“Унинг ўрнида мен ҳам бўлишим мумкин эди”, “Имкониятни қўлдан бой беряпман”. FOMO синдроми сизда ҳам кузатилади(ми)?


Сақлаш
18:02 / 09.02.2024 219 0

 

Бугунги турмуш тарзингиз бир вақтлар сизга орзу эди. Ҳозирги иш жойингизда ишлаш учун севган соҳангиз бўйича таълим олгансиз. Ютуқларингиз бир қатор. Хуллас, ҳаммаси сиз қачонлардир тузган режалар бўйича кетяпти.

 

Шунга қарамай, ҳолатингиздан қониқиш ҳисси йўқ. Худдики сиздан бошқа барчада шахсий ва касбий ривожланиш кузатиляпти. Одамлар кундан-кунга янги билимлар ўрганиб, замонавий соҳаларда ўзини синаб кўряпти. Бунинг ортидан даромадлари ҳам анча юқорилаган. Сизни эса йил бошида тузган рўйхатингиздан саноқлисига “бажарилган” белгиси қўйилди. Янги соҳани ўзлаштириш ва ойлик даромадингизни фалон миқдорга олиб чиқиш пунктлари бўлса, ҳалигача очиқ...

 

Бу ҳислар сизга танишми? Сизнингча, улар дангасалик ёки бошқалардан камроқ ишлаётганингиз ортидан пайдо бўляптими? Йўқ, муаммо бунда эмас. Сиздаги ҳолат FOMO (fear of missing out) ёки имконият ва маълумотлардан четда қолиш қўрқуви дейилади.

 

Бу қўрқув айниқса, кўп вақтини интернетда ўтказадиганлар орасида учраб, атрофдагилар унинг иштирокисиз фойдали тажриба ва маълумотларга эга бўлаётгандай туюлаверади.

 

Айниқса, ижтимоий тармоқларда доимий айланаётган “Ўзингизга бўлган ишончингизни 5 кунлик тренингимиз орқали оширинг!”, “Замонавий соҳани 1 ойда ўрганиб, даромадингизни 3 баравар юқорига олиб чиқинг!” дейдиган сохта мотиватор, психолог-у мутахассислар, уларга ишониб, курсга аъзо бўлган, натижада гўёки ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган содда одамлар фикри – кузатувчиларда “унинг ўрнида мен ҳам бўлишим мумкин эди, имкониятни қўлдан бой беряпман” деган ўйларни келтириб чиқаради.

 

Бунинг оқибатида, имконият ва хоҳишларга тўғри келмайдиган йиллик ёки ҳафталик режа ва “мақсадлар” тузилади. Табиийки, уларнинг амалга ошиш эҳтимоли паст бўлиб, натижа кишини янада ҳафсаласиз, чорасиздек ҳис қилишига сабаб бўлади.

 

 

Бу ҳис қандай пайдо бўлади?

 

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, FOMO’ни шахсий ҳаётдан етарлича қониқмаслик ва ёмон кайфият келтириб чиқаради. Бундан ташқари, унинг шаклланишига бевосита таъсир қилувчи аниқ омиллар ҳам мавжуд.

 

Булар:

 

Ижтимоий тармоқлар. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва FOMO ўртасида узвий боғлиқлик аниқланган. Бу синдромга эга одамлар доимий равишда бошқа одамларнинг ҳаётида нима содир бўлаётганидан хабардор бўлиш, улар билан алоқа қилишга эҳтиёж сезади ва қондириш учун интернетда имкон қадар фаол бўлишга интилади. Бирор воқеликни ўтказиб юборса, ўзига алоқаси бўлмаса ҳам ачинади. Тармоқ фойдаланувчилари эса одатда, ҳаётининг имкон қадар ижобий томонини кўрсатиб, реалликдан-да фаол бўлади. Натижада, кузатувчиларнинг ўз ҳаёти оддий ва зерикарли туюлади. Бундай қўрқув одамда FOMO’ни қўзғатади.

 

Ёлғизлик. Ёлғизлик ва ёлғиз қолишнинг фарқи бор, иккинчисида сиз онгли қарор қилгансиз. Ёлғиз қолиш фойдали бўлиши мумкин. Ёлғизлик эса аксинча, депрессия ёки яқинларидан айрилиш каби бир қатор салбий оқибатлар ортидан келади. Одам ўзини иложсиз, имкониятлардан чекланган ёки етарлича фойдаланолмаётгандай ҳис қилади.

 

Безовталик. Турли асабий хатти-ҳаракатлар ортидан келадиган ички ваҳима ҳолати FOMO’ни юзага келтирувчи навбатдаги омилдир. Энг ёмони, безовталик ва асоссиз хавотирлардан азият чекувчи одамлар стрессни енгиш, мияни тинчлантириш учун ижтимоий тармоқлар билан овунишга ҳаракат қилади.

 

Қисқа қилиб айтганда, ижтимоий тармоқлардан сурункали фойдаланиш – FOMO’га олиб келади, FOMO эса безовталикка сабаб бўлади.

 

FOMO’нинг салбий жиҳатларидан яна бири шундаки, у одамнинг ўзи севган иши билан хотиржам шуғулланишига халал беради, чунки хаёлида яқинлари унинг иштирокисиз бирор ерда вақт ўтказаётгани ёки улар эришган муваффақиятлар айланаверади.

 

FOMO билан “касалланган” одам қисқа муддатли эътибор, маъносиз бандлик ортидан келадиган билимларга қарам бўлиб боради. Ўз қизиқишларидан чалғиб, атрофидаги жараёнларга аралашишга уринади. Оқибатда энергия фойдасиз ишларга сарфланади ва ҳаракатлар мақсадли эмас, ўзини овутиш учунгина бажарилади. Натижада, одам фаоллик имитациясига учраб, вақти ва умрининг шунчаки ўтиб кетишига сабаб бўлади.

 

Фаоллик имитациясида одамнинг фаоллиги бирор мақсадга хизмат қилмайди, у шунчаки бўш қолмаслик учун бўлар-бўлмас ишлар билан ўзини банд қилишга уринади.

 

Орамизда FOMOга учраганлар борми?

 

Албатта, бор. Ва улар биз ўйлаганимиздан-да кўпчиликни ташкил этади. Қизиқ бўлиши мумкин, аммо айнан сиз ҳам бу синдромга чалинганлар қаторида бўлишингиз мумкин.

 

Чунки бугун ижтимоий тармоқлар кун тартибимизнинг ажралмас қисмига айланиб қолган. Кун давомида бўлаётган воқеа-ҳодисаларни яқинларимизга реалликда эмас, онлайн оламдаги дўстларимиз билан интернетда бўлишишга уринамиз. Янгиликлар ҳам энди телевизор ёки газеталардан кўра, интернет орқали кенг тарқала бошлади. Асосий маълумотлар алмашинуви реалликдан виртуалга “кўчиб бўлди” ва дунё бўйлаб FOMO’нинг ривожланишига қулай “шароит” шаклланди. Табиийки, синдромга чалинганлар ҳам кўпайди.

 

Нореал мақсадлар, фойдасиз уринишлар ва ўзини доимо бошқалар билан таққослашини нормал деб билган, ўзидаги ўзгаришларни қандай номлашни билмайдиганлар кўпчиликни ташкил этса керак. Аммо маълумотлар истеъмолига доимий эҳтиёж, фойдали давра ва атрофдагилардан ортда қолаётганлик ҳиссини сезиб, уни тўғри баҳолай олганлар ҳам оз эмас.

 

Масалан, Абдулатиф Адҳамов ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни бошлагач, ўзида FOMO белгиларини сеза бошлаган:

 

“Имкон қадар кўпроқ маълумот олиш, ҳамма нарсани билиш истаги борган сари кучайиб борарди. Кунимнинг катта қисми янгиликлар ўқиш билан ўта бошлаган. Кейинчалик, барча хабарларни кузатишга бўлган истак менда руҳий депрессия келтириб чиқарди. Аввалига эътибор қилмадим. Кейинроқ бошқа салбий белгилар ҳам пайдо бўла бошлади: кимдир учрашув ёки бирор тадбирга мени таклиф этмаса, руҳий хавотир пайдо бўларди”, — дейди Адҳамов.

 

Ушбу ҳолатлар синдромнинг асосий белгилари эканини психолог Бобоёр Тураев ҳам таъкидлайди:

 

“FOMO ўзини бирор нарсадан четда қолаётгандай ҳис қилиш, асоссиз шошиш ва сабрсизлик билан ортиқча маълумотлар истеъмолига ружу қўйиш белгилари билан намоён бўлади”.

 

Абдулатиф Адҳамов FOMO’дан қандай қутилган?

 

Абдулатиф энг аввало, хабарларни доимий кузатиб боришни тўхтатган. Ўзининг иштироки бўлмаган давралар ҳақида ўйламасликка ҳаракат қилган. Кейинчалик, бир ўзи яшаб, фақатгина шахсий мақсад ва муаммолари йўлида ҳаракат қила бошлаган. Шу тариқа, синдром ўз-ўзидан йўқолиб борган.

 

Зафарбек Камилов эса “FOMO нима?” деган саволни кўргач, бу ҳақда маълумот излай бошлаган. Қидирув натижасида пайдо бўлган синдром белгилари ўзида кузатилаётган баъзи ҳолатларни ёдига солган:

 

“Ўзимдан қониқмасдим, дўст ва тенгдошларимдан ортда қолаётгандек эдим. Балки, бу болаликдаги травмалар билан ҳам боғлидир – ота-она фарзандини бошқалар билан солиштириши, мисол қилиб кўрсатиши ва бошқа шу каби ҳолатлар одам ўзини тенгдошларидан ортда қолаётгандай ҳис қилишига сабаб бўлиши мумкин”, — дейди Зафарбек.

 

Мақола қаҳрамонлари ўзини тушуниб, тўғри баҳолай олгани ҳам аслида, ютуқ. Чунки синдром аввалига руҳий, кейинчалик жисмоний касалланишга ҳам олиб келади. Бу фикр тасдиғи сифатида Бобоёр Тураев шундай дейди:

 

“FOMO’нинг оғир оқибатлари сифатида, агрессия, руҳий бузилишлар ва стресс ҳолатларини санаш мумкин. Унинг ортидан танада юз берувчи касалликлар пайдо бўлади, чунки асаб тизимидаги ҳар бир ўзгариш саломатликка жиддий таъсир кўрсатади”.

 

FOMO’дан қандай қутилиш мумкин?

 

Шахсий ҳаётни ўзгалар билан таққослаш, “керакли” жойларда “муҳим” шахсга айланишга интилиб, ижтимоий босим остида қолиш – ҳеч қандай фойда бермайди. Улардан воз кечиш мияга қўшимча имкон, вақт ва куч беради.

 

Масалан, атрофдагилар янги чиққан фильмни муҳокама қилса, унга қўшилиш “мажбурияти”ни миянгиздан чиқариб ташланг. Балки, сизга кинодан кўра театр ёки кўргазмага бориш маъқулдир.

 

Борди-ю, санъатга умуман қизиқмасангиз, бу улар олдидаги даражангизни пасайтириб қўймайди. Сиздаги хусусиятлар уларда, уларники эса сизда йўқлигини нормал қабул қилиш керак.

 

Телефономания ёки FOMOни аниқлашнинг бир усули

 

“Бугунги кунда телефонлар асосий маълумотлар манбаи, одамларда уларга қарамлик кузатилмоқда. Бу эса худди наркоманияга ўхшайди – телефони ўчиб ёки йўқолиб қолса, бутун дунёдан узилиб қолгандай ўзини ёмон ҳис қила бошлайди”, — дейди Тураев.

 

Унинг фикрича, кишида синдром бор-йўқлигини ҳам шу усулда текшириш мумкин: агар одам телефонсиз бирданига ёмон ҳолатга тушиб қолса, буни FOMO’нинг белгиси дейиш мумкин (албатта, муҳим вазиятлар бундан мустасно). Аксинча ўзини хотиржам тутса, демак у FOMO’га учрамаган.

 

Муаммодан қутилиш учун қуйидаги тавсиялар фойда беради:

 

—     Интернетдаги “сохта” ҳаёт билан реал ҳаётингизни солиштиришни бас қилинг;

—    Ижтимоий тармоқ билдиришномаларини (уведомление) ўчириб қўйинг;

—    Вақтингизни имкон қадар яқинлар ва оилангиз билан ўтказинг;

—   Ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардан фақат муҳим ёзишмалар ва учрашув белгилаш учун фойдаланинг;

 —   Учрашувлар, овқатланиш вақти ёки бошқа иш қилаётганда телефонга чалғимаслик учун ўзингизда куч топинг;

 —   Ўзингизни рақамли детокс билан синаб, сийлаб туринг;

 —   Миннатдорчиликни ўрганинг. Ўзингизда бор нарсалар бирданига йўқ бўлиб қолса, нималар ўзгаришини ўйланг ва борига шукр қилинг.

 

Юқоридагиларга амал қилиш FOMO’га учрамасликка ёки ундан қутилишга самарали ёрдам беради. Уларга қўшимча равишда, руҳшунос синдромдан қутилиш учун киши ўзида ирода ва интизом хусусиятларини чиниқтириши ҳам зарурлигини айтади. Акс холда, FOMO билан бутун умр бирга яшашга тўғри келади.

 

Муқаддас МУСАЕВА

"Oyina.uz"

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси