Япония сотувга қўйилади


Сақлаш
18:04 / 05.04.2024 948 0

Ватан ҳақидаги “киндик қони тўкилган тупроқ” сингари ибораларимиз эскирди, назаримда. Бугунги инсонга Ватанни улкан корпорацияга қиёсан тушунтирган маъқулдек: ширкат қанча кўп даромад топса, ҳар биримизнинг турмушимиз яхшиланиб боради; аксинча, инқирозга юз тутса, хонавайрон бўламиз. Шундай талқин қилинса, жамиятдаги муносабатлар очиқ-равшан, “ўйин қоидалари” ҳаммага тушунарли бўлармиди? Аммо иккиланиб ҳам қоламан баъзан, ташмачилик, талончилик майнасига уриб кетган оломонга “Ватан бу – корпорация!” десак, очофат иштаҳаларни қитиқлаб, ўмар-ўмарга маънавий ҳуқуқ бериб қўймаймизми? Ахир, айримлар учун ишхонасидан ҳечқурса бир пой пайпоқ ўғирлаб чиқиш “миллий мафкура” даражасига кўтарилган-да!

 

Устоз Маҳмуд Саъдий билан ана шунақа чигал масалаларда кўп гаплашардик, баҳслашардик. Ҳар бир одам Ватанни сотиши мумкин: мансабига қараб, ким кўпроқ, кимдир камроқ порцияларда (атайин таом ўлчовини ишлатдим). Домла суҳбатларимизда япон фантаст ёзувчиси Сакё Комацунинг (1931–2011) “Япония сотувга қўйилади” ҳикоясини бот-бот эсларди. Кунчиқар ўлка адабиётида алоҳида ўрин эгаллаган адибнинг “Алвидо, Юпитер”, “Аждарҳо ҳалокати”, “Вирус” каби романлари тилга тушган. Асарлари асосида суратга олинган фильмлар муаллифнинг шуҳратига шуҳрат қўшган. Тириклигидаёқ, 1993 йили янги кашф этилган астероидга Комацу номи берилган.

 

“Япония сотувга қўйилади” ҳикоясида, қарангки, бир майда фирибгар бутунбошли мамлакатни пуллаворади. Кейин осмондан тушган тўр Японияни балиқ каби илдиради-да, фазога олиб чиқиб кетади. Устоз ҳар гал шу жойини айтаётганда қўл ҳаракатлари билан кўрсатарди. Менинг хаёлимда эса бекатлар, дарахту устунларга ёпиштириб ташланган “продаётся...” қоғозчалари чаппар урар, эълонларда уйлар эмас, турли давлатлар номи ёзилгани кўз ўнгимга келар эди.

 

“Дўкон сотилади”, “Ҳовли сотилади”, “Ер сотилади” – олақуроқ чорловлар орасида “Ватан сотилади” дегани ҳам бўлса-я!.. Бултурмиди, онлайн платформада Тошкенти азим сотувга қўйилиши ҳақида эълон тарқалди. Дарров Маҳмуд Саъдий ёдимга тушди. Агар ҳаёт бўлганида, албатта, “хушхабар”ни етказардим. Эҳтимол, ҳузурига борардим. Телефондан кўрсатганимга қаноат қилмай, қоғозга чиқариб келишимни тайинларди. Сўнг қалтироқ бармоқларида қалам тутганча матнни таҳрирлашга киришарди – “касб касаллиги”. Имлодаги илк хатоларни тузатаётиб, ҳушёр тортар ва ниятидан қайтар эди. Эълонни ҳижжалаб ўқиб чиққач, одатига кўра оғзини кафти билан бекитиб, лекин хандон отиб куларди. “Адабиётнинг ҳаётга кўчгани шу-да!” дея Комацу ҳикоясини тилга оларди. Бозиргон йигитча жаримага тортилганини эшитиб, ия, бу фақат эълон берибди-ку, ҳаётда шу ишни қилиб юрганларни жазоламайсанми олдин, дея жиғибийрон бўлиши ҳам аниқ эди.

 

Домла ватанфурушларга аёвсиз эди. Айниқса, ўша кезлар анча-мунча зиёлилар ҳам муккасидан кетган ўқишга киритиш “бизнес”и билан келишолмасди: “Бу миллатга хиёнатдир! Бир аҳмоқни бошингга чиқариб оласан! Шусиз ҳам урчиб ётган бошсиз бошлиқларни яна кўпайтирасан”. “Мен қилмаганим билан, бошқа “ҳожатбарор” топилади. Ундан кўра соққасини олганим яхши-ку”. “Бугун сен ҳаром йўлдан қайтсанг, эртага яна кимдир ортингдан эргашади. Миллат ана шундай битта-биттадан тозариб бориши керак!”

 

Яқинда эсладим ўша суҳбатни. Ижтимоий тармоқ фаоллари билан гурунгда “халқнинг куни кимларга қолгани”дан ёзғирдик. Тарихчи акамиз фалончи амалдор чаласавод экани, шахсан ўзи уни университетга киритиб қўйганидан гап очди. Аргумент тагида даҳшатли аргумент бор эди. Аммо юз-кўз иссиқ – индамадим. Орадан ўн кун ўтдими-йўқми, ўша раҳбарнинг ноқонуний қилмиши овозаси оламни тутди. Менинг ўрнимда Маҳмуд Саъдий бўлса эди, бояги олимга халқнинг қарғишларидан сен ҳам бенасиб қолмайсан, ўша валламатнинг жиноятларидан сенинг амал дафтарингга ҳам гуноҳ ёзилиб туради, дейиши тайин эди. Тома-тома кўл бўлур, дея кулармиди охирида. Саъдий домла билан бир гурунгда, эҳтимол, юзинчи мартадан сўнг, намунча кўп эслайсиз шу Комацуни, дея густоҳлик қилганим ҳам ёдимда. Ҳали кўп эслаймиз, деган эди устоз тагдор оҳангда...

 

Раҳматли “Япония сотувга қўйилади” ҳикоясини ўзбекчага ўгирмоқчи бўлиб юрарди. Бу ишни биргаликда қилишга ҳам келишган эдик. 2009 йили таглама таржима тайёрлашга уннаб кўрдим, ярмидан ошди-ю, чала қолди. Бир тарафи, устоздан ўтган ялқовлик, бошқа томондан, асар миллий муҳитда қайта яратилмаса, таъсирли чиқмайдигандек туюлди. Кейинчалик ўзим шу мавзуда бир нима қораладим. Нашр этадиган мард топилмай, ғаладонга банди этилди...

 

Маҳмуд Саъдийнинг бул армонини ушалтириш мутаржим Шоҳсанам Рўзимат қизига насиб қилган экан. “Tafakkur”да босилаётган ҳикоя таржимасининг ана шундай тарихи бор. Устознинг эса ҳали амалга ошмаган васият-режалари кўп. Уларни бирма-бир рўёбга чиқаришнинг уддасидан чиқар шогирдлар. Эҳтимол, ўшанда япон адибини эслашга ҳожат ҳам қолмас...

Фаррух ЖАББОРОВ

 

 

(Ҳикоя)

1

 

Сиз тижорат иши билан йўлга чиқдингизми ёки саёҳат қилиб ўйнаб келганими? Балки олимми-тадқиқотчидирсиз?.. Нима, адашдимми? Ҳай майли... шунчаки гап орасида сўрадим-қўйдим-да. Қарасам, сер солиб денгизни кузатиб кетяпсиз, шунга – тадқиқотчи­олим эмасмикан бу одам, деб ўйладим. Ўрганаман десангиз бу ерларда бир дунё сир-синоат бор; шу жойда бир воқеа юз берган...

 

Кечқурунлатиб Владивостокка етамиз, у ёғи кейин Сибирь... Биласизми, биз ҳозир айнан – бир замонлар Япон денгизи бошланган кенгликка кирдик. Ҳа... энди эса ҳаммаёқ ёппасига Тинч океан...

 

Бугун бу ерларда тўлқинлар мавж уриб ётибди. Ўттиз йиллар бурун худди шу жойда денгиз устига эгилган ёйдек бўлиб Япония қад кериб турарди. Афтидан, биз ҳозир унинг марказий қасабалари ёки шунга яқин жойларни кечиб ўтяпмиз... Уни ким сотиб юборганини биласизми? Камина, мен! Энди яширгандан нима фойда? Шахсан ўзим, мана шу қўлларим билан пуллаганман...

 

Э, кўриб турибман, сиз ҳам менга ишонмаяпсиз. Шу кунгача неча марталаб унақасига ҳам, бунақасига ҳам гапим рост эканини исботладим, лекин кўксимга ҳарқанча муштламайин, бирор кимса ишонмади... Тўғри, кўп ёлғон гапираман, фирибгар, фосиқ кимсаман-ку-я, бироқ уччига чиққан аблаҳ ҳам бир кун келиб қилган ишидан афсус чекади, хўп деяверинг. Мана, мен ҳам пушаймонман – чиндан, ич-ичимдан. Алдаб нима? Ахир, мен ўзим японман-ку! Ва мен ўз ватанимни пулга чақдим, тасаввур қиляпсизми?! Сотишга сотдим-у, лекин нималар бўлаётганини тузук-қуруқ англамадим... Эй, сиз менга қарасангиз-чи! Кўзёшимни кўряпсизми? Ўша бир вақтлар Япония бўлган жойга кўзим тушиши билан шашқатор бўлиб оқади лаънати. Энди ишонгандирсиз? Майли, ишонмаган тақдирда ҳам, истиғфоримга қулоқ солишдан бош тортмассиз? Японияни қандай сотиб юборганимни айтиб берай сизга... Ортиқ ичга ютолмайман. Ахир, ичимдагини тўкиб солмасам ёрилиб кетаман!.. Яна-тағин ҳикояси учун пул-мул тама қиляпти деб ўйламанг. Гап пулда эмас...

 

 

2

 

Сиз Япония аталмиш мамлакат кунларнинг бирида дафъатан Ер юзидан ғойиб бўлиб қолгани ҳақида эшитгансиз, тўғрими? Худди тушдек – бу ўлка бир куннинг ўзида кўздан зим йўқолган... Ҳа ана, сиз буни эшитгансиз! Лекин у айнан биз ҳозир сузиб ўтаётган ерларда макон тутганидан асло хабарингиз йўқ, шундайми... Ҳай яшанг, ўттиз йил аввал, икки минг километрларга чўзилган икки мингга яқин орол шаҳру қишлоқлари ва бор аҳолиси билан бир кунда тутун мисоли йўқликка сингиб кетган. Эҳ, ўшанда шунақанги қиёмат қўпган эдики! Барча одатий тушунчаларнинг оёғи осмондан келган. Бутун дунё олимлари бу ҳодисага нисбатан тайин муносабат билдира олмай, аламдан ўзини бир ёқли қилиб қўйишига сал қолган. Кейин, тўғри, ҳовурдан тушилди. Айтишларича, Япония номаълум сабабларга кўра, ғайб оламига ўтиб кетганмиш. “Ғайб олами” – роса қўл келди-да шу тушунча. Ҳозир ақлимиз етмаган ҳар қандай масала ўша “тушунча”га тўнкалади, тамом-вассалом. Орол ёхуд бус-бутун бир мамлакат ер юзидан ғойиб бўлибдими? Аҳсан! Ғайб олами сабабчи!

 

Шубҳасиз, Япониянинг бошига ғаройиб савдо тушган, нима сабабдан бўлса экан-а? Ҳе йўқ, бе йўқ, бу ўлка шунчаки ер юзидан йўқолиб қолмайди-ку... Аслида ҳаммаси анча жўн: Япония сотиб юборилган!

 

Бундан ўттиз икки-ўттиз уч йиллар аввал мен тумшуғига Панама байроғи илинган бетайинроқ бир кемада денгизчи эдим. Биз ҳеч нимадан тап тортмай денгизда бўзчининг мокисидек у ёқдан бу ёққа зув қатнар эдик... Нима дейсиз? Ҳа-да, мен олдин ўқиганман, талаба бўлганман, эсимда, мени доно, полиглот дейишарди. Дарҳақиқат, ҳали талаба эканимдаёқ тўрт-беш тилда бемалол чулдирар эдим. Э, лекин булар бари сафсата. Агарки мен даҳо бўлсам – фақатгина фириб ва ёлғончилик бобида даҳо эдим, бу борада олдимга тушадигани йўқ эди. Хуллас, университетни тугатар-тугатмас шахсий бизнесимни йўлга қўйдим, идора очдим. Табиийки, бари хўжакўрсинга – алдам-қалдам ишларимни ниқоблаш учун. Идора ходими кўп эмас – мену телефондан иборат эди, холос. Экспорт ёки импорт баҳонасида мижозлардан бўнак ундирар, воситачилик ҳақини олар, сохта қарз ҳужжати ёзиб берар, дейлик, фотоаппарат ўрнига дуч келган эски-тускини чет элга учирма қилар эдим. Қисқаси, бошида ишим роса ўнгидан келди. Бироқ бу фаолиятим узоқ чўзилмади. Тез орада дўконни ёпиб жуфтакни ростлашга тўғри келди. Қочиб Кобз шаҳрининг соҳилбўйи қасабасига бордим ва ўша ерда даллоллик билан шуғуллана бошладим. Лекин бу ишим ҳам тез орада касодга учради. Яна қочиб, бир хорижий кемага денгизчиликка ёлландим.

 

Кейин Оврупо ва Жанубий Американинг порт шаҳарларида тентиб юрдим, учта кема алмаштирдим. Шу йиллар мобайнида асосий ҳунарим – майда қаллоблик бўйича маҳоратим ошгандан ошди. Асосан, қўноқ одамга ёрдам қўлини чўзишга доим тайёр қишлоқи денгизчилар, иши юришмаган сайёҳу ҳар турли лақмалар домимга илинарди. Аммо унча-мунча инсофим бор эди, бунинг устига, ўта эҳтиёткорлигу усталик билан иш тутардимки, зарар кўрган одам ҳар доим ҳам ўзининг аҳмоқ бўлиб қолганини пайқайвермасди. Шунга қарамай, қандай қилиб-ку, билмадим, баъзи ишларимнинг миси чиқиб қолди. Денгизчи ошналарим менга “Қаллоб Кома” деб лақаб қўйиб олишган эди. (Ахир, менинг ҳам эл қатори ростакам исм-насабим бор эди-да: Комаки.) Биласизми, одамзод бир ажиб яратиқ экан: Кома қаллоб деб атай бошлашлари билан мен дабдурустдан касалланиб қолдим, боз устига, бутун баданим қичима бўлди! Эй, шу майда қаллоблик роса жонимга тегиб кетди, ётаману туш кўраман: нима эмиш – халқаро миқёсдаги фирибгарга айланганмишман, менинг мисли йўқ найрангларимни кўриб бутун дунё ҳайратда эмиш!..

 

Хуллас, ўша кезлар шунақа бир кайфиятда юрган эдим-да. Бир куни Марселда “Попо” деган расво бир қовоқхонада денгизчилару уларнинг югурдаги бўлмиш ўсмирчалар арзон арағу шаробга бўкиб ўтирган эдик. Энди, майхўрликда нима бўлиши ўзингизга аён: оғзимиздан боди кириб-шоди чиққан, ким ким билан талашиб-тортишган... Кейин эса, пиёнисталарга хос касални биласиз: бир-биримизга гал бермай оғиз кўпиртиришга тушдик – ҳамма ўз юртини кўкка кўтариб мақтади: норвегнинг Норвегия, данияликнинг Дания, олмон эса “Дойчланд, Дойчланд, юбер аллес...” деб эси кетди. Фаранг ва итальян ҳақида-ку гапирмай қўяқолай – гўзал ватанларини мадҳ этганларида ҳатто кўз қорачиқларининг ранги ҳам ўзгариб кетарди. Шовқин-сурон, қий-чув, ҳар ким билганидан қолмай вайсаб ётибди. Лекин менга тенглашишга йўл бўлсин! Булар ўзи исм-шарифини ҳам тўғри ёза олмайдиган чаласавод бир матросваччалар бўлса! Мен-чи, ҳарҳолда фирибгар номим бор, яна-тағин олий маълумотли фирибгар! Шу десангиз, Япония – мўъжазгина, аммо оламдаги энг ажойиб ўлка шарафига қасида ўқий кетдим-ку! Сўз дегани қувурдан оққан сув каби қуйилгандан қуйилиб келаверди, келаверди. Қовоқхона пашша учса эшитилгудек тинчиди-қолди – ҳамманинг қулоғи менда. Мен бўлсам гапирган сайин жўшиб боряпман – қойилмақом уддалаяпман-эй. Бир вақт ортимда кимдир энтикиб сўзларимга тан берди ва пичирлаб:

 

– Оҳ, қандайин юрт экан-а!.. Япония, беқиёс Япония!.. – деса бўладими!

 

Ўгирилиб қарасам, қўшни столда аллақандай нусха ўтирибди – озода-сипо, жиккаккина одамча. Эгнида пўрим костюм-шим, бичими зўр – лондонлик энг қўлигул чеварлар тикадиган костюм-шимдан фарқ қилмайди. Биз ўтирган арзонгаров маишатхонага бундайин олифта энгил-бош ҳечам ярашмайди-да. Боз устига, манавининг эгнида ҳалпиллаб турибди, худди қоп кийгандек... Фараз қилинг, маймунми ёки қандайдир жин, ёхуд сувдан чиққан бир алвасти эгнига пўрим либос илиб олган! Афт-ангорини-ку мен сизга айтмай! Япалоқ, худди локлаб қўйилгандек ялтирайди, кўзи тугмачадек юм-юмалоқ, қулоқлари учли-учли, диккайиб турибди. Умрингизда ҳеч шундай турқи совуқ маймунни кўрганмисиз? Хуллас, ўғил отага қанчалик ўхшаса, у ҳам маймунга шунчалик ўхшар эди. Лекин ўшанда қип-қизил маст эдим ва балки шу учун у менга унчалик бадбашара кўринмаган.

 

– Жаноб, – дедим мен баттар завқим тошиб, – демак, Япония сизга маъқул, шундайми? Биргина таъриф-тавсифдан кейин-а?

 

– Ҳа, жуда маъқул! – деди у фарангчалаб, бироқ алланечук ғализ талаффузда. – Сиз ўзингиз японияликмисиз?

 

У гапирганда оғзи ғалати очилиб­ёпиларкан.

 

– Худди шундай! Топдингиз! – дедим мен шанғиллаб, кўкрак керганча. – Шарқнинг сир-синоатга бой ўлкаси! Самурайлар юрти! Фудзияма, гейшалар юрти!

 

– Менга Япония ёқди, – деди у ўрнидан қўзғалгудек, ўта нозик, гўёки суяксиз бармоқларини ўйнатиб. – Сизда гапим бор. Айтолмайсизми, япон оролини қандай сотиб олсам бўлади?

 

– Оролни?!

 

– Ҳа, мен биронта орол сотиб олсам девдим, иложи борича каттароғидан. Аҳолиси кўп бўлса ҳам фарқи йўқ, мен уларни мутлақо безовта қилмайман.

 

Шундагина мен унга разм солиб қарадим. Эй, ёмонам боди-башанг экан бу! Энгил-бошини-ку ҳали айтдим – ҳамма нарсаси асл, қимматбаҳо. Бармоғида ҳар бири ўн қиротли олмос кўзли қўша узук. Бўйинбоғида дур ва зангори ёқут тошли тилла тўғноғич. Соатбанди ҳам тилладан, жевак ўрнида зумрад тош. Порт шаҳарнинг хилват жинкўчаларида шунча бебаҳо жавоҳирот қандай омон қолдию унинг ўзи қандай соғ юрибди – ақлга сиғмасди! Аммо бу ҳашамат унга эшакка шойи тўқим ёпгандек сира ярашмас эди. Тортиниброқ туришидан аён: қишлоқи! Бунинг устига денг, дурагай экан – бет-боши яшилтоб, қорамағиз. Йигитларимиз менга бежиз Кома деб лақаб тақмаган. Билмасангиз, “кома” дегани япончасига – пилдироқ дегани. Миям яшин тезлигида ишлаб, фикрлар ғужғон ўйнаб кетди-ку! Хўш, дедим ўзимга ўзим, шундай соққали иш оёқ остидан чиқиб турибди! Қишлоқи бойвачча орол сотиб олмоқчилар! Бунақа омад келса – минг йилда бир келади!

 

– Ҳай майли, – дедим мен, – сизга ёрдам қилсак бўлади. Бироқ бу ер нозик гуфтигўларга унчалик тўғри келмайди. Юринг, бошқа бир қўнимгоҳга ўтайлик.

 

Уни эргаштириб кетдим. Худди сичқонни қўлдан чиқариб юбормаслик пайида бўлган мушукдек! Бу атроф-жавонибда хийла тузук дегулик бир ресторан топдим, оқ мусаллас ва устрица ҳам тортилар экан.

 

– Эй, менга қаранг, майдалашиб ўтирасизми! – деб гап бошладим дастурхонга ўрнашишимиз ҳамоно. – Орол нима бўларди, кўтарасига Японияни олинг-қўйинг-да! – дедим “Табаско” қайласига бўктирилган қисқичбақа бўлагини оғзимга соларканман.

 

– А-а-а! – Унинг кўзи бўқоқ касали бор одамникидек қинидан чиққудай олайиб кетди. – Бунинг имкони борми?

 

– Мен ўртада туриб беришим мумкин, – дедим мағрур иржайиб. – Ҳа, айтганча, Япония бир дунё оролдан иборат эканини биласиз-а? Яъни – архипелаг.

 

– Зўр... зўр-ку! – деди у, афтидан, ўзини еттинчи осмонда сезиб. – Оламан, бўлди, оламан! Ҳозироқ!

 

– Соққадан-чи борми, етармикан? – дедим мен устаси фаранг ишбилармонга айланиб. – Япония ҳазилакам пул турмайди!

 

– Э, пул дегани ачиб ётибди бизда. Лекин... ростдан ҳам Японияни сотиб олса бўлармикан?

 

– Пул бор экан, бу оламда ҳамма нарсани сотиб олса бўлади! – дедим мен комил ишонч билан.

 

– Тушунарли. У ҳолда... мана, марҳамат... – деди у киссасидан семизгина ҳамён чиқариб, столга беш минг фунт қўяркан. Сўнг менга аллақандай ҳужжат узатди. – Бу ваколатли шахс, яъни сиз билан тузилган шартнома. Буниси эса закалат – хамир учидан патир. Энди мана бу ерга имзо чекиб юборсангиз.

 

Анграйиб қолдим. Мен ҳавойи бир қишлоқи деб менсимаган одам бурним тагига ҳатто даллоллик ҳақи миқдори ҳам аниқ кўрсатилган қоғозни тиқиштиряпти. Ичимда хавотирга ўхшаган нимадир ғимирлаб турган бўлса-да, шартта имзони босдим-юбордим.

 

 – Бўпти, – дедим мен пулни маҳкам чангаллаганча ўрнимдан туриб, – иш пишди! Меҳмонхонага бориб лаш-лушимни йиғай энди.

 

– Йўқ! – деди у мийиғида кулиб ва ўликники каби муздек ёпишқоқ бармоқлари билан шартта билагимдан тутди. – Шу дақиқадан эътиборан сиз менинг махсус вакилимсиз. Мен нима иш айтсам шуни қиласиз. Кийим-бошни сизга ўзим олиб бераман, нарсаларингиз қолаверсин. Биз ҳозироқ Японияга отланамиз.

 

Марселдан Боннга жўнадик – унинг идораси ўша ерда экан. Кейин “Люфҳанза” учоғида Японияга учдик... Саккиз моторли реактив лайнер осмони фалакка кўтарилганда ўзимни худди ёмон туш кўраётгандек ҳис этдим. Мендек бир қаллоб – хўп ана, майда бўлса ҳам-да, дабдурустдан ҳам маймун, ҳам қурбақага ўхшаган манави қишлоқига тизгинимни тутқазиб ўтирибман-а! Унинг айтишича, Лихтенштейн фуқаросимиш. Альп тизмаларида ерлашган жимитдек бир мамлакат, нариги дунёга отланган миллиардер борки, ўша манзилни макон тутади.

 

– Лекин ўзим олис-олис бир ёқларда дунёга келганман, – деди сирли илжайиб бу жирканч махлуқ.

 

Токиога келасолиб идора очдик. Шаҳар марказидаги осойишта-сокин торкўчалардан бирига жойлашдик. Иш қизигандан қизиб кетди: биз Японияни нархлай, менинг назаримда эса сота бошладик... Эҳ, сигаретим ўчиб қолди. Сув сачрайвериб намиқиб кетди-да. Яна битта олсам майлими?..

 

 

3

 

Бошда мен ўзимча турли режалар туздим: Япония ўз уйим – ҳамма нарсаси қўлимда; у ёқ-бу ёқни кўраман, мўлжал қиламан-да, кейин мўмайгина пулни ўмариб бу ерлардан сурвораман. Ерга тегишли маблағ бус-бутунича менинг ихтиёримда эди. Ҳаётим тараллабедод! Баъзан Токиодаги бизнес шаҳарчанинг қоқ марказида жойлашган жиҳозлари ҳашамдор иш бўлмамда ўтираман. Лабга қимматбаҳо сигара қистириб, оёқни ёзув столи устига чўзганча, мулк сотаётган заминдорга осмондан туриб назар ташлайман. Бировнинг сарватига кеккайиб, уларни писандга илмай роса мазах-эрмак ҳам қилганман-эй. Товламачи ҳаётининг завқи-нашъаси ҳам шунда-да! Воситачилик эвазига келадиган улушнинг ўзига маза қилиб яшасам бўларди-ю, ўрганган кўнгил – ора-сирада ул-бул нарсани чўнтакка уриб ҳам турардим. Акс ҳолда, фирибгар эканим эсимдан чиқиб кетади-ку!

 

Мен аввалига Япониядаги сотувга қўйилган барча ерни харид қилдим. Шахсан ўзим эмас, табиийки, кўчмас мулк савдоси билан шуғулланадиган ширкатлар орқали. Бир қарич жойни бўлсин кўздан қочирмадим – қадамим етмаган Хоккайдонинг гадойтопмас пучмоқларию Кисодаги чакалакзорлар ҳам бизнинг ихтиёримизга ўтди. Ўша кезлар ер савдоси роса авжига чиққан, рекламага ҳам зўр берилган эди.

 

Эсимда, бир куни хўжайин аталмишимиз телевизордан тижорий кўрсатув томоша қилиб ўтирганида кўзлари олайиб, нақд қинидан чиқиб кетаёзди.

 

– Қаранг-қаранг, қанча рақибимиз бор экан! Бирон нимани қўлдан бой бериб қўйманг тағин.

 

Бу ишларни у эътиборни тортмай, ими-жимида қилишни буюрган. Шу учун бошда васиқани кўчмас мулк олди-сотдиси билан шуғулланадиган ширкат соҳиблари номига расмийлаштириб юрдик. Бу ишга аралашмаган ширкат эгаси қолмагач оддий ходимлар номига ҳужжатлаштирадиган бўлдик, улар ерни кейин бизга гаров хати билан ёки ҳадя тариқасида ўтказиб берарди.

 

 Биз тахминий фойда ҳисобидан (гарчи сариқ чақалик фойда кўрмасак-да) сотиб олинган ер номига расмийлаштирилган сохта хўжайин учун ҳам, кўчмас мулк учун ҳам давлатга солиқ тўлар эдик. Хуллас, чиқимимиз бошдан ошарди. Бундан ташқари, вақтинчалик ер соҳиби арзимаган ижара тўлови эвазига ердан ўзи хоҳлаганча фойдаланиши мумкин эди. Охир-оқибат, нима учун ер оляпмиз ўзи, мақсадимиз нима – ҳеч ақлим етмай қолди.

 

Боя айтганимдек, бундай қамровдор ишга мисли кўрилмаган даражада катта сармоя керак бўлади. Хўжайин ўзи билан анча-мунча маблағ олиб келган экан, бироқ унинг ҳам таги кўриниб қолди. Катта миқдорда валюта олиб юриш хатарли – бу албатта эътиборни жалб этган бўларди. Хўжайин вазиятдан чиқишнинг бир йўлини топди, аммо менга қолса бу ғирт тентаклик эди.

 

Даставвал сон-саноқсиз сохта ширкатчалар туздик. Хўжайиннинг бутун дунё бўйлаб тарқалган ваколатхоналаридан шу майда ширкатларга қимматбаҳо, лекин ҳажми ихчам молларга буюртмалар келарди. Бизнинг ширкатлар эса уларга ҳар турли бўлмағур нарса – тошқолу бошқа чиқитлар жўнатарди. Мен учун бу одатдаги юмуш эди: кимнидир чув тушириш борасида каминанинг олдига тушадигани ҳали туғилмаган. Ўша эски-тускилар эвазига биз хўжайиннинг ваколатхоналаридан нақд пул олардик. Ширкатларимизнинг экспорт моллари рўйхатида электростанция асбоб­ускуналаридан тортиб яримўтказгичли портатив мосламаларгача кўрсатилар эди. Англаб турганингиздек, рўйхат ҳам қалбаки эди. Рости, жуда ғалати бўлдим: илгарилари товламачилик қила­туриб мен биргина мақсадни кўзлардим: гўл мижозни алдаб-авраш! Энди бўлса хўжайин ўз шахсий пулини ўзи ола билиши учун биз шунақа ҳийла-найрангларга қўл уряпмиз. Япон иқтисоди асосан экспортга таянар эди, шу учун ҳукумат четдан валюта оқиб келишини фақат олқишларди. Мабодо валюта оқими сусайиб қолгудек бўлса, ҳамма хавотирга тушиши муқаррар эди. Афтидан, ўша вақтлар ташқи савдо вазирлиги экспорт-импорт мувозанатини назорат қилишга фурсат топмаган. Текширганида эди – табиийки, том ҳайратда қоларди. Ажиб ҳол: чет элдан хомашё кириб келиши кескин камайганига қарамай экспорт ўсиб бормоқда эди! Ўлай агар, бизнинг бу алдам-қалдам ишларимиз шу қадар кенг қулоч ёйдики, мамлакат иқтисодиётига, шу билан бирга, ташқи савдо вазирлигининг статистик кўрсаткичларига ҳам жиддий таъсир кўрсата бошлади. 197... йили Японияда чет эл валютаси кескин суръатда ўсгани эсингиздадир? Шу – бизнинг ишимиз!

 

Мен хўжайиннинг мол-дунёси қанча эканини ҳатто тахмин қилолмасдим. Шуни аниқ билардимки: у мультимиллиардер. Ҳарҳолда, дунёнинг ҳар кунжида унга тегишли шохобчалар бўлиб, турли давлатлардан бизга пул оқиб келмоқда эди.

 

– Қандай қилиб шунча соққа қиласиз? – деб сўрадим мен ундан бир куни.

 

У мийиғида кулди:

 

– Олмос, тилла, оқ тилла ва яна ул-бул ишлар бор... Имкониятим чекланмаган менинг...

 

– Нима-а? Тилла ишлаб чиқарасизми?

 

– Йўқ, ишлаб чиқармайман, ўзи келиб қолади...

 

Мен бу ерда қандайдир қинғирлик борлигини пайқадим, бироқ унча бош қотириб ўтирмадим. Пулни қаердан олади, қай йўл билан – менга нима? Муҳими, борми – бор!

 

 

4

 

Бундай кенг кўламли савдо амалиётлари натижасида, табиийки, ер нархи тез суръатда ўсди. Бироқ, билсангиз, ернинг бир хусусияти бор – ҳеч қандай шов-шув кўтарилмаса ҳам унинг нархи мунтазам ошиб туради. Шундай экан, ширкатимизнинг бу жараёнга таъсири унчалик сезилиб қолмади. Кейин эса ер нархи туша бошлади. Гап шундаки, менинг вакилларим ер майдонларини сувтекинга ижарага бермоқда эди.

 

Реклама ва тарғиботнинг ҳам фойдаси бўлди, албатта. Қисқа фурсат мобайнида биз аҳолини ер сотиб олгандан кўра, уни ижара тутган афзалроқ эканига ишонтирдик. Ҳатто бир умр заминдор бўлишни орзу қилган тадбиркорлар ҳам сармоясини ижара ер олишга тика бошлади. Иш шу даражага бориб етдики, баъзан ерга кўчмас мулк ўлароқ тўланадиган солиқ ер нархидан ҳам қиммат бўлиб кетарди. Бошқа томондан, сотувга қўйиладиган ер майдонлари камая, нарх эса оша борди. Ер олибсотарлиги ҳам бирмунча сусайди.

 

Биз шаҳарлардаги квадрат метрининг нархи бир неча миллион иенга тенг ерларга эга ишбилармонларни ҳам ўз измимизга солишни уддаладик. Шунчаки бозор нархидан ташқари, уч йил мобайнида ер нархи қанча ошса, шу маблағнинг учдан бир ҳиссасини уларга тўлаб беришдек мажбуриятни зиммамизга олдик. Мабодо уларни мўлроқ фойда кўриш қизиқтирса, сармояни ердаги кўчмас мулкка тикишни таклиф қилдик ва айни замонда, ер майдонларини уларга ўта манфаатли шартларда ижарага бердик. Бундай сердаромад таклифдан қайси аҳмоқ бош тортади дейсиз! Табиийки, ўзимиз энди банкдан айланма маблағ ола бошладик – сотиб олган ерларимизни гаровга қўйиш эвазига банклар насия берарди. Шунга қарамай, нафас ростлаб улгурмасдан балансимиздаги ортиқча сарф-харажат бир неча миллиардни ташкил этса денг! Рост, солиқ қўмитаси бизни безовта қилмади – мен вақтида чора кўриб қўйган эдим. Бундай вазиятда бировга фириб бериш хаёлимга ҳам келмасди. Фирибга бало борми! Мен хўжайинга содиқ хизматкорга айланиб, худди ақлдан озгандек тинимсиз ер сотиб олардим. Ишонинг, японнинг шунча ери унга нимага керак экан, деган ўй миямда минг марталар айланган. Маблағни беҳуда елга совуриш-ку бу, эсиз шунча пул! Одам дегани меъёрни билиши керак-да, ҳар ишнинг чек-чегараси бор, ахир!

 

Қолаверса, пул сарфлаш – нозик масала. Баъзи одамлар бир нарсага ёпишиб олса – тамом, қанча маблағ таклиф қилинмасин, ўлақолса кўнмайди. Кимдир эса, аксинча, арзимас нимадир ёқиб қолса – дейлик, почта маркаси – шуни қўлга киритиш учун борини сарфлашдан ҳам тоймайди. Баъзан ана шу яғир босган қадимий маркага бир дунё пул тўланади. Ўлай агар, шу ишларга каллам етса!..

 

Алҳосил, биз аста-секинлик билан сотиб олиш мумкин бўлган ер борки, барини ўзимизники қилдик. Ўжарлик билан мулкидан ажралишни хоҳламаган одамлардагина ер қолди, холос. Бу ҳақда хўжайинга айтиб, боши берк кўчага кириб қолдик, деганимни биламан, у тутақиб кетди:

 

– Эй, каллаварам! Сотмайман деган бўлса, кутамиз, токи сотишга қарор қилгунича кутамиз! Сиз японларда, адашмасам, шундай мақол бор: “Булбул сайрамаяптими, демак, сайрагунича кутамиз!” Тезроқ ерини сотсин десангиз, уларга туртки бериб юбориш, бирор йўл-йўриқ ўйлаб топиш керак.

 

У менга яна битта аҳмоқона вазифа юклади – заминдорлар орасида шундай бир ғирром васиқа шартномаси тарқатармишманки, унга кўра, ер эгалари қачондир бир кун ерини сотишга қарор қилгудек бўлса, бизга ва фақат бизга сотиш мажбуриятини бўйнига олиши керак. Менга қолса, буниси энди ўтакетган бемаънилик. Агар ўша одам ер сотишни ҳеч қачон хаёлига келтирмаса-чи?! Амлокдорлар-ку зарар-парар кўрмасди: шартнома учун биз уларга пул тўлаяпмиз-да. Ҳаммаси индамай имзо чекди, нима бало, ақлдан озганми булар? Мен энди ўзимни қаллоб эмас, баайни саховатпеша – филантропдек ҳис қилмоқда эдим. Эҳ, ёқимсиз ҳис экан бу! Назаримда, шу хайриячиларнинг бари савдойи бўлса керак, калласи жойида эмас-ов. Гап шундаки, яқин кишига бўлган меҳр-оқибат деган гаплар бу ерда мутлақо аҳамиятсиз. Хайриячидан кўра товламачининг одамгарчилиги бор, мен сизга айтсам.

 

Шартномага ҳамма имзо чекди, дея далолат қилдим хўжайинга. Аслида-ку, деярли ҳамма десам тўғрироқ бўларди. Кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи баъзи йирик ширкат ва монополист савдогарлар орасида ҳам баъзи тентакнамо – ўр-қайсарлар бор эди.

 

– Мана буни олинг, камзулингизнинг кўкрак чўнтагига солинг-да, боринг ўша ўжарларнинг ёнига! – деди хўжайин мўъжаз радиоприёмникка ўхшаган аллақандай япалоқ қутичани менга узатиб. – Бу ширкатларимнинг бирида махфий тарзда ясалган мия тўлқинлари узаткичи. Ҳамма-ҳаммасига учранг – биронтаси қолиб кетмасин! Кўрасиз, угиналар гап нимадалигини дарров фаҳмлайдию мулла минган эшакдек итоатли бўлади-қолади.

 

Ё тавбангдан кетай! Ҳазилми ахир – одамни сизга бўйсунишга мажбур этадиган ускуна! Ким билсин, балки хўжайин – манави бадбашара ҳам чўнтагида шунақа матоҳ олиб юргандир, шу сабаб мен унга итдек итоат этаётгандирман... Биласизми, ростдан ҳам ғалати ҳис бу – сиз гўё қўғирчоққа айланиб қолгандайсиз.

 

Хўш, нима бўлди дейсизми? Қурилма панд бермади! Ҳамма рози бўлди – истисносиз, ҳатто йирик корхоналар бошқарув кенгаши аъзолари ва акциядорлар ҳам. Ҳай майли, сиз қўл қўй десангиз – қўямиз-да, биздан нима кетди, дейишди... Рости, мен ўзимни сипо тутдим, сурлик қилиб туриб олмадим, таклифимни айтдим, холос. Зудлик билан сотиш ҳақида-ку гап ҳам бўлмади, шунчаки ўзларига таниш шартномани имзолашни таклиф қилдим, қачон хоҳласангиз шунда сотасиз, ҳатто юз йилдан кейин сотинг – бизга фарқи йўқ, дедим. Бунинг устига, ижара ҳуқуқи, ер ости бойликларини қазиб олиш ҳуқуқи уларда қолди, биз фақат мулкка эгалик ҳуқуқини сўрадик. Розилик бермай бўладими! Ижара ҳуқуқи нима эканини биласизми? Бу ҳазилакам гап эмас – шундай ҳуқуққа эга одам қайта сотувда баб-баравар шерик ўлароқ иштирок эта олади. Ўша чоқ бу уддабурон корчалонларнинг хаёлидан нима ўтгани менга беш қўлдек аён: шундайин шартлар асосида ер сотиб олаётган анойининг башарасини бир кўрсак эди! Уччига чиққан устомонлари осонгина ижара ҳуқуқини сота бошлади. Тез орада бу биржа чайқовида энг харидоргир олди-сотдига айланди-қолди – илгарилари кўчмас мулкнинг бозори ана шундай чаққон бўларди.

 

Нима бўлганини фаҳмлаяпсизми? Хўжайиним, бошида менга содда-гўл қишлоқи бўлиб кўринган ўша ғаройиб кимса, ерга эгалик қилишни бемаънигарчиликка айлантирди. Ер-мулк деган нарсани йўққа чиқарди. Менинг каллам мутлақо ишламай қолди. Унинг қанча пули бор, қаердан олади, қанча харжлади... ҳаммаси миямда қоришиб-чалкашиб кетди. У нафақат мансабдорларни, ҳукуматни ҳам чув туширди. Қандай қилиб дейсизми – ақл бовар қилмайди... Мен ҳатто қўғирчоқ эмас, автоматга айландим: ҳар куни гўё алоқ-чалоқ туш кўраётган каби аллақандай одамлар билан учрашаман, гумашталаримизга кўрсатма бераман, хўжайиннинг буйруқларини бажараман...

 

Шу тариқа, бошлиғим тўғридан-тўғри ёки билвосита япон ерларининг барига эга чиқди. Ҳали унинг мулкига айланманган ерлар вақти келиб унга ўтиши керак эди. Табиийки, васиқа сохта номга расмийлаштирилади. Бироқ биз тоза ишлардик. Бирор кимса жилов аслида кимнинг қўлида эканидан шубҳаланмасди ҳам. Мен-ку, хўжайин ким эканини биламан. Қасам ичиб айтаманки, у Япониянинг ҳақиқий эгасига айланди – ҳа-ҳа, шундай бўлди! У ўргимчак тўридек еримизни буткул – катта-кичик мулклари, майдону майдончалари билан қамраб олди. Бу вақтга келиб “муддатсиз васиқа шартнома”си ҳам иш бера бошлади. Ер ҳам бошқа мол-мулк сингари мудом фойдаланилади-ку: Худонинг берган куни кимдир қаердадир нимадир сотади. Ер майдонлардан биттаси сотувга қўйилиши ҳамоно хўжайиннинг чангалига тушади.

 

Ниҳоят шундай кун келдики, энди бу ерда қиладиган ишим қолмади, деган қарорга келдим.

 

– Йўқ! – деди хўжайин. – Ҳали давлатга тегишли ерлар бор ахир!

 

– Кечирасиз-у, ўзингиз айтиб турибсиз – давлат ери деб, демак, у давлатга тегишли... Мулкка эгалик...

 

– Мулкка эгалик? Нима, мулк сотилмайдими ёки сотиб олинмайдими? Сиз эмасмидингиз, пул бўлса бу дунёда ҳамма нарсани сотиб олса бўлади деган? Ҳамма-ҳамма нарсани сотиб олиш мумкин: аёл қалбини, ғояларни, профессионал бейсболчилар командасини, одам боласини ва ҳатто унинг эркини ҳам! Бас, демак, эгалик ҳуқуқини ҳам сотиб олиш мумкин. У давлатга тегишли эканининг эса мутлақо аҳамияти йўқ.

 

“Иш”имизнинг кейинги босқичига ўтдик. Давлат ерлари бошқармаси ва давлат ерларини жисмоний шахсларга сотиш қўмитасигача чиқишга тўғри келди. Давлатга тегишли жуда кўп ер майдонлари сотувга қўйилган эди, лекин мен сал-пал чўчиб турардим. Ҳай, дедим, анча-мунча тер тўкаман чоғи: шишиниб кетган тўралару парламент депутатларини кўндиришнинг ўзи бўладими! Эй, тасаввур қиляпсизми, шу қадар тез – хамирдан қил суғургандек осон битдики бу ишлар! Давлат ерларини сотиб олиш билан шуғулланадиган барча корхона ва жисмоний шахсларга бирма-бир учраб, олган ерини қайта сотишга қарор қилгудек бўлса, бизга мурожаат этишга кўндирдим. (Ахир, ҳайрон қоладиган жойи йўқ – ҳалиги мўъжизакор ускуначани киссамдан қўймай олиб юрибман-да!) Буниси ҳолва! Биз ҳатто парламент орқали зўр бир қонун лойиҳасини ўтказишга ҳам муваффақ бўлдик. Жиддий сабаб ҳам топила қолди: ер нархи ошишига қарши кураш ва ернинг ижтимоий фойдали қиймати учун! Бу қонунга мувофиқ, давлатга қарашли ерлар келгусида фақат “Табиат бойликларини муҳофаза қилиш сайёҳлик жамияти” ва “Ердан умумфойдаланиш иттифоқи”га сотилиши мумкин эди, холос. Бу жамиятларга қўйилган сармоя давлат билан бизга тегишли эди. Лекин одатдагича улуш тенг тақсимланмаган – бизнинг сармоя давлатникидан кўпроқ эди. Шу тариқа, ер-мулкка эгалик масаласи кўтарилиши билан: ер кимники ва қандай ер экани – бу давлатга қарашли ботқоқлик ёки тоғ чўққиси бўладими – мутлақо аҳамияти йўқ, мулк тўғридан-тўғри бизнинг ташкилотга ўтар эди.

 

Мулк ҳуқуқига эгалик бу ҳуқуқни бошқа шахсга хоҳлаган шаклда ўтказиш имконини берарди. Шундай қилиб, фақат ҳеч кимга тегишли бўлмаган нарса, дейлик, ҳаво ёки қуёшнигина сотиб олиш имконсиз. Фудзи тоғининг чўққиси, аллақандай фойдасиз дашти биёбон ёхуд одам қадами етмаган орол дейсизми, кимга (бирор шахс ёки давлатга) тегишли эканидан қатъи назар – сотилиши, шунингдек, нимадир сабаб билан сотиб олиниши мумкин.

 

Хуллас, Японияга қарашли ҳамма ер, умум фойдаланадиган йўллар ва давлат уй-жой кооперативлари эгаллаган ҳудудлардан ташқари, хўжайинимизнинг мулкига айланди. У тоғлару дарёлар, кўллару оролларнинг барига соҳиб бўлди. Ердан фойдаланиш ҳуқуқи аҳолининг ўзида қолди, бу ҳуқуққа биз мутлақо дахл қилмадик. Бир қарашда, Япония ўша­ўша ғала-ғовур мамлакатдек кўринарди. Бироқ аслини олганда, японлар энди ўз ерига эга эмас. Бунга икки кишининг яширин ҳийла-найранглари сабаб эди. Мен бўлса нохуш туйғулардан ҳеч халос бўлолмасдим: гўё сароб – ҳақиқатда бўлмаган, қўл теккизсангиз йўқолиб қоладиган хаёлий мамлакат гирдобига тушиб кетгандек эдим.

 

– Раҳмат! Япония энди меники! – деди анави қурбақа менга мўмай пул ёзилган чек узатиб. – Мен сизни барча вазифаларингиздан озод этаман.

 

Шубҳасиз, бошим осмонга етди. Пулимни олдим, энди яна бирор дахмаза чиқиб қолмасдан дов-дастагимни кўтариб жуфтакни ростлашим керак, деб ўйладим. Оёғим шундоқ ҳам қичиб турибди – тезроқ қочсам-кетсам дейман. Бироқ беихтиёр унга савол қотдим:

 

– Хўш, Японияни нима қиласиз энди?

 

– Нима қиламан? Табиийки, ватанимга олиб кетаман! – деди қурбақа пинагини бузмай. – Сиз ўшанда Японияни мақтаганда ҳақ экансиз. Беқиёс ўлка! Кўркам, ғайриоддий. Табиатини айтмайсизми! Мафтункор! Манзаралар нақадар ранг-баранг – баланд тоғлар, ороллар, кўрфазлар! Иқлими-чи, ҳар таъбга мос: қор-қировли, субтропик ва унча-мунча иссиқ. Тарих, кўҳна маданият ва замонавий юксак тамаддун омихта бу ерда. Оламшумил илм-фан ютуқлари билан бақамти ибтидоий тарзда турмуш кечираётган яримёввойи қавм! Бу ерда хилма-хил элат ва қабилаларни учратиш мумкин – бутун дунёдан оқиб келган сайёҳлар. Жаҳон саноати намуналари, турли мамлакатларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари намуналари – ҳаммаси бор бунда. Бу ер Шарқ билан Ғарб туташган чорраҳа. Қисқа қилиб айтганда, Япония – Ер сайёрасининг кичик бир нусхаси: ҳамма нарсадан бор – озгинаю созгина. Гўзал митти боғ!.. Ҳа, Япония ердаги тамаддуннинг энг муваффақиятли тимсолидир.

 

– Сизнинг ватанингиз қаерда?

 

– Ҳув анави ёқда! – деди у тунги осмон қўйнида милтиллаб турган юлдузларга ишора қилиб. – Олис-олисларда.

 

– Ҳой, нима, эсдан адашганмисиз? – деб қичқириб юбордим мен. – Хўп, мен қаллоб, товламачи, уччига чиққан ярамасдирман, аммо ким бўлишимдан қатъи назар, ватанимни шундай олисга олиб кетишингизга жимгина қараб туради деб ўйлайсизми?!

 

– Лекин Япония деб аталмиш макон энди бутунича менга тегишли. У меники, – деди қурбақа илжайиб. – Мен айтдим-ку, ахир, аҳолига ҳеч қандай ўнғайсизлик туғдирмайман. Япон халқи – хизматчилар, деҳқонлар, балиқчилар, зиёлилар, талабалар, сиёсий арбоблар, ишбилармонлар, ёзувчилар – барча-барчаси шу кунгача қандай яшаган бўлса, бундан кейин ҳам худди шундай умр кечираверади. Ер юзидаги ҳаёт айнан давом этаверади. Зотан бу ерни бутунича олиб кетаман.

 

– Марҳамат қилиб охирги саволимга жавоб берсангиз, – дедим мен бу телба, эҳтимол, чиндан ҳам бошқа сайёралик жонзот қаршисида қўрқувдан дағ-дағ титраб. – Модомики, Японияни самонинг аллақайси пучмоғига кўчириб кетишдек зўр қудратга эга экансиз, ер сотиб олишдек майнавозчиликнинг нима кераги бор эди сизга? Шартта олиб кетаверсангиз бўларди-ку!

 

– Бизнинг сайёра – тижорат сайёраси. Биз савдо-сотиқ қонуниятларини ҳурмат қиламиз. Ҳаммаси ҳалол бўлсин дедим, холос! – У хохолаб юборди. – Ахир, мен деярли қонуний йўл тутдим! Мен Япониянинг, шунингдек, бошқа мамлакатларнинг ҳам бойишига ҳисса қўшдим. Шу вақт мобайнида сизларда – Ерда олтин, оқ тилла, қимматбаҳо тошлар қанчалик кўпайганини биласизми? Бироқ, нега шу арзимас темир-терсагу тош-пошни деб ўзингизни нақд томдан ташлайсиз, ҳеч ақлимга сиғмайди.

 

Қўрқувдан оёқ-қўлим музлаб ура қочдим. Ортимдан унинг ёқимсиз қаҳқаҳаси узоқ вақт янграб турди. Нима қилдим мен, нима қилиб қўйдим?! Ана-мана дегунча ватаним бошига ўнглаб бўлмас кулфат тушади ва бу ёруғ оламда бирор тирик зот бунга моне бўлолмайди. Юрагим аччиқ алам ва уятдан зирқираб кетди.

 

Нафасим бўғзимга тиқилиб кемалар тўхтайдиган жойгача югуриб бордим ва ўқдек отилиб кема нарвонидан яхта бортига тушдим. Мабодо Япониядан қочиб кетишга тўғри келиб қолса деб аллақачон шу кемани шайлаб қўйган эдим. Ҳозир имкон қадар тез бу ҳалокатга маҳкум мамлакат қирғоқларидан узоқлашсам дердим. Очиқ денгизга чиқиб олгачгина ортга ўгирилдим. Айнан шу вақт содир бўлди ўша ҳодиса. Неон ва электр чироқларидан чароғон Япония осмонида юзлаб баҳайбат учар ликопчалар муаллақ турарди. (Табиийки, буни ёлғиз мен кўрмадим, бошқа одамлар бу ҳақда нега ҳанузгача лом-мим деб оғиз очмайди, ҳайронман.) Учар ликопчалардан мовий тусли нурми, пардасимон алланималар ажралиб, Японияни буткул қамраб олди. Мен бу манзарадан кўз узолмай турганимда Япон ороли денгиз билан бирга худди шаффоф халтадаги балиқдек секин-аста ҳавога кўтарилди! Бундайин даҳшатли томошадан донг қотиб қолдим, овозим чиқмай, деярли ҳушимдан айрилдим. Учар ликопчаларга боғланган Япония эса борган сари баландлаб бораверди ва ниҳоят, аллақайси бир нуқтада – афтидан, анави жирканч қурбақанинг, ўша газанданинг она сайёраси жойлашган манзил бўлса керак – кўздан ғойиб бўлди. Шу он фавқулодда тўфон бошланди – мисли кўрилмаган тошқин қўпиб, кемамни сувга ғарқ қилди. У билан бирга менинг бор бойлигим сув қаърига чўкди...

 

 

5

 

Шу, айнан мана шу қўлларим билан Японияни сотганман, ватанимни самодан келган бир келгиндига пуллаб юборганман. Ўшанда нимани ҳис этганимни сизга қандай ифодалаб берай? Эҳтимол, бундай виждон азобини бу дунёда ҳали бирон тирик жон бошдан кечирмагандир. Пировардида жиннихонага тушиб қолдим, даволандим, тўғри, у ерда кўп ётмадим. Кейин яна денгизчиликка ёлландим. Энди эса шу кенгликларга сузиб келишимиз ҳамоно кўзёшларимни тия олмайман. Ўкиниб-ўксиниб йиғлайман.

 

Япония... бу мамлакат чиндан ҳам гўзал эди... Нега шунақа, а? Одам дунёдан ўтгачгина унинг қадри билинади. Япония ҳам ер юзидан ғойиб бўлгачгина мен уни чинакамига севишимни англадим. Ифлос, аянчли, одамлар чумоли уясидек ғужғон ўйнаган, қинғир-қийшиқ тор кўчалару зич жойлашган харобазорлардан иборат шаҳарлари ахлатга ботиб бораётган ва айни чоқда... нафис, чароғон, куч-қувватга тўлиб-тошган навқирон Япония... Япон аёлларининг табассуми, Фудзи тоғи... Қадрдон зумрад тоғлар, ороллару денгизлар... Кўркам митти боққа ўхшаган мамлакат... қадимий ибодатхоналардаги сокинлик... бу оламда билмаган нарсаси йўқ донишмандлару зиёлилар... аломату ғаройиб кўнгил очиш масканларидаги неон чироқлар ёғдуси... бари-бариси йўқ бўлди... Из-пизи ҳам қолмади! Йиғламай бўладими ахир?! Мен, ёлғиз мен айбдорман! Кунларнинг бирида мен – уччига чиққан овсар, каллаварам, ўзига бино қўйган майда товламачи маст­аласт ҳолда ўша нусхага “Японияни сотиб олинг!” деб лақиллаганим учунгина бугун ватаним бу дунёдан изсиз йўқолди. Мен... мана шу иркит қўлларим билан бебаҳо жавоҳир мисол гўзал Япониямни пуллаб юбордим. Ўз ватанимни сотдим!..

 

Гарчи... ўйлаб қаралса, кимдир нимадир сотмоқ ниятида бўлса, харидор мудом топилади... Қанийди, офтобу ҳаво янглиғ ер ҳам ҳеч кимга тегишли бўлмаса! Эгаси йўқ нарсанинг харидори ҳам бўлмайди-да! Шунда ернинг нархи ҳам яшин тезлигида ошиб бормас, дуч келган очофат ўзига керак бўлса-бўлмаса, ерга чанг солавермас эди. Шунда “Тижорат сайёраси”дан келган анави жирканч қурбақага ўхшаганлар ҳам икки қўлини бурнига тиқиб қолаверарди...

 

Ҳикоям интиҳосида сизга бир гапни айтиб қўйишим керак... Кечирасиз, ватанингиз қаер эканини билмайман, лекин айни чоқда анави қурбақа айнан ўша ерларда изғиб юрган бўлса, эҳтимол. Балки ҳали ҳеч ким ҳеч нимани пайқамаётгандир, ҳаёт одатича давом этаётгандир, бироқ яхшилаб қаралса – мудҳиш манзара намоён бўлиши мумкин: мамлакат аллақачон бус-бутун ғойиб бўлгандир! Аллақандай муттаҳам ёт-бегонага пуллаб юборилгандир. Завод, фабрикалар қад кўтариб турган, бир замонлар кимлардир ётқизган ва қайта-қайта ётқизилган темирйўллар чўзилган мана шу замин энди олис сайёралик келгиндилар қўлига ўтгандир. Демак, одамлар ҳам бор лаш-луши билан ўша нусхаларнинг мулкига айланган. Аммо ўзларининг ҳеч гапдан хабари йўқ... Ахир, Япония ҳам шундоқлигича – бутунича сотиб юборилган эди. Мана, мана шу ерда – ҳозир кемамиз сузиб ўтаётган жойда эди у бир замонлар. Шу учун ҳам айтяпман-да: ҳазир бўлинг! Нима, кулгилими? Куладиган жойи йўқ – ўта аянчли тарих... Мен, масалан, куладиган аҳволда эмасман. Яна илжайяпсиз... масхаралаяпсиз чоғи... Эй, қанақадир ғалати кўриняпсиз кўзимга. Ҳа-ҳа, қулоқларингиз диккайган, кўзларингиз худди тугмачадек... Ҳой сиз, менга қаранг, бирор бир мамлакатни сотиб олиш пайида эмасмисиз ишқилиб?..

 

Рус тилидан

Шоҳсанам РЎЗИМАТ қизи таржимаси.

 

“Tafakkur” журнали, 2023 йил 3-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси