Бир гуруҳ журналистлар Жаҳон банкининг 69 миллион доллар маблағи ажратилган “Болаларнинг эрта ривожланишини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси” ва унинг доирасида қилинган ишлар билан танишиш мақсадида Самарқандда бўлдик.
Лойиҳа мақсади – боланинг ёши ва индивидуал имконияти, қобилияти ва эҳтиёжига мос равишда алоҳида эҳтиёжли болаларга индивидуал таълим дастурлари, шунингдек, замонавий инклюзив таълим олишига қулай муҳит яратиш.
Дастлаб матбуот анжумани ўтказилиб лойиҳа ҳақида маълумот ва саволларга жавоб берилган бўлса, кейин ажратилган маблағлар асосида қилинган ишлар билан танишиш учун Тойлоқ туманидаги “Илк ривожланиш маркази”да бўлдик.
Бундай намунавий марказларда болалар билан ишлаш оилаларда, ота-оналарнинг фаол иштирокида “Илк қадам” давлат ўқув дастурига мувофиқ ташкил этилади. Ўйин гуруҳлари асосида ишланади. Шунингдек, соғлиғи туфайли имконияти чекланган фарзанди бор оилаларга борилади. Алоҳида таълимга муҳтож болалар билан ишлашда ота-оналарга зарур психологик-педагогик ёрдам кўрсатилади. Бола билан дефектолог, психолог, тарбиячилар ишлайди.
Тойлоқдаги марказ фаолиятини ўрганаётган вақтимиз болалар билан ишлаётган тарбиячи йигит, “боғча ака” эътиборимизни тортди.