Тарих ва бугун қиёси: сабоқ чиқариш фурсати


Сақлаш
15:02 / 23.02.2024 673 0

Шу кунларда Шерзодхон Қудратхўжа бир интервьюси сабаб унга қарши собиқ босқинчи давлат корчалону лайчаларининг “эътироз паради”га йўлиқди. Уларни кузатарканман, тарих зарварақларида учратганим Маҳмудхўжа Беҳбудий билан боғлиқ воқеа ёдимга тушди. Мутафаккир бобомизнинг давлатчиликда йўл қўйган хатоларимиз натижасида Туркистоннинг босиб олиниши, жадидчилик ҳаракатининг моҳияти ҳақида айтган фикрлари ва унинг оқибатлари тафсилотлари бирин-кетин кўз олдимдан ўтди.

 

Биласиз, “Туркистон вилоятининг газети” (ТВГ) чор Россияси манфаатини ҳимоя қиладиган, золим Николай фармонларини қул қилинган барча элатларга сингдиришга мўлжалланган нашр эди. Газета таҳририяти эзилаётган халқни уйғонишга чорлаётган жадидларга қарши сопини ўзимиздан чиқариб “жанг” олиб борарди. Масалан, Раҳматулло Раҳим деган кимса жадид мактабларига қарши “Бузуқ мактаб боласи усули жадида” мақоласи билан чиқади. “Бир мусулмон” ва бошқа тахаллусларда жадидларга қарши фикрлар ҳам берилади.

 

Бундай ҳужумларга қарши буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий 1908 йили Таърих ва жуғрофияфельетонини ёзади. Атай ўта мураккаб тилни қўллагани боис мақола илоннинг ёғини ялаган миссионер, “ТВГ” бош муҳаррири Николай Остроумовнинг цензурасидан омон ўтади: 1 декабрь сонида чоп этилади. Ҳаммаси шундан кейин бошланади.

 

Дастлаб, мақола ҳақида икки оғиз сўз. Унда Беҳбудий Шарқ давлатларининг Европа империячилари томонидан, жумладан, Туркистоннинг Чор Россияси томонидан босиб олингани сабабларини очиб ташлайди: “бир замон келдики, уламо ва умарои ислом жубун ва танбал айши (турмуш – Ҳ.С.) бепарво, дигар тарафдин бир-бирлари ила мухолиф бўлдилар. Таълим ва тадрисидин шакар ва нахжирни уламои дин каниза ва лодонлар мажлисини таржиҳ (устун – Ҳ.С.) этдилар. Умаро ва салотини (подшолар, султонлар – Ҳ.С.) ислом ноҳақ ерға юз минглар аҳли ислом қонини тўкуб, тараф-тараф бўлдилар. Уламо бўлса, умаро нониға ва маошиға кўз тикиб муқобилларини такфир ва толеинлариға қадар илгари кетдилар. Ҳусумати масҳабийя ва таъсиби ирқийяға аҳамият бердиларки, қурван аввалғи насроният оламидаки ва папалиқ замониндаки ихтилофларға монанд низолар олами исломни парчаланмоқиға сабабият берди”.

 

Мақола шов-шувга сабаб бўлгач, ундаги фикрларга, Остроумовнинг айтишича, Бухоро амирлиги ва Хива хонлигидан “эътироз билдирилган”. Камина тадқиқотчи ҳам бу икки вассал амиру хонларнинг гўрига ғишт қалаганим рост. Негаки, мақолада уларга тегиб кетадиган жойи ҳам бор эди: “Биз Осиёи васатий (ўрта) ва шимолий сокинларидан Русия давлатиға тўғридан-тўғри тобеъ. Бухоро ила Хива ҳукуматлари давлатимизни ҳимоятиғадур. Юқорида баён бўлған ҳукумати исломиядан фақат Усмонли ила Эрон давлатлари дохилий ва хорижий ишлариға мустақил ва қаламаси давла нуқтадора (бўйсунилган – таҳр.) насрониянинг барисини ҳамият ва нуфузиға тобеъ ва эркак-хотун кабидур” (таъкид бизники – Ҳ.С.). Ҳақиқатан ҳам “хотун эриға арз” қилган бўлиши мумкин-ку...

 

Аммо, лекин, бироқ... Ўзбекистон давлат марказий архивидан Беҳбудийнинг ушбу мақоласи мустамлакачининг махсус хизмати томонидан рус тилига ўгирилган қўлёзмасини кўргач, яна сопи ўзимиздан чиқарилгани англашилди. Таржима ҳижжалаб ўқилган, хулоса қилинган. Негаки, Беҳбудийнинг фикрини авом англаб қолса, “маданият олиб келганлар”га қарши нафрат уйғониши ва бош кўтариши эҳтимолини ошириши турган гап эди. Шундан сўнг махсус хизмат мутассаддилари бош муҳаррир “танасига сингиб” изоҳ шарт бўлмаган мақолага муаллифдан тавзеҳ (изоҳ) талаб қиладилар. Беҳбудийнинг ўша “Тавзеҳ”и “ТВГ” (94-сон)да чоп этилган. Ҳолбуки, у узр сўрамаган: “Русияни ким ва қандайлигини билмайдурғон нодонлардан эмасмиз ва аммо “Таърих ва жуғрофия” унвонлик мақоламиз таърих ва жуғрофия ўқумоқни диний жилва этдирмоқ ва ёинки сарф илмий ва воқеий бир мақола эди. Сиёсий ва таассубий эмас эди...” (“ТВГ”, 1908 йил 18 декабрь).

 

Беҳбудийнинг “сиёсий... эмас эди”, деб ўзини оқлашига сабаб нима? Тўғри ўйладингиз, демак, уни “бизни босқинчи дединг”, дея сиёсий қарашлари учун айблашган ва изоҳ берасан, дея шарт қўйишган. Шундай асабига тегишганки, шу мақоласидан кейин Беҳбудий ўзининг газетасини чиқариш пайига тушган... Назоратга олинган, “панисломист”, “пантуркист” тамғалари босилган рўйхатга киритилган, “ўйинчоқ” имомлар томонидан кофир дея эълон қилинган. Вақти келганда (1917 йил) “Ҳақ олинур, берилмас”, дея Беҳбудий курашга отланди, лекин фитна ишлатилиб жисман йўқотилди (1919). Унинг сафдоши Мунавварқори тавба қилмади, отиб ташланди (1931)... Қодирийдан босқинчи деган гапи учун тавба ҳам сўралмади – отув (1938)... Бундай таҳқирлашлар мустақиллик эълон қилингунига қадар давом этди...

 

Беҳбудийлар замони эмас ҳозир, лекин империяпарастлар муомалада нега ўзларини Туркистоннинг қарам давридагидек тутишмоқда? Чунки улар СССРни эмас, чор империясини тиклаш мақсадидан қайтишмаган. Уларнинг наздида Туркистон босиб олинмаган, балки “маҳаллий аҳоли илтимоси”га кўра “қўшиб олинган”. Бу атама моҳиятини улар том маънода яна тиклаш илинжида. Шу боис юртимизнинг таниқли одамлари уларга нисбатан “босқинчи” сўзини қўллашса, ҳар гал қатъий эътироз билдирадилар, дарсликларга бу сўзларни киритсак, “олиб ташла”шни талаб қиладилар.

 

Асосан МДҲ давлатларида ташкил этилган “Россотрудничество”нинг Ўзбекистондаги бошлиғи “Шерзод Қудратхўжаев”дан (аслида Шерзод Қудратхўжа) узр сўрашни талаб қилди. Унинг гапларига асосан Россия Ташқи ишлар вазирлиги элчимизни чақириб, асосий урғуни тарихдаги яхши ишларга қаратиб (қатллар, қамоқлар, таҳқирларга эмас), “эслатилган ютуқлар “босқин” натижасида амалга ошмасди”, дея муаллифга эътироз билдиради ва “Ўйлаймизки, Ўзбекистон ТИВ тез фурсатда тилга олинган юқори мартабали арбобнинг ёқимсиз фикрлари принципиал баҳоланган расмий изоҳини беради”.

 

Эътибор қилинг, “Россотрудничество” узр сўрасин, деяпти. Махсус хизмат вакиллари Беҳбудийдан ҳам узр талаб этиб, матбуотда изоҳни эълон қилишган. Бунда ҳам Ташқи ишлар вазирлигидан расмий изоҳ сўралмоқда. Ўхшаяптими? Ҳа, десангиз ҳам, ўхшамаяпти, дейман. Чунки мустақиллигимиз уларнинг қўлини боғлаган, акс ҳолда... Ичида “ҳап саними”, деса деяверсин.

 

Қолаверса, Шерзодхон мутлақо мустақил ҳисобланган, ўз давлат тилига эга Ўзбекистондаги ватандошларига нисбатан фикр билдирди (дарвоқе, унинг сўзлари контекстдан юлиб олиниб, айб тақалди). Суҳбатнинг тўлиқ вариантини кўрсангиз, ҳаммасини тушуниб оласиз.

 

Бошқача айтганда, миллат эркинлиги, равнақи ҳақида қайғурадиган ҳар қандай зиёлимизни империяпарастлар саҳнадан олишга ҳаракат қилган ва бу ишларини бугун ҳам давом эттираётгани ҳаммага маълум.

 

Давлат тили ҳақидаги фикрини бошқалар ҳам гапиришган-ку, нега айнан Шерзодхон Қудратхўжани танлашди? Уни яхши билмайдиган инсонларга ўша икки соатлик суҳбатни, қолаверса, талабаларга берган бошқа интервьюларини ҳам синчиклаб кўришни тавсия этамиз. Шунда ҳаммаси аён бўлади.

 

Суҳбат жанри талаблари асосида журналист (блогер) суҳбатдошига бир неча мавзуларда саволлар билан мурожаат этган. Шерзодхон Қудратхўжа эса ўқиганлари, билганлари, кўрганларига асосланиб жавоб берган. Унда тарихий воқеаларга муносабат ҳам, бугунги кун ва келажак ҳақида фикрлари, нуқтаи назарлари ҳам бор. Нега суҳбат контекстидан унинг айнан давлат тили ҳақидаги фикр юлиб олинди? Чунки бу жуда “нозик” масала. Ана шу “нозик”лик баҳонасида ўзга давлатларга дахл қилинаётгани ҳам ҳақиқат...

 

Яна юқоридаги саволга қайтамиз: нега айнан Шерзодхон Қудратхўжанинг шахси нишонга олинди? Негаки, у миллат келажаги учун қайғураётган ўзбек зиёлиларидан бири, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети раҳбари, унинг фикрларини бўлажак журналистлар эшитади. Яъни, ўз элини, юртини ахборий хуружлардан ҳимоя қиладиган, озодлик моҳиятини халқига тушунтира оладиган журналистларни тайёрлашга бошчилик қилади. Устига-устак, у суҳбат жараёнида сохталаштирилган тарихни бутун дунёга тиқиштираётган давлатнинг тарғиботларини яксон қилди. Бугунги ўзбекларни “иштонсиз” атаган лўттивоз тарихчию сиёсатчиларига Россиянинг давлатчилиги шаклланишида туркийларнинг ўрни ҳақида ойна тутди. Ўзларининг тилида! Яна мустамлакачиларнинг қирғинларини эслатди, иккинчи жаҳон урушида халқ ўзи емай, боласига бермай, фронтга жўнатган озиқ-овқатларини, кийим-кечак каби ёрдамларни ёдга олди. Ташиб кетилган пахтаю тиллаларни тилга олди. Журналистика ва оммавий коммуникация университетини таништираётиб, кутубхонада Илон Маскнинг китобини талабалар инглиз тилида ўқиётгани, бутун дунё воқеаларини жаҳоннинг энг машҳур нашрлари сайтларидан онлайн кузатаётгани кўрсатди.

 

Шуниси ўтиб кетди уларга! Барибир энг асосийси бу эмас. Шерзодхон Қудратхўжа давлатнинг номини айтмаса-да, босқинчилик моҳиятини очиб берди. Собиқ мустамлакачилар эса бу СЎЗни КЎТАРОЛМАЙДИ. Ахир ахмоққа ахмоқсан, десангиз ёқадими? Сопини ўзидан чиқариб ўрганган босқинчи давлат мутасаддилари яна шунга ҳаракат қилишмоқда. Афсуски, жадидларга қарши курашган Раҳматулло Раҳим каби кимсаларнинг зурриёдлари бугун ҳам палак отган. Лекин Россия ТИВнинг “Шерзод Кудратходжаев мулоҳазаларидан бизга дўстона ва иттифоқдош бўлган Ўзбекистоннинг кўпчилик аҳолиси норози”, деган таъкиди даражасида кўп эмас улар.

 

Асосий мақсад уларга ёқмайдиган ҳақиқатларни айтган зиёлининг обрўсини тушириш, имкони бўлса, саҳнадан олиш, бошқа зиёлиларни огоҳлантириш ва бу билан ҳануз ўзлари ҳукмрон эканлигини кўрсатишдир. Биз эса Ўзбекистон ТИВ миллат зиёлиларидан бирини муносиб ҳимоя қилади, дея қатъий умиддамиз.

 

Ҳалим САЙИД,

филология фанлари доктори, профессор

 

P.S. Кураш давом этади. Ўзимиз муносиб ҳаракатда бўлишимиз, сабоқ чиқаришимиз муҳимдир. Беҳбудийдан иқтибос: “Таърих истиқболнинг тарозусидур, ҳар ким ўлчасун-да, билсун!”

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси