Библиотаф, библиофил ёки библиоман: Сиз қандай “китобхон”сиз?


Сақлаш
15:03 / 07.03.2024 220 0

Китоб ўқиш – дунёдаги энг кенг тарқалган, фойдали ва ёқимли машғулотлардан бири бўлса, ажабмас. Бу машғулот хотирани яхшилаб, стрессдан холос этади ва Альцгеймер касаллигининг ривожланишидан сақлайди. Аммо китобларни севиб, тўплайдиганларнинг барчасини ҳам мутолаа ишқибозлари сафига қўшиш нотўғри. Чунки китобни шунчаки, ташқи кўриниши учунгина ҳаддан зиёд сотиб оладиганлар ҳам топилади.


Яна, китоб саҳифалари орасидан келадиган “ифор”дан завқ оладиган ва китоблардан қўрқадиган одамлар ҳам анчагина.
Улар қандай номланишини биласизми? Oyina.uz китоб билан боғлиқ қизиқ, балки, сиз билмаган терминлар изоҳини жамлади.

 

Китоб ҳидидан завқланиш – библиосмия

 

Ёмғир ёки ернинг ҳидини яхши кўрадиганлар учраб туради. Худди шундай китоб ҳидидан завқланадиганлар ҳам талайгина. Бу ҳолатга асосан, кутубхоналарда гувоҳ бўлиш мумкин. Ўқувчи ўқиётган китобининг ҳар янги саҳифасини очганида, китобни бурнига тутиб, роҳатланади. Мана шу ҳолат библиосмия деб номланади.

 

Библиосмия термини китоб ҳидининг ўқувчига таъсирини ифодалайди. Библиосмияга “чалинган” одам электрон китобларнинг асосий камчилиги – босма китоблардаги каби ҳиди йўқлигида, деб айтади.

 

 

Китобнинг одамларга завқ берадиган (ифори) ҳиди қоғозлардаги кимёвий реакциялар натижасида пайдо бўлади. Кўпчилик китоб қанча эски бўлса, ҳиди ҳам шунча кучли ва ёқимли бўлишини таъкидласа-да, ҳақиқий библиосмиллар ҳар бир китоб янги ёки эскилигидан қатъи назар, ўз ифорига эгалигини айтади.

 

Библиофобия, мифофобия, метрофобияларга қарши абиблиофобия

 

Кимдир китобларнинг ҳажмидан чўчийди, яна кимдир уни қўлига олишга ҳам қўрқади. Баъзилар кутубхонага шунчаки вақт ўтказгани борса, яна бошқалар товуш чиқариб китоб ўқишдан ҳайиқади: бу уларда титроқ, тер босиши ёки йиғига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу каби китоб ва мутолаа билан боғлиқ қўрқувларнинг барини библиофобия термини бирлаштиради.

 

Библиофобияга тегишли мифофобия – ёлғон маълумотлардан қўрқиш ёки метрофобия – шеъриятдан қўрқиш ҳолатлари ҳам аксарият одамларда кузатилиб туради.

 

Библиофобияга қарама-қарши абиблиофобия тушунчаси ҳам мавжуд бўлиб, ўқиш учун ҳеч нима қолмаслигидан чўчийдиган одамларнинг ҳолати шундай номланади. Интернет ва ахборот олами ривожланган даврда бу фобия мавжудлигининг ўзи қизиқ туюлиши мумкин. Шундай бўлса-да, бир неча йил аввал, айнан тармоқларда пайдо бўлган Татьяна Толстаянинг “Кысь” романида абиблиофобия хуружига илк бор мисол келтирилади:

 

“Беннедикт тахмин қилишдан қўрқиб, қалтираган қўллари билан хазиналарни саралади; ... Буларнинг ҳаммаси бўлган, бўлган, бўлган, ўқиганман, ўқиганман, ўқиганман... Хўш, энди-чи: ҳаммасини ўқидим. Энди нима ўқийман? Эртага-чи? Бир йилдан кейин-чи?” – муаллифнинг ифодасига кўра, айнан шу вазият абиблиофобия ҳолатини акс эттиради.

 

Китоб йиғиш руҳиятдаги патология бўлиши мумкинми?

 

Китоб тўплашга бўлган иштиёқ баъзан библиомания деб номланувчи психологик ҳолатга асосланган бўлади. Ушбу термин илк марта Манчестердаги қироллик шифохонаси доктори Джон Ферриар томонидан, унинг муаллифлигидаги “The bibliomania” китобида қўлланилган.

 

 

Россиялик тарихшунос профессор Михаил Куфаев библиомания ақл эмас ҳиссиётлар маҳсули эканини айтади. Гап шундаки, библиоман чиндан ўқишни истаган китобларини эмас, бир китобнинг турли хил шаклини, масалан, илк нашри, сўнги нашри, қалин муқовадагиси ёки чиройли жилдлигини сотиб олаверади. Китоб мазмунан эмас, ташқи кўриниши, дизайнига кўра қизиқ ва қадрли бўлиб боради. Харидлар библиоманнинг маблағи қолмаса, қарз эвазига амалга оширилади. Бир сўз билан айтганда, китоб харидидан библиоманларни ҳеч нима, ҳатто, пулсизлик ҳам тўхтатиб қололмайди. Чунки бу ҳолат онгли равишда эмас, бошқарилмас ҳиссиётлар натижасида юзага келади.

 

Бундан ташқари, библиотаф ва библиофил терминлари ҳам бор. Улар библиомания билан жуда ўхшаш хусусиятга эга. Чалкашликлар юзага келмаслиги учун китобшунос Николай Лисовский бу терминларни аниқ таснифлар билан изоҳлайди:


Библиофил
– “Китобларни нафақат ташқи кўринишига, балки, ички мазмунига кўра севиб, қадрлайдиган ҳақиқий китобхон”.

 

Келиб чиқиш мазмунига кўра термин грекчадан (biblion – китоб, philein – севмоқ) китобларни севувчи деган маънони англатади. Библиофиллар асосий маблағини камёб ва қимматбаҳо китоб хариди учун сарфлайдиган коллекционерлар саналади.

 

Библиоман – “Китобларни асосан ташқи кўринишига қараб яхши кўради. У ўзининг жавонини китоб мазмунидан қатъи назар, унинг бежирим дизайни ёки ноёблигига кўра бойитади”.

 

 

Янада аниқроқ фарқлаш учун  Inlife Healthcare мақоласида библиоманиянинг асосий белгилари санаб ўтилади:

 

— Китобларни мания даражасида кўп харид қилиш;

— фойдасиз китоблар жамғариш;

— уни тўплаш ҳақида кундалик режаларга халал берадиган даражада кўп ўйлаш;

— бир китобнинг бир неча хил кўринишини тўплаш;

— безовталик, депрессия ва коллекция ҳақида доимий қайғуриш

     ҳамда шахсий ҳаёт ва муносабатларга қизиқишнинг йўқлиги библиоманиянинг яққол белгиларидир.

 

Библиотаф ҳам бир қанча сифатлари билан библиоманга ўхшаб кетса-да, уларни асосий бир жиҳат: библиотафнинг китобларига нисбатан ўта зиқналиги ажратиб туради.

 

Библиотаф термини грекчадан (biblio – китоб, tapho – беркитмоқ, кўммоқ) китобларни беркитаман, кўмаман деган маънони англатади. Библиотафлар ўзи тўплаган ноёб ёки сўнги нусхадаги китобларни бегоналардан шундай ҳимоялаб, яширадики, қаерга қўйганини баъзан ўзи ҳам эслолмайди.

 

 

 

Аниқроқ тасаввур бўлиши учун: Аслида, библиотафлар ёмон инсон бўлмайди. Уларни тартибсиз ёки ўғри дейиш ҳам ҳақорат. Хотираси ҳам жойида бўлади-ю, аммо сиздан, кутубхонадан ёки исталган жойдан олган яхши китобларини қайтаргиси келмайди. Одатда, улар кам нусхали ёки қимматли, эски китобларни тўплайди ва ўз китобларини ҳеч ким билан бўлишишни истамайди.

 

Энди ўйлаб кўринг, сиз қайси тоифага кирасиз?

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси