Ўзбекистоннинг “юмшоқ кучи”


Сақлаш
10:02 / 23.02.2024 193 0

2016 йил президентлик лавозимига келган Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари натижасида тарихий Туркистон минтақасининг қалбидан жой олган Ўзбекистон номи тез-тез тилга олинмоқда. Бу ҳолат ушбу мамлакат ўзининг муаззам таъсир имкониятларини англаб етгани ва уларни намойиш эта бошлагани билан изоҳланади. “Янги Ўзбекистон” ғояси билан муҳим янгиланиш жараёнини бошлаб берган Шавкат Мирзиёев сиёсати аллақачон олимларнинг тадқиқот мавзусига айланиб улгурди. Ўзбекистон етакчисининг ташаббусларидаги ўрнак олиниши керак бўлган муҳим жиҳатлардан бири “юмшоқ куч” сиёсатидир.

 

Конструктив ва мувозанатли ташқи сиёсат олиб бораётган президентнинг муроса-мадорага асосланган дипломатияси 7 йил аввал минтақада мавжуд бўлган кескин муҳитни бартараф этди. Ўзбекистон нафақат қўшни давлатлар билан барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантирди, балки Туркия, Озарбойжон ва Венгрия каби олис қардошлари билан ҳам алоқаларини юқори даражага кўтаришга муваффақ бўлди. Қолаверса, Ш. Мирзиёев маъмурияти ривожланган давлатлар билан ҳам намунали алоқаларни йўлга қўйиб, мувозанатли сиёсат олиб боришга эътибор қаратмоқда.

 

Бу жараёнда Ўзбекистон томонидан юмшоқ куч элементларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган сиёсатнинг муваффақиятлари яққол кўзга ташланади. Чунки янгича бошқарув даврида мамлакат барча соҳалар қатори тарих, маданият ва туризм йўналишларида ҳам жиддий ривожланиш жараёнига қадам қўйди. Натижада, Ўзбекистон халқаро жамоатчилик ҳурматига сазовор, сайёҳлар, инвесторлар ва тадқиқотчилар учун жозибали ҳамда таъсирчан мамлакатга айланишнинг уддасидан чиқди.

 

“Юмшоқ куч”нинг аҳамияти

 

1980 йилларнинг охирида Гарвард университети профессори Жозеф Най томонидан фанга киритилган “юмшоқ куч” тушунчаси бирор мамлакатнинг ўз сиёсий, иқтисодий манфаатларини рўёбга чиқариш ва бошқа мамлакатларнинг муносабатига таъсир қилиш учун ўзаро маданий таъсир, жозибадор қадриятлар ва дипломатик муносабатлардан кенг фойдаланиш қобилияти сифатида таърифланган. Юмшоқ кучнинг муваффақиятли амалиётларини бутун дунёда учратиш мумкин. Марказий Осиёда бу борадаги илк намунали фаолиятлар Ўзбекистонда олиб борилаётганини таъкидлаш лозим. Мамлакатнинг бой мероси, ортиб бораётган маданий ҳамкорликлари, изчил ва тинчликсевар ташқи сиёсати аллақачон муҳим жозибали унсурларга айланиб улгурган. Ўзбекистон чексиз маданий бойликлар, сайёҳлик имкониятлари, улкан иқтисодий салоҳият, меҳнаткаш аҳоли, тарихий шахслар ва стратегик жойлашувга эга. Ўзбекистон раҳбарияти халқаро жамоатчилик назарида сезиларли ютуқларга эришди.

 

Ўзбекистоннинг бренд шаҳарлари

 

Ҳар бир заминида тарих уфуриб турган Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари юмшоқ куч элементларининг энг муҳимларидан бири ҳисобланади. Бу шаҳарлар тарихда ҳам шоир ва ёзувчилар ижодида тез-тез тилга олинган. Ҳофиз Шерозийнинг “Агар кўнглимни шод этса ўшал Шерозлик турк жонони, Қаро холига бахш этгум Самарқанд-у, Бухорони!..” мисралари бундан роппа-роса олти аср олдин ёзилган. Ўзбекистонда бу каби шеър, қўшиқ ва достонларга мавзу бўлган ўнлаб донғи кетган шаҳарлар мавжуд. Сўнгги пайтларда Ш. Мирзиёевнинг ташаббуслари билан бу шаҳарлар қайта тикланиб, дипломатия, туризм, таълим, фестиваль ва конгресслар марказига айлантирилмоқда. Самарқандда барпо этилган “Боқий шаҳар мажмуаси” ва қад ростлаган янги меҳмонхоналар фикримизни тасдиқлайди. Бугунги Самарқанд ҳам ажойиб ўтмишга, ҳам замон талабларини ўзида мужассам этган, юксак савиядаги тадбирларни ўтказиш учун барча зарур шароит ва инфратузилмага эга ноёб шаҳардир. Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўплаб халқаро саммитлар ва давлат ташрифлари учун айнан Самарқанд шаҳрининг танлаётгани ҳам ана шу ўзгаришлар самарасидир. Буларнинг барчаси давлатнинг юмшоқ куч сиёсати бир қисмидир.

 

Самарқанднинг 2023 йилда Жаҳон сайёҳлик пойтахти сифатида танлангани ва ЮНЕСКО ўзининг Бош конференцияси сессиясини 40 йил ичида биринчи марта хорижда, айнан Самарқандда ўтказишга қарор қилгани бежиз эмас. Айни пайтда Ўзбекистон Бухоро, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз каби бренд шаҳарларини ҳам худди шу йўналишда ривожлантириш орқали ўзининг юмшоқ кучини бойитиб бормоқда. Афғонистон билан чегарадаги Термиз шаҳри ҳам тарихий вазифани бажармоқда. Бу кент Афғонистонда таълим олиш имкониятини топа олмаган йигит ва қиз талабалар учун зиё марказига айланди. Бу каби ўзгаришлар натижасида янги Ўзбекистон тез орада Буюк Ипак йўлининг энг ёрқин марваридларини намойиш этувчи ноёб манзилга айланиши шубҳасиз.

 

Ўзбекистоннинг маданий қадриятлари

 

Юмшоқ кучни ташкил этувчи яна бир муҳим омил бу маданиятдир. Мамлакатнинг тили, адабиёти, санъати, спорти, гастрономияси, табиати ва бошқа маданий унсурлари унинг халқаро доирадаги жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Ўзбекистондаги ўзгаришлар жараёнида маданий қадриятларни намойиш этувчи халқаро фестиваллар ва тадбирлар сони кўпайгани эътиборга молик. Бундай тадбирлар маданият ва санъатни тарғиб қилиш билан бирга, сайёҳларга ўзбек цивилизацияси дурдоналарини яқиндан кузатиш имконини ҳам беради. Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро фестивалларда бахшичилик, рақс анъаналари, ҳунармандчилик, гулчилик, гастрономия, кино, ипакчилик каби қадриятлар кенг тараннум этилмоқда. Уларнинг бевосита ҳукумат рағбати ва кўмагида ўтказилаётгани эса, Ўзбекистон юмшоқ кучнинг маданий асосларини ривожлантиришга қатъий қарор қилганидан далолатдир. Президентнинг 2023 йил июлдаги қарори билан ўзбек аския ва миллий қизиқчилик санъатини тарғиб қилиш мақсадида ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши режалаштирилган “Табассум” халқаро кулги фестивали эса бу йўналишдаги навбатдаги муҳим янгиликлардан бири бўлди.

 

Табассум дипломатияси

 

Янги Ўзбекистонни обрў-эътиборини тобора юксалтириб бораётган яна бир муҳим хусусиятлардан бири бу мамлакатнинг муроса ва ечимга асосланган тинчликсевар ташқи сиёсатидир. Ш.Мирзиёевнинг чет элга ташрифлари ва хорижий делегациялар билан учрашувларида эътиборга сазовор бўлган жиҳат у кишининг юзидан асло аримайдиган табассумдир. Зеро, бир ўзбек мақолида айтилганидек, “Очиқ юз – ошдан шириндир”. Хорижий давлат раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида дипломатик нафосатни энг юқори даражада акс эттирувчи кутиб олиш дастурлари ҳам эътиборга молик. Расмий дастурлардан ташқари, Ўзбекистоннинг бой қадриятларини акс эттирувчи маданий чиқишлар барчани ҳайратга солади. Хитой, Франция ва Қатар етакчиларининг Самарқандга ташрифлари чоғида, шунингдек, Озарбойжон ва Туркия Президентларининг тарихий Хива шаҳрида кутиб олинишида намойиш этилган тантанали маданий дастурлар намойиши халқаро оммавий ахборот воситалари томонидан ҳавас билан кузатилгани рост.

 

Янги Ўзбекистоннинг инсонпарварлик дипломатияси

 

2023 йил 6 февраль куни Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳрида содир бўлган ва 11 вилоятни ўз таъсирига олган мудҳиш зилзилалардан сўнг янги Ўзбекистоннинг инсонпарварлик дипломатияси яққол намоён бўлди. Зарур ресурслар сафарбар этилиб, ўзбек қутқарувчилари Тошкентдан учиб борди. Хатайнинг Овакент маҳалласидаги жабрдийдаларга кўмак кўрсатилиб, ярадорларни даволаш, оч қолганларни тўйдириш, совуқ қотганларни иситиш каби инсонпарварлик ва ҳамжиҳатлик фаолиятларини амалга оширди.

 

 

 

Янги Ўзбекистон мактаблари

 

Президент Ш.Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг алоҳида эътибор қаратилиб, изчил ривожланаётган соҳа – илм-фан ва таълимдир. Ўтган йили янгиланган Ўзбекистон Конституциясидаги энг муҳим ўзгаришлардан бири ҳам ўқитувчиларнинг касбий мақомига алоҳида эътибор қаратилгани бўлди. Янги даврда пойдевори қўйилган ва тарихда бўлгани каби юртнинг порлоқ келажагини барпо этувчи иқтидорли ўқувчиларни тарбиялашга қаратилган Президент мактаблари ҳам бу борада эътиборга молик янгиликдир. 

 

Ўзбекистон илм-фан ва таълим соҳасида эришаётган ютуқларини қўшни ва қардош давлатлар билан ўртоқлашишни ҳам эътибордан четда қолдираётгани йўқ. 2020 йил Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Тожикистонда мактаб қурилиб, тожик халқига совға қилинган бўлса, 2022 йил Қирғизистонда Ўзбекистон маблағлари ҳисобидан мактаб барпо этилган эди. Шунингдек, ишғолдан озод қилинган Қорабоғда Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан барпо этилган ва 1000 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олишига мўлжалланган мактабда жорий йил таълим жараёни бошлаб юборилди. Мактабга ҳам олим, ҳам давлат арбоби сифатида жаҳон тарихида муҳим ўрин тутган буюк сиймо Мирзо Улуғбекнинг номи берилди. Ушбу таълим дипломатияси ўзбек маданияти ва тарихини қадрлайдиган, Учинчи Ренессанс даврини тушунадиган ва Ўзбекистонга дўст бўлган зиёлилар ва олимларни тайёрлашга хизмат қилади. 

 

Юқоридаги маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон юмшоқ куч сиёсатини муваффақиятли ва намунали шаклда олиб бораётганини таъкидлаш зарур. Умуман олганда, бундай сиёсат муваффақиятли амалга оширилса, ҳамкор давлатларнинг қардошларимиз билан яқинлашиш истаги ортиб, ислоҳотлар халқаро миқёсда тан олинади. Инчунин, юмшоқ куч нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, 2023 йилни янги Ўзбекистоннинг эътироф санаси деб ҳисоблашимиз мумкин. Зеро, Президент Ш. Мирзиёевнинг кетма-кет икки нуфузли халқаро ташкилот мукофотлари – Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг фахрий нишони ва Туркий давлатлари ташкилотининг “Турк дунёси Олий ордени” билан тақдирлангани Ўзбекистон раҳбарининг 7 йиллик муваффақиятли фаолияти натижасидир.

 

Аҳмет АКАЛИН,

Туркия Телевидение ва

радио олий кенгаши (RTÜK)

мутахассиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси