Бу кашфиёт олимлар тасаввурини ўзгартирди. Авазбек Носировнинг Дубна бирлашган ядро тадқиқотлари институтидаги тажрибалари


Сақлаш
16:02 / 14.02.2024 317 0

Ўттиз йилдан зиёд умри дунёнинг энг машҳур илмий марказларидан бири – Дубна бирлашган ядро тадқиқотлари институтида (Россия) ўтаётган ўзбек олими, физика-математика фанлари доктори Авазбек Носиров отаси билан бўлган суҳбатни шундай эслайди:

 

Умримнинг кўп қисми мусофирчиликда ўтди. Мени энг изтиробга солган нарса ота-онамдан олисда бўлганим. Гарчи укаларим ўрнимни билдирмай, уларга яхши қарашган бўлса-да, ўнта бўлса ўрни бошқа дейишганидек, бош фарзанднинг ўрни бўлак экан. Отам мени юртга қайтаришни истаб, раҳматли шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ҳузурига бошлаб борган (ҳазратнинг отаси билан қўшни турганмиз, у киши масжидимизда имом эди, отам иккаласи яқин дўст бўлишган. Ҳозир иккаласининг қабрлари ҳам ёнма-ён). “Бунга айтсангиз, биз ҳам қарияпмиз, энди қайтиб келса, шу ерда ишласа” деган. Шайх ҳазратлари “Илм йўлида бўлса сира қайтарманг” деб жавоб берган. Отам “Гапингизни олади деб сизга айтсам...” деб сал ранжиган. Аммо юрагим доим Ўзбекистонда...”.

 

Авазбек Носиров 1982 йилдан буён ядро-ядро тўқнашувидаги жараёнлар механизми бўйича илмий фаолият олиб боради. 1987 йили Дубнада Бирлашган ядро тадқиқотлари институтида “Оғир ионлар билан тўқнашув реакцияларида кўп нуклонли ўтишлар” мавзусида номзодлик ва 2004 йили Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтида “Оғир ион реакцияларида кўп нуклонли ўтишлар ва қўшилиш-бўлиниш жараёнларини ярим микроскопик тавсифлаш усули” мавзусида докторлик диссертациясини ёқлаган.

 

Авазбек Носиров чет эллик олимларнинг экспериментлари натижасини таҳлил этишда улар билан ҳамкорлик қилади. Италиянинг Мессина университети физика факултети олимлари профессор Жиоржио Жиардина, доктор Жузеппе Мандалио, Германиянинг Юстус Либих  университети олимлари, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон олимлари билан ҳам халқаро ҳамкорликда ишлайди. У дунёдаги энг нуфузли 20 та илмий журналнинг рецензенти.

 

Унинг илмий кашфиёти 62 йилдан буён дунё физик олимларининг ядролар тўқнашганда тўла қўшила олмаслиги ҳақидаги тасаввурини ўзгартирди. У турли ядро физикаси марказларида олинган тажриба натижаларини ўзимизнинг олимлар яратган назарий физика модели доирасида тушунтириб бера олди. Бу ҳақидаги илмий мақола 2023 йил баҳорида физикларнинг нуфузли “Physics Letters B” журналида чоп этилди. У Россиядаги Бирлашган ядро тадқиқотлари институтида 2023 йилнинг биринчи ярмидаги энг яхши назарий мақола деб тан олинди.

 

Авазбек Носиров гарчи Дубнада яшаб фаолият олиб борса-да, ҳар йили икки марта Ўзбекистонга келиб, ёш олимлар билан ишлайди. У Бирлашган ядро тадқиқотлари институтининг илмий тадқиқотлар бўйича 1992, 2004, 2016 йиллардаги олий мукофотига муносиб кўрилган.

 

* * *

Олимлар... Ким ўзи улар? Сизу биздан уларнинг фарқи нимада? Аслида ҳақиқий олим ҳамма қатори оддий одам. Аммо бошқалардан фарқи доим ўзига “Нега? Қандай қилиб? Нима учун? Аниқми?” деган саволларни бериб, воқеа-ҳодисаларга бошқачароқ кўз билан қарайди. Ҳаётимиз давомида, турмушимизда уларнинг мана шу қизиқувчанлиги мевасидан баҳраманд бўламиз, ихтироларидан ҳайратланамиз, фойдаланамиз.

 

Авазбек Носиров ўз дунёси ва принципларига содиқ, одамийликни олимликдан юқори қўядиган қобил фарзанд, меҳрибон ота ва бобо, фидойи олим, садоқатли дўст. Камтарлиги, ҳалоллиги билан дўстлари орасида ҳурмат қозонган. Гарчи Ўзбекистонда яшамаса-да, бундан қирқ йил олдин ўқишни битирган курсдошлари билан ҳозиргача алоқани узмай, йилда бир кўришиб, яхши-ёмон кунларида ёнида туради. Андижоннинг Булоқбошисидан чиққан бу олим Каримжон ота ва Тўтиёхон аяларнинг ўн икки фарзандининг тўнғичи.

 

 

Катта арава қаерга юрса...

 

– Отам узоқ йиллар колхозда раис бўлиб ишлаган, – дейди Авазбек Носиров. – Элнинг дарди, давлатнинг режаси, маҳалла-кўйнинг ташвишидан ортмаса-да, эрта кетиб, кеч қайтса-да, бизнинг ўқишимиз, одоб-ахлоқимиз, муаммоларимиз ҳақида онамдан суриштирарди. Онам мактабда ўқимаган, лекин саводи бор, фаросатли, тадбирли аёл эди. “Сиз академиксиз” дердим онамга. Чунки ўта дипломат, қаерда нимани гапириш, қаерда жим туришни биларди, вазиятдан келиб чиқиб иш тутарди. Бирор марта бировнинг кўнглини оғритмаган хушмуомала аёл эди. Меҳри билан бирга қаттиққўллиги ҳам етарлича, кўчада болалар билан ёқалашиб келсак, ўзимизни уришарди. Ўн икки фарзанднинг еттитаси ўғил. Қаттиқ интизом бўлмаса, шундай натижаларга эришармидик? Деярли ҳаммамиз ўқишларни қизил дипломга битирганмиз, оилада тўрттамиз физик. Отам бешинчи укамни қишлоқ хўжалиги институтига йўналтирган. У ота касбини давом эттириб кам бўлмади. Онам уй юмушлари, мол-ҳолга қарашдан ташқари, дарсимизни вақтида бажариш ва китоб мутолаасига ҳам вақт ажратишимизга шароит қилиб берарди. “Бош фарзандсан, сен қайси йўлдан кетсанг, укаларинг ҳам сенга эргашади, акалик масъулияти катта” дер эди ота-онам.

 

Ота тарафдан ҳам, она тарафдан ҳам бобо-бувиларим илмли, донишманд одам бўлишган. Мулла Носир бобом ўз номи билан мулла эди. Онамнинг отаси Иброҳим ҳожи ҳам катта тадбиркор, тақволи одам бўлган. Болалигимизда ўйнаб борсак, олдига ўтирғизиб ҳикматли сўзлар, ривоятлар айтиб бериб бизга тарбиявий соат ўтарди. Кейинчалик менинг илмий фаолиятим, олимлигимдан фахрланарди, “Одамлар сен ҳақингда гапирса хурсанд бўламан” дерди раҳматли. У киши 80 ёшида ҳажга бориб, ўша ерда вафот этган.

 

Отам раис бўлган. Бой яшаганмиз деёлмайман. У киши ҳалол, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмайдиган одам эди. Уйимизда ортиқча пул ҳам бўлмаган. Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир гал онам “бозорга бориб кел” деб пул берган. Мен ўйинқароқлик қилиб, онамнинг гапини англаб-англамай бозорга бориб, иккита совуннинг ўрнига иккита қовун кўтариб келганман. Онам роса койиб, “бориб алмаштириб кел, менинг бошқа пулим йўқ” деган. Бормайман деб йиғлаб туриб олганимдан кейин бувимнинг раҳми келиб, чопонини бошига ташлаб ўзи бозорга кетган. Раҳматли Назира бувимнинг менга меҳри бўлакча эди, илмни қадрларди. “Болам, ҳали бир куни китоб чиқарсанг, бир четига менинг ҳам исмимни ёзиб қўй” дерди. Иншооллоҳ, қачондир кўрган-кечирганларим ҳақида китоб чиқарсам, бувимнинг орзусини амалга оширмоқчиман.

 

 

Булоқбошидан Дубнагача

 

– Болалигимда ўзимдан икки ёш катта Муҳаммадсоли деган жўрам бўларди. Жуда тарбияли, меҳнаткаш ва софдил бола эди. Дўстим мактабга бора бошлаганда унга қизиқиб, мен ҳам унинг китобларидан фойдаланиб, ҳарф таниганман. Биргаликда ё уларнинг, ё бизнинг ҳовлимизда дарс қилардик.

 

Мактабдан келибоқ дарров дарсларимни қилиб, эртанги машғулотга тайёргарлик кўрардим. Дарсхонамизда жавонда Кайковуснинг Қобусномаси турарди. Ҳар кўзим тушганда қайта-қайта ўқиб қўярдим. Энди ўйлаб қарасам, биз ўғил болалар тарбияси учун муҳим бўлган бу китобни ота-онам бекорга қўйиб қўйишмаган экан. 8-синфдан бошлаб физикадан олимпиадага қатнаша бошлаганман. Ўша йилиёқ физика фани бўйича олимпиаданинг туман ва вилоят босқичларидан ўтиб, республика босқичида 3-ўринни эгалладим. Биринчи марта Новосибирск шаҳрида ўтказилган Бутуниттифоқ физика олимпиадасида фахрли ўринни эгаллаб, мақтов қоғози ва китоблар билан тақдирланганимда онам жудаям севинган. Албатта, бу ютуғимда физика ўқитувчимиз Умаров Тоштемир домланинг ҳиссаси катта. Дарсдан кейин домлам билан қўшимча шуғулланардик, у киши жуда кучли масала китобларидан фойдаланишни ўргатарди. 9- ва 10-синфларда эса олимпиаданинг ҳамма босқичларида биринчи ўринни эгаллаб, Ленинградда (ҳозирги Санкт-Петербург шаҳри) бўлиб ўтадиган Бутуниттифоқ физика олимпиадасига йўлланма олганман.

 

Мактабни олтин медал билан битирганим учун имтиёз билан Тошкент давлат университетининг физика факултетига ўқишга қабул қилинганман.

 

 

Ёшлар, осон йўлни танламанг!

 

– Ҳозирги ёшларнинг кўпчилиги (ҳаммаси ҳам эмас) илм ўрганишнинг осонроқ йўлини қидиради, бирор масала устида узоқ бош қотиришмайди. Маърузани ҳам доскадан расмга тушириб олиб тайёрланишади, интернетдан қидиришади, хуллас, меҳнат қилишга эринишади. Энг оқсайдиган тарафи – тил билмайди, ўрганишга ҳаракат ҳам қилмайди. Эсимда, 8-синфдалик чоғим Бутуниттифоқ физика олимпиадаси ғолибларидан бўлганим учун мени Москвадаги физика-техника институтининг сиртқи физика-математика мактабига қабул қилишган ва ҳар чоракда физика, математика ва геометриядан назорат ишлари жўнатиб туришар эди. Мен ўзбекча ўқиганим учун дастлаб рус тилидаги масалалар шартини тушуниб олишим қийин бўлган. Ҳатто Андижон шаҳридаги педагогика институтига бориб, домлалардан ёрдам сўраганман. Секин-аста ўзим уддасидан чиқадиган бўлдим ва масала-мисолларни тўғри ечиб, дафтарларимни почта орқали Москвага жўнатадиган бўлдим. Атайлаб шунинг учун ўрис тилини ўргандим.

 

Тўрт-беш баҳолар билан ўша сиртқи мактабни битирганман. Шунинг учун менинг физика ва математика бўйича билимим тенгдошларимникига қараганда анча юқори бўлган. Ўшанда тушларимда қушдек учиб юрганимни кўрганман. Онамга айтсам, “Бу билиминг билан, худо хоҳласа, сен ҳаётда ҳам, илм-фанда ҳам юқори поғоналарга кўтариласан” деб таъбир қиларди. Оллоҳга шукур, оналарнинг фарзанди ҳақидаги орзулари, дуолари ижобат бўлмай қолмаскан, раҳматли онамнинг ишончи, алқашлари менга куч бериб, 1976 йили ўқишимни Тошкент давлат университети физика факултетидан Москва давлат университети физика факултетига кўчирдим, яъни 1976–1980-йиллари у ерда ўқиб олий маълумот олдим.

 

Москвада ўқиб юрганимда доим ўзимга ўзим “Сени Ўзбекистонда ота-онанг, укаларинг, қариндошларинг, дўстларинг кутаяпти, уларнинг сендан умиди катта” дея далда бериб турардим. Бўш вақтим деярли бўлмаган. Спорт билан шуғулланиб, югурар эдим, қишда чанғи учардим. Ўша пайтда олинган ҳаётий динамика ҳали ҳам давом этаяпти. Атрофимдаги инсонлар, ҳамқишлоқларим ва қариндошларимнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилиш менга доим илҳом беради.

 

 

Оилам

 

– Менинг шу даражага етишимда ота-онамнинг тарбияси, меҳри, устозларимнинг беминнат хизмати ва хотинимнинг ўрни беқиёс. Чунки хонадонимдаги хотиржамлик, илиқлик аёлим Мастурахон билан боғлиқ. У жудаям сабр-тоқатли аёл. Менинг боримга ҳам, йўғимга ҳам чидаб, қўллаб, илм қилишимга шароит яратиб бермаганида олим бўлишим осон эмасди. Чунки арзимаган маош билан ижарада яшашнинг ўзи бўлмайди. Ҳатто ойлик етмаганидан Россияда ветнамликлардан оёқкийим олиб сотиб кун кўрган пайтларимиз ҳам бўлган.

 

Иккита ўғлим бор. Бош фарзандим Беҳзоджон ҳам физикадан яхши ўқирди, аммо унинг ўсмирлик палласи менинг қийин давримга тўғри келган, шунда у “Ота, мен бошқа соҳани танлай қолай, сиз ўн сўмлик иш қилиб, беш сўм маош оласиз, мен ўн сўмлик иш қилдимми ўз улушимни олишим керак” деб иқтисод йўналишини танлади. Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университетида икки йил ўқиб, Японияга грант ютди ва ўша ерга ўқишга кетди. Ҳозир Японияда яшайди. Келинимиз Манатсу билан шириндан шакар Азизулло ва Комила деган набираларимизни тарбиялашаяпти. Келинимиз япон, аммо ўзбекка роса ўхшайди, ислом динини қабул қилган. Бизнинг қадриятларимизни ҳурмат қилади, жуда ақлли, фаросатли аёл. Ҳар йили келиб кетишади. Фарзандларига уйда ўзбекча гапиришади. Набирам Азизулло мен билан интернет орқали гаплашиб туради. Менинг соҳам билан боғлиқ саволлари бўлса мурожаат қилади, ёрдам бераман. Уларда бешинчи синф боласиям атом ҳақида тақдимот тайёрлаб топшираркан.

 

Иккинчи ўғлим Нусратилло менинг соҳамда ўқиди. Институтни битириб у ҳам хорижга ишга таклиф қилинган.

 

 

Дунёнинг қай бурчида бўлсам ҳам...

 

Оиламизда пулни муҳим деб билиш, пулга ружу қўйишдан қайтарилганмиз. Нафс тарбияси муҳим бўлган. 1994 йили мени Дубнага таклиф қилишган бўлса, ўттиз йилдан зиёд ўша ерда илмий фаолият билан шуғулланаяпман. Шунча пайт мобайнида Россия фуқаролигини олиш хаёлимга ҳам келгани йўқ. Бир йилда икки марта иш сафари билан келиб ЎзФА Ядро физикаси институтида талабаларим билан ишлаб кетаман.

 

Тўғри, аҳволим яхшилангач, ота-онам, яқинларимга иложи борича ҳар томонлама ёрдамлашишга, эътибор қаратишга ҳаракат қилдим. Бироқ барибир кўп вақтимни улар билан ўтказа олмаганим армон бўлади. Биз, етти ўғил, ота-онам қариб қолганида (отам 91, онам 82 ёшга кириб вафот этган) бир ҳафтада бир мартадан навбат билан қарашга келишиб олганмиз. Табиийки, менинг галимда мен етиб келолмасдим, ўрнимга навбатчиликни укаларимдан бирови қилиб турарди. Лекин бир-икки ой муддатга келган пайтимда албатта қилган прогулларимни ишлаб берардим. Онамга мен билан гаплашиб туришлари учун телефон олиб бергандим. “Болам, мабодо сен қўнғироқ қилиб қолсанг кўрмай қоламанми деб телефонни доим ўзим билан олиб юраман” дер эди раҳматли.

 

Дунёнинг қайси бурчида бўлсам ҳам ота-онамнинг ўгитлари, дуолари қулоғимда жаранглаб тураверади. Теран нигоҳларини ҳис қиламан. Инсон ёши ўтавергач шуни англаб етарканки, биз қаерда бўлмайлик, қайси касб эгаси бўлмайлик, ўз илмимиз, ўз ҳунаримиз билан ватан учун қўлимиздан келгунча нимадир қилишимиз, қолдиришимиз керак экан.

 

Шаҳноза РОФИЕВА тайёрлади.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 4-сон.

“Олимлик ва одамлик мезонлари” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси