Инсоният тинчликда яшашга ҳақли


Сақлаш
15:04 / 03.04.2024 227 0

Биз яшаётган аср инсоният учун сиёсий, ижтимоий, иқтисодий тараққиёт, илм-фан ва технологияларда салмоқли ютуқлар даври бўлди. Шу билан бир қаторда, давлат ва жамият барқарорлиги, инсоният эркинлиги, ҳаёти учун турли кўринишдаги таҳдидлар сони кўпайди. Мана шундай мураккаб вазият ва глобаллашув шароитида мамлакатлар ривожи, улардаги халқлар турмуш шароитларини яхшилаш, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда давлат томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар кўлами, долзарблиги ортди. Нафақат сиёсий, иқтисодий соҳаларни, шунингдек, гуманитар, маънавий, маърифий, маданий соҳаларни ҳам такомиллаштириш, тегишли маъмурий ислоҳотлар олиб бориш актуал вазифа эканлиги аён бўлди.

 

Янги даврдаги сиёсат, иқтисод, жамият сиёсий, мафкуравий, ҳарбий таҳдидлар каби турли ижтимоий феноменлар билан юзлашмоқда. Дунёнинг геосиёсий модели шундай мураккаб, мувозанатсиз, ўзига хос ўтиш давридаки, ҳар қандай ижтимоий ҳодисалар сиёсий-ижтимоий жараёнлар динамикасига таъсир кўрсатиши мумкин.

 

Охирги йилларда радикализмга қарши курашиш масаласи глобал масштабларда муҳимлиги жиҳатидан ҳар қачонгидан кўра долзарб аҳамият касб этмоқда. Жаҳон ҳамжамияти давлатларида содир бўлаётган нотинчлик, давлат ва жамият беқарорлиги, терроризм хуружлари бу иллатларга қарши курашишда янада фаолроқ ва оқилона ҳаракат қилишни тақозо этади.

 

Жорий йилнинг март ойида Москва шаҳрида жойлашган Крокус марказидаги террористик хуруж жаҳон ҳамжамиятчилигини даҳшатга солди. Бу биргина Россия учун мусибат эмас, балки бутун инсоният учун таҳдид сифатида кўрилиши лозим бўлган фожиа. Бугунги глобализация шароитида бир мамлакат ҳудудида юз берган террористик ҳужумлар бошқа давлатлар жамиятида ҳам ўзига хос акс-садо беради. Бугунги кун терроризми замон ва макон, ҳудуд билан чегараланмайди. Унинг таҳдид кучи ҳар қандай чегараларни ошиб ўтиш имкониятига эга бўлиб бормоқда. Ушбу таҳдидга бефарқлик кўплаб жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

 

Халқаро ҳамжамият тараққиётига жиддий хавф туғдираётган замонавий таҳдидлардан бири радикализм ҳисобланса, унинг энг аянчли кўриниши терроризмдир. “Таҳдиднинг яна бир манбаи – террорчилар ва бошқа жиноий гуруҳларнинг ҳаракатларидир. Сўнгги йилларда содир этилган террорчилик ҳаракатлари бундай таҳдидларнинг тобора жиддий тус олаётганини кўрсатмоқда”, дея таъкидлаган эди Президентимиз ўзининг “Янги Ўзбекистон – тараққиёт стратегияси” асарида. Бундан бир неча йиллар олдин айтилган бўлишига қарамасдан, бу таъриф бугунги кунда ҳам ўзининг актуаллигига эга.

 

Ҳар бир террористик акт экстремистик фаолият натижаси, радикализмнинг ғоявий асосига таянади. Шу жиҳатдан террор ҳаракатларини радикализм билан боғлаш одат тусига айланган. Бироқ, уни диний мотивлар билан боғлаш доим ҳам мантиқан тўғри бўлавермайди. Крокус марказидаги террор ҳужумлари борасида турлича талқинлар берилди ва берилмоқда. Шундай бўлса-да, ушбу ҳужумларнинг диний мотивларга асосланганлиги ҳануз исботини топганича йўқ.

 

Миллат, ҳудуд, замон билмас терроризмга қарши гоҳ муваффақиятли, баъзан самарасиз кураш давом этмоқда. Унинг турли кўринишлари замонавий сиёсий жараёнлар ва тенденцияларга мос равишда турланиб, мослашиб, такомиллашиб бормоқда.

 

Терроризм – ўта мураккаб, оқибати аянчли ижтимоий феномен. У бузғунчилик, зўравонлик, инсонлар ҳаётини барбод қилиш, давлатлар ва жамиятлар барқарорлиги ва хавфсизлигини издан чиқарувчи иллат. Турли минтақаларда, кўплаб вазиятларда, террорчи кучларга нисбатан турлича муносабатнинг мавжудлиги жиҳатидан унга аниқ ижтимоий ҳодиса сифатида умумий таъриф бериш мураккаб. Террор усулларидан консерватив, сиёсий, диний, миллатчи руҳдаги кучлар ҳам фойдаланиши мумкин, лекин уларнинг асосий мазмуни, моҳияти ва муддаолари аниқ мақсад ва сиёсий тусга эга бўлади.

 

Терроризмнинг энг хавфли жиҳати – замонавий глобализация шароитида ҳудуд билмаслиги, унинг учун ёпиқ ёки дахлсиз ҳудуднинг мавжуд эмаслигидир. Дунё ҳамжамиятининг барча давлатлари мазкур иллат билан юзлашиши эҳтимоли жуда юқори.

 

Таъқиб, зўравонлик, қўпорувчилик ва қотиллик терроризмнинг ҳар қандай кўриниши учун умумий хусусият бўлиб, буларнинг барчаси инсонпарварлик ғоялари, бағрикенглик, демократия, адолат тамойилларига зиддир. Шу жиҳатдан, қандай ниқоб ва мақсад остида амалга оширилмасин, моҳиятан, терроризм – бутун башариятга, тараққиётга, барқарорликка, эзгулик ва тинчликка қарши ижтимоий характердаги жиноятдир.

 

Муайян муддат ўтиб Крокус фожиасининг асл ижрочилари, уларнинг мақсад ва муддаолари аён бўлади. Лекин, бундан кимга қандай фойда бор. Терактда қурбон бўлганлар оилаларининг мусибати енгил бўлиб қолмайди. Вақт ҳар қандай дардни даволайди. Бироқ, инсонлар қалбидаги маънавий, руҳий жароҳат асоратлари узоқ муддат сақланиб қолади. Россия халқи бошидан кечирган фожианинг мазкур асоратлари осонликча барҳам топадими...

 

Ўзбекистон раҳбарияти биринчилардан бўлиб Россия халқига ўзининг ҳамдардлигини билдириши ҳам рамзий маънода катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон доимо тинчлик, барқарорлик тарафдори бўлиб келган. Ўзбекистон ҳеч қачон жаҳон ҳамжамиятида юз бераётган сиёсий, ҳарбий, маънавий тазйиқларни қўллаш сиёсати тарафдори бўлмаган. Кўп миллатли Ўзбекистон халқи доимо бағрикенглик, инсонийлик, тинчлик ва бирдамликни қўллаб келган. Бугунги глобал муаммоларни ҳал этиш ва унинг самараси дунё ҳамжамиятининг биргаликдаги саъйи-ҳаракатларига боғлиқ эканлигини таъкидлаш – Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим доктриналаридан биридир.

 

Крокус фожиаси инсоният хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий ёндашувларини ишлаб чиқиш заруратини кўрсатди. Ҳеч бир ҳудуд, давлат, жамият, миллат бу каби таҳдидлардан холи деб бўлмайди. Бугунги кун ҳақиқати ҳушёрликни, ҳамжиҳатликни, бирдамликни талаб қилади.

 

Сарваржон ҒАФУРОВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар

институти бўлим бошлиғи,

сиёсий фанлар доктори, профессор

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси