Кеча урилган “Фарғона қизи”  бугун ҳам калтак остида – бир фильм тарихи


Сақлаш
18:02 / 29.02.2024 251 0

Эътибор берган бўлсангиз, шу кунларда киномухлисларга нотаниш “Фарғона қизи” картинасидан олинган парча ижтимоий тармоқларда айланмоқда. Хусусан,  пивохўрлик базми акс этган кадрлар хусусида турли баҳс мунозаралар урчиди. Шу боис Oyina.uz “Бир асар тарихи” рукнининг навбатдаги сонини мазкур кинофильм таҳлилига бағишлади.  

 

“Фарғона қизи” фильми

 

Яратилган йили: 1948 йил.

Сценарий муаллифлари: Н.Ғаниев, М.Мелкумов.

Режиссёр: Наби Ғаниев.

Бош ролларда: Ю.Ризаева (Дилбар), А.Исматов (Жаббор ота), Хадича Исматова (Жамол опа), М.Юсупов (Агроном), Ғ.Аълоев (Собир) Р.Пирмуҳамедов (Полвон).

 

Фильм сюжетида фарғоналик гўзал ва шаддод колхозчи  қиз – Дилбарнинг руҳиятида содир бўлган эврилишлар ҳикоя қилинади. Дастлабки кадрларда уни йирик планда кўрамиз. Майда ўрилган сочлар устидан ироқи дўппи кийган актриса Юлдуз Ризаева ижросидаги Дилбарнинг қиёфаси томошабинни мафтун этади. Бу қизнинг беғубор орзуси – колхоз раиси бўлган онасининг “Олтин юлдуз” медали топшириладиган театр биносига кириш ва катта тантанада иштирок этиш. Аммо унга билет йўқ. Машинада онаси билан Тошкентга келган Дилбар шаҳарнинг гўзаллигини кўриб кўзлари қувнайди, ҳайратини, ҳавасини яширмай, чиройли табассум қилади.

 

Заводда инженер бўлиб ишлайдиган акаси Собиржон билан онаси Жамол опа тантанали кечага кириб кетишганида Дилбарнинг руҳиятида катта ўзгариш рўй беради. У орден ва медаллар билан тақдирланган аёлларга қаттиқ ҳавас қилиб,  улардай бўлишни дилига тугади...

 

 

Фильм давомида пахта далаларида кўтаринки кайфият билан меҳнат қилаётган ёшу қарини кўрамиз. Дилбарнинг отаси Жаббор ота номдор пахтакор. Унинг рафиқаси Жамол опа эса шу колхозда раис. Арзимас бир сабаб бўлиб Жаббор ота хотинидан аразлайди. Унинг устига, мажлисда Дилбар дадасининг бригадасидан чиқишини, ўзи алоҳида янги ер олиб, машиналар ёрдамида хирмон кўтармоқчилигини айтади. Қизи ва рафиқасини тўғри тушунмаган Жаббор ота уйдан бош олиб кетади. Фильм сўнгида “совет кишисини қайта тарбиялаш керак” кўрсатмасига биноан Жаббор ота хатосини тушуниб, уйига, колхозга қайтади. Дилбар эса фильм дебочасида ўзи орзу қилганидек, Тошкентдаги ўша катта театрда “Социалистик меҳнат қаҳрамони” унвони билан тақдирланади.

 

 

Тарихий фактлар

 

Тасаввур қилинг, 1948 йил. Иккинчи жаҳон уруши тугаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Урушда ғолиб совет давлати аслида ўта қашшоқ ҳолга келиб қолган. Кўплаб йўқотилган ишчи кучи, жанглар ўтган ерларда дон-дун етиштириш мураккаблиги сабабли қуёшли ўлкамиз Ўзбекистон асосий  озуқа манбаига айланган. Айниқса, пахтачиликда бор эътибор мўл ҳосил олишга қаратилган.

 

Манбаларда келтирилишича, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда Ўзбекистонда пахта якка ҳокимлигини шакллантиришга зўр берилган. 1946 йил 2 февралда СССР Халқ коммиссарлари Совети қабул қилган “1946–1953 йилларда Ўзбекистонда пахтачиликни қайта тиклаш ва янада юксалтириш режаси ва тадбирлари тўғрисида”ги қарорда давлатга пахта сотишни икки баравар кўпайтириш белгиланган.

 

Бу вазифани бажариш учун озиқ-овқат етиштиришга мўлжалланган ерларнинг каттагина қисмини пахтага ажратиш, янги ерларни ўзлаштириш, ирригация ва мелиорация ишларини яхшилаш, қишлоқ хўжалигини комплекс механизациялаш лозим эди. “Фарғона қизи” фильми айнан мана шу ғояга йўналтирилган буюртма фильм эди.

 

Тарғиб қилинган ғоя

 

Сценарийда мамлакатда ўзлаштирилаётган янги ерларга пахта экилаётгани, ирригация ва мелиорация ишлари ривожланаётгани, колхозларни комплекс механизациялаш йўлга қўйилаётгани акс этиши керак эди. Шундай бўлди ҳам. Сценарийдан фарқли тарзда фильм жуда кўп қисқартирилган, деган тахминимиз бор. Чунки мазмунан қиёмига етмаган, томошабинни очиқ саволларга кўмиб ташлайдиган эпизодлар бисёр.

 

Бир кўришда “Фарғона қизи” фильми фактларга асослангандек туюлади. Аммо яна ўша давр мафкуравий кўрсатмаларини эсласак, Жаббор ота “эскиликни” ёқловчи антагонист, Дилбар ва Жамол опа эса янгиликка интилувчи қатлам сифатида бир-бирларига атайин қарши қўйилганини сезиш қийин эмас.

 

Хўш, мазкур фильм буюртмачига манзур бўлдими? Афсуски, йўқ. Давлат буюртмачи сифатида ҳамиша совет кишиси ва унга қарши образлар ўртасида кучли конфликтни талаб қилган. “Фарғона қизи”да эса ўзбекнинг оиласи, ота-бола, эр-хотин ўртасидаги ришталар муқаддаслиги сақланган. Дилбар отасига, бошқа совет фильмларида кузатилганидек, бетгачопарлик қилмайди. Жамол опа ҳам турмуш ўртоғи Жаббор отанинг ҳурматини жойига қўяди. Диққат қилинса, фильм ғоявий жиҳатдан давр мафкурасига хизмат этса-да, миллий ўзига хос образлар ифодаси билан дилга яқин. Ўзбекнинг чойхоначиси, тракторчиси, қайсар деҳқони, шаддод, меҳнатсевар хотин-қизлари миллий муҳитда, миллий кийим бошда намоён бўлади. Айниқса, соф халқона диалоглар, қўшиқларни қайта-қайта эшитгингиз келади.

 

 

Лекин фильм тайёр бўлгач, бадиий кенгаш томонидан ҳам, матбуот томонидан ҳам “урилди”. Шу тариқа урушдан кейинги ўзбек қишлоғининг манзарасидан, келажакка умид билан қаровчи меҳнатсевар кишилар ҳаётидан ҳикоя қиладиган “Фарғона қизи” бадиий фильми томошабинга кўрсатилмай, архивда қолиб кетди.

 

Танқид

 

“Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1948 йил 29 ноябрдаги сонида “Фарғона қизи” фильмига бағишланган мақола чоп этилди. Киноасарга “партиявийлик принципи” етишмаслиги, “партия ташкилоти ва қишлоқ коммунистларининг роли авторларнинг эътиборидан четда қолганлиги” таъкидланди. Ушбу имзосиз мақола ҳамда редакцияда кечган муҳокама билан танишиш жараёнида яна бир бор амин бўлдикки, советлар даври санъатида хоҳ замонавий, хоҳ тарихий асар яратилмасин, албатта, партия раҳбарлиги, меҳнаткашлар оммасининг мутлақ ғалабаси нафаси уфуриб туриши асосий талаб эди.

 

Хусусан, бу мақолада ҳам “Фарғона қизи” ҳақида шундай фикрларни ўқиймиз: “Рус инженери Зарубин ва ўзбек интеллигенциясининг вакили Собиржон образлари жуда ҳам кучсиз. Уларнинг роли, хатти-ҳаракатларидан томошабин ҳайратланмайди. Улар схематик равишда ҳаракат қиладилар. ... Бизнингча, бу образларни бўрттириб яққол ифода этиш жуда ҳам зарур эди... Артист Махсум Юсупов агроном Олимжон Раҳимов образини таъсирсиз ўйнаган. Унда ҳақиқий агроном қиёфаси кўринмайди. Экранда шаҳардан чиққан олифта ошиқ савлат тўкиб юради, холос”.

 

 

Бу гаплар ижодий жамоа меҳнатига берилган бир тарафлама баҳо эди. Бошқа томондан шуни ҳам инобатга олиш керакки, бу вақтда Наби Ғаниев НКВД томонидан кузатувда бўлган. Эҳтимол, шунинг учун ҳам буюртма мақола ёздирилган. Агарда фильм ҳечқурса Ўзбекистон кинотеатрларида намойиш этилганида мухлисларини топарди, албатта. 1945-46 йиллари “Тоҳир ва Зуҳра”, “Насриддин саргузаштлари” фильмларини суратга олиб, Ю.Ризаева, Ғ.Аълоев, А.Исматов, Р.Пирмуҳамедов каби актёрлари билан халқнинг эътиборига тушган режиссёрнинг навбатдаги асари ҳам илиқ қарши олиниши шубҳасиз эди.

 

Қарангки, орадан шунча вақт ўтиб, 2021 йили Россия Давлат архивида сақланаётган “Фарғона қизи” фильми катта саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистонга қайтарилди. Ютуб платформасига қўйилган фильм айни дамдаги маълумотга кўра 80 мингдан зиёд кўрилган ва 558 та изоҳ ёзилган. Фильм  охирроғидаги эпизодлардан бирида колхозчилар пахта планини ортиғи билан бажариб, катта байрам қиладилар. Уларнинг пивони сипқораётгани акс этган кадрлар замондошларимизга ҳар хил таъсир этди. Барча қурби етган оғирликдаги тошни “Фарғона қизига” ота кетди.

 

Мустамлакачилар босими остида ишланган асарлари учун ўз даврида ноҳақ “урилган” ижодкорлар бугунги замонда ҳам авлодлар томонидан “калтакланмоқда”. Биз эса 16 ёшида “Тоҳир ва Зуҳра” фильмида Зуҳра ролини ўйнаган Ю.Ризаеванинг бу картинадаги Дилбар образидан, Тоҳир ролини ўйнаган Ғ.Аълоевнинг Собиржон образидан, Бобохонни ижро этган А.Исматовнинг Жаббор ота ролидан ва, умуман, барча актёрларнинг ижро маҳоратидан томошабин завқланишини истардик. Режиссёрнинг касбий маҳорати ҳали ҳам катта мактаб вазифасини ўташи мумкинлигини сезишларини, буни эътироф этишларини кутган эдик.

 

Бердисини айтгунча...

 

Кейинги пайтлари ўтган асрда яратилган, бугун тарихга айланган ўзбек фильмларидан айрим кадрларни қирқиб, ижтимоий тармоққа жойлаштириш ва шу билан аудиторияни ҳайратга солиш тенденцияси авж олган. Бу ҳайратлар эса гоҳида фильмга ёппасига тош отиш, гоҳида замонавий фильмлар билан беҳуда солиштириш тарзида ифодаланади.

 

 

Оломонга эргашсанг, “бердисини айтгунча уриб ўлдириш”да ҳам беихтиёр иштирок этишинг турган гап. Бадиий асарми, кинофильм ёки бошқача ижод маҳсулими, унинг яралиш тарихини билмай туриб, “тош отаётганларга” қўшилиб кетишдан Яратганнинг ўзи сақласин. Тушунмовчиликларни англаш учун эса ўтмишга бироз чуқурроқ назар ташланса кифоя. Аслида, яқин тарихимизда қаттиқ руҳий ва ижодий босим остида меҳнат қилган катта санъаткорлар фаолияти бугун ҳаммамизга ўрнак бўлмоғи керак.   

 

Шоҳида ЭШОНБОБОЕВА,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси