«Улар бандитларни эмас, қора сочлиларни ушлайди». Крокус’даги терактдан сўнг Россияда мигрантларга қарши рейдлар ва миллатчилик авж олмоқда


Сақлаш
18:03 / 26.03.2024 212 0

 

«Crocus City Hall»даги теракт ва Тожикистон фуқаролигига эга бўлган гумондорлар қўлга олинганидан сўнг Россия хавфсизлик кучлари «шарқона қиёфага эга» одамларни текширишни кучайтирди. Россия шаҳарларида инсонлар тожикистонлик ҳайдовчиларнинг такси хизматидан фойдаланишдан бош тортмоқда. Тожик диаспораси етакчилари эса ватандошларига кечки пайтда уйларини тарк этмасликни тавсия қиляпти. Қамоққа олинган гумонланувчилардан бири ишлаган сартарошхона ходимларига оммавий равишда таҳдидлар ёғила бошлаган.

 

«Cроcус Cитй Ҳалл»даги терактнинг эртаси куни ижтимоий тармоқларда Брянск вилоятидаги Россия-Украина чегараси томон кетаётган вақтда хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинган гумонланувчиларнинг исмлари пайдо бўлди. Улардан бири, 19 ёшли Муҳаммадсобир Файзов бир неча ойдан бери Тейково шаҳридаги «Площадка» (Майдон) сартарошхонасида ишлаб келган. Бундан хабар топган маҳаллий аҳоли салон администратори ва ишчиларига таҳдид қила бошлаган.

 

«База» телеграм каналида чоп этилган скриншотларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари «ушбу барбершоп»га «тўдалашиб бориш»ни, салон ходимларининг уйларини топиб, ўт қўйишни таклиф қилган. Бундай изоҳлар қаерда қолдирилганига аниқлик киритилмаган. Катта эҳтимол билан, сартарошхонанинг «ВКонтакте»даги норасмий саҳифасида ёзилган, бироқ кейин ўчириб ташланган.

 

Муҳаммадсобир Файзов суд залига замбилда олиб келинди

 

Аммо расмий саҳифада 23 март куни сартарошхона «ёввойи нафратга дучор бўлгани» ҳақида хабар қолдирилди. «Администратор ва ишчиларга қўнғироқ қилиб, таҳдид этишмоқда, одамлар паст баҳолар қўйиб, даҳшатли шарҳлар ёзмоқда», дейилган хабарда. Сартарошхона ходимлари Файзов салонда 2023 йил ноябридан синов муддатида бир неча ҳафта ишлагани, кейин эса алоқа узилганини тасдиқлаган. Кўп ўтмай бу хабар ўчириб юборилди, сартарошхона эса ёпилди.

 

Сартарошхона директори Ямина Сафиева «Московский комсомолетс» нашрига берган интервьюсида салон раҳбариятининг «телефонлари жиринглашдан тўхтамаётгани», одамлар қўнғироқ қилиб, таҳдидли хабарлар қолдираётганини айтган.

 

«Одамлар менга қўнғироқ қилиб, ўлим тиламоқда. Ўзим ҳомиладорман, нима қилишимни билмайман. Кўчага чиқишга қўрқяпман», деган Сафиева. Унинг сўзларига кўра, ходимлар Файзовда ҳеч қандай шубҳали нарсани пайқамаган.

 

25 март куни сартарошхонага борган «РИА Новости» нашри мухбири муассаса ходимлари сўроқ учун олиб кетилганини хабар қилган (Сафиева ҳам буни тасдиқлаган).

 

 

«Шубҳасиз, биз ҳозир ксенофобик кайфиятнинг муваффақияти ҳақида гапиришимиз мумкин. Мен ушбу кайфият бирдан ўсиб кетди деёлмайман, лекин энди у ўзини кўпроқ кўрсата бошлади», дейди «Мемориал» маркази эксперти Стефания Кулаева.

 

«Собиқ президент Дмитрит Медведов оғзидан «(терактга) ҳар қандай алоқаси бор инсонлар ўлдирилиши керак»лиги ҳақидаги гаплар чиқиб турган пайтда оддий халқдан яна нима кутиш мумкин? Албатта, бу ҳамма нарса мумкинлиги, барча нарсага рухсат этилгани бўйича аниқ сигнал беради. Ва бу жуда хавотирли», дея қўшимча қилади эксперт.

 

Маҳаллий «Itʼs My City» нашри ёзишича, Екатеринбургда полиция «шарқона кўринишга эга» одамларни текширишни бошлаган. Шаҳардаги савдо марказларидан бирининг маъмурияти эса ўз ижарачиларидан Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон фуқароси бўлган ходимлари ҳақида маълумот тақдим этишни сўраган.

 

«Бир томондан, улар (Россия ҳукумати) Россиянинг барча аҳолиси ва Марказий Осиёдан келган муҳожирлар Ғарбга қарши бирлашиши керак, демоқда. Бошқа томондан эса, уларнинг ўзи Украинага қарши уруш фонида ўта ўнг қарашларни дастаклади. Ва энди улар мигрантларга қарши қаратилган бундай ўта ўнг кайфиятдан қандай қочиш кераклигини билмайди. Бу биринчидан.

 

 

Иккинчидан, яқинда патриарх Кириллдек нуфузли шахс мигрантлар, айниқса, марказий осиёлик муҳожирлар Россия учун хавфли эканини, чунки улар бошқа динга эътиқод қилиши ва русларнинг цивилизациявий бирлигини бузишини айтди.

 

Бошқа томондан, Россияда Украинадаги уруш туфайли даҳшатли демографик инқироз пайдо бўлган ва ҳукумат Марказий Осиёдан келувчи меҳнат мигрантларисиз ушбу инқироз билан қандай курашишни билмайди. Шунинг учун ҳам улар ҳозир қандай йўл тутиши мутлақо номаълум», дейди сиёсий фанлар доктори, Марказий Осиё ва Афғонистон бўйича эксперт, Бегин-Садат номидаги стратегик тадқиқотлар маркази илмий ходими Андрей Казансев.

 

Такси хизматларининг айрим мижозлари тожикистонлик ҳайдовчиларнинг машиналарига чиқишдан бош тортмоқда. Телеграм каналлар ва нашрларда тарқалаётган скриншотларда мижозлар илова орқали ҳайдовчилардан агар Тожикистондан бўлса, буюртмани бекор қилишни сўраётгани акс этган.

 

«Салом, агар тожик бўлсанг, буюртмани бекор қил, мен сен билан кетмайман», дея ёзган такси хизмати фойдаланувчиларидан бири.

 

 

Кулаеванинг таъкидлашича, Тожикистон фуқаролари ксенофобик нафратнинг биринчи нишонига айланиши аниқ, аммо славян бўлмаган ҳар қандай одам бундай ҳолларда хавфга дуч келади.

 

«Нафақат тожикистонликлар, балки бутун марказий осиёликлар муаммоларга тўқнаш келиши мумкин. Биринчидан, россияликлар бир қарашда марказий осиёлик инсонни тожик, қирғиз ёки ўзбек эканини ажрата олмайди. Иккинчидан, кўпчилик ажратишни ҳам хоҳламайди, жумладан, полициячилар. Россияда Марказий Осиёдан келган меҳнат мигрантларини яхлит бир бутунликка бирлаштириш ва уларни хушламаслик тенденцияси бор. Менимча, бошқа мусулмон давлатлари вакиллари, хусусан, Озарбойжон ва Афғонистон фуқаролари ҳам хавф зонасида. Бироқ асосий таҳдид ҳозирда тожикистонликларга қаратилган.

 

«База» телеграм канали ёзишича, тожик диаспораси етакчилари ўз ватандошларига ишдан кейин, кечқурун уйдан чиқмаслик ва оммавий тадбирларда қатнашмасликни тавсия қилмоқда. Телеграм канал маълумотига кўра, айрим иш берувчилар тожикистонлик ходимларидан ҳозирги шахсий маълумотларини топширишни сўрамоқда.

 

Қирғизистон ТИВ мамлакат фуқароларини, хусусан, Россияда аввал бир неча марта маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган қирғизистонликларни РФдаги қўшимча хавфсизлик чоралари ва чегарадан ўтказишнинг кучайтирилган режими бекор қилинмагунча ушбу мамлакатга бормай туришга чақирди. Россиядаги қирғизистонликлардан одам кўп тўпланадиган жойларга бормаслик сўралди.

 

Давлат думаси депутати Константин Затулин терактдан кейин погром ва самосуд қилишга чақираётганлар жавобгарликка тортилиши лозимлиги, чунки улар моҳиятан «мамлакат ичида беқарорлик келтириб чиқариши»ни айтган. Унинг фикрича, мигрантларга қарши бундай шаклдаги кураш «вазиятни муқаррар равишда янада кескинлаштиради».

 

Россияда ишлаётган муҳожирларга бепул юридик маслаҳатлар берувчи ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик «Медиазона. Марказий Осиё» нашрига берган интервьюсида Крокусъдаги терактдан кейинги дастлабки икки кун ичида унга 2,5 мингдан ортиқ қўнғироқ бўлганини айтган. Хабарларнинг ярмидан кўпроғи полиция рейдлари ва ноқонуний ҳибсга олишларга доир. Мигрантларнинг айтишича, уларни полиция ёки Росгвардия тўхтатиб, ФХХ (федерал хавфсизлик хизмати) вакиллари билан «суҳбатлашиш учун» олиб кетган.

 

Полиция мигрантлар яшовчи ётоқхоналарга ҳам бостириб кирмоқда. Мурожаатларнинг аксарияти Москвадан, баъзилари Санкт-Петербург ва Екатеринбургдан келган. Полицияни нафақат Тожикистон, балки Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам қизиқтирмоқда (шикоят қилганларнинг аксарияти қирғизлар). Чупикнинг айтишича, 30 га яқин одам ўзига нисбатан турли қийноқлар қўлланганини маълум қилган.

 

Андрей Казанцевнинг фикрича, хавфсизлик кучлари рейд ва қўлга олишлар ёрдамида ўзларининг «иш самарадорлиги»ни, «ишлаётган»ини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.

 

 

«Россиядаги мигрантлар кучишлатар тузилмаларнинг босимларига тайёр туриши керак. Чунки улар терактга қандайдир тарзда муносабат билдириши лозим ва мигрантларга қарши кураш билан ўз реакциясини кўрсатишга уринади», дея қўшимча қилади эксперт.

 

«Кучишлатар тузилмалар аслида даҳшатли теракт амалга ошишига йўл қўйди ва энди ўзларини ишлаётгандек кўрсатмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячиси Сергей Адамович Ковалёв айтганидек, «улар бандитларни эмас, қора сочлиларни ушлайди». У буни Чечен уруши пайтидаёқ айтганди», деб сўзини тугатади Кулаева.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси