Oyina.uz хотирлайди: Биринчи ўзбек киношунос аёли – Ханжара Абулқосимова


Сақлаш
12:02 / 07.02.2024 203 0

Бугун ўзбек киносида яратилаётган фильмларни томоша қила туриб, улардаги ютуқ-камчиликларни рўй-рост айта оладиган киношуносга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезамиз. Ана шундай паллалар биринчи ўзбек киношунос аёли, ўзбек киносининг Ханжараси ёдимизга тушади...

 

1934 йилнинг 8 февралида Тошкент шаҳрида туғилган Ханжара Абулқосимованинг илк киношунос аёл бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди. 1958 йилда Ленинград давлат университетининг филология факультетини тугатган бўлғуси олима тақдир зайли билан кўп ўтмай – 1963 йили «Ўзбекистонда кинематографиянинг шаклланиши» мавзусидаги номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади.

 

Ханжара Абулқосимованинг ўзбек киношунослиги илмида алоҳида ўрни бор. Айниқса, Ўзбекистон киноси тарихи ва назариясини тадқиқ этган мутахассис замонавий жараёнда ҳам жуда фаол, янги ишланган фильмларнинг ютуқ ва камчиликларини доимо борича киноижодкорларга айтолар, бу жиҳатдан сира истиҳола қилмасди. Унинг теран фикри, кенг мушоҳадаси орқали фильмлар ўзининг холис баҳосини оларди. Эътиборлиси, Ханжара Абулқосимова мавжуд камчиликларни қай йўсинда бартараф этиш бўйича ўз маслаҳатларини ҳам аямасди. Шу боис унинг фикрлари, айниқса, режиссёрларга қимматли ҳисобланарди.

 

Унинг исми ҳаётда ҳам, касбий фаолиятида ҳам ташриф қоғозига айлагани рост. Ханжара опанинг исмини эшитган ҳар бир инсон сергак тортарди. Чунки унинг ўзига хос адолати, етук санъат асарига муносабати бўлиб, «ханжар»ни ҳар доим ҳам қинидан чиқармасди. Кинотанқидчи бўлишига қарамай, яхши фильмни маромига етказиб олқишларди, ўзига хос жиҳатларини эътироф этарди.

 

Ханжара исми ҳақидаги хотираларини кейинчалик устознинг ўзи мана бундай сўзлаб берганди: «Қизим қайси соҳада ишламасин, тили ханжардек кескир бўлсин, дея бу исмни отам қўйган экан. Дарҳақиқат, инсон ҳаёти, маълум маънода, унинг исми билан боғлиқ бўларкан. Отамнинг исми Носир эди. Бу исм «ёрдамчи» деган маънони билдирарди. У бутун умри давомида қанчадан-қанча одамлардан қўлдан келган ёрдамини аямади. Онамнинг исми эса Ҳаёт эди. Қанча қийинчиликлар кўришига қарамай, Худо унга умр бериб, 95 ёшида оламдан ўтди. Баъзан ўйлаб қоламан, балки исмим Ханжара бўлгани туфайли ҳаётда айнан шу касбда ишлаш тақдиримга ёзилган бўлса керак!»

 

Ҳақиқатан, Ханжара Абулқосимова отаси ният қилганидек, тили «ўткир» қиз бўлиб етишди. Отаси фарзандларининг тил ўрганишини ва олий маълумотли бўлишини ният қилган. Етти фарзанднинг тўнғичи – қаҳрамонимиз отасининг орзу-умидларини рўёбга чиқарди. Санкт-Петербург университетининг филология факультетида ўқишни битирган ёш мутахассис Ўзбекистон Тил ва адабиёт институтида фаолиятини бошлади.

 

 

 

Кунларнинг бирида институт директори Азиз Қаюмов ёш ходимларни хонасига чақиртиради. Суҳбатда қатнашган таниқли санъаткор Латиф Файзиев киночилар уюшмаси тузилаётганини айтади. Кино назарияси билан махсус шуғулланаётган ходимлар йўқлиги боис, шу ердаги ёшлар орасидан киношунос мутахассис тайёрлаш ҳақида фикр билдиради. Институт раҳбарияти бу соҳа мутахассислигига Ханжара Абулқосимовани муносиб кўриб, уни аспирантурада ўқиш учун Москвага юборади.

 

Бундан бир неча йил аввал устоз билан суҳбатимиз давомида у бу даргоҳга қандай келгани ҳақидаги хотираларини шундай ёдга олганди: «Ўқишдан қайтгач, ҳозирги Санъатшунослик институтига ишга кирдим. Бу соҳада бирин-кетин Жўра Тешабоев, Ҳамидулла Акбаров, Абдуборий Ҳасанов, Саодат Хўжаева, Музаффар Зоҳидов каби кадрлар етишиб чиқа бошлагач, мазкур даргоҳда махсус «Кино ва телевидение» бўлими очилди. Кейинчалик бўлимда Махсура Мирзамуҳамедова, Сабоҳат Хайтматова, Нигора Каримова каби олималар ҳам фаолият юрита бошлади. Бу ерда киношунослар томонидан ярим асрдан ортиқ вақт мобайнида ўзбек кино тарихи ва назарияси ҳақида қанчадан-қанча китоблар чоп этилди, докторлик ва номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди»...

 

Ханжара Абулқосимова Ўзбекистон Республикаси Санъатшунослик институтида роппа-роса 50 йил тинимсиз илмий тадқиқот олиб борган. Шу билан бирга, у аввалги Ўзбекистон давлат санъат институтида ҳам талабаларга ўзбек кино санъати тарихи ва назариясидан билим берарди. Ўз навбатида, ўзбек киносининг дунёдаги нуфузи ортишида киношуносларга хос конкрет фикрлари кўп ўринларда қўл келган. Қуйидаги воқеа бунинг далилидир:

 

«Сен етим эмассан» фильми (режиссёр Шуҳрат Аббосов, 1962 й.) Москвада мутахассислар иштирокида намойиш этилади. Фильм тугагандан сўнг танқидчилар асосий роль ижрочиси, таниқли актёр Обид Жалилов талқин этган темирчи Шомаҳмудов образига эътироз билдирадилар. Уларнинг фикрича, актёр ижросидаги ота совуққон, беэътибор, бемеҳрроқ бўлиб қолган, отага ўхшамаган эмиш. Ҳақиқий ота фарзандларига ниҳоятда меҳрибон бўлиб, уларни бағрига олиши, ўпиб, қучоқлаши керак экан. Суратга олиш гуруҳи билан бирга борган киношунос Ханжара Абулқосимова ўзбек эркаги ўзбек отасининг тимсоли шундай бўлиши кераклигини, яъни бизнинг миллат оталари ташқаридан қаттиққўл, совуққон, андак меҳрсиздек туюлсада, аслида қалбида фарзандига чексиз, жонкуяр, фидойи эканини исботлаб берган. Ўзбек оталарининг кўзларида, хатти-ҳаракатларида оила учун ўзларидан ҳам воз кеча олишларида уларнинг фарзандларига меҳрлари кўриниб туради. Хуллас, танқидчи-киношунослар ўзбек олимасининг фикри билан ҳисоблашишга мажбур бўлганлар. Бу Ханжара Абулқосимова фаолиятидан биргина мисол, холос. У ҳаёти ва фаолияти давомида бундай воқеаларнинг кўпини бошдан кечирган.

 

Устознинг шогирдлари сони беҳисоб. Олди шогирдлари кино, радио, телевидение, газета ва журналларда фаолият олиб боришмоқда. Ҳозиргача санъат соҳасида таълим олаётган кўплаб талабалар олиманинг кино санъати тарихи ва назариясига доир «Ўзбек киносининг яратилиши» («Рождение узбекского кино», 1965), «Наби Ғаниев» (1967), «Таниқли кинорежиссёр» (Латиф Файзиев ҳақида, 1971), «Йўлдош Аъзамов» (1972), «Шуҳрат Аббосов» (1976), «Ўзбекистон киноси» («Кино Узбекистана», Ж.Тешабоев ва М.Мирзамуҳамедова билан ҳаммуаллифликда, 1985), «Ўзбекистон киноси ва бадиий маданияти» («Художественная култура Узбекистана», монография; 1991), «Кино санъати асослари» (2009), «Кинотеледраматургия асослари» (2009) каби китобларидан фойдаланмоқдалар. Шунингдек, Санъатшунослик фанлари номзоди бўлган Ханжара Абулқосимова 200 дан зиёд мақолалар ёзган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2008) унвони билан тақдирланган.

 

Аксарият талабалар устознинг қаттиққўл ва талабчан бўлганини кўп хотирлашади. Ҳатто режиссёрлар ҳам янги фильм ишлаганида Ханжара Носировнанинг фикрини эшитишни исташарди. Чунки унинг «ханжардек тили» сира алдамаган, фақат ва фақат ҳақиқатни айтарди. Ўз чиқишларида бирор фильмда йўл қўйилган хатолар ва уларнинг сабабини тушунтириб, асослаб бергани учун баъзан гап-сўзларга қолганига қарамай, исмига содиқ қолаверарди. Ханжара Абулқосимова ҳаётлик чоғида унга нисбатан «Кинонинг юриб турган энциклопедияси» деб таъриф берилган.

 

Кинони яратиш режиссёр бошчилигидаги ижодий жамоанинг иши бўлса, уни кенг тарғиб қилиш, тушунтириб бериш киношунослар олдида турган муҳим вазифалардан бири. Режиссёрнинг ҳар бир фильми фарзандидек гап. Шунинг учун баъзан унинг камчилигини кўрмайди, ҳатто сезмайди ҳам. Ана шундай пайтда ҳар жиҳатдан етук ва профессионал, дунёқараши кенг, санъатнинг барча турларини тушунган киношуноснинг холис маслаҳатлари даркор. Устозимиз ҳаёт бўлганида бугун 90 ёшни қарши олган бўлар эдилар. Афсус, Ханжара Абулқосимова ҳам кўплаб инсонлар сингари карантин даврида, аниқроғи, касаллик туфайли 2021 йилнинг 14 июль куни 87 ёшида бу ёруғ оламдан кўз юмди. Устоз етук кадрлар тарбиялаш масаласи доимо долзарб аҳамиятга эга эканини такрорлашдан ва бунинг учун ўз билимларини ёшларга беришдан чарчамасди. Маслаҳат сўраб келган талабалар ва киноижодкорлар билан дилдан суҳбат қурарди. Унинг назарида энг яхши инсон – кинони севган ва уни қадрлаган кишилар эди.

 

Нигора Каримова,

ЎзР ФА Санъатшунослик институти

«Кино ва телевидение» бўлими бошлиғи,

санъатшунослик фанлари доктори

 

Ҳафиза НИЁЗОВА,

ЎзР ФА Санъатшунослик институти

«Кино ва телевидение» бўлими

кичик илмий ходими

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси