“Журъат ноёб матоҳ бўлди” – Мурод Муҳаммад Дўст билан суҳбат


Сақлаш
10:03 / 01.03.2024 294 0

– Адабиёт аҳли орасида кинематографияга беписанд қараш сезилади. Назму насрни эплолмайдиган истеъдодсизлар ўзини кинога уриб кетади, деган гаплар юради. Сиз ҳақингизда, албатта, бундай деб бўлмайди. Бугунги ўзбек адабиётида ҳикоя ёки роман ҳақида гап кетса, Мурод Муҳаммад Дўст ва асарлари эсланиши аниқ. Кинони ҳам шу сирага қўшиш мумкин. Тенгқур ёзувчи-шоирлар орасида бу томонга биринчи бўлиб бўйлагансиз, билишимча. Нимаси тортган?

 

– Сабаби жўн – киностудияга ишга кирганман. Институтдан кейин бир-икки жойга бош урдим, лекин катталарига турқим ёқмади. Раҳматли Ўлмас Умарбеков “Ўзбекфильм”да директор эди. Ишсиз юрганимни билиб, киностудияга таклиф қилди. Бордим, жойлашдим. 150 сўм ойлик тайинлади. Шароит яхши эди. Яхшики, хоҳласанг ишга борасан, хоҳламасанг – йўқ. Аммо кичкина шарти бор – йил давомида битта сценарий ёзиб берасан.

 

Беш йил ичида ёзган нарсаларимдан биттаси ўтди. “Эртанги кун сабоқлари” фильми (1983). Қишлоқ муаллими ҳақида. Недир ижтимоий ғоялар бордай эди. Бугун кўришга арзимайди. Режиссёр ҳам, мен ҳам тажрибасиз эдик. Эсимда қолгани – Одилшо Агишев, Шуҳрат Аббосов ва Александр Пан бизга беминнат ёрдам бергани. “Галатепалик авлиё” – режиссёр Темурмалик Юнусовнинг диплом иши (1986). Телевизорда кўп қўяди, деб эшитаман. Томошабинларнинг жонига тегиб кетган бўлса ажабмас.

 

– Бир умр кинога оралаб юрган, уч-тўрт йил соҳанинг каттаси бўлган одам (2002–2005 йиллар “Ўзбеккино” ДАК раиси), яъни ўзлари: “Қишлоқнинг чангкўчасидан, шаҳарнинг жинкўчасидан режиссёр етишиб чиқмас экан, миллий кинематографияни кўтариб бўлмайди”, дегандай гап қилганди. Айтинг-чи, кинораҳбар пайтингиз шу ишга қанчалик ҳисса қўша олдингиз? Бугун ўша йилларни эслаганда ички қониқиш сезасизми? “Менинг давримда ишланган!” дея қайси фильмларни алоҳида санаб кўрсатишни истардингиз?

 

– Кинога оралашни атай орзу қилмаганман. Тақдир эканки, аввал четроқдан, кейинроқ бевосита аралашувга тўғри келди. Хабар соҳасида тинчгина ишлаб юрган пайтимда марҳум каттамиз чақириб, кинога ўтишни сўради. Такрорлайман: буюргани йўқ, сўради. Аввалига кўнмадим, лекин Ислом Каримов менинг нозик жойимдан тутди: “миллат” деб кариллашга устасан, ўша ерга бориб, миллий кино қилмайсанми? Мен ҳам анойи эмасман, дарров аниқловчи саволни бердим: ортиқча назоратсиз, эркин ишлашга кафолат берасизми?

 

Хуллас, оғзаки кафолатни кўнгилга солиб, кинога ўтдим. Баъзида, шу ишим умримда қилган хатоларимдан энг каттаси бўлди, деб ўйлаб қоламан. Лекин, бандаси ожиз-да, ўша замонда менга қарши беаёв от сурган баъзи одамлар ҳам бугун, камина турли амаллардан кетиб, салкам узлатга чекинган ва ошиқча лутфга ҳожат қолмаган пайтда, негадир ўша мен ишлаган давр ҳақида икки оғиз яхши сўз айтганида хаёлим яна чувалашиб кетади.

 

Эсласам, киночилар орасида ўтган тўрт йил умрим раисликка эмас, диалоглар таҳририга сарф бўлган экан. Баъзида фильм монтажига ҳам аралашишга тўғри келарди. Секин-секин актёрларимиз экранда чиройли кўриниш шарт эмас, деган содда ақидага кўника бошлади. Шевада эмас, адабий тилда бинойидай гапиришни ўрганди. Шева ҳам қолди, лекин у фақат қаҳрамон тарихини, характерини очишга хизмат қилди. Қарангки, фильм қаҳрамонларининг ёшига, касбига, тутган мавқеига хос гапириши, юриш-туриши, ҳаттоки кимнинг олдида ўзини қандай тутишини ҳам олдиндан муҳокама қилишга ўтдик. Қисқаси, талаб битта эди. Кино – ўйин, ўйин эса ғирромсиз бўлиши керак. Энди сезаманки, мен ўзим орзу қилган миллий кинони табиийликдан излаган эканман. Қишлоқнинг чангкўчасида ёки шаҳарнинг жинкўчасида улоқиб, халлослаб, силласи қуриб чопган болалар ҳақидаги орзум ҳам шу изловнинг бир қисми эди, холос. Сўз ёки тасвирни тақдир дея танлаган одам ўзи кўрган ва ич-ичидан ҳис қилган воқеаларни, одамларни, манзараларни ёзганида, суратга олганида ёки чизганида ғирромликка ўрин қолмайди. Акс ҳолда, мен бир киноқиссада ўқиганимдек, қўйлар тоғда қурилган қўтонда қишлайди, уларга ем-хашак пастдаги қишлоқдан минг азоб билан олиб борилади. Ўша муаллифга қўйлар тоғдаги яйловда баҳордан кузгача ўтлашини, кейин қуйироқда қурилган қўтонларда қишлашини, пичан тоғ этаги ёки яланг чўлда ўриб ғарамланишини, кейин зарурати туғилганда қишлоққа яқин қурилган қўтонларга ташиб олинишини ҳеч тушунтиролмадим. Муаллифга ҳақиқат эмас, “коллизия” керак эди, яъники мард ва дўлвор чўпон қиш фаслида узоқ тоғдаги қўтонда бир сурув қўй билан ёлғиз ўзи ҳафта тугал қолиб кетади ва қор бўронида қишлоқдан икки тележка сомон келтириб, “халқ мулки”ни асраб қолади. Икки тележка сомон битта сурувга ярим кунга ҳам етмаслигини айтиб ўтирмадим, арпа тўйимлироқ, дедим, икки тележка арпа опкелсин. Ўшанда киноқисса мендан нарига ўтмади, кейинги тақдиридан хабарим йўқ, балки cуратга олиниб кетган бўлиши ҳам мумкин. Бундай дейишимга сабаб шуки, мен яроқсиз деб қайтарган ўта саёз ёки хом-хатала матнларнинг аксарияти ўтган ўн беш йилда кино бўлиб экранга чиқди. Раҳматли Рауф Парфи таъбири билан айтганда, бадиий фильмга эмас, “бадиий пул”га айланди. Лекин бу – мутлақо бошқа мавзуки, кино соҳасига масъул одамларнинг инсофи ва талабчанлик даражасига боғлиқ.

 

Саволнинг охирига келсак, ўзим ишлаган пайтни дабдурустдан “менинг даврим” деб аташга журъатим етмайди.

 

– “Ўртоқ Бойкенжаев” (2002), “Танка” (2003) картиналари титрига қарасак, сизга алоқаси йўқдек. Бироқ ҳали-ҳануз давраларда “Мурод окахоннинг фильми”, дея фахр туйиб гапиришиб, кейин шу маълумот устида баҳс бойлашиб, ёқалашиб ётишади. Ғафур Ғулом ҳикоялари асосида ишланган “Афанди ва Азроил” фильмига ҳам Мурод Муҳаммад Дўстнинг нуқси уриб қолгандек. Қалам-паламингиз тегиб кетган жойи борми? Ёки кинолар бадиий кенгашнинг зўри билан раҳбарга ўхшаб қоладими?

 

– “Ўртоқ Бойкенжаев” фильми матнини мен ёзмаганман, Юсуф Розиқов билан Абдухолиқ Абдураззоқов ёзган, деб айтишдан чарчадим. Сюжет асли раҳматли дўстимиз шоир Муҳаммад Раҳмонга тегишли эди. Бир гал сахийлиги тутиб, менга армуғон қилган эди. Лекин, минг афсуски, ўзим ёзолмадим, вақтим бўлмади, кейин Абдухолиқ Абдураззоқов “Ўртоқ Бойкенжаев” деган пиеса ёзди. Ундан кейин, кинога ўтган пайтларим шу сюжетни режиссёр Юсуф Розиқовга эслатдим. У аввалига тихирлик қилди, кўнмади, ахийри қисталанг остида Абдухолиқ Абдураззоқов билан биргаликда матн ёзди. Мен қайта тирғилиб, эл орасида юрадиган бир-икки воқеий латифани ҳам қўшишни илтимос қилдим. Буни ҳам инобатга олди. Қолаверса, Фарҳод Абдуллаев бош ролни берилиб ўйнадики, дўстлари бугунга қадар унга ҳазил аралаш “ўртоқ Бойкенжаев” деб мурожаат қилишади.

 

“Ўртоқ Бойкенжаев”га меҳрим баланд. Комедия ҳам, трагедия ҳам аралаш фильм. “Трагифарс” деб атасак тўғри бўлади. Юсуф Розиқов ўзининг яхши режиссёр эканини яна бир бор исботлади: фильмдаги манзаралар, одамларнинг гапириши (диалоглар), ҳаттоки ғирт уйдирма ҳолатлар ҳам жуда табиий чиқди. Яқинда фильмни қайта кўрдим. Недир хизматим сингганидан фахр туйдим. Лекин шу баробарида, қулликни, мутеликни Бойкенжаевга қўшиб кўмамиз, деган ниятларимиз чиппакка чиққанини ҳам сездим.

 

“Танка” ҳам эркинлик шароитида олинган фильм. Унинг ҳам ўз тарихи бор. Қорақалпоқ режиссёри Тўраниёз Қалимбетов ҳужжатли фильмлари билан халқаро кинокўрикларда қатнашиб мукофотлар олган эрса-да, бадиий кинода тажрибасиз эди. Шу боис бадиий раҳбарлик Мелис Аб(ф)заловнинг зиммасига юкланди. Бирор ойча ўтиб, пиру халфа бўлиб, режиссёрлик матнини олиб келишди. Афсуски, матнда муаллиф Муратбой Низанов ёзган гаплардан асар ҳам қолмаган эди. Нуқул ўзбек актёрлари, нуқул меъдага теккан ўзбекча “воха-воха”...

 

Аввалига юмшоқроқ қилиб, қорақалпоқ қани, деб сўрадим. Тўраниёз камтарона қимтиниб ўтирибди, Мелис ака фақат тепадан келади – Муратбой Низановнинг “ғариб сюжет”ини ўзининг салкам илоҳий нафаси билан тирилтирганидан гапиради. Бугун очиқ тан оламан: роса жаҳлим чиқди. Ўйлаганимнинг барини айтдим. Оқибат шу бўлдики, Тўраниёз Қалимбетов ўзбек “устоз”ларининг исканжасидан қутулиб, ижод жараёнида ўзи бек ва ўзи хон эканини тушуниб етди, ўзи танлаган ерда (Қорақалпоғистон), ўзи танлаган актёрлар билан (юз фоиз қорақалпоқ!), ўзи танлаган тилда (қорақалпоқча) росмана миллий фильм олди. Такрор айтаман, бу фильмнинг бор таровати айни миллий эканида. Ўзбекчага ўгириш шарт ҳам эмас эди. Ипидан игнасигача қорақалпоқча фильм вақт зайли билан ўзбекнинг ҳам миллий фильмига айланди. Мени хурсанд этадиган тарафи ҳам шунда. Ўша ҳолатда “маъмурий-буйруқбозлик” усулларини қўллаганимдан бугун хижолат чекаман, лекин “Танка”ни кўрган томошабин бир қошиқ қонимдан ўтади, деган илинжим ҳам бор. Яна бир нарса: бугун ҳамма коррупцияга қарши томоқ йиртаётган замонда, биродарлар, бундан ўн беш йил олдин ўта камтарин қорақалпоқ режиссёри Тўраниёз Қалимбетов бу мавзуни кўтариб чиққан эди, деб эслатгим келади.

 

“Афанди ва Азроил” фильмига келсак, Ғафур Ғуломнинг сўзларига тегишга юрак бетламаган, лекин тайёр фильмнинг монтажига аралашганим рост. Думини бошга, бошини думга айлантиришни маслаҳат берганман, холос. Маслаҳат буйруқнамо бўлгани ҳам рост.

 

 – Ўша даврда ишланган “Танка”, “Ўртоқ Бойкенжаев”, “Дев билан пакана” (2004), “Осмондаги болалар” (2002, 2003), “Эркак” (2005), “Пўшт, арава” (2006), “18-квадрат” (2007) ва бошқа фильмларда ўткир ижтимоий муаммолар кўтарилган. Бу ёғи бемалолчиликмиди?

 

– Ибратли бир латифа борки, ғижжакчи яҳудий ўзининг эшони, яъники раввин ёнига келиб, бугун – муборак шанба, лекин ғайридин дўстим аксига олиб айни шанбада уйланяпти, кечқурун тўйда меҳмонларига озгина нағма чалиб берсам бўладими, деб сўрайди. Раввин айтадики, йўқ, шанба куни ишлаш кулли гуноҳ, фақат ибодатга рухсат бор. Ребби, ўзингиз шанбада соқол қиртишлаб ўтирибсиз-ку, дея эътироз билдиради бечора ғижжакчи. Шунда раввин айтадики, бўтам, фарқимиз шундаки, мен бировлардан рухсат сўраб ўтирмайман...

 

Биз ҳам бировдан рухсат ҳам, маслаҳат ҳам сўраб ўтирмаганмиз. Фильмларни фақат бадиий кенгаш қабул қилган ва экранга йўллаган. Бошқа бирорта ташкилот ишимизга аралашмаган. Сиз санаган фильмлар, аввалроқ айтганимдек, ижодий эркинлик шароитида олинган. Ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқиш ҳақида гап-сўзлар бўлган бўлиши табиий, лекин асосий талаб ҳаётни борича, бежамасдан кўрсатиш эди.

 

Бугун эринмаган одам борки, миллий телевидениени ёзғиради. Шева босиб кетди, ажнабий сериаллар кўп, нимяланғоч лапарчилардан дод ва ҳоказо ва ҳоказо. Гўё телевидениега теккан касални тузатиб бўлмайдигандай. Тузатса бўлади. Тузатиш осон. Кўп нарса раҳбарларга боғлиқ. Оғриқли жойларни топиб, даволашни талаб қилса бас. Лекин оғриқли жойни топиш учун аввало тузукроқ савия, диду фаросат ва озгина журъат керак. Афсуски, замона зайли билан бу хислатлар, айниқса – охиргиси, ўта ноёб матоҳ бўлиб қолди. Лекин юрт айвони кенг, сидқидилдан изласа топилади.

 

– “18-квадрат” фильми давлат буюртмаси бўйича ҳам яхши кино олиш мумкинлигини исботлаган. Айни пайтда, бунақа ишлар ижодкорни маълум маънода квадратга солиб қўйишини инкор этиб бўлмайди. Мухлисларингиз президентнинг (энди кичик ҳарф билан ёзаверсак майлими) образини телефондаги овози орқали бўлса-да фильмга киритганингизни айтиб, сизни роса мақташган, ҳалиям мақташади. Менимча эса, бу катта жасоратдан кўра озгина журъат билан қўйилган момиққина пахтага ўхшайди. Шўро даврида “босмачифильм” дея устидан кулинган “Ўзбекфильм”нинг мустақиллик даврида “Антитеррористфильм”га айланиши мана шу квадратдан бошланмаганми? “18-квадрат” мисолида кинодаги цензура, тайёр асарга тумшуқ тиқишлар, таъқиқу тазйиқларга туриб бера олиш, давлат буюртмасини бажаришда сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмаслик маҳорати... ҳақида гаплашсак. Сиёсий элитанинг савияси санъатда савиясизликни урчитиб юбормаслиги учун нималар қилиш керак?

 

– “18-квадрат” шунчаки баҳс баҳонасида туғилган нарса. Ватан ҳақида “ватан” деган сўзни бирор марта ҳам ишлатмасдан кино олса бўладими, деган саволга жавоб топиш менинг зиммамга тушди. Давлат буюртмаси дейсиз-у, давлат ажратган пул бу фильмни олишга етмасди. Етмади ҳам. Хайриятки, ички ишлар вазири Зокир Алматов сюжет ишончлироқ бўлиши учун ўзининг биринчи муовини, кейинчалик ўзи ҳам вазир бўлиб ишлаган Баҳодир Матлубовни маслаҳатчи этиб биркитди. Мудофаа вазири Руслан Мирзаев уловдан (катта юк мошинасидан тортиб, то жанговар вертолётларга қадар), қурол-яроқ, пахтавон ўқ-доридан беминнат ёрдам берди, тоғу дараларда кечган жанг саҳналарида курсант йигитлар актёрлик қилди, пиротехник вазифасини унча-мунча рутбали ҳарбий эмас, нақ полковник бажарди (миннатдорлик юзасидан ўша полковникни ҳам битта кадрга “муҳрладик”, каттароқ мукофотга қурбимиз етмади). Гапнинг қисқаси, турли ташкилотлар тарафидан “ҳашар” йўли билан кино қилдик. Биргина Миллий хавфсизлик хизматини аралаштирмадик, холос.

 

Ислом Каримов фильмни тайёр ҳолида кўриб, нақ йигирма тўрт банддан иборат тавсиянома берган. Режиссёр Жаҳонгир Қосимов билан холи суҳбатларда орқаворатдан тепага бармоқ нуқиб, “бош режиссёр” деб мутойиба қилардик. Лекин, инсоф юзасидан айтишим керак, тавсияларнинг аксарияти жўяли эди. Биз даставвал олган финалда ёш қаҳрамонимизни мужоҳид аёл ўзига қўшиб портлатиб юборарди. Ҳамма ёқ – қип-қизил қон, одам (албатта, ичига бўёқ тўлдирилган муляж) аъзолари кадрда парча-парча бўлиб учган манзараси эсимда турибди. Шу жойда Ислом Каримов қаттиқ туриб олди: бу санъат эмас – ғирт натурализм, қайтадан оласанлар. Амри пошшо вожиб, саҳнани ўзгартиб суратга олдик. Кейин яна бир тавсия шу эдики, Тош (Саид Мухторов ўйнаган майор Пўлатов) шошилинч ишга кетишидан олдин кекса онасининг дуосини олсин. Қарангки, Ислом Каримов рассом Раҳим Аҳмедовнинг ашаддий мухлиси эди. Энг яхши кўргани – “Она портрети”. Бу меҳр унинг изми билан майдонга қўйилган Она ҳайкалида ҳам ўз аксини топган (бир-бирига ўхшаш мотамсаро оналарнинг урчиб кетганига Ислом Каримов эмас, хушомадгўй вилоят ҳокимлари ва пулга ўч ҳайкалтарош усталар айбдор). Фильмга қайтсак, биздан нима кетди, ярим тунда атай ухламасдан ўтирган кинокампир ўғлига мўл-кўл дуо берди-қўйди. Менга энг ёқмаган ва биз ночорликдан эътиборга олган тавсия – фильмнинг охирги кадрларида кампиршонинг яна сюжетга суқилиб кириб, жангдан қайтган аскарларни бутун бир маҳалла аҳли иштирокида қайта дуо қилиши эди. Мантиққа кўра, жангу жадал маҳали қишлоқ аҳли пана-пастқамда пусиброқ ўтиргани маъқулроқ бўларди. Айрим тавсияларни бажармадик, аниқроғи, бажара олмадик – пулимиз етмади, лекин Ислом Каримов охирги вариантни кўриб чиқиб, кенглик қилди, фильмни маъқуллади. Мен эслаганим шу – Президент биринчи ва охирги марта кино ишига аралашди. Лекин буни цензура деб аташ адолатдан эмас, деб ўйлайман.

 

Ўзининг ҳам ҳиссаси борлигини ўйларди чоғи, мени буровга олганида, озгина “чегирма” аралаш: “Хўш, “18-квадрат”дан бошқа нима қилдинг?” деб сўрарди.

 

“Ўртоқ Бойкенжаев”, “Эркак”, “Осмондаги болалар”, “Қор қўйнида лола” ва яна икки-уч “ғоявий тўғри” фильмни шаҳар четидаги чорбоғига юборганимиз эсимда. “Танка” ва “Дев билан пакана”ни жўнатмасликка ақлимиз етган.

 

“18-квадрат” – юрт ҳимояси мавзусида олинган фильм. Муаллифга ҳам, режиссёрга ҳам ҳеч ким тазйиқ ўтказгани йўқ. Кейинроқ пайдо бўлган ва аксарияти маълум ва машҳур идораларнинг босими остида ишланган антитеррористик фильмларга мутлақо алоқаси йўқ. Таассуфлар бўлсинким, замона зайли билан киночилар ҳам қўрқув исканжасига тушиб қолди. Ожизроқлари хуфяликка ёлланди, “ака”лари нимани буюрса шуни қилди, кинога ажратилган пулнинг бир қисмини “ювиб” хожаларининг чўнтагига тиқди. Оқибат нима бўлгани ҳаммага аён.

 

“Сиёсий элита” – аслида ўта юксак тушунча. Тепага чиққан ҳар қандай гуруҳ ўзини “элита” санаши мумкин, лекин бу билан сара (elite – cара, энг яхши) бўлиб қолавермайди. Савияни савлат билан белгилаш замони ўтди. Дарвоқе, “савия”нинг мазмуни “тенглик”дир. Шу маънода худодан сиёсат аҳлига ҳам, санъат аҳлига ҳам диду фаросат борасида тенглик тилаган маъқул.

 

– Аввалига фильмларингизда Муродхон ока деган, ҳамма соясига кўрпача тўшайдиган каттакон образи учрарди, кейин ўзингиз шундай қиёфада намоён бўлдингиз. Артистлик ҳавасми сизга ёки окахонлик?..

 

– Муродхон ока аввал “Дев билан пакана”да муҳтарам акамиз Баҳодир Йўлдошев ижросида пайдо бўлди. Хомаки матн ёзилаётган пайтда бошқа исм ҳадеганда топилмай, ўзимнинг отимни қўйиб юборувдим. Шу-шу, Муродхон окалигича қолиб кетди. Кейинги фильмда Баҳодир Йўлдошев недир катта байрам тадоригига банд бўлиб, қадрдон укам Жаҳонгир Қосимовнинг қутқуси билан ўзим суратга тушдим. Учинчи фильмда эса шармандаликни узил-кесил бўйинга олиб улгурган эдим. Фақатгина башарамни тўлиқ кўрсатмайсан, умумий планда оласан, ўрта ва йирик планни бир-икки секунддан оширмайсан, деб шарт қўйдим, холос.

 

Актёрлик – оғир касб. Бу касбга киришмоқнинг биринчи шарти юздан уятни сидириб ташламоқдир. Умуман олганда, ёзувчиликнинг актёрликка уйқаш тарафлари жуда кўп. Ҳикоя, қисса ёки роман ёза туриб, хаёлан бўлса-да саноқсиз одамларнинг (қаҳрамонларнинг) вужудига кириб чиқасан. Қолаверса, Муродхон ока роли менинг ягона гуноҳим эмас. Анча йиллар олдин шайтон йўлдан уриб, ўзим ёзган биринчи фильмда муаллим ролини ҳам ўйнаганман.

 

– Жамиятни кўзга кўринмас авторитетнинг соясига салом бериш психологияси бошқаради, деган тезис насрий асарларингизда ҳам бор эди (масалан, Хорун ар-Рашид образи сизни шу сабабдан қизиқтирган деб ўйлайман). Фильмларингизда айни фикр очиқроқ, аниқроқ ифода этила бошлади. Айтар гапингизни томошабин яхши тушунмагандек туюлганми ёки ўша дард у-бу тарзда зуҳурини топса-да, барибир заҳри босилмаганми, охири “Рўё” (“Окахон”) дунёга келди. Эшитишимча, сценарий 2006 йили ёзилган, 2014 йили фильм ишланган, 2018 йили тақдимоти ўтказилди ва... қудуққа тош ташлагандек кетди. Халқимиз тайёр эмасмиди (машҳур сиёсий баҳона) ёки бунинг бошқа сабаблари борми? Умуман, шу мавзу сиз учун ёпилдими ё давомини кутайликми?

 

– Сиз айтаётган фильмнинг асл номи – “Окахон”. “Рўё”, “Соя” деган номлар асосий мазмунни хаспўшлаш учун қўйилган эди. Матни 2006 йилда эмас, анча кейин ёзилган. “Опахон” деб аталса ҳам моҳияти ўзгармасди, аксинча – анча ҳаётий чиқарди. Фильмдаги Окахон – ўзи йўқ одам. Бир гал қаҳрамонимиз ожизлик қилиб, ўзидан зўрроқ биттасига ортида недир Окахон борлигини айтади, холос. Турган-битгани уйдирма. Лекин виртуал Окахон бора-бора қудратли фантомга айланади ва қаҳрамонни нобуд қилади. Тайёр фильмнинг тўрт-беш йил чанг босиб ётишининг сабаби оддий – “қуда тараф”га мутлақо ёқмаган.

 

Бугун, демократик тамойиллар куртак ёриб, одамлар бемалол фикрлаш ва гапиришни қайтадан ўрганаётган пайтда “Ўртоқ Бойкенжаев” ёки “Окахон” каби фильмлар телевизорда намойиш қилинса, ўзига яраша томошабин топади, деган умидим бор.

 

Саволга қайтсак, мени турли окахонларнинг одамлар онгига ин қурган виртуал салтанатидан кўра реал ҳокимият ва реал жамият мавзуси кўпроқ қизиқтиради. Кечаги кунни ва бугунни, яъни эски салтанат тугаб, янгича русумлар жорий этмоқ истаган янги сиёсатчилар гурас-гурас бўлиб майдонга чиқаётган замонни бадиий идрок этишга эҳтиёж бордай. Худо умр берса, кинода эмас, насрда ўзимни яна бир синаш ниятим бор.

 

– “Тафаккур” журналидаги суҳбатда сизга адабиётшуносликда қўйилган айб – “инсоннинг устидан кулиш нораво” деган эътирозга қарши эътироз билдирганингиз эсимда. Истеҳзо – Мурод Муҳаммад Дўстнинг табиатидан келиб чиққан ва ўзига хослигига айланган. Бу жиҳат фильмларида ҳам кўринади. Лекин “Кўргим келади”ни (2014) томоша қилганимда фильм хайрихоҳлик туйғуларига йўғрилганига, очиғи, ҳайрон қолдим. Продюссер образи ва шунга ўхшаш баъзи унсурлар серистеҳзо ёзувчини эслатиб туради, албатта. Аммо асарга туртки берган туйғу Зиёдага ҳамдардлик бўлган, ўйлашимча. Дафъатан Мурод ака қарияптимикан деган ўй ҳам келди, рости. Ижодда янгича ўзанга тушишми бу ёки тасодифий ҳолатми?

 

 – Муаллиф оғир дардга чалинган қизалоқ ва унинг ёлғиз онаси ҳаётини ҳикоя қилаётганида юмшоқкўнгил бўлиб қолиши табиий ҳолдир. Албатта, кун сайин қариб бораётганим аниқ, лекин истеҳзо қурғур ёш танламас экан. Букрини гўр тузатади, деган ўрис мақолини эсласак кифоя. Лекин, тепамда худо, мен истеҳзо услубини атай танлаганим йўқ. Балки у мени танлагандир?..

 

– Чет эл ёзувчилари машҳур бўлиб кетгач, янги асарларини бошқа ном билан нашр қилдириб, ўзининг асл кучини, иқтидорини синаб кўрар экан. Шундай тажрибага қўл уриш ниятингиз йўқми? Тахаллус билан адабий асарлар, киносценарийлар ёзиш, борини эълон қилиш... Насриддин Хўжаев ўзини оқлади, шекилли?

 

– Умр бўйи бирор адабий мистификация қилиш орзусида яшадим, лекин ниятим амалга ошмади. Ўз номимдан ҳам ёлчитиб ёзолмадим. Фернандо Пессоа (яна бир ёзувда – Фернанду Песоа) деган буюк португал шоири ўз тили ва француз тилида баробар ижод қилган. Рикардо Рейс, Альваро де Кампос, Бернардо Соарес каби жами 136 та (!) гетероним, ярим гетероним ва тахаллуслар билан ёзган. Ёзиш ҳам гапми, унинг гетеронимлари бир-бирларига мактублар битган, шеърлар ва мақолалар, бутун бошли китоблар чиқарган, матбуот саҳифаларида ўзаро баҳслашган. Энг қизиғи, ҳар бир гетеронимнинг ўз услуби ва ўз тили бўлган. 

 

Марҳум шоиримиз, юртимизни жонидай яхши кўрган ажойиб дўст ва олижаноб инсон Александр Файнберг билан қилган қувлигимиз, яъники “Дев билан пакана” фильми титрига у ўзини “Искандар Файнбергенов” (салкам қорақалпоқ!), мен эса “Насриддин Хўжаев” (Хўжа Насриддинга ожизроқ шаъма) шаклида олиб чиққанимиз португал шоири қориб ташлаган хамирга урвоқ ҳам бўлолмайди.

 

– Сиз раҳбарлик қилаётган пайтда, 2004 йили Президент фармони, Вазирлар Маҳкамаси қарори чиқарилиб, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ташкил этилганида йилига 15 та тўла метражли бадиий фильм ишлаш назарда тутилган, амалда эса бу саноқ 5 тага тушиб қолган. Ижро механизмида бирор қусур бўлганми? Мана, ҳозир ҳам 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 30 та бадиий фильм олиш вазифаси қўйилмоқда, бу ҳам қоғозда қолиб кетмаслиги учун ишни қандай ташкил қилиш керак деб ўйлайсиз? Бугунги ўзбек киноси салоҳияти шунга қодирми, ўзи?

 

– Ҳукумат қарорида ҳам, ижро механизмида ҳам ҳеч қандай қусур йўқ эди. Бола йиғламаса, онаси кўкрак тутмайди, деган мақол бор. Ҳукуматдан, қурумсоқ молия вазиридан пул ундириш осон эмас. Менимча, кейинги раҳбарият кино соҳасини пухта билгани ҳолда, амалий ишда ортиқча андишага борган, молиянинг пастки бўғинида ўтирадиган майда клеркларнинг турли баҳоналарини енгиб ўтолмаган. Камтарликдан бўлмаса-да айтишим керак, бир гал пулдан қийналганимизда телевизорга чиқиб: “Кино – мафкура, мафкура керак бўлса пулини берсин”, деб рўй-рост айтдим. Биров қўшиб-чатиб етказганми ёки ўзи кўрганми, Ислом Каримов дарров ҳузурига чақирди. Гапни чўзмасдан, “Нега телевизорга чиқиб олиб манга иддао қиласан?” деб сўради. “Иддао қилмадим, Ислом ака, шунчаки талаб қилдим”, дея кўзимни лўқ қилиб туравердим. Хуллас, хўмрайган кўйи “Манавинга пул топиб беринглар”, дея зардали фармойиш берди. Кейин миннатдорлик билдириб, ҳайҳотдай кабинетдан чиқиб кетаётганимда яна тўхтатди: “Барибир иддао қилдинг!” Начора, (пул унди-ку!) яна бир бор қуюқ миннатдорлик билдириб, охирида: “Озгина иддао ҳам бор эди”, дея тан олишга мажбур бўлдим. Дарвоқе, йилига 15 фильм олиш ҳақидаги қарор ҳам ўша “иддао”дан кейин чиққан эди.

 

Ўзбек киночиларининг яна икки йилдан кейин йилига 30 та бадиий фильм ишлашга кучи етадими? Жавобим қатъий: етади. Ҳукумат маблағ ажратишда ғирромлик қилмаса бас. Олинажак ўттизта фильмнинг савияси турли даражада бўлиши мумкин, лекин ҳар ўнта фильмга битта ёки иккитадан яхши фильм тўғри келса, шунинг ўзи ҳам жуда катта ютуқ. Ёши улуғларни унутмаган ҳолда, энди етишиб келаётган ёшларга эътиборни кучайтириш ва уларга ҳатто, юрак бетласа, хато қилиш учун ҳам имкон бериш зарур. Уч-тўрт йилда сараси сарага, пучи пучакка ажралади, кейинги муомала ҳам шунга яраша бўлади.

 

Эшитишимча, янги раҳбарият кинога яхши кўз билан қараётган экан. Ҳаттоки орқаворатдан, алоҳида Миллий киноакадемия очилармиш, деган ёқимли гаплар ҳам етиб келяпти. Яна бир эл оралаб юрган гап, яъники Москвадаги кино институтининг маҳаллий филиалини очиш масаласига тўхталсак, бу ишни қилишдан олдин кўп ва хўб ўйлаб кўриш керак. Балки молия, банк, қурилиш ёки кончилик соҳасида хорижий ўқув юртларининг филиалларини кўпроқ очиш керакдир. Лекин дабдурустдан кўнгилчанлик қилиб, бевосита миллий мафкура ва менталитетга бориб тақалувчи маданият ва санъат таълимини ҳам хорижий юртлар вакиллари қўлига бериб қўйсак, натижаси хунук бўлмасмикан, деган истиҳола бор. Биз хоҳлаймизми-йўқми, барибир, улар ёшларимиз онгига ўз маданиятини, алал-оқибатда эса ўз мафкурасини сингдириши тайин. Тажрибамиз етар-етмасидан қатъи назар, ёшларга санъатдан ўзимиз таълим беришимиз шарт деб ўйлайман.

 

Ўтган йилдан бошлаб Санъат ва маданият институтида ўн кишидан иборат толиблар гуруҳига амалий машқлар ўргатиб юрибман. Улар ҳали жуда ёш, аксари узоқ қишлоқлардан келган, инглиз ёки рус тилини унчалик яхши билмайди. Уларнинг бегона тиллардан бехабарлиги айб эмас, азбаройи ғайрат қилишса, бир-икки йилда ўрганиб ҳам олади. Мен учун энг муҳими – уларнинг ўзбек тилида ўйлаши, ўзбек тилида сўйлаши, ўзбек тилида тушлар кўриши. Келажакда улар ўнлаб тилларни ўзлаштириши мумкин, юзлаб мамлакатларда битилган ёки суратга олинган китоб ёки фильмларни ўқийди, кўради, лекин барибир миллий заминдан, миллий тарбиятдан узоқлашиб кетмайди, яна ўзбекча ўйлайверади, сўйлайверади, тушлар кўраверади. Ва муқаррар тарзда ўзбекча ёзади, ўзбекча кино қилади.

 

Фаррух ЖАББОРОВ суҳбатлашди.

 

Kino san’ati журнали, 2020 йил 2-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси