Жаҳонда мумтоз адабиёт замонга мослаштириш йўли билан тарғиб қилинади, бизда-чи?


Сақлаш
12:04 / 16.04.2024 237 0

Мумтоз адабиётдан ўқувчилар нечоғлик баҳраманд бўлаётир? Бугунги инновацион замонда бу масалани кун тартибига қўйиш лозим. Ўтмиш осориатиқаларига ҳурмат ва ундан фойдаланиш бошқа-бошқа масала. Ўтмиш меросдан фойдаланиш масаласида фахрланадиган жиҳатларимиз кам. Хусусан, мумтоз адабиётга муносабатда яққол кўзга ташланади.

 

Адабиётда шакл, мазмун ва вазифа учлиги мавжуд. Бу гўзаллик, ҳикмат ва эзгулик сифатида ҳам тавсифланади. Ана шу уч жиҳат мувофиқлиги адабиётнинг муваффақиятини таъминлайди. Ўқувчининг уни қабул қилиши ушбу уч жиҳатни маъқуллаши билан кечади. Ўқувчи нега замонавий адабиётни яхши қабул қилади-ю, мумтоз адабиёт масаласида бундай фикрни айта олмаймиз (албатта, “мен Навоийни севиб ўқийман” қабилидаги эътирофларни унчалик ҳам самими й деб ўйламайман). Талабалар орасида ўтказган сўровларимизда уларнинг аксарияти Навоийни тушунмаслигини айтишади. Ҳатто, филологларнинг ростгўйлари ҳам “Мен Навоийни ўқимаган филологман” деганларини эшитганман. Бу ўқувчи/китобхоннинг фожиасими? Мен ундай ўйламайман. Ҳозирги замон ўқувчисининг Навоийни англамаслиги табиий ҳол. Ахир, бизни 500 йил ажратиб турибди. Яна юқоридаги учликка қайтамиз. Навоий тилини тушуниш учун ё юксак даражадаги мутахассис бўлиши керак, ё у даврда яшаш керак. Мутахассис бўлиб ҳам Навоий асарларининг замонавий нашрларида минг-минг хатоларга йўл қўяётганимизнинг сабаби ҳам мана шунда. Мутахассис ўлароқ Навоий тилини тушунмас эканмиз, бугунги ўқувчини тушунишга мажбур қилишимиз – бемаънилик. Навоийдан эзгулик сабоғини олиш учун ундаги ҳикматни англаш керак. Ҳикматни англаш учун эса унинг тили (шакли)дан завқ ола билиш керак. Тўғри, Навоий достонларининг насрий баёнлари, ғазалларининг шарҳлари берилмоқда. Лекин бунда мазкур учликнинг муҳим таркибий қисми – шакл йўқ. Шаклсиз эса эстетик завқ бўлмайди. Эстетик завқсиз адабиёт – шунчаки баён бўлиб қолади. Насрий баён ва шарҳлардан фақат мазмунни англаш мумкин, холос. У энди биз севишимиз керак бўлган мумтоз адабиёт эмас.

 

Навоий шеъриятини (умуман, мумтоз адабиётни маълум давргача) ҳозирги тилимизга юқоридаги учликни сақлаган ҳолда мослаштирмас эканмиз, ўқувчи уни тушуна олишидан умид қилиб бўлмайди. Жаҳон адабиётшунослигида ўтмиш адабиёти даврга мослаштириш йўли билан тарғиб этилади. Биргина Шекспир ижодини бунга мисол сифатида айтиш мумкин. Ўзбек адабиётшунослигида ҳам мумтоз адабиётга бундай ёндашишга катта ижтимоий эҳтиёж мавжуд. Адабий мослаштириш назарияси ва амалиёти адабиётшуносликнинг амалий йўналиши сифатида шаклланиши ва мумтоз асарларнинг мослаштирилган замонавий матнларини тайёрлаш мумтоз адабиётдан оммавий баҳраманд бўлишни таъминлайди.

 

Биз намуна сифатида Алишер Навоийнинг нисбатан кам ўқиладиган, лекин Шоир идеалини ўзида акс эттирадиган шоҳ асари – “Лисон ут-тайр” маснавийсининг мослаштирилган матнини тайёрладик. Қуйида достоннинг асосий концепциясини ўзида акс эттирган “Шайх Санъон” қиссасини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

 

Бахтиёр МЕНГЛИЕВ,

Тошкент амалий фанлар университети тадқиқотчи-профессори,

филология фанлари доктори

 

 

Шайх Санъон қиссаси

(мослаштирилган матн)

 

Шайх Санъон Ҳаққа восил бўлганди,

Шундан кўнгли ғайб сиридан тўлганди.

 

Жойи Каъба – авлиёлар олдида,

Бамисоли расулуллоҳ ҳолида.

 

Халойиқнинг Ҳақ йўлида сардори,

Каъбадаги барча шайхлар сарвари.

 

Эшигида гадо эди бор шоҳлар,

Қуллуқ қилиб ифтихор-ла огоҳлар.

 

Дуо қилса магар битта ғамгинга,

Малойиклар қўлин очар оминга.

 

Мақсадида турарди бўй кўрсатиб,

Қалб ойнаси узра хуш рўй кўрсатиб.

 

Ҳузурида тўрт юз асҳоб ва мурид,

Ҳар бир бўлиб Жунайид[1] ё Боязид[2].

 

Тубсиз фалак шукуҳидан еб шикаст,

Арши аъзам ҳимматидан бўлиб паст.

 

Офатлардан қорайса гар бу олам,

Ёришарди дуосидан етса дам.

 

Кимки бўлса ҳар балога мубтало,

Дуо қилса, даф бўларди ҳар бало.

 

Аршдан келса хабар мисли пайғомдек,

Воқе бўлар ваҳий ила илҳомдек.

 

Ҳар неники тушда кўрар эди у, 

Ўнгида ҳам содир бўлар эди у.

 

Неча кунлар битта тушни кўргизди,

Ва туш унинг сабр ипин чирт узди.

 

Уйғонганда адо қилиб истиғфор,

Кўзин юмса, бўлар эди у такрор.

 

Тушида у сайр қилиб юрарди,

Маълум бўлди у Рум узра турарди.

 

Бу ерда у бутхонада эди маст,

Бутпарастлар ичра гўё бутпараст.

 

Бу туш бўлгач қайта-қайта намоён,

Деди: “Бундан қутулмоққа йўқ имкон.

 

Маскан бўлса Каъба ёки оташгоҳ,

Ёзганидан қочолмайсан баногоҳ.

 

Керак ўшал юртга азм этмоқлик,

Қазо тортган манзил сари кетмоқлик.

 

Магар бизга бўлар экан у насиб,

Бошимизга ҳарна келса, ё насиб.

 

Шундай қилиб қаради ўз ҳолига,

Муқобил йўл топмади бу йўлига.

 

Каъба узра юзларини қўйди у,

Тавоф қилиб юз ҳаяжон туйди у.

 

Ҳасрат билан тавоф адо айлади,

Рум юртига қадам бажо айлади.

 

Саҳобалар топди бундан огоҳлик,

Ва сафарга қилишдилар ҳамроҳлик.

 

Тариқатнинг пири йўлда кетарди,

Тўрт юз асҳоб сафардошлик этарди.

 

Шайх кўнглига тушар эди савдолар,

Ҳалокатли васвасаю ғавғолар.

 

Ҳар нафасда ўзгарарди аҳволи,

Қутулмоққа етмас эди ҳеч ҳоли.

 

Саҳобалар лолу ҳайрон эдилар,

Ҳуш бегона, дили вайрон эдилар. 

 

Яқинлари аҳволини сўрашар,

Ва ҳеч нарса англаёлмай туришар.

   

Саволларга олишмасди ҳеч жавоб,

Лек шайхдан кўп чекишарди изтироб.

 

Кетишарди қадам-қадам мақсадга,

Кўргиликка – тўлиб-тошган шиддатга.

 

Етишганда мўлжалдаги маъвога,

Шайхнинг кўнгли тўлди юз хил ғавғога.

 

Ҳар нафас бир жойни кезиб юришди,

Ва ғалати бутхонани кўришди.

 

Унинг тоқи самоларга етарди,

Ҳар бир тоқда сирлар пинҳон ётарди.

 

Тошлар жойи андуҳлар ва ғам тоғи,

Ғиштнинг лойи дарду бало тупроғи.

 

Улар пишган минг усул ва бўёқда,

Юзлаб нақши жилвалари ҳар ёқда.

 

Айвонлардан фитналари боқарди,

Чорасизлар кўнгулларин ёқарди.

 

Ҳар дарчаси ишқ нуридан ёришган,

Минг балолар унда маскан қуришган.

 

Кунгуралар иймонларнинг офати,

Барчаси ишқ балосининг сифати.

 

Кунгурада терилган ҳар дона тош,

Ишқ ханжари кесган гўё битта тош.

 

Тош қирраси дин бошини ёргайдир,

Олам узра тошбўронлар қилгайдир.

 

Дарвозаси фитналарга дарвоза,

Фитначи тоқ кўкдан олиб андоза.

 

Ҳалқалари занжирида минг найранг,

Жунун дарди билан қилиб ҳолни танг.

 

Ишқ ўтидан оташкада юзларча,

Ҳар бирида савдолар юз мингларча.

 

Бутхонани қоплаб тутун ҳайбати,

Бамисоли куфру исён зулмати.

 

Дунё ҳеч ҳам ўз жойида турмаган,

Аммо бундай бутхонани кўрмаган.

 

Шайх жисмида иситмалар ошарди,

Изтироблар ичра қайнаб-тошарди. 

 

Ҳар тарафда паришонҳол турганда,

Тошдай қотди афтодаҳол юрганда.

 

Айвон узра пайдо бўлди бир малак,

Юз пардаси кун юзида камалак.

 

Шу он шамол юзин очиб юборди,

Гўё қуёш нурин сочиб юборди.

 

Қуёшмас, минг қуёш унга девона,

Жамолининг шамъи узра парвона. 

 

Қадди қомат руҳ сувратин тимсоли,

Ҳар лаҳзада ўзга ундан руҳ ҳоли.

 

Бир қарашда ҳур паризод эди у,

Гул ёноқли сарви озод эди у.

 

Руҳни мафтун этиб унинг ҳайъати,

Юз ҳолатга солиб гўё суврати.

 

Сувратидан ҳуру пари хижолат,

Сиймосидан қуёш нури хижолат.

 

Сочлар тундай, гулчеҳраси нурафшон,

Нур ва зулмат дин-куфрдан бир нишон.

 

Юзларига мушкин зулфи ёйилиб,

Нурни зулмат гўё ниҳон у қилиб.

 

Сочда пинҳон савдойилар ўлкаси,

Ҳар толаси элга зулмат ҳалқаси.

 

Қоши гўё янги ойнинг тимсоли,

Соғ одамни мажнун қилган мисоли.

 

Қош тагида офат солган кўзидир,

Дайр тоқида гўё унинг ўзидир.

 

Кирпиклари сочилибон ҳар тараф,

Фитна аҳли тортган гўё бунда саф.

 

Кўзи бўлиб қора холин устида,

Холи нуқта, гўё бало остида.

 

Бало ости, юз устида икки хол,

Ғайб сирига бамисоли қўш мисол.

 

Оғзи бўлиб ғайб сиридан бир нишон,

Ўзи ғойиб аҳли каби бенишон.

 

Лаби жони хасталарнинг малҳами,

Нутқи Исо Руҳуллоҳнинг пок дами.

 

Лаблар ранги бамисоли ёқутдир,

Сўзи хаста жонга қувват ва қутдир.

 

Кулгучининг юз минглаб жон асири,

Чоҳида юз Юсуф Канъон асири.

 

Қутқармоққа соч торлари боғланса,

Сони ошар қанчалик кўп чоғланса.

 

Ияк гирди гўё “нун”дек тортилган,

Мисли гумбаз, ҳаёт суви беркилган.

 

Қоматида юз бериб жон жилваси,

Хиром айлаб обиҳайвон жилваси.

 

Кўзи билан лаъли санъат кўргизиб,

Ўлдирса гар бири, бири тиргузиб.

 

Жисми гулгун, кўйлаги гул узра гул,

Кўрса бетоб айлаб у юз минг кўнгул.

 

Кўйлаклари узра нақши ранго-ранг,

Санъатида жонлар чекиб Рум, Фаранг.

 

Кўйлагида қизил ранглар қотилдир,

Ҳам атридан юз жон қайта ҳосилдир.

 

Қотил кофир кўзларига барча ром,

Кўзлар солиб дин аҳлига қатлиом.

 

Кимки хаёл қилди сочи зуннорин,

Поймол айлаб ҳам дини, ҳам иймонин.

 

Латофати жон аро жой тутгудек,

Бир қултум сув билан гўё ютгудек.

 

Ҳуснин ўти солиб олов давронга,

Оташ лабдан тушиб шуъла ҳам жонга.

 

Оташгоҳнинг ишқин топиб оқиллар,

Ошиқликдан ёниб-куйиб зоҳидлар.

 

Қаср узра тарсо қизи турарди,

Шамс кўшкида Исо қизи турарди.

 

Шайх кўнглида чақмоқ шундай урди барқ,

Шуъла баҳри узра жони бўлди ғарқ.

 

Тавба қилиб, истиғфорлар этарди,

“Лоҳавло”ни такрор-такрор айтарди.

 

Очилганда шуъласимон гул рухсор,

Куйиб кетди айтилган бор истиғфор.

 

Беҳуш жисмин тупроқларга ташлади,

Лек ҳассаси эгик қаддин ушлади.

 

Орқа билан деворга сал суянди,

Чуқур ҳайрат билан турар у энди.

 

Асо тушди, ҳам вужуди эгилди,

Ҳаяжондан ерга аста йиқилди.

 

Хуллас, тушди ишқ шуъласи жонига,

Томирлари тўлиб ишқнинг қонига.

 

Гоҳо беҳол, гоҳ ўзига келарди,

Муридлари лолу ҳайрон бўларди.

 

Ҳайрат билан бир-бирига боқишиб,

Бошлар қуйи, гоҳо ҳовуч қоқишиб.

 

Муридлари қалб шикаста, дил вайрон,

Ҳатто шайх ҳам ўз ҳолидан кўп ҳайрон.

 

Бутхонада куфр қалбларни яралаб,

Тун зулмати чўкди кунни қоралаб,

 

Бу ёшида эзди уни шўр қисмат,

Ҳам барчага тақдир бўлди мусибат.

 

Маскан қилиб бутхонанинг тупроғин,

Тупроқ эмас, балоларнинг зўр тоғин.

 

Шайх бошига жуда оғир кун тушди,

Инсон билмас мудҳиш қаро тун тушди.

 

Бахтсизликдан кўкка парда ёйилди,

Юлдузлардан михлар қоқиб қўйилди.

 

Кўз ёшларга чархи фалак тўларди,

Ҳар не унда остин-устун бўларди.

 

Айланишдан фалак тўхтаб қолгандай,

Бамисоли тоғдек муқим бўлгандай.

 

Дард аҳлига зулмин қилиб беадад,

Андуҳлардан тоғдай қилиб у ижод.

 

Бу оламни тоғлар ичра қолдириб,

Юз туман минг тошлари билан тўлдириб.

 

Осмон кўзи билан юлдуз ёғдириб,

Шайх ҳолига мотамини билдириб.

 

Бундан олам эли мотамсародир,

Ёқалар чок, либослар ҳам қародир.

 

Шайх нотавон, бундай дардни кўрмаган,

Чора топмай бундай ночор турмаган.

 

Ишқ зулмидан мунингдек зор бўлмаган,

Бутхонада дард ила хор бўлмаган.

 

Ишқи ўртаб жисми ила жонини,

Куфри ёқиб иймони ва динини.

 

Кўз ёш тўкар, лекин оғзи қурирди,

Дард шуъласи оғзидан ўт урарди.  

 

Ишқи айлаб бор рўзғорин ҳам қаро,

Тун ҳам қилиб йўғу борин ҳам қаро.

 

Юз минг бало жонларини ёқарди,

Ўз ҳолига йиғлаб-йиғлаб боқарди.

 

Дерди: “ҳар дам кўнглим дардга тўлмоқда,

Аё фалак, менга нима бўлмоқда?

 

Тинчим бузиб, ишқинг сари бошладинг,

Ловуллаган олов ичра ташладинг.

 

Аввал кўзга кўргазиб зўр меҳри нур,

Сўнгра қилдинг шоми ғамга сен асир.

 

Шоми ғамим демам қилдинг хўп қаро,

Балки борлиқ чеҳрасини кўп қаро.     

 

Қоплаб ҳар ён ғам дўзахи тутуни,

Шуълага нур айлаб кўнглим ўтини.

 

Оллоҳ! Оллоҳ! Қандай кеча бу кеча?

Минг кечага тенг бўлди-ку бир кеча!

 

Ўтказганман кўп азобли кечани,

Лек кўрмадим бундай оғир кечани!

 

Тун эмас бу, бу дўзахнинг тутуни,

Ё фалакнинг оҳлар тўла бир туни.

 

Бундайин тун бошқага ёр бўлмасин,

Биров унга ҳеч гирифтор бўлмасин.

 

Билолмайман, бу қандай тун балоси,

Бошга тушган қандайлар кун балоси!

 

Жисму жон-у, ҳиссиёту ақлу ҳуш,

Ишқи сабабли айладилар пардапўш.

 

Маҳв ўлгандай улар ишқи золимдан,

Гўё нобуд азоблардан, зулмдан.

 

Мадорим йўқ, танда тоқат қолмади,

Ва кўйида ёшдек оқа олмадим.

 

Қувватим йўқ ғамдан халос ўлмоққа,

Тошга уриб тилка-пора бўлмоққа.

 

У нурсиймо, қуёшдан нур олувчи,

Менда кўз йўқ унга назар солувчи.

 

Юз йўқ менда, урсам ўшал даргоҳга,

Қул тазарру айлагандек подшоҳга.

 

Қўл йўқ менда кўкрагимга тош урсам,

Бошларимга тупроқларни совурсам.

 

Ҳуш йўқ менда, ўзни қўлга ололсам,

Адашмасам, тўғри йўлда бўлолсам.

 

Ақл қани, қилсам ғамим тадбирин,

Ҳамда вайрон бўлган кўнгул таъмирин.

 

Сабрим қани, этсам дардим чорасин,

Даво қилиб тузатсам қалб ярасин.

 

Ғам-ҳолимни қиладиган кўнгул йўқ,

Ўзин тирик биладиган кўнгил йўқ.

 

Бир дам нафас ургучалик жон қани,

Кўнглим каби тополмайман мен уни. 

 

Манга бу йўл не балолиғ йўл эди,

Уқубатлар билан тўлиқ йўл эди.

 

Кошки ҳозир ўлиб кетган бўлсайдим,

Бундай кунни кўрмай зора ўлсайдим.

 

Чақмоқ урса балосини бошимдан,

Қолдирмаса асар тану лошимдан.

 

Не бўларди, менга мадад қилсангиз,

Йиғилишиб жонгинамни олсангиз.

 

Қутуларди олам менинг оримдан,

Башарият афғонлару зоримдан.

 

Биродарлар, ханжар тиғин, бас, уринг,

Ва куйдириб, кулим кўкка совуринг.

 

То жаҳонда бундай расво бўлмайин,

Бир ўлайин, юз марталаб ўлмайин”.

 

Аҳволига асҳоб ҳайрон йиғлабон,

Ҳар дам унинг дардидан қон йиғлабон.

 

Йиғлаб-сиқтаб чорасиз жам бўлишди,

Шайхга турли насиҳатлар қилишди.

 

Шайх пандларни сира фаҳм этмасди,

Сўзларининг маънисига етмасди.

 

Асҳоб ақл билан хитоб қиларди,

Ишқ таврида лекин жавоб оларди:

 

“Эй комил пир, динимизнинг зўр тоғи,

Кўзга сурма босган изинг тупроғи.

 

Не кўргулик бўлмайди бу ҳаётда,

Ўзлик эрур ирода ва саботда”.

 

Деди: “Болам,  қайдан топай ўзликни,

Кошки топсам, забт этардим мен уни.

 

Бири дебди: “Бу шайтоннинг бир иши,

Зикр билан халос бўлгай чин киши”.

 

“Зикр учун жам бўлмоқлик шарт эрур,

Паришонман, айт, бу менга не берур”.

 

Дебди бири: “Эй сир аҳлин аълоси,

Намоз ўқинг, йўқ ундан ҳеч авлоси”.

 

Шайх дебдики: “Бундай сўзни сўйлама,

Телба учун қонун лофин айлама.

 

Бири дебди: “Тур, таҳорат айлагил,

Бизни тоат учун даъват айлагил”.

 

Шайх дебдики: “Йўқ ашкимдан ўзга сув,

Қондек келур бағирлардан кўзга сув”.

 

Бири дебди: “Ғусл поклар кўнгулни,

Бундан бошқа тополмасмиз чин йўлни”.

 

“Ўзни фано денгизида биламан,

Шундай экан, ғуслни не қиламан?

 

Бири дебди: “Тасбеҳингни қўлга ол,

Бу паришон аҳволингдан холи бўл”.

 

Шайх дебдики: “Тасбеҳ тори ситилди,

Ва белимга зуннордан боғ этилди”.

 

Бири дебди: Мисвокка қил илтижо,

Оғзинга сол, бўлур суннат ҳам бажо.

 

Дебди: “Мисвок қилсам агар мен ҳавас,

Ҳайрат қўлим оғзим узра бўлса бас”.

 

Бири дебди: “Гар хатонгни билибсан,

Тавба айла, ерга сажда қилиб сен”.

 

Шайх дебдики оқизиб қон ёшини:

“Ололмайман бу эшикдин бошими”.

 

Бири деди: “Туринг, Румдан кетайлик,

Навбат Каъба, энди унга етайлик”.

 

Шайх дебдики: “Не бор менга у ерда,

Ахир, топдим излаганим бу ерда”.


Бири дебди: “Йўл олайлик саҳрога,

Айни вақти, азм айлайлик Батҳога”.

 

Шайх дебдики: “Бунда топтим мен уни,

Рум бор экан, нега излай Батҳони.

 

Бири дебди: “Сафар тамом этайлик,

Етар энди, ватан сари кетайлик”.

 

Шайх дер яна: “Тангри эҳсон этибди,

Бутхонани пешонамга битибди”.

 

Бири дебди: “Шайхлар хабар топсалар,

Не қилгаймиз, маломатлар этсалар?”

 

Шайх дебдики: “Улар билан йўқ ишим,

Харобатда мен истаган бир кишим”.

 

Бири дебди: “Қайда қолди эътиқод,

Зоҳидликда ва покликда ўтган вақт?”

 

Шайх дер яна: “Бутхонада эътиқод,

Ўтган юз вақт бунда кечган лаҳза вақт”.

 

Саҳобалар тортиб юз ранж, минг азоб,

Шайх ҳолидан чекишарди изтироб.

 

Таъналарга шайх ҳеч парво этмасди,

Панд қиларлар, аммо фаҳми етмасди.

 

Саҳаргача барча ғавғо айлади,

Дин аҳлини зўр тамошо айлади.

 

Хўп масхара бўлди бу дин-диёнат,

Бошқа динлар кўрсатдилар маҳобат. 

 

Улар турли гумроҳликлар қилдилар,

Илоҳин чин илоҳга тенг билдилар.

 

Асҳоб учун бу бандалик бир томон,

Бут аҳлидан шармандалик бир томон.

 

Шайхнинг хос муридлари ёнида,

Дин-иймондан сўз очиб ҳар онида.

 

Бут аҳлига шайх берарди чин имдод,

Бундан асҳоб ҳар дам бўлиб ҳижолат.

 

Тонг отгунча бўлди аҳвол шунчалар,

Бундан асҳоб дардлар чекди қанчалар.

 

Шундай қилиб, тонг бошлади ёришиб,

Бутпарастлар қўнғироғин чалишиб.

 

Чарх кўргузди қуёшининг нурларин,

Бамисоли тарсо қизи рухсорин.

 

Бутхонада кучаярди можаро,

Шайх аҳволи баттар бўлиб ишқ аро.

 

Бутхонада куфр аҳлининг байрами,

Шодликларга тўлиб тонгдан ҳар дами.

 

Дин аҳлининг ҳижолати кўп ошиб,

Шайхни ташлаб кетишарди тарқашиб.

 

Бўлиб ҳатто болаларга масхара,

Кулишарди шайх эмас бир тасқара.

 

У ғари-у ишқда куйган зор қари,

Йўл устида ётиб кўшкда кўзлари.

 

Устидан эл ўтар эди кулишиб,

Зарра парво кўрмай баттар қилишиб.

 

Раҳми келиб мўъминлару кофир ҳам,

Азобига ғойиблару  ҳозир ҳам.

 

Аммо шайхнинг кунин расво айлаган,

Диндан маҳрум ва мосуво айлаган.

 

Қилиб шайхни куфр аҳлига шармисор,

Парда узра боқар эди у беор.

 

Ғафлатларга солиб унинг шўр ҳолин,

Кўрмаганга олар эди аҳволин.

 

Динига қасд, танин бежон этарди,

Аммо ўзин гў-у нодон тутарди.

 

Фурқатидан шайхнинг жони ўртаниб,

Ҳам борлиги, ҳам ниҳони ўртаниб.

 

Бағри куйиб, кундуздан шом етгунча,

Фурқатидан шомдан то тонг отгунча.

 

Лаҳза-лаҳза ортиб бориб меҳнати,

Бир ойларга етиб қолди ҳолати.

 

Ҳаддан ортиб унинг ранжу ғамлари,

Тупроқларга қоришиб жон-танлари.

 

Ётганида бир аҳволда нотавон,

Яна пайдо бўлди золим ногаҳон.

 

Ўтлар солиб олам узра ноз билан,

 Сўради ҳол жон ёқувчи сўз билан:

 

“Аё ислом аҳли учун пир-раҳбар,

Дину иймон оламида зўр сарвар.

 

Тавофинга олам берган эди тан,

Бутхонани нега қилдинг сен ватан?

 

Дин элига дунё сардор, пешво дер,  

Бутхонага нега бўлдинг сен асир.

 

Бир манзилга кимдир сафар этарди,

Бир кеч тунаб тонг отганда кетарди.

 

Бир ой бўлди, дайр сенинг ватанинг,

Тупроқларин қилиб олдинг масканинг.

 

Мақсадинг не бутхонада бўлмоқдан,

Куфр аҳлидан ҳар не умид қилмоқдан?”

 

Шайх кўрганда ҳусни тутган жаҳонни,

Тинглаб нутқин – тиргизувчи ҳар жонни.

 

Жумла жисмин титратарди ҳаяжон,

Қаддини гоҳ эгиб, гоҳо тиклабон.

 

Ҳушдан кетиб, бўлди ўздин бехабар,

Тирикликдан қолдирмайин жон асар.

 

Бутпарастлар гумон қилди ўлди у,

Бу дунёда йўқларга тенг бўлди у.

 

Кеча-кундуз ўликлардек ётарди,

Аҳволига санам афсус этарди.

 

Ҳайратланиб мусулмону куффор ҳам,

Раҳми келиб ҳатто қотил-хунхор ҳам.

 

Келди боши узра аҳли куфру дин,

Бари комил ишқига деб офарин.

 

Боқишганда бошин ердан кўтариб,

Англадилар кетмаганин жон чиқиб.

 

Таъсир қилди ишқи элнинг кўнглига,

Таъсир қилди ҳатто санам ҳолига.

  

Боши узра санам қўйгач оёғин,

Мақсуд иси очди шайхнинг димоғин.

 

Гулчеҳранинг рухсорига очди кўз,

Юзда ранг йўқ ва тилида бирор сўз.

 

Бироз муддат қараб турди гунгу лол,

Сўз айтмоққа бўлиб ожиз, тил беҳол.

 

Келди ўзга бироз завқи висолдан,

Золим кофир сўз бошлади саволдан:

 

“Савол бердик биз ҳолини билмоққа,

Ҳушдами деб ишонч ҳосил қилмоққа.

 

Ҳийла қилиб ўзин беҳуш айлади,

Бир сўз айтмай бизни хомуш айлади.

 

Ўзга келди, энди қилсин у жавоб,

Савол билан қилган эдик биз хитоб”.

 

Шайх оҳ уриб, деди кўзга ёш олиб:

“Эй кўнглумга қиёматлар сен солиб.

 

Гар сўрабсан, арз қилмайин найлайин,

Не такаллуф билан пинҳон айлайин.

 

Энди ҳеч ҳам сир бўлолмас бу ишим,

Ахир, қандай беркитгайман қилмишим.

 

Бутхонада бундайин зор бўлибман,

Ишқ бандига хор, гирифтор бўлибман.

 

Жонларимга не ҳаводис юзланди,

Оразингни кўрмоқ боис юзланди.

 

Ажаб жойда малоҳатинг бўлди фош,

Тўртинчи кўк узра гўё у қуёш.

 

Асар ҳам йўқ, сабру чидам тоқатдан,

Ақлу ҳушим ҳам йўқ ўша соатдан.

 

Мухтасар ўз ҳолим изҳор айладим,

Дардларимдан ҳам хабардор айладим.

 

Чорам кўрсанг ҳам сен учун осондир,

Қатл этсанг, мангу жонга имкондир.

 

Мана сенга арз айладим ҳолим бил,

Ўзинг ҳал эт – қатл қил ё раҳм қил”.

 

Деди шаддод:Эй муршиди пурсифат,

Аҳли ислом ичра йўқмиш ҳеч уят.

 

Сен эрурсан ислом яловбардори,

Бундай сўзни қандай дер дин сардори?

 

На ҳаё бор, на фаҳм бор, на адаб,

Ўзинг ғалат, айтганинг ҳар сўз ажаб.

 

Кимки бўлса, аҳли ошиқ, эй пешво,

Бўлмайдими соҳиб адаб ҳам ҳаё?

 

Бундай сўзлар сендай пирга ярашмас,

Ҳатто кичик болаларга ярашмас.

 

Ахир, сенинг шайхлик отинг йўқмидир,

Эй оқсоқол, ҳеч уятинг йўқмидир?

 

Балки тўқсон ва ё балки юз ёшсан,

Қари демак мумкин сени ҳам ёшсан.

 

Қари десам, ҳали ақлинг киришмас,

Гар ёш десам, кўринишинг ярашмас.

 

Ёш эмассан, мункиллаган бир чолсан,

Ақлу ҳушинг бошдан учган бир ҳолсан.

 

Бир сўзларни гапирасан, мен ҳайрон,

Бундай сўзни айтмагайдир ҳеч инсон.

 

Ҳавойи шайх, сенинг ҳолинг бир ҳавас,

Кўнглинг билан тилинг сира бир эмас.

 

Ошиқлар ўз ишқларини сир тутар,

Қимнинг ишқи ҳавас бўлса, фош этар.

 

Маъшуқага ишқни айтиб бўлурми,

Ишқни шундай шошиб баён қилурми?

 

Ишқ домига тушган шундай бўлурму,

Зоҳидларда виқор бундай бўлурму?”

 

Тинглаб гўзал, ойсулувнинг сўзини,

Қўярга жой тополмади ўзини.

 

Кўп ҳижолат билан шайхи номурод,

Деди: “Инсон кўринишли паризод!

 

Бу ишқ мени зору забун айлади,

Ақлим олиб, хору мажнун айлади.

 

Девонадан қачон ақл сўрабди,

Савдойида ким ҳам адаб кўрибди?

 

Қачон жунун билан бирор сўз дедим,

Авф айлагил, мен ўзимда йўқ эдим.

 

Нима айтган бўлсам, бари рост эди,

Айбдорман, зотан ақлим паст эди.

 

Не такаллуф билан сўзлай, эй нигор,

Зеро, таним зор бўлган ва қалб афгор.

 

Шундай эдим сўраганинг у замон,

Барин айтдим, қилолмайман ҳеч пинҳон.

 

Чунки ошиқ эмасман ман дейинми?

Ёр васлини истамасман дейинми?”

 

Шундай қилиб, шайх сўзидан қайтмади,

Ёлвормади, узр-маъзур этмади.

 

Шўхи саркаш деди: “Жоҳил ва нодон,

Рози бўлсанг қисматга дей мен ҳамон.

 

Васлимни ким орзу агар айламиш,

Бажармоғи керак бўлар тўртта иш:

 

Майлар ичиб, зуннор боғлаб, маст-аласт,

Қуръон ёқиб, бўлмоқ лозим бутпараст.

 

Булар эрур ишқ учун тўрт шукрона,

Яна икки иш бор улар журмона.

 

Чунки тўрт йўл фано томон элтажак,

Иккитаси ўзликни маҳв этажак.

 

Биринчи йил керак чўчқа боқмоқлик,

Кейинги йил ўтгоҳда ўт ёқмоқлик.

 

Шайх агар бу бутхонада ошиқдир,

Ишқнинг агар даъвосида содиқдир.

 

Бу эди ҳам шукрона, ҳам журмона,

Кўп балолар борми бундан ҳам яна.

 

Менинг васлим агар сенга матлубдир,

Бўлмоқлигим сен-ла агар марғубдир.

 

Айтганларим агар қабул этасан,

Майли, менинг висолимга етасан.

 

Башарти сен розимассан бунга ҳеч,

Кет йўлингга, эрта кунни қилма кеч”.

 

Дедики Шайх: “Хаста жоним офати,

Ўртамоқда кўнглим ишқинг ўт тафти.

 

Шавқинг ўти вужудимни ўртаган,

Неки вужуд, бор-будимни ўртаган.

 

Мен ғарибу ошиқу ҳам девона,

Ақлу ҳушу ҳам сабрдан бегона.

 

Неки амр этса менга пари ёр,

Мен фақирда қолмас сира ихтиёр!

 

Ҳар не лозим бўлса, майли, сен буюр,

 Қилмасам гар, тиғинг бўйнум узра ур”.

 

Шайх шундай сўзин тамом айлади,

Бут аҳлига аҳд батамом айлади.

 

Бутхонада гўё жаннат ясашди,

Такаллуфлар билан хийла безашди.

 

Тўрга осмон ўпар бир тахт қурдилар,

Ҳаддан зиёд зебу зийнат бердилар.

 

Тарсо санам тахтга чиқиб ўтирди,

Шайхни гўё шу заҳоти ўлдирди.

 

Издиҳомга шайхни олиб келдилар,

Иймон-юзин қаро қилмоқ бўлдилар.

 

Шоша-пиша келар эди дайр эли,

Турғун эли бўлсин ёки сайр эли.

 

Бунда кўп-кўп майни ҳозир этдилар,

Ҳам газакни роса зоҳир этдилар.

 

Савти ноқус ва навойи арғунун,

Шайхнинг дини мотамига чекар ун.

 

Тўрт тарафда тўртта роҳиб ўтирди,

Ўт ёқувчи шуъла-олов келтирди.

 

Ҳаяжон-ла ҳамма боқиб туришди,

Ва Қуръонни келтирмоқни сўрашди.

 

Қилинганда ҳозир зуннор ва салиб,

Турди тахтдан юз афсун-ла дилфириб.

 

Пастга тушиб келарди минг ноз ила,

Шайх олдига келди қадди ғоз ила. 

 

Нақ ёнида туриб қадаҳ май ичди,

Буни кўриб шайхдан ақлу ҳуш учди.

 

Бир қадаҳдан кайфи бўлди лаболаб,

Боз қадаҳни тўлдирди у лаб-балаб.

 

Деди: “Қултум ҳам қолдирмай ичасан,

Қултум қолса, билки, мендан кечасан”.

 

Ишққа таслим эди Шайхи ишқибоз,

Майни тутган эди ўзи дилнавоз.

 

Кўз ёш тўкиб, майни ичган замони,

Тарк этарди уни дини, иймони.

 

Шундай ичди бошларидан чиқди дуд,

Май ўтида бўлар эди у нобуд.

 

Яна унга тутдилар май неча бор,

Ақли-ҳуши бўлди ишқдан хору зор.

 

Бода унинг ҳушин бекор айлади,

Ва висолдан умид изҳор айлади.

 

Шўхи тарсо фикрин баён қилибди,

Бажарганин бир шарт аён қилибди.

 

Деди Шайх: “Эй, яна не бор, сўйлагил,

Не истасанг, буюр, мендан истагил”.

 

Маҳваш куфр сардорларин чорлади,

Улар куфр илми ичра зўрларди.

 

Шайхга куфр афзаллигин сўйлашди,

Маҳорат-ла насороний айлашди.

 

Елкасидан пир либосин олишиб,

Кўрганларни афтодаҳол қилишиб.

 

Май ҳовузи ичра уни солдилар,

Шайх ҳам уни иккиланмай қилдилар.

 

Куфр элининг хилъатини келтирди,

Шайхга уни бошдан оёқ кийдирди.

 

Белларига маҳкам боғлаб зуннорни,

Кофир айлаб комил пири асрорни.

 

Бутхонага уни олиб келдилар,

Кайфда шайх ҳам бутга сажда қилдилар.

 

Пир ҳирқасин олов узра отишди,

Қуръонни ҳам ўтга солиб ёқишди.

 

Узатилган қадаҳлардан бўлиб маст,

Ҳам маст эди, ҳамда эди бутпараст.

 

Ҳеч расволик бу жаҳонда қолмади,

Нима қолди – фалак бошга солмади.

 

Каъба пири мушкилин ҳал қилди ишқ,

Ва масхара бир аҳволга солди ишқ.

 

Болачалар ҳазил-мазах айлашар,

Устларига чиқиб тепиб ўйнашар.

 

Ҳушларидан кетар ичиб пайдар-пай,

Ўзларига келса, тутиб яна май.

 

Кеча-кундуз ўзни билмай ётарди,

Билмас эди, кун ва тунлар ўтарди.

 

Бир кун келиб ишқи туғён айлади,

Бир саҳарда оҳу фиғон айлади:

 

“Эй кўнглимга солган дарду изтироб,

Вужудимни айлаган хор ва хароб.

 

Ишқи учун зулму бедод айлаган,

Иймоним ва диним барбод айлаган.

 

Куфр элининг дини шундай бўлурму,

Шарту аҳду русум бундай бўлурму?

 

Наҳот мақсад шундай раво қилинар,

Ваъда учун шундай вафо қилинар.

 

Кўнглунг нени тусаса гар қиляпсан,

Бошларимга бало тошин уряпсан.

 

Қай истагинг қадрига мен етмадим,

Қай шартингни, айтгил, бажо этмадим.

 

Вафо вақти етса, ғофил киши сен,

Висол дами ғайри васл киши сен.

 

Ҳам ғарибман, ҳамда қари, ҳам хаста,

Куфр доми билан ҳар дам пайваста.

 

Кеча-кундуз майга тутиб сен мени,

Ваъда бериб ва унутиб сен мени.

 

Аҳдлар қилдинг, лек дарак йўқ исботдан,

Қўрқмайсанми ҳам Маноту ҳам Лотдан”.

 

Шўху шаддод деди: “Таъна қилма кўп,

Бори шартни маромига етказ хўп.

 

Бўлди тўрт иш висол учун шукрона,

Қолди икки – ишқинг учун журмона.

 

Жарима шу, висол учун батамом,

Дайр атрофин кезгайсан бир йил, тамом.

 

Ўзингни ҳеч ҳоридим деб билмайсан,

Оташгоҳда ўт ёқмоқдан тинмайсан.

 

Кундуз эса ўзинг тутмай нотавон,

Чўчқа боқиш учун бўлиб тез равон.

 

Тунга қадар чўчқабоқар бўласан,

Шом тушганда оташгоҳга келасан.

 

Йил тугагач саволингни бергайсан,

Ва муҳайё висол базмин кўргайсан.

 

Куфр йўлида тўй билан шод этаман,

Вайрон руҳинг шунда обод этаман.

 

Бу йўл сари ҳеч ҳам қадам қўймассан,

Ишқ йўлида магар етук эмассан.

 

Куфрни тарк этиб, дининг қабул қил,

Дайрдан кет ва Каъбани ватан бил.

 

Неча кундир майлар ичдинг лаболаб,

Бу майларни сенга қилдим беҳисоб.

 

Куйган эски либосингдан ҳам воз кеч,

Ҳатто ўриш-ипдан умид қилма ҳеч.

 

Баҳо даъво қилсанг, мана, пулинг ол,

Йўлда балки харж айларсан, ёнга сол.

 

Тасаввур қил, кўрганларинг – кўрмадинг,

Бутхонага гўё отинг сурмадинг”.

 

Шайх маҳваш сўзларини тингларкан,

Ишқи баттар ёниб туғён айларкан.

 

Деди: “Жоним ичра ишқинг шиддати,

Хотирамга ором, кўнглум қуввати.

 

Не истарсан, мен қулингман, ҳукм қил,

Бажармасам, қатлимдан, хўп, сўз дегил.

 

Туриб деди: “Туз сурувни келтиринг,

Тўнғизларни ҳузуримга еткиринг.

 

Мададларга муҳтож мендай бир гумроҳ,

Йўлни бошланг, қайда ўша оташгоҳ?”.

 

Тўнғизларни унга восил қилдилар,

Сўнг истакни тағин ҳосил қилдилар.

 

Кундузлари сурувлардан у огоҳ,

Кечалари манзил бўлиб оташгоҳ.

 

Тонг отқунча ёқиб чиқмоқ ўт иши,

Куфр ўтин равшан этмоқ қилмиши.

 

Тонг отганда қўнғироқнинг унидан,

Айриларди кундуз зулмат тунидан.

 

Кулдан чиқиб, қоракуя, тутундай,

Оташ билан ўйнашган бир мажнундай.

 

Ноқус уни билан куйлаб келарди,

Куфр эли каби сўйлаб келарди.

 

Сабоҳлайин юз тўнғизга юзлашар,

Тўнғизлар ҳам гўё уни излашар.

 

У шундайин бу зулматга гирифтор,

Унга тобе муридлару дўсту ёр.

 

Қилардилар кўп чораю тадбир ҳам,

Аммо қилча қилмас эди таъсир ҳам.

 

Ҳеч иложсиз пирларин тарк этишди,

Каъба томон йўлга чиқиб кетишди.

 

Каъбада ҳам қолмасдан – не этдилар,

Уятлардан тарқаб-тарқаб кетдилар.

 

Шайхнинг содиқ бир муриди бор эрди,

Ҳақ ишқига ҳаддан ортиқ ёр эди.

 

Бўлган эди кўп манзилга йўловчи,

Карвонларнинг йўлин тортган бошловчи.

 

Шайх Санъон Рум мулкига кетганда,

У бошқа бир юртга сафар этганди.

 

Қутлуғ қадам ватанига қайтарди,

Каъба сари йўл азимат этарди.

 

Энг биринчи манзил бўлди ҳонақоҳ,

Зеро, шайхдан топмоқ истар у паноҳ.

 

Хароб эрди хонақоҳ ва пири йўқ,

Тўрт юз мурид қайда, ҳатто бири йўқ.

 

Суриштирди билмоқ бўлиб бор ҳолни,

Сўйладилар унга кечган аҳволни.

 

Шайхнинг Румга томон азм этганин,

Ва бошига не балолар етганин.

 

Халифа дер уни шайхнинг асҳоби,

Унга қулоқ тутар мурид-аҳбоби.

 

Шундай экан, йиғди борин ҳиммат-ла,

Сўради Шайх аҳволини диққат-ла.

 

Сўйладилар тушни ва Рум азмини,

Бутхона, насороний қизини.

 

Ишқ ичида у беқарор бўлишин,

Ақлу ҳушда беихтиёр бўлишин.

 

Май ичганин, масту аласт бўлганин,

Тарк этиб дин ва бутпараст бўлганин.

 

Оташгоҳни макон-манзил этгани,

Ва “Мусҳаф”ни олов узра отгани.

 

Зуннорни у қандай тортиб кўрганин,

Бели узра айлантириб ўрганин.

 

Кечалари қандай олов ёқишин,

Кундузлари тўнғизларни боқишин.

 

Деди бўлиб воқеадан бохабар:

“Ҳамиятда тўнғиздан ҳам сиз баттар.

 

Шайх пир эди, сизлар эса бир мурид,

Кутардингиз ундан нажот ва умид.

 

Бу мазҳабда муридликнинг шарти шу –

Пири каби улуғ бўлмоқ керак у.

 

Яхши-ёмон кунда тақлид айламоқ,

Лек Тангрига ҳам итоат айламоқ.

 

Сиз вафосиз учун комил атвор ҳайф,

Аҳли тақво кийган ҳирқа, дастор ҳайф.

 

Яхши кунда садоқатдан лоф уриб,

Бундай кунда юзингизни чет буриб.

 

Шайхингизга бевафолик бошлабсиз,

Қиблангизни бутхонага ташлабсиз.

 

Ҳақдан қўрқмай, боз элдан ҳам уялмай,

Ёмон кунда энди пирим деёлмай.

 

Пешвонгизни не ерларга қўйибсиз,

Демак, хизмат, дийдоридан тўйибсиз.

 

Яна ўзни андишали тутгайсиз,

Бир-бирингиз дарвеш ҳам деб айтгайсиз.

 

Зуҳду тасбеҳ, ридонгизга уят-э,

Кавуш, салла, асонгизга уят-э!

 

Шайхга бўлса итбоқарлик бир юмуш,

Қилса эди итларни у парвариш. 

 

Чархдан унга етганида бир жафо,

Итларидан кўрмасмиди у вафо.

 

Бири кетса, кўпи қолар эдилар,

Содиқ туриб, вафо қилар эдилар.

 

Душман билан сўнг онгача урушиб,

Мотамида аза тутиб улишиб.

 

Бир одамдан вафо бўлса гар йироқ,

Вафодор ит ундан кўра яхшироқ.

 

Гар бўлсангиз эди сиз ҳам мардона,

Ихлос ичра ҳам оқилу ҳам доно.

 

Шайх бошига тушганида бу бало,

Ишқ дардига бўлганида мубтало.

 

У ўзига жафо қилган чоғида,

Турмоқ лозим эди сўлу соғида.

 

Кўрсатибсиз бунда бори бедардлик,

Зоҳир қилиб тариқатда номардлик.

 

Ёлғондакам “эрман” деган эрмикан,

Қўлдан келмас ишни қилгум дермикан?”

 

Жон ўртовчи сўзларни у айтарди,

Асҳоб бошин эгиб сукут этарди.

 

Шу тарзда уларни хўп койиди,

“Ўтирмоқдан ҳал бўлмайди иш” деди.

 

Турдию йўл олди у Рум томонга,

Олов ёққан жойга дину иймонга.

 

Жамоат ҳам унга этди йўлдошлик,

Чорасизлик ичра қилиб қўлдошлик.

 

Чўлу саҳро, тоғлар ошиб ўтдилар,

Ва бир куни чўчқазорга етдилар.

 

Шайхда зарра қолмаганди дин-иймон,

Ақлу ҳушдан, андишадан бир нишон.

 

Ишқдан жинни, майдан бўлиб кўп сармаст,

Бўлган эди бехудликка у ҳамдаст.

 

Танимади, борганлардан юз буриб,

Кетди тўнғиз тўдасига йўл суриб.

 

Солик Шайхнинг ҳолин кўриб кўрарди,

Кўнгли вайрон бўлиб оҳлар урарди.

 

Кўз ёшларин тўқди комил пирига,

Деди боқиб муридларнинг барига:

 

Художонга ҳамду сано айтингиз,

Бунда турмай орқангизга қайтингиз.

 

Соҳибкамол шайх ишқ ичра қолибди,

Ишқ дардида ҳушдан жудо бўлибди!”

 

У шаҳарга қайтди ўша замонда,

 Муқим бўлди бир хароба вайронда.

 

Ҳақ даргоҳи узра ёшлар тўкарди,

Интиҳосиз илтижолар этарди.

 

Иши эди муножоту ҳам дуо,

Шайхни халос қилмоқ эди муддао.

 

Мақсадига ҳар дам эди у содиқ,

Содиқларга ўзи эди мувофиқ.

 

Дуо айлаб чекар эди изтироб,

Ва Ҳақ қилди дуосини мустажоб.

 

Бир кеча кўз ёшин қилди у равон,

Йиғламоқдан ўзи бўлиб нотавон.

 

Тонг отарда беҳол бўлди ўзи ҳам,

Ҳоригандан тез юмилди кўзи ҳам.

 

Туш кўрди у: ажойиб нур бўлди фош,

Нур ичидан пайдо бўлди ва қуёш.

 

Қуёш эмас, юзлаб қуёш ҳам ҳайрон,

Зарра меҳри учун бўлиб саргардон.

 

У сўнг наби, рисолатнинг якуни,

 Пайғамбарнинг Аллоҳга энг яқини.

 

Табассумга мойил бўлиб келарди,

Такаллумга мойил бўлиб келарди.

 

Сир ғазнаси келганида ёнига,

Сўз бошлади ҳурмат билан шаънига:

 

“Эй рисолат мамлакатин соҳиби,

Латофатда афтодалар муҳиби.

 

Ҳожат йўқдир дардим баён айласам,

Сенга равшан неки аён айласам.

 

Деди айлаб марҳамат юз минг расул:

“Умид боғи узра очган эй сен гул.

 

Садоқатинг, ниятингга офарин!

Ҳаракату  ҳимматинга офарин!

 

Даргоҳида ёлворишинг қабулдир,

Ожизлигинг, ўртанишинг қабулдир.

 

Тенгри махфий ҳикматининг изҳори –

Сайр дашти ва сулукнинг атвори.

 

Солик учун юборса гар бир синов,

Нажот учун очмоқ керак бўлса ғов.

 

Шайхдан бошқа бундай синов кўрмаган,

Ҳақ ўзгага бундай синов бермаган.

 

Ҳақ нажотин ўзи берди, сен шод бўл,

Шукур қилиб, қайғулардан озод бўл.

 

Бошларингга тушди шундай машаққат,

Сен туфайли Ҳақдан бўлди илтифот”.

 

Бу сирларни расул баён айлади,

Соҳибниёз кўз ёш шоён айлади.

 

Шодлигидан беҳуш бўлди шу замон,

Хастажонни йиқитди бу ҳаяжон.

 

Мушк ҳиди-ла насим эса бошлади,

Қаро тунга тонг гиламин ташлади.

 

Нотавоннинг келди ҳуши ўзига,

Кўринарди олам равшан кўзига.

 

Худо фарзин тўғри адо қилди у,

Пири муршид тарафга йўл олди у.

 

Саҳобалар тезда огоҳ бўлдилар,

Ўнгу сўлда унга ҳамроҳ бўлдилар.

 

Шамол янглиғ устоз томон келарди,

Майсаю сув узра елдек еларди.

 

Гоҳ нишаблик, баландликдан ўтдилар,

Ва шайх муқим макон қадар етдилар.

 

Шайхда ҳам даф бўлган эди гумроҳлик,

Етиб келиб ғойибдан бир огоҳлик.

 

Ҳақ боғидан  унга насим етганди,

Кўнглига зўр қувват таъсир этганди. 

 

Ҳижолатдан кўз ёшларин тўкарди,

Надомату оҳни бисёр этарди.

 

Зуннорини белларидан ечди у.

Кофирларнинг либосидан кечди у,

 

Кўнгли қора бўлиб куфрий путурдан,

Энди ёруғ эди етган у нурдан.

 

Келганида бунга гуруҳ етишиб,

Келди шайхга ажиб шукуҳ етишиб.

 

Асҳоб-мурид шайхни кўрган бир замон,

Шукр айтиб, бўлишдилар шодумон.

 

Дедилар: “Эй муршид, Ҳақдан бохабар,

Мужда келди расул бўлди мададкор.

 

 Шайх ўзи ҳам воқиф эди бу ҳолдан,

Ва сўз очди гуруҳга у аҳволдан.

 

Қучоғида эди шогирд, фарзона,

Ҳамжиҳатлик бобида у мардона.

 

Деди: “Менинг, эй бахтиёр фарзандим,

Жонларимга жони бўлган пайвандим.

 

Садоқатда ҳолинг ўзга этмадинг,

Ёрлиғингдан сира узоқ кетмадинг.

 

Қай тил билан узрим баён қиламан,

Ва ажрини Аллоҳдан деб биламан.

 

Тўкар шогирд шодумонлик ёшини,

Пир пойидан кўтармасди бошини.

 

Бу ҳолатдан чекишарди изтироб,

Не қиларин билмасликдан ҳар асҳоб.

 

Бири шунда гап бошлади: “Эй раҳбар,

Бу давлатни насиб этди биру бор.

 

Хатар тўла бу жойларлан кетайлик,

Каъба томон азми сафар этайлик”.

 

Шайх хирқани кийиб, ғусл қилдилар,

Саҳобалар завқу шавққа тўлдилар.

 

Жам бўлишиб жойларидан туришди.

Садоқат-ла Каъба сари юришди.

 

Шайх кетарди энди Батҳо томонга,

Бизлар эса маҳваш тарсо томонга.

 

У париваш ноз уйқуда ётарди,

Уйқусида ажиб бир туш кўрарди.

 

Исо унга юборарди бир пайғом:

“Эй вафода пишмаган ва нотамом!

 

Манзилингга ташриф қилди Шайх Санъон,

Бутхонангда сенга бўлди у меҳмон.

 

Мезбонликнинг қоидасин билмадинг,

Шундай зотга, айт, нималар қилмадинг.

 

Бутхонангнинг меҳмонлигин тарк этди,

Мезбонликка Каъба сари у кетди.

 

Мушарраф бўл, киргил унинг динига,

Ҳаққинг ҳалол этгин бориб ёнига”.

 

Тургач ойдин эди тарсо қизига,

Бошларини қўймоқ шайхнинг изига.

 

Ўйлар эди шайх бошига солганин,

Шайх бечора не кунларга қолганин.

 

Оҳ урди-ю, айлади у йўлга азм,

Каъбага юз урмоқликни қилди жазм.

 

Кўз ёш тўкди, юлдуз сочган гардундек,

Йиғлар Лайли, гўё у шайх Мажнундек.

 

Борарди тез жўнаб кетган эл каби,

Тоза гулни тез учирган ел каби.

 

Бир аҳволда у қадамлар ташлаган,

Гўё фалак қасосини бошлаган.

 

Биёбонлар ичра ошиб шиддати,

Ғолиб бўлиб ваҳимаю ҳайрати.

 

Ниҳоясиз эди саҳро, биёбон,

Ўзин сезиб лаҳза сайин нотавон.

 

Деди: “Раббий, мен ожизу саргашта,

Кўзу кўнглум қонларимга оғушта.

 

Ожизману бечораман, раҳм қил,

Кимсасизу овораман, раҳм қил.

 

Менинг бору йўғим фақат гуноҳим

Аммо Сендан ўзга ҳеч йўқ паноҳим”.

 

Кимсасизлик, ёлғизликдан йиғлади,

Чорасини билмасликдан йиғлади.

 

Азоблардан жисму жони ёқилди,

Ҳолдан тойиб тупроқ узра йиқилди.

 

Тупроқ узра хору дардманд ётарди,

Гоҳо ҳушда, гоҳо ҳушдан кетарди.

 

Аён бўлди улуғ Шайхга бу хабар,

Ҳамда содиқ мурид бўлди бохабар. 

 

Бундан огоҳ бўлди ой юз маҳваш ҳам,

Маҳваш эмас, нотавону ғамкаш ҳам.

 

Ортга қайтди Шайху ринду ишқпараст,

Унинг билан катта-кичик, баланд-паст.

 

Ғофил элнинг ҳар бирида юз хаёл,

Ким ё нима, сабаб бўлган бу не ҳол.

 

Шайх ва асҳоб етганида у ёққа,

 Шўх ётарди бошин қўйиб тупроққа.

 

Гарчи Шайх бу не ҳоллигин билмади,

Йиғламоқдан ўзни асрай олмади.

 

Маҳваш бошин тиззасига қўйди у,

Кўзларидан сел ёшларни қуйди у.

 

Гулбарглари узра гулоб сочилди,

Маст уйқуда бўлган наргис очилди.

 

Шайх қўйнида кўрганида бошини,

Юзларига тўкди ҳасрат ёшини.

 

Заифликдан аста чиқди ноласи,

Юзи узра сочиб қонин жоласи.

 

Дедиким: “Эй тақвошиор, динпаноҳ,

Қайси юз-ла бўлайин мен узрхоҳ.

 

Гарчи дарахт бошга соя этармиш,

Лек болалар унга тошлар отармиш.

 

Гулбутада магар юз минг тикон бор,

Булут сабаб баҳордан юз нишон бор.

  

Гар гуноҳим бепоёндан узундир,

Лутф-эҳсонинг сенинг ундан узундир.

 

Беадаблик беҳад қилдим, билдим мен,

Авфинг сўраб, қора юз-ла келдим мен.

 

Ҳар не қилдим, ёмон қилдим, мен ёмон,

Ўзим ёмон, табиатим, дин ёмон.

 

Айтар гапим жуда кўп, лек вақт ўтар,

Умр битар, фурсат кетар, вақт кетар”.

 

Баён қилди ислом динин шавқин ҳам,

Исо берган нишоналар завқин ҳам.

 

Майли, ҳар хил гапларимни қилай бас,

Иймон арз қил, қолди зеро бир нафас”.

 

Кўз ёш тўкиб Шайх нотавон зорига,

Арзи иймон этди тарсо ёрига.

 

Ва шундайин ошно қилиб иймонни,

Оҳ урароқ Ҳаққа берди қиз жонни.

 

Дин аҳлига солди беҳад ғавғолар,

Фарёд ила тортиб яна савдолар.

 

Куфр ва дин келишдилар фаҳм сабаб,

Ва бундай иш содир бўлди, воажаб.

 

Ишқ аро кўп бунинг каби ҳолатлар,

Ажиб, ғариб мақсадлару одатлар.

 

Ишқ денгиздир, унга сира йўқ поён,

Ҳар қатраси бамисоли бир осмон.

 

Ишқ бир олам, лекин эрур ғоят кенг,

Ишқ бир осмон, аммо етти кўкка тенг.

 

Фалакни терс қилган кичик юлдуздир,

Ҳатто анқо пашшадан ҳам ожиздир.

 

Ишқ ўтидан етса агар бир учқун,

Бундай зарар етказолмас юз чақин.

 

Бир қатранинг сели шундай беҳисоб,

Бор оламни қила олар у хароб.

 

Ишқ тиғидан келса юз минг қатлиом,

Маъно бермас на қасосу, интиқом.

 

Ишқдан етса юзлаб офат жонига,

Чора топар қилиб миннат жонига.

 

Таажжубли эрур ишқнинг бўстони,

Сувлар ранги бегуноҳлар пок қони.

 

Ҳар бир киприк қотил эрур минг жонга,

Билки, ҳинду шундай қотил ҳар жонга.

 

Юз туман кўз мардумини бир холи,

Йўқ айлайди, гўё нуқта мисоли.

 

Ишқ мулкида гадо ва шоҳ баробар,

Бутхонада раҳбар, гумроҳ баробар.

 

Ишқ аро дард, балолардан ўзга йўқ,

Зулму бедод, жафолардан ўзга йўқ.

 

Кимсан Шайхни шундай шайдо этди ишқ,

Олам аҳли ичра расво этди ишқ.

 

Сўнгра менга ғавғоларни солди у,

Қалб мулкимга яғмоларни қилди у.

 

Майли, ҳолим биров ортиқ демасдир,

Ортиқ эмас, лекин кам ҳам эмасдир.

 

Кел, Навоий, сўзни энди якун қил,

Лек ишқ аро даъво изҳор қилмагил.

 

Агар бир кун бўлиб турсам мен омон,

Ишқ шарҳидан тузсам дейман бир достон.

 

Кимда бўлса, диёнатми, инсофми,

Албат, билар, сўзим чинми ё лофми.

 

Алқисса, Шайх айрилиққа дуч келди,

Каъба сари кетмоқ лозим деб билди.

 

Дафн жойи бўлди ишққа мос айвон –

Дину иймон аҳли учун гўристон.

 

Бутхонага йўл олгандек ногаҳон,

Каъба сари қайтар эди шу замон.

 

Узр айтди кечмиш ишнинг борига,

Ва қазо ҳам қўшди уни ёрига.   



[1] Жунайд Бағдодий.

[2] Боязид Бистомий.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси