Суғдларнинг авлодлари ва давомчилари қайси халқ?


Сақлаш
18:02 / 20.02.2024 325 0

Сўз боши. Шўролар даврида барча ижтимоий фанлар, шу жумладан, тарихшунослик ҳам ўта сиёсийлаштирилган бўлиб, тарихий жараёнлар марксизм-ленинизм мафкураси нуқтаи назаридан ёритилган. Хусусан, бизнинг ўтмишимиздаги кўп масалалар нотўғри талқин қилинган, сохталаштирилган, баъзиларига эса тақиқлар қўйилган. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг тарихимизнинг ана шундай, шўролар даврида ўрганилмаган, сохталаштирилган ва нотўғри талқин этилган саҳифаларини бирламчи манбалар асосида қайта тадқиқ қилиш миллий тарихшунослигимиз олдида турган долзарб вазифалардан бирига айланди.

 

Ўзбек давлатчилиги тарихи миллий мафкура тамойиллари асосида қайтадан ёзилди ва ёзилмоқда. Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Имом ал-Бухорий сингари буюк давлат, фан ва маданият арбобларининг Ватанимиз тарихидаги ўрни ва жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Мунавварқори, Чўлпон сингари маърифатпарвар жадидчи боболаримизнинг миллий озодликка эришиш учун олиб борган кураши каби масалаларни тадқиқ қилишга йўл очилди.

 

Шўролар даврида сиёсийлаштирилган ва сохталаштирилган мунозарали мавзулардан бири суғдлар ва уларнинг авлодлари масаласи эди. Совет тарихшунослигида суғдлар Ўрта Осиёнинг туб аҳолиси бўлган, уларнинг авлодлари эса бугунги тожиклардир, дея қабул қилинганди. Ҳозир ҳам замонавий жаҳон тарихшунослигининг европоцентризм ва паниранизм ғояларига асосланган баъзи ёндашувларида шундай қараш мавжуд. Ушбу мақолада биз ана шу масалага аниқлик киритишга ҳаракат қиламиз.

 

Суғдларнинг келиб чиқиши. Суғдлар Ўрта Осиё ҳудудларида яшаган қадимги халқлардан бири ҳисобланади. Улар минтақа тарихи бўйича энг қадимги ёзма манба ҳисобланган “Авесто”да тилга олинган. Аҳамонийлар даврида ёзилган тошбитиклар ва қадимги юнон манбаларида ҳам суғдлар тилга олинган. Лекин улар Ўрта Осиёнинг туб аҳолиси бўлмаган. Суғдларнинг келиб чиқиши милоддан аввалги II минг йиллик ўрталарида Ўрта Осиё ҳудудларига бостириб келган кўчманчи орий қабилалари билан боғлиқ[1].

 

Маълумки, Ўрта Осиё дунёдаги ибтидоий одам яшaган энг қадимги минтақалардан саналади: Селунғур, Тешиктош ғорлари, Кўлбулоқ, Обираҳмат манзиллари ва ҳоказо. Милоддан аввалги VI–V мингйилликларда Марказий Осиёда 3 та маданият ўчоғи бўлган – Жайтун, Калта Минор ва Ҳисор маданиятлари.

 

Жайтун маданияти Ўрта Осиёнинг жануби-ғарбий ҳудудларида неолит даврида, милоддан аввалги VI–V мингйилликлардан бошлаб тарқалган. Улар асосан суғорма деҳқончилик билан шуғулланганлар ва илк суғориш иншоотларини барпо этганлар. Бу маданият заминида кейинчалик (миллоддан аввалги III–II мингйилликларда) шаҳарчилик маданияти вужудга келган.

 

Олимларнинг тахмин қилишича, Жайтун маданиятининг аҳолиси дравид тилида сўзлашган. Милоддан аввалги II мингйилликда кўчманчи орий қабилалари Ўрта Осиёга оммавий кириб келиб, уларни жануби-шарқ томонга сиқиб чиқарган ва Ҳиндистон яриморолига қадар таъқиб қилиб борган. Ҳозирги кунда дравид тили ўлик тил ҳисобланади, лекин унинг қолдиқлари қадимги санскрит (ҳозирги ҳинд) тилида, дравид аҳолисининг ирқий қолдиқлари эса Ҳиндистон яриморолининг жанубий қисмида сақланган.

 

Демак, суғдларнинг аждоди – орийлар туб маҳаллий аҳоли эмас, балки Ўрта Осиёга келгинди кўчманчи қабилалар бўлган. Ҳозирги кунда ҳинд ва эроний тилларда сўзлашувчи барча халқлар орийларнинг авлодлари ҳисобланади.

 

Суғдлар ва форслар. Суғдларнинг тили эроний тиллар оиласи кирса ҳам, улар билан форслар ўртасида ҳеч қачон сиёсий, иқтисодий ва маданий яқинлик бўлмаган. Аҳамонийлар даврида (милоддан аввалги VI–V асрлар) суғдлар форсларга қарам бўлиб, жуда катта миқдорда ўлпон ва солиқлар тўлаб туришга мажбур бўлган. Аҳамонийлар пойтахти харобалари Персеполдаги подшо саройи деворларига солинган бўртма суратларда суғдларнинг Эрон шоҳига ўлпон келтириш маросими тасвирланган. Қарзга ботиб, хонавайрон бўлган ёки камбағаллашиб қолганлар, иш қидириб юрган мардикорлар қул қилинган ва асосан уй юмушларида ишлатилиб, “курташ” деб аталган. Аҳамонийларнинг шаҳарларида Суғдиёнадан келтирилган “курташ”, яъни уй қулларидан қурилиш, тоштарошлик ва қуролсозлик ишларида ҳам кенг фойдаланилган. Шунинг учун Аҳамонийлар давлати қулаганда суғдларда форсларга нисбатан ҳамдардлик ҳисси бўлмаган, аксинча, қувонганлар. Кейинги даврларда суғдлар ва форслар бир-бирига қарама-қарши бўлган турли давлатлар (Эрон ва Турон)нинг таркибга кирган ва бу халқларни бир-бири билан боғловчи ҳеч қандай ришталар бўлмаган.

 

Буюк ипак йўлидаги савдо алоқаларида ҳам суғдлар ва форслар ўзаро рақобатдош бўлган. VI аср ўрталарида турк хоқони Истами Буюк ипак йўлини тиклаб, Эрон ва Византия билан савдо алоқаларини ўрнатишга интилган. У Сосонийлар шоҳаншоҳи Хусрав I Ануширвон ҳузурига Маниах исмли суғдни элчи қилиб жўнатган. Форслар Маниах олиб борган ипак матоларни сотиб олиб, кўз ўнгида ёқиб юборган. Бу билан турклар ва суғдларнинг Эрон орқали Византияга ипак матолар олиб ўтишига қаршилигини билдирган. Натижада улар ўртасида иқтисодий алоқалар ўрнатилмади. Шундан кейин турклар 568 йили Каспий ва Қора денгизларининг шимол томонидан ўтган бошқа йўллар орқали Маниахни элчи сифатида Константинополга юбориб, Византия билан савдо алоқаларини ўрнатдилар.

 

Суғдлар ва форслар ўртасида маданий яқинлик ҳам бўлмаган. Қадимги Шарқда маданий алоқаларнинг ривожланишида тилларнинг яқинлиги эмас, балки диний мансублик кўпроқ аҳамиятга эга бўлган. Чунки у ёки бу халқнинг маданияти, яъни яшаш тарзи, урф-одатлари, байрамлари, никоҳ ва дафн маросимлари ва ҳоказоларнинг қандай бўлишини белгиловчи асосий омил дин эди.

 

Эронда Аҳамонийлар давридан бошлаб араблар босқинига қадар зардуштийлик динининг энг ақидавий шакли ҳукмронлик қилган. Ҳеч қандай мазҳаблар ва фирқаларга йўл берилмаган, бошқа динлар ҳам таъқиб этилган. Суғдларнинг дини эса ақидавий зардуштийликдан анчагина фарқ қилган, ҳар қалай, илк ўрта асрларда. Масалан, суғдларнинг VII–VIII асрларда Панжикент шаҳрида фаолият олиб борган ибодатхонасининг зардуштийлик динига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Қуёш нурларининг ибодатхона ичига тушиши учун иложи борича кенг шароит яратилган. Диний маросимларда мусиқа ва рақс ишлатилган. Бу ерга келган одамлар ибодатхонага мевалар тортиқ қилганлар.

 

Суғдларнинг дафн маросимларида марҳум устида йиғи-сиғи маросими ўтказилган. Марҳумларни кўмиш ҳам форсларникидан фарқ қилган. Суғдлар оловга ҳам, бутларга ҳам сиғинганлар. Наршахийнинг “Тарихи Бухоро” асарида ёзилишича, исломга қадар бухороликлар бутпараст бўлганлар. Қутайба ибн Муслим Самарқанд шаҳрини эгаллаганда ибодатхоналардаги барча бутларни бир ерга тўплаб, ёқиб юборган. Суғдиёнанинг Бухоро, Байканд, Варахша, Панжикент сингари бошқа шаҳарларидаги ибодатхоналарда ҳам бутлар турган. Буларнинг ҳаммаси ақидавий зардуштийликка, баъзилари эса умуман зардуштийлик динининг қонун-қоидаларига зид ҳисобланади.

 

Бундан ташқари, исломга қадар суғдларнинг бир қисми буддавийлик динига, бошқалари насронийликка, шунингдек, монийликка эътиқод қилган. Суғдларга хос энг муҳим жиҳатлардан бири, улар ақидапараст форслардан фарқли ўлароқ жуда бағрикенг халқ бўлган. Ҳатто шаҳарларда бир кўчанинг ўзида оташпарастлар ва бутпарастларнинг ибодатхоналари қурилиши мумкин эди.

 

Ўрта Осиё ҳудудларига араблар бостириб келганда ҳам суғдлар ва форслар бир-бирига қарама-қарши кучлар таркибига кирган. Форслар ислом динини қабул қилиб, арабларнинг Ўрта Осиёга юришларида фаол иштирок этганлар. Араб тилидаги манбаларда улар “мавло” деб аталган. Суғдлар эса турклар билан бирлашиб, босқинчиларга қарши миллий озодлик учун кураш олиб борганлар.

 

Араб ва форслар Ўрта Осиёни узил-кесил босиб олиб, бу ерда ислом дини кенг ёйилгандан кейин ҳам суғдлар ва форслар ўртасида этник ва маданий яқинлик бўлмаган. ХI асрда яшаган турк олими Маҳмуд Кошғарий “Девон луғот ат-турк” асарида “суғдлар доимо ўзларини форслар билан қўшилиб кетишдан сақлаганлар”, деб ёзган.

 

Суғдлар ва турклар. Ўрта Осиёда суғдлар, бохтарлар ва хоразмийлар қадимдан ўтроқ ҳаёт тарзида, шаҳар ва қишлоқларда яшаганлар. Улардан ташқари чўл ва даштларда, шунингдек, тоғли ҳудудларда турли даврларда кўчманчи ва ярим кўчманчи қавмлар яшаган: саклар, массагетлар, юэчжилар, хиёнийлар, кидарийлар, эфталийлар ва турклар.

 

Суғдлар Ўрта Осиё тарихида чуқур из қолдирган бўлса ҳам, ҳеч қачон мустақил давлат қурмаганлар. “Авесто”га кўра, орийлар жамияти тараққиётининг дастлабки босқичларида (милоддан аввалги I мингйилликнинг биринчи ярмида) суғдлар алоҳида бир жамоа бўлиб яшаган. Лекин ундан кейинги даврларда турли босқинчиларга: милоддан аввалги VI–V асрларда форсларга, милоддан аввалги IV–III асрларда юнонларга қарам бўлганлар. Кейинчалик эса кушанлар, хиёнийлар, кидарийлар, қанғлилар, эфталийлар ва турклар қурган давлатлар таркибига кирганлар.

 

Суғдлар тарихида уларнинг Турк хоқонлиги таркибига кирган даври алоҳида аҳамиятга эга. Маълумки, Ўрта Осиё туркларининг бир қисми азалдан ўтроқ ҳаёт тарзида яшаб, деҳқончилик, боғдорчилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланиб келганлар. Турк хоқонлигига асос солган Ашина турклари ҳам дастлаб Олтой тоғларида темир қазиб чиқариш билан шуғулланган ва ўтроқ ҳаёт тарзида бўлган. Кейинчалик кўчманчи турк қабилаларини ўз атрофига бирлаштириб, кучли давлат қурганлар.

 

Ашина турклари ўз давлатининг дастлабки даврлариданоқ уларга қарам бўлган ўтроқ халқларнинг маданий қадриятлари ва имкониятларидан самарали фойдаланганлар. Авваламбор, суғд тилини турк тили билан бир қаторда давлат тили даражасига кўтарганлар. Турк хоқонларининг атрофида олий мартабали аслзода суғдлар кўп бўлиб, давлат бошқаруви ишларида фаол қатнашганлар. Хусусан, турк хоқонлари суғдларга Буюк ипак йўлидаги халқаро савдони ривожлантириш вазифасини юклаган. Суғдлар муҳим давлат топшириқлари билан Хитой, Эрон, Византия каби давлатларга элчи қилиб юборилган.

 

Турк хоқонлигининг халқаро алоқалари кенгайиб, давлат, хусусан, маданий ҳаёт юқори даражада ривожланган. VI–VIII асрларда юз берган бундай юксалиш жараёнини шартли равишда “турк уйғониш даври” деб аташ мумкин. Турк хоқонлиги даврида шаҳарсозлик, меъморчилик ва санъат тараққий этиб, кушонлар даврининг хиёнийлар ва эфталийлар ҳукмронлиги пайти (IV–V асрлар)да тушкунликка тушиб қолган ва йўқотилган маданий қадриятлари қайта тикланди ва яна ҳам юксак даражага олиб чиқилди. Турклар Ўрта Осиё халқларининг маданий ютуқларини ўзларига хизмат қилдира олдилар ва уларни турк тамаддунининг мулкига айлантирдилар.

 

Туркларда ягона дин йўқ эди, ҳар хил динларга эътиқод қилганлар. Шунинг учун барча динларга бағрикенг муносабатда бўлганлар. Бунда уларга монийлик таълимоти жуда ёрдам берган. Чунки бу таълимот турли динларнинг қадриятларини ўз ичига олган ва унинг эшиклари янги динлар учун ҳам очиқ эди. Турк хоқонлиги даврида монийлик таълимоти тангричилик ва шаманизмдан киритилган қадриятлар билан бойитилиб, давлат динига айлантирилган.

 

Турклар монийликни суғдлар ёрдамида қабул қилганлар. Шунинг учун монийлик билан бирга турклар орасида суғд тили ва маданияти ҳам кенг тарқалган. Монийликка оид диний матнлар асосан суғд тилида бўлган. Диний қадриятлар бир бўлганидан кейин ибодатхоналар, урф-одатлар, байрамлар, никоҳ ва дафн маросимлари ҳам бир бўлган. Бу эса турклар ва суғдлар орасидаги этномаданий қоришув жараёнларининг вужудга келиши ва жадаллашувига олиб келган.

 

Суғдлар VII аср хитой манбаларида “турклар билан қўшилиб кетган халқ”, арман манбаларида эса “Туркистон мамлакатидаги туркларнинг бир уруғи”, деб таърифланган. Ҳатто Турк хоқонлиги заифлашиб, Хитойга қарам бўлиб қолгандан кейин суғдлар қисқа вақт давомида деярли тўлиқ мустақил бўлганида ҳам турклар билан алоқалар узилгани йўқ, аксинча, яна ҳам кўпроқ ривожланди.

 

Уйғур хоқонлиги (745–840 йиллар)да монийлик давлат дини, суғд тили эса турк тили билан бир қаторда давлат тили ҳисобланган. Улар турк руник ёзувидан воз кечиб, суғд алифбосига асосланган уйғур ёзувини ишлатганлар. Кейинчалик бу ёзув Ўрта Осиёда кенг тарқалган. Ислом динини қабул қилмай, ўз эътиқодида бардавом бўлган турклар суғд тилидаги диний матнлардан ХI–ХII асрларга қадар фойдаланганлар. Еттисувда, шунингдек, Талас ва Чу водийларидаги баланд тоғларда қоятошларга суғд тили битилган бундай матнлардан бир нечтаси сақланган. Битикларда тилга олинган 100 дан ортиқ исмлар ва унвонлардан сезиладики, уларни ёзиб қолдирган одамлар монийликка эътиқод қилувчи турклар бўлган.

 

Шуниси аҳамиятлики, улкан ҳудудларни қамраган Турк хоқонлиги даврида туркларга тобе бўлган халқлар бирор марта қўзғолон кўтармаган. Турклар ўзларига бўйсунган халқлар, хусусан, суғдлар орасида катта нуфузга эга бўлган. Шунинг учун ўзаро қариндошчилик алоқаларини ўрнатишга интилганлар. Манбаларда турклар ва суғдлар ўртасида қурилган оилалар тўғрисида жуда кўп маълумотлар мавжуд. Ҳатто суғд тилида терига ёзилган ҳужжат – никоҳ шартномаси ҳам сақланган. Бу этник жараёнлар охир оқибатда суғдларнинг Ўрта Осиёда ва Шарқий Туркистонда яшовчи маҳаллий ўтроқ ва шаҳар турклари орасига ихтиёрий равишда сингиб кетишига олиб келди.

 

IХ–Х асрларда Ўрта Осиёда араб ва форс босқинчиларининг истилоси муҳитида суғдлар ва туркларнинг этномаданий қоришув жараёни якуний босқичга кирган эди. Бу ҳол “Девон луғот ат-турк” асарида ҳам ифодасини топган. Кошғарийнинг ёзишича, ХI аср ўрталарида “Балосоғун ва Тароз шаҳарларининг аҳолиси асосан турк ва суғд тилида сўзлашган. Фақат турк тилини билувчи одамлар ҳам кўп бўлган. Лекин фақат суғд тилини билувчи одамлар деярли қолмаган эди”. Китобнинг бошқа ерида яна ёзилади: “Суғдлар фақат суғд ва турк тилларида сўзлашадилар ва ўзларини форслар билан қўшилиб кетишдан сақлайдилар, шунинг учун уларнинг кўпчилиги турклар билан қўшилиб кетди”.

 

Аён бўлмоқдаки, ўша даврда суғдларнинг турклар билан этник қоришув жараёни сўнгги босқичга кирган эди. Шундан кейин суғдлар маҳаллий ўтроқ ва шаҳар туркларининг ичига табиий ва ихтиёрий равишда сингиб кетганлар. Яна бир бор таъкидлаш жоиз, суғдлар ўзларини форслардан йироқ тутганлар ва улар билан қўшилиб кетишни истамаганлар. Бу ҳолат, шубҳасиз, бутун Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистон ҳудудларига ҳам хос бўлган. Шуниси диққатга сазоворки, суғдларнинг араблар ва форслар билан этник қоришуви ҳақида маълумот берувчи бирорта ҳам манба ёки ҳужжат йўқ. Ваҳоланки, бу тилларда ёзилган асарларнинг сони турк тилидаги китобларга нисбатан жуда ҳам кўп.

 

Суғдларнинг авлодлари. Мақола аввалида айтганимиздек, шўролар тарихшунослигида Ўрта Осиёнинг қадимги эроний тилли аҳолиси маданиятининг давомчиси ҳозирги тожиклардир, деган фикр қабул қилинган эди. Ҳозир ҳам рус ва тожик тарихшунослигида бу фикр мавжуд. Аслида эса ундай эмас. Биз юқорида келтирган маълумотлар бунинг яққол далилидир.

 

Форс тили ғарбий эроний тиллар гуруҳига мансуб бўлиб, Ўрта Осиёда келгинди тил ҳисобланади. Ўрта Осиёнинг қадимги эроний тиллари эса шарқий эроний тиллар гуруҳига кирган ва ғарбий эроний тиллардан катта фарқ қилган. Илк ўрта асрларда суғдлар маданий жиҳатдан (дин, урф-одат, дафн маросими...) келгинди форсларга эмас, балки қўшни ўтроқ ва шаҳар туркларига яқинроқ бўлганлар. Энг муҳими, суғдлар форслар каби ақидапараст эмас, балки турклар каби бағрикенг эдилар. Шунинг учун уларнинг этномаданий қоришув жараёнлари табиий ва ихтиёрий кечган. Турк хоқонлигидаги қулай этносиёсий муҳит бу жараённи яна ҳам тезлаштирди. Араб ва форс босқинчиларининг Ўрта Осиёга кириб келиши эса уларга қарши биргаликда курашган суғдлар ва туркларни яна ҳам жипслаштирди.

 

Суғд тилининг лаҳжаларидан бири Зарафшон водийсининг юқори қисмида, баланд тоғлардаги Яғноб қишлоғида ҳозиргача сақланган. Бу қишлоқда икки мингга яқин аҳоли яшайди ва суғд тилида сўзлашади. Шуниси диққатга сазоворки, яғнобликлар ҳалигача (минг йил ўтган бўлса ҳам) атрофдаги тожиклар билан қўшилиб кетмаганлар ва ўзларини улардан ажратадилар. Ирқий белгилари ҳам мутлақо бошқача ва тожикларникидан тубдан фарқ қилади. Бу ерларда яшовчи тожиклар яғноб тилини тушунмайдилар. Айни пайтда, яғноб тилида қадимги турк тилидан ўзлашган сўзлар кўп. Демак, уларнинг узоқ ўтмишдаги аждодлари қадимги турклар билан яқин мулоқотда бўлганлар.

 

Минг йил олдин суғдлар ўзларини форслар билан қўшилиб кетишдан қандай сақлаган бўлса, бугунги кунда яғнобликлар ҳам ўзларини тожиклар билан қўшилиб кетишдан сақлайдилар. Бу ҳақиқат яна бир бор манбаларда келтирилган маълумотларни тасдиқлайди ва суғдларнинг келгинди араб ва форслар билан эмас, балки маҳаллий ўтроқ ва шаҳар турклари билан қоришиб, охир оқибатда ХI–ХII асрларда уларнинг ичига сингиб кетганидан далолат беради.

 

Помирликлар билан ҳам худди шундай. Улар ХIХ–ХХ аср бошларида форс тилини бегона тил, тожикларни эса “турли ерлардан кўчиб келган келгиндилар” деб ҳисоблаганлар. Фарқ яна шундан иборатки, помирликлар ХI асрдан бошлаб ҳозиргача ислом динидаги шиа мазҳабининг “исмоилия” фирқасига мансуб. Тожиклар эса ўзбеклар ва афғонлар сингари сунна мазҳабига риоя қиладилар. Ҳозирги кунда ҳам помирликлар ўзларини “тожик” деб ҳисобламайдилар. Демак, бу халқлар тожикларни келгинди ва бегона халқ деб билади ва минг йилдан кейин ҳам улар билан қоришишни истамайди. Шунинг учун “суғдларнинг авлодлари ва давомчилари тожиклардир” деган қараш мутлақо хатодир ва ҳақиқатга тўғри келмайди.

 

Умуман олганда, тарихда ҳеч қачон “тожик тили” деган тушунча ва “тожик халқи” деган алоҳида этник бирлик бўлмаган. Бу тушунчаларни рус мустамлакачилари ўйлаб топган. Аслида “тожик тили” бу форс тилидир. Исломга қадар турклар учун дин тили суғд тили бўлган бўлса, кейин бундай вазифани янги форс тили ўтаган. Чунки ислом динини форслар орқали қабул қилганлар. Шунинг учун эски диний эътиқод билан бирга суғд тили ҳам йўқолганидан кейин унинг ўрнини янги форс тили эгаллади.

 

Араб алифбосига асосланган янги форс тилининг юксалишида ҳам туркларнинг хизмати катта бўлган. Туркий сулолалар (Сомонийлар, Ғазнавийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар) янги форс тилида ижод қилувчи шоирларга ҳомийлик қилганлар. Форсларнинг ўзи эса дастлаб “янги форс тили”ни инкор этганлар ва фақат араб тилида муомала қилганлар. Эрондаги форс ҳукмдорлари янги форс тилида ижод қилувчи шоирларни қабул қилмаганлар ва улар ёзган шеърларни “ширк” деб ёқиб ташлаганлар.

 

“Тожик халқи” деган тушунчани рус олими В.В.Бартолд шўролар ҳукуматининг топшириғига биноан “илмий асослаб” берган. Чунки рус мустамлакачиларининг асосий мақсади “орийларнинг авлоди бўлмиш тожиклар”ни туркларнинг “зулми”дан “озод этиш”, улар билан бирга “янги орийлар”, яъни русларнинг Туркистонга абадий эгалик қилишига “илмий асос” яратиш эди.

 

Тожикларнинг тили форс бўлса ҳам, форслар уларни ўзларидан фарқлаганлар. Форс тилининг ўрта асрларда тузилган изоҳли луғатларида “тожик” сўзига шундай таъриф берилган: “тожик бу – арабнинг Эронда туғилиб ўсган боласидир”. Аён бўладики, тожиклар арабларнинг форслар билан қоришувидан ҳосил бўлган икки тилли бир жамоа эди. Улар Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида, Ироқдан Ҳиндистон ва Хитойгача бўлган ҳудудларда бошқа халқлар ичида алоҳида жамоа бўлиб яшаб келганлар. Араблардан ҳам, форслардан ҳам фарқ қилганлар, чунки келиб чиқиши араб, тили эса форс бўлган.

 

Ўрта Осиё шаҳарларини босиб олган араб ва форс истилочилари дастлаб икки тилли (араб ва форс) бўлган. Кейинчалик эса уларнинг асосий тили форсча бўлиб қолган. Бу қоришувдан ҳосил бўлган этник қатлам кейинчалик “тожик” деб аталган. Кейинги асрларда унинг таркиби Эрондан кўчиб келганлар ҳисобига кўпайиб борган. Лекин бу қатлам ҳеч қачон алоҳида бир халқни ташкил этмаган. Чунки унинг ичида ҳеч қандай яхлитлик бўлмаган. Тожиклар сунна мазҳабига, форслар эса шиа мазҳабига риоя қилганлар. Қолаверса, форс тили туркларнинг ҳам иккинчи тили ҳисобланган, чунки мадрасаларда дарслар шу тилда олиб борилган, диний матнлар, яъни Қуръони Карим оятларининг тафсирлари ва ҳадислар ҳам кўпинча форс тилида талқин этилган. Умуман, Ўрта Осиёда тил ҳеч қачон этник мансублик кўрсаткичи бўлмаган. Чунки бу минтақа қадимдан икки ҳар хил маданиятнинг чегараси эмас, балки қоришув ери бўлиб келган. Шунинг учун аҳоли ҳар доим икки тилли бўлган. Исломгача турк ва суғд тиллари, ислом даврида эса турк ва форс тиллари баробар ишлатилган. Ўзбек халқи ҳам рус босқинига қадар икки тилли бўлган, шундан кейин мустамлакачилар ягона халқни ўзларининг сиёсий мақсадларида парчалаб ташлади ва бир-бирига қарама-қарши қилиб қўйди. Чунки қадимдан барча босқинчиларнинг шиори бир бўлган: “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил”.

 

Шамсиддин КАМОЛИДДИН,

тарих фанлари доктори, профессор



[1] Ҳозирги ўзбек тарихшунослигида орийлар аслида туркий тилли қабилалар бўлган, Ўрта Осиёга келиб, маҳаллий эроний аҳоли билан қоришиб, уларнинг тилини ва маданиятини қабул қилган, деган қараш ҳам бор. Лекин бу фикрни тасдиқловчи далиллар ҳали етарли эмас.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси