга ҳаракат қилардим. У кишидай тиришқоқ, меҳнаткаш, илмли бўлишга интилардим. Отам ўн тўрт ёшида Ўрта Осиё тиббиёт институтининг тайёрлов курсига қабул қилинганини кўп айтарди. Аслида муҳандис бўлишни орзу қилган экан. Лекин иқтидорли ўсмирларни ўқишга жалб қилишга келганлар отамнинг илмга чанқоқлигини кўриб, тиббиёт институтида ҳам муҳандислик бўлими бор деб ишонтирган. Табиийки, отам тайёрлов курсида ўқишга розилик бериб юборади. Аммо иқтисодий жиҳатдан жуда қийналган. Тахтапулдан Хадрагача пиёда келиб, шу ерда трамвайга ўтириб, институтга қатнаган. Ҳатто ялангоёқ қатнаган бўлса-да, ўқишга иштиёқи сўнмаган. Курсдаги энг ёши кичик, тиришқоқ ва билимли талаба бўлганидан бошқалар у кишини ҳазиллашиб Микро деб чақираркан. Ўқишга ялангоёқ қатнаётганини кўрган кимё кафедрасининг мудири Саттор Жаббор (Ёлқин Тўрақуловга илк тажрибаларни мустақил ўтказишни ўргатган ва немис тилига меҳр уйғотган) ва олмон олими Энгланд (рус тилини яхши билган отам олимнинг маърузаларини талабаларга ўзбек тилига таржима қилиб турган) бир куни дўкондан оёқкийим ва костюм олиб беради.

 

Отам институтни тугатиб, шу ерда кимё, органик кимё ва биокимёдан дарс ўта бошлайди. Айни вақтда чет тили институтида немис тили факултетида сиртдан ўқийди. Хуллас, тиришқоқ Микро йигирма икки ёшида, яъни 1939 йили фармацевтика институти ректори этиб тайинланади.

 

Отам бир вақтнинг ўзида бир нечта ишни бажара оладиган кучли инсон эди. Баъзида унинг бу шижоати, ҳаракатига қойил қолардим. Атрофдагилар ҳам қандай қилиб шунча ишга улгуриш мумкин деб ҳайрон бўлишарди. Отам вақтини доим тўғри тақсимлар, ўзига жуда талабчан эди. Соатлаб гаплашиб ўтиришлар, байрамларни у қадар хушламас, буларнинг ҳаммасини вақтни ҳавога совуриш деб ҳисобларди. Ишдан доим бир вақтда қайтиб, бир вақтда овқатланиб, вақтида ухлаб, вақтида турарди. Бир умр овқатланишга қаттиқ эътибор қаратди – ҳамма нарсанинг меъёрида ва сифатли бўлишини истар ва бошқалардан ҳам шуни талаб қиларди. Ҳатто «бетоб бўлишга-да рухсат йўқ, замонасининг зиёли кишиси албатта соғлом бўлиши керак» дерди ҳар доим. Отам ўзини руҳан ва жисмонан жуда қаттиқ тарбия қилган эди.

 

 

Оловли йиллар

 

Отамнинг эслашича, уруш бошланган куни учувчи ўртоғи Темир аканинг уйида меҳмонда бўлган. Трамвайда уйга қайтар экан, радиодан уруш бошлангани ҳақидаги эълонни эшитади. Ўша куниёқ ҳамма қатори урушга чақирув қоғози олади. Фақат тайёр диссертациясини ҳимоя қилиб олиш учун уч кунга рухсат сўрайди.

 

Диссертация ҳимоясидан сўнг урушга отланади. Жанглардан бирида қаттиқ яраланади ва ҳарбий касалхонага жўнатилади. Тузалиб чиққач, фронтда шифокор бўлиб ишлай бошлайди. Ўша кунларни эслар экан, бош қашишга вақти бўлмагани, кунлаб ухламасдан ишлагани ҳақида айтарди. Тиббий ёрдамга, зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказишга муҳтож аскарлар... Ўзимча у кунларни тасаввур қилардим. Отам ўша машъум кунларни кино тасмасидай бир ипга тизиб гапириб берарди. 1943 йили бир манзилда ишини битириб, барча керакли анжомларни машинага юклаб, йўлга отланаётганда мина портлаб кетади. Қаттиқ жароҳат олган отам мўъжиза туфайли тирик қолади.

 

Уруш йиллари отам Ҳамид амаким билан хат ёзишиб турган. 1944 йилнинг апрелида Пензадан укасига даволанишни Тошкентда давом эттириш мақсадида ҳоспиталнинг қайдномаси бириктирилган хатни йўллайди. Телеграмма етиб келмайди, уйдагилар хавотирга тушади. Бобом акасидан хабар олиб келишга амакимни Пензага юбориш тадоригини кўра бошлайди. Бу орада отам поездда уйга қайтади. Йўл-йўлакай отам йўлдошларига урушга кетгунига қадар фармацевтика институтида ректор бўлиб ишлагани, диссертация ёқлагани, кутиб олгани қариндошлари, жўралари, яқинлари, талабалари чиқишини тўлқинланиб гапириб беради. Ҳеч ким отамга ишонмайди. «Эсиз-а, ректор пайтим ходимлар билан тушган суратимни олмабман, кўрсатардим-да» деб астойдил пушаймон бўлади. «Ҳа, майли, етиб олайлик, кўзлари билан кўриб албатта ишонишади» деб ўзига ўзи тасалли беради.

 

Бу воқеанинг энг кулгили жойи шуки, поезд манзилга етиб келиб, отам қўлтиқтаёқда перронга тушса, уни кутиб олгани ҳеч ким чиқмаган экан. Табиийки, бу ҳолни кўриб поездда бирга келган ҳамроҳларининг ҳафсаласи пир бўлган. Вокзалда ёлғиз ўзи қолиб кетган отам қаёққа боришини билмай, ўйлаб-ўйлаб, шу яқинда яшайдиган курсдошининг уйига боради. Курсдоши ва унинг ота-онаси яхши кутиб олади. Бир кеча ўша ерда тунаб қолади.

 

Эртаси куни Ҳамид амаким отамни олиб кетади. Ҳарбий касалхонада даволаниб тузалиб чиққач, фармацевтика институтига яна ректор этиб тайинланади.

 

 

Меҳр-оқибатнинг оқибати

 

Отамнинг бекор ўтирганини эслолмайман. Иши кўплигидан ҳатто нонуштаниям тезгина еб, ишга жўнарди. Эсимда, бир куни онам тонгсаҳардан туриб сомса пиширса, отам бир донасинигина еган. Онамнинг хуноби чиқиб, ортидан «Ҳой, яна икки-учта еб кетинг» деганча қолаверган. Хуллас, академик Ёлқин Тўрақуловнинг ҳар бир куни ана шундай тезкорлик билан бошланган.

 

Отам жуда ҳазилкаш, самимий ва ўта содда одам эди. Рўзғорбоп киши эмасди. Ҳамма иш ҳам қўлидан келавермасди. Битта эплаган иши помидор, бодринг ва пиёзни ингичка тўғраб, аччиқ-чучук тайёрлаш эди.

 

Бир куни онам аммамга бозордан қази олиб келишни илтимос қилди. Дам олиш куни эди чамамда. Отам ҳам аммам билан бозорга отланди. Биласиз, Тошкент бозорларида одам кўп бўлади. Бозорга киргач, отам одамларни кўриб ҳайронлигидан «Вой-вуй, бунча одам бу ерда нима қилаяпти?» деб сўрайди. Аммам уйга келиб, бу воқеани кулиб-кулиб айтиб берган.

 

Отам оиласида катта фарзанд бўлгани боис асосий масъулият у кишининг зиммасида бўлган. Ука ва сингилларини қўллаб-қувватлаган. Рауф (Абдурауф) амаким ҳам инженер бўлишни орзу қилган бўлса-да, акасининг маслаҳатига амал қилиб, шифокорликка ўқийди. Умр бўйи шу соҳада ишлади. «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор» унвонига сазовор бўлди. Ҳамид амаким ҳам отамнинг қистови билан фармацевтика институтини тамомлайди ва илм йўлидан кетади. Фармацевтика фанлари доктори, профессор, 270 дан ортиқ илмий мақола, 15 дан ортиқ монография муаллифи Ҳамид Холматович Тўрақулов йиллар давомида фармацевтика институтини бошқарди, умрини илмга бағишлади. Отам ҳам, амакиларим ҳам аммаларимга жуда меҳрибон, ҳар доим ҳолидан хабар олиб турарди. Ака-сингиллар меҳр-оқибат бобида бизга ўрнак эди.

 

 

Қуш уясида кўрганини қилади

 

Ота-онам бизга ҳар ишда ўрнак эди. Отам ишдан келгач, албатта ҳар биримиздан дарсларимиз ва қандай китоблар ўқиётганимизни сўрарди. Одатда отамни кечки таом пайти кўрардик. Қолган вақтларда хонасига кириб, ўқиб-ёзарди. Безовта қилишга ийманардик. Телевизордан фақат янгиликларни кўрарди. Аҳён-аҳёнда футбол ёки ҳоккей томоша қиларди. Баъзида бирга кино кўришни илтимос қилсак ҳам ўн дақиқадан кейин хонасига кириб кетарди. Лекин дарс бўйича ниманидир тушунмадим деб олдига кирсам, алоҳида вақт ажратарди. Асосан математика, физика, кимёдан қийин масалаларни ишлашга қийналардим. Шундай пайтлари энг катта халоскорим отам бўларди. Эринмай тушунтириб, қандай ишлашни кўрсатиб берарди. Биргина мусиқий муаммоларни ҳал қилолмасди. Отам бирор-бир мусиқий чолғу чалишимизни жуда истаган ва талаб қилган. Мен махсус мусиқа мактабида ўқиган бўлсам, укам Зафар виолончел, Санжар эса скрипка чалишни ўрганган.

 

Мусиқа мактабида ўқиб юрганимда отам Япониядан шарикли ручка олиб келган. Ҳамма сиёҳли ручкадан фойдаланадиган замонлар эмасми, синфдошларим ва мен учун бу жуда катта янгилик бўлган. Баъзи ўртоқларим ҳалигача ўша шарикли ручкамни эслашади.

 

Отамнинг каттагина кутубхонаси бор эди. Қайси китобни ўқисак, албатта жойига қўйишимиз керак эди. Кейинчалик набираларидан ҳам шуни талаб қилди. Шу йўл билан отам бизни тартибга ўргатган.

 

Ўзи ўта талабчан бўлгани сабабли болалари ҳам вақтини бўш ўтказишига қарши эди. Сал бекор бўлсак, жаҳли чиқарди. Эсимда, 10-синф эдим. Ота-онамга билдирмай сочимни кестириб келдим. Онамнинг роса жаҳли чиқди. Отам пинагини ҳам бузмай «тўғри қилибсан, энди ойнанинг олдида камроқ вақт ўтказасан» деган.

 

Отам талабчан бўлса-да, бизни эркин фикрлашга ўргатган. Ҳаммамиз танлаган йўлимиздан кетдик. Катта укам физик-математик, кичиги арабшунос бўлди. Камина отамга ўхшаб биохимик бўлдим.

 

Оиламизнинг меҳрибони, отамнинг суянчиғи онам ҳақида гапириб ўтмасам бўлмас. Онам врач, шу билан бирга, жуда фидойи аёл эди. Рўзғорнинг ҳамма юмушлари унинг зиммасида, ҳам ишга борарди, ҳам уйни эпларди. Пулни иқтисод қилишни хуш кўрарди. Қора кунга аталган пуллари доим бўлган. Отам бир марта «Хоним, бу пулларни қайси қора кунимизга сақлаяпсиз?» деб ҳазиллашган.

 

 

Ялтада бошланган ўйин Тошкентда давом этган

 

Онам йилда бир марта отамни таътилга чиқишга мажбурлар эди. Ҳар йили бир марта оилавий Ялта ёки Кисловодскка борардик. Таътилга отамнинг жўралари – Содиқ Азимов, Саъди Сирожиддинов ва яна бошқа олимларнинг оилалари ҳам борарди. Саъди Сирожиддинов отамни қирол, онамни қиролича, ўзини вазир, қолганларни халқ деб ҳазиллашарди. Онам вафот этганида Сирожиддиновнинг аёли Муносиб ая қўлимга битта конверт тутқазган. Очсам онамнинг сурати. Орқасига қиролича деб ёзиб қўйилганди.

 

Таътилда болалар мазза қилардик. Турли ўйинлар ўйнардик. Катталар шахмат ўйнарди. Баъзан таътилда бошланган шахмат ўйинлари Тошкентда – уйимизда давом этарди.

 

 

Кечиктирилган хатлар

 

1991 йилнинг баҳорида ғалати воқеалар бўлди. Отам ўша пайтлари эндокринология институтида раҳбар бўлиб ишларди. Унинг қабулхонаси иккинчи қаватда жойлашган бўлиб, котибаси Нелли Грантовна худди постдаги аскар каби ўтирар эди. Бир куни отам столи устида Стокҳолмдан – Нобел қўмитасидан хат келганини кўриб қолади. Хат қалингина конвертга ўралган, устига 1991 йилнинг 31 январигача ўзи тавсия қила оладиган одамларнинг ҳужжатларини жўнатиш сўралган эди. Аммо 1990 йилнинг 17 сентябрида жўнатилган хат тавсия муддати ўтгач, яъни 1991 йилнинг баҳорида «қайсидир йўллар билан» отамнинг столида пайдо бўлган. Хатга жавоб бериш учун энди жуда кеч эди. 1998 йилнинг ўртасида ҳам яна шундай воқеа бўлади.

 

Афсуски, баъзи кимсаларнинг қўли билан хатлар атай кечиктириб олиб келинади. Бу ғаламисликни кимлар уюштирганини ва бундай ишларнинг  бошида кимлар турганини отам сезмаган бўлиши мумкин эмас. Лекин начора? Бу хатлар ҳамон уйимизда сақланади. Отамнинг бу воқеалардан қаттиқ жаҳли чиққани тайин. Лекин тушкунликка тушмасдан ишлашда давом этган.

 

 

Сўнгги лаҳзалар

 

Отам қанақадир тери касаллиги билан оғрирди. Куз ва баҳорда оёқлари, баъзида қўллари ҳам қичитувчи қизил доғлар билан қопланарди. Лекин у ҳеч қачон бунга эътибор бермасди. Қўлларини дока билан ўраб, баъзан шиппакда ишга кетаверарди. У киши ҳеч қачон касалликни тан олмасди, иситмаси кўтарилса ҳам албатта ишга чиқарди. Умуман дори ичмасди, кичиклигимизда бизга ҳам дори беришни тақиқлаб қўйган эди. Отам касаллик билан курашиш учун организмнинг ўз ҳимоя механизми бор дерди. Ҳатто витаминларни ҳам тан олмасди. «Табиий ва витаминларга бой овқатлансанг бўлди, ана шунинг ўзи организмга куч беради» деб уқтирарди.

 

Шифокорлар отамни тўлиқ текшириб, ҳатто саратонга ҳам шубҳа қилишган. Аммо онам таҳлил натижасини кўриб, бу шубҳани рад қилган ва отамда ичаклар тўсилиши бор деб ташхис қўйган. Жарроҳлик амалиётидан сўнг отам яна ишга шўнғиб кетди. Кўп йиллар ишлади. У киши илмсиз, ишсиз тура олмасди. Сўнгги йилларда уйда туриб ҳам ишлади. Зерикди шекилли, ишига, ходимларига яқин бўлиш учун ўзининг институтидаги «шахсий» палатасига бориб ётмоқчи бўлди. Қаршилик қилолмадик. Бир муддат ўтгач, отам грипп вирусини юқтириб, яна уйга қайтди. Ўша кунлар отамнинг институт ва ходимлари билан хайрлашув онлари бўлган экан.

 

2005 йилнинг 1 марти. Баҳорнинг илк куни. Отам бу кунни сабрсизлик билан кутди. Шогирдлари, ходимлари, ҳамшираларини хурсанд қилиш истагида каминани совға олиб келишга дўконга юборди. Отамни овқатлантириб, дўконга отландим. Қайтиб келиб, чой олиб кирдим. Шу билан кечки овқатга уннаб кетдим. Кечки соат олти... Ўғлим «онажон, бобомга қаранг, ухлаяптими?» деди. Юрагим шувуллаб кетди.

 

Кабинет... Академик Ёлқин Тўрақулов севимли креслосида сокин, виқор-ла ўтирган ҳолда абадийга уйқуга кетган эди...

 

Олимнинг қизи Феруза ҒУЛОМОВАнинг хотираларини

Гулжаҳон НАМОЗОВА оққа кўчирди.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 1-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

//