У фақат сиёсий шоира эмасди – Зулфияга бошқача ракурс


Сақлаш
16:02 / 20.02.2024 187 0

***

1956 йил, куз фасли. Венада ўтадиган Умумжаҳон хотин-қизлар конгрессига иттифоқдош республикалардан таклиф қилинганлар Москвада, хотин-қизлар қўмитасида тўпланадилар. Улар орасида Зулфия Исроилова ҳам бор эди.

 

– Ўзбекистонда узум пишдими? – деб сўрайди қўмита ходимларидан бири Зулфия опадан.

– Ҳа, ғарқ пишди.

– Наҳотки, икки килогина олиб келиш мумкин бўлмаса, – дейди савол берувчи яна.

– Мумкин, лекин мен кўчада фақат аёллар сумкачасини кўтариб юришга одатланганман. Оғир, катта юклар кўтаришни ўзимга ор деб биламан, – деб жавоб қайтаради Зулфияхоним.

 

Шу мулоқотдан кейин унга москваликлардан айримларининг муносабати салбий томонга ўзгарди. Венада тадбир иштирокчилари жойларда учрашувлар ўтказиб келишгач, фақат Зулфия опадан ҳисобот сўрашади. Ахийри у: “Нима учун мен икки карра ишлашим керак? Ишонмасаларинг, ёнимга кузатувчи қўйинглар. Ёки мен учрашувларга бормай қўя қолай”, дейди. Шундан кейин Зулфияхонимдан ҳисобот сўрамайдиган бўладилар.

 

 

*** 

1953 йил, урушдан кейинги оғир давр. Ленинграддан Александра Стрелсова келиб, “Ўзбекистон хотин-қизлари” журналида ишлай бошлайди. Стрелсованинг кийимлари бир аҳволда, айниқса, пойабзали жуда эскириб кетганди. Жамоадагилар унга янги туфли олиб беришмоқчи бўларди-ю, лекин дилини оғритиб қўйишдан андиша қилишарди. Бир куни аёлларнинг ўзаро суҳбати пайтида Зулфия опа гапни айлантириб, ҳамманинг нечанчи ўлчамдаги оёқ кийими кийишини сўраб чиқади... Сал ўтмай, туғилган санасида эрталаб иш столи тортмасини очган Стрелсова янги туфлини кўриб йиғлаб юборади.

 

Шу заҳоти Зулфия опа:

– Шура, илтимос, хафа бўлманг. Биз сизнинг дилингизни оғритмоқчи эмасдик... – деб узр оҳангида сўз бошлаганда, гапни Стрелсова бўлади:

– Мен хафа бўлганимдан эмас, шундай олижаноб, меҳрибон одамлар орасига келиб қолганимдан хурсанд бўлиб кўз ёшларимни тиёлмаяпман.

 

***

1970 йили шоира халқаро “Нилуфар” мукофотига сазоворлар қаторида Ҳиндистонга боради. Фотомухбирлар совриндорлар орасида якка аёл бўлган Зулфиядан Индира Ганди мукофотни топшираётганда қучоқлаб кўришишни сўрашади. Улар шу ҳолатни расмга олишмоқчи эди.

 

– Индира Ганди – ҳукумат бошлиғи, мен оддий қаламкашман. Ўз ўрним, мавқеимни биламан. Индира хонимнинг муносабатига қараб жавоб қайтараман, – дейди Зулфия.

 

Шахт билан кириб келган Ганди хоним тақдирлаш маросимида ҳамма қатори Зулфия билан ҳам қўл олишиб кўришади, мукофотни топширади ва шоирамиз ўз жойига келиб ўтиради. Тадбир тугаб, Индирахоним яна шахт билан чиқиб кетаркан, бирдан тўхтайди, орқасига ўгирилади, Зулфия томонга кулимсираб юра бошлайди.

 

“Шунда мен ҳам даст ўрнимдан туриб, унга пешвоз чиқдим. Икки аёл қучоқ очиб бир-биримизни табрикладик. Фотомухбирларнинг нияти холис экан, ўша лаҳзаларни суратга муҳрлашди”, дея эслайди шоира бу ҳақда кейинчалик.

 

 

***

Қайта қуриш йилларида бир ижодкор ўз асарида шундай шоира образини яратдики, уни ҳамма Зулфия опага ўхшатди. Ҳатто бадиий қаҳрамон ҳаёт йўли, фарзандининг исму шарифидан тортиб уйининг пардалари рангигача бир қолипдан чиққандай эди... Айримлар тилида “Фалончи Зулфияни боплади! деган гап ҳам айланди. Асар босилган журналга тикилиб ўтирган Зулфияхоним оҳиста айтган сўзлари қалбимга санчилиб қолганди:

 

– Ижодкор хоҳлаган нарсаси ҳақида ёзиши мумкин, бундан сира хафа эмасман. Мени бошқа нарса қийнаяпти: у ижодкорни яхши кўрганимдан ёнимга, уйимга кўп чақирганман. Мен ҳақимда шундай фикри бўлган одамни олдимда узоқ-узоқ ўтиришга мажбур қилиб қийнаб қўйганимдан жуда хижолатдаман...

 

*** 

1944 йил, 31 май оқшоми. Кечки овқатдан кейин ҳовли орқасидаги ерга экилган картошкани суғораётган Ҳамид Олимжон олдига Зулфия чой кўтариб чиқади.

 

– Ташна бўлиб турганингда чой кўтариб чиққан аёлингнинг садағаси кетсанг арзийди, – дейди шоир ва чойни қўйиб, ўзиям майса устига ўтириб олган аёлига таажжубланиб қарайди. – Ий-й, шунақаям бўларканми? – у устидаги енгил коржомасини ечиб, майса устига тўшайди: – Марҳамат!

 

Эртаси куни Дўрмонда қурилаётган ёзувчилар боғидаги ишларни кўриб қайтаётган Ҳамид Олимжон автоҳалокатга учраб вафот этади. Ўшанда 29 ёшда бўлган Зулфиянинг пешонасидаги икки энлик сочига бир кечада оқ тушган эди...

 

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси