Хоразмдаги этник гуруҳлар тўқнашуви. Ўзбек ўғузларига эроний унсурлар қандай сингиб кетган эди?


Сақлаш
17:01 / 25.01.2024 251 0

Маълумки, Хоразм минтақаси ўзбек халқининг шаклланишида муҳим ўрин тутган этногенетик жараёнларнинг асосий нуқтаси бўлган ҳудудлардан  ҳисобланади. Шу билан бирга Хоразм воҳаси этник жараёнлар энг мураккаб кечган манзиллардан биридир. Бундан ташқари, адабиётларда чиғатой тили деб номланадиган мумтоз адабий тилнинг асосини Хоразм туркийчаси ташкил этган. Бу тарихий-этнографик ҳудуднинг географик жиҳатдан Ғарб ва Шарқ мамлакатларини бир-бири билан боғловчи  йўлда жойлашганлиги ва бошқа тарихий-сиёсий шароитлар воҳада турли этник гуруҳларининг аралашуви ва тўқнашувига сабаб бўлган. Замонида бир қанча олимлар Олд Осиё, Кавказорти, Ҳиндистон, Хилманд водийсидан келган этник гуруҳларни ҳам қидиришга ҳаракат қилган. Бироқ бу ҳудудни тўлиқ туркийлаштира олган, эроний қатламни иккинчи ўринга тушириб, ўзбек тилининг уч лаҳжасидан бирини шакллантирган элат – Хоразм ўғузлари ёки ўзбек ўғузлари бўлади. Хўш, унгача ҳам Хоразм минтақасида туркий унсурлар бўлмаганми?

 

Зотан Беруний ҳам “Кайхусрав Хоразмга кўчиб, турк подшоҳлари [устидан] ҳукмронлигини юргизган эди. Бу воқеа Хоразмга одам жойлашишидан тўқсон икки йил кейин бўлди” деган маълумотни беради. Яъқуб эса: “... Ибн Хассам ал-Ҳабалий улар ҳақида менга шундай айтиб берди... Мен (янгиликларни) форсларнинг ривоятларида топдимки, турк подшоси Афросиёб ўзининг жавоҳирлари ва xазинасини денгизнинг ўртасига, Хоразм ҳудудига, Кердердан тепада жойлашган жойга кўмган. Аммо Абарвиз ибн Хурмуз давригача бу ҳақда ҳеч ким билмас эди. У бу хазиналарни топиб 12 йил давомида ташиб юрган” дея Туроннинг ярим афсонавий ҳукмдори – Афросиёб билан Хоразмни боғлайди.  Кердер номи келиб чиқиши юэжчи ёки хунларга бориб тақаладиган кидарийлар билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги тадқиқотларда айтилади. Беруний келтирган 22 та Африғий ҳукмдорлари рўйхатида Аскажвар шаклида берилган ҳукмдорнинг, Хоразм воҳасидан топилган хоразмий ёзувли тангаларда wzk’nšw’r (Азкачвар) билан боғлиқлигини, араб манбаларидаги 712 йилдаги Хоразмшоҳ Чағон билан битта шахс эканлиги таъкидланган. Чағон эса Чағониёндан келган эфталий ёки туркий ҳукмдор деган қарашлар мавжуд. Хоразм тарихини чуқур ўрганган А.Гудкова фикрига таянилса, Чағон исми турк-мўғул дунёсида кенг тарқалган Азкачвар исмининг иккинчи қисми, “чвар” туркийча чўр унвонининг бошқа бир шакли экани ҳам айтилган. Юқоридаги маълумотлар қисман бўлса-да, милоднинг IVVI асрларида Марказий Осиёга кириб келган эроний бўлмаган, шарқий эрон тилида гаплашмаган янги одамлар – юэчжи ва хун, хусусан хионийлар, кидарийлар ва эфталийлар гуруҳинининг миграцияси Хоразм минтақасини ҳам четлаб ўтмаганини далиллайди.  Яъни, Хоразм ҳудудига ўғузлар кириб келишидан олдинги туркийлашиш жараёнининг асосини кўрсатади.

 

Энди бевосита мавзуга қайтсак. Аввало, ўзбеклар таркибидаги ўғузларни асосан икки гуруҳга ажратиш мумкин:

 

1. Алоҳида-алоҳида этник номга эга бўлиб, ўз уруғ номларини сақлаган гуруҳ;

 

2. Узоқ асрлардан бери ўз номларини унутиб, асосан яшаш жойлари ва касби-корига нисбатан номланувчи гуруҳ.

 

Биринчи гуруҳга Бухоро воҳасининг шимолий туманларида яшовчи аҳоли, иккинчи гуруҳга эса Хоразм вилоятида, қисман Жанубий Қозоғистоннинг айрим қишлоқларида истиқомат қилувчи аҳолини киритиш мумкин. Шунингдек, иккинчи гуруҳга Туркманистон ва Хуросондаги  аҳолини ҳам қўшиш мумкин. Бундан ташқари ўғуз лаҳжасини унутиб, ўзбек тилининг бошқа шеваларида гаплашувчи ўғузларни алоҳида бир учунчи гуруҳ сифатида олса бўлади. Ушбу гуруҳга Нурота ўзбеклари ва мамлакатимизнинг бир неча вилоятларида яшовчи “урганжилар” мансуб.

 

Хоразм ҳудудида жойлашган этносларни учта асосий гуруҳга ажратиш мумкин:

 

1. Қадимги хоразмликларнинг авлодлари (сартлар);

 

2. Алоҳида-алоҳида этник номга эга бўлиб, ўз уруғ номини сақлаган гуруҳлар;

 

3. Туркман  ва қорақалпоқ уруғлари.

 

Хоразм воҳаси ва унга яқин чўллар ўғузлар жойлашган минтақалардан ҳисобланади. Ўғузларнинг асосий қисми VIII–X асрларда Сирдарёнинг қуйи оқимларида, Оролбўйи даштлари ва шимолий ҳамда жанубий минтақаларида яшар эдилар. IX-X асрда ўғузларнинг маълум қисми Орол денгизининг жануби-ғарбий туманларида ҳам ўрнашиб олган эдилар. Истахрий Хоразм ҳақида гапириб “унинг шимолий ва ғарбий ҳудудлари ўғузлар чегарасига уланиб кетади” деб ёзган эди. Муқаддасий эса Хоразм воҳасининг шимоли-ғарбидаги  рустақлардан бири бўлган Житни тилга олиб, “Бу ўғузлар чегарасидаги мустаҳкамланган рустақ, улар томонидан борадиган йўл шу ердан ўтиб боради”деб таъкидлаган эди. Беруний берган маълумотлардан аниқланишича, ўғузлар яна ҳам ғарбда Балхан ва Копетдоғнинг ғарбида, тоғолди туманларда яшаганлар.

 

Тилшунос олим Н.А.Баскаков XI-XII асрлар оралиғида ўғузларнинг учта йирик қисмга бўлинганлиги ва уларнинг бир қисми Оролбўйи даштларида қолиб, туркманлар билан бирга Хоразм ўзбеклари ҳамда қорақалпоқларнинг шаклланишида муҳим ўрин эгаллаганлигини таъкидлайди. Я.Ғуломов Ибн Ҳавқалнинг Амударёнинг қуйи дельтасида Чақир-Ўкуз деган тоғлар мавжудлиги ва бу тоғлар яқинида сув ёзгача музлаб ётиши ҳақидаги маълумотига асосланиб, Ўкуз номининг X асрда ҳам ишлатилганлигини таъкидлайди. 922 йил баҳорда Волга Булғориясига ташриф буюрган Ибн Фадлан Хоразмдан кесиб ўтувчи йўллардан борар экан, Устюрт ҳудудларида ўғузлар яшаганлиги ҳақида хабар беради. Ибн Фадланнинг хабар беришича, ўғузларнинг сурув-сурув қўйлари ниҳоятда сероб бўлган, энг ширин гўштли ўғуз қўйлари ҳақида ҳам бошқа манбаларда айтилган. Ўзаро қабилавий низолар тўхтаб, тинчлик ўрнатилган пайтларда улар Амударёнинг ўнг қирғоғидаги Орол денгизидан бир кунлик узоқликда жойлашган Баратегин ҳамда Гурганж шаҳарларидаги бозорларга келиб ўзларининг сурув қўйларини ўтроқ маҳаллий аҳолига сотганлар.

 

Истахрийнинг маълумотига кўра, Сиях Кўх ярим ороли (ҳозирги Манғишлоқ – форсча “Қора тоғ”)да яқин кунларда (Истахрий яшаган X асрда – Ф.Ж.) бу ҳудуд турклар томонидан эгалланганлигини айтади. Ана шу турклар ўғузлар эди. Демак, Ибн Фадлан эслатиб ўтган ўғузлар аслида Орол денгизидан унча узоқ бўлмаган кенгликда яшаган.

 

Маълумки, Маҳмуд Қошғарий ўғузларнинг XI асрда 24 уруғ шаклида яшаганликларини билдириб, шулардан 22 тасининг номини келтиради: қиниқ, қайиғ, байундир, юва, салгур, афшар, бейтили, бугтуз, баёт, язгир, эймур, қора бўлук, алқа бўлук, игдир, урегир, тотирка, ула-йундлиғ, тўкер, бижанак, жувалдир, жебни, чаруқлуғ. Ўғузларнинг 24 уруғи ҳақидаги  маълумотлар Рашидиддинда ҳам учрайди. Археологик ва этнографик экспедиция маълумотлари ва манбалари асосида йирик этнограф олим Г.П.Снесарев XIX аср охири ва XX аср бошларида ўзбек уруғларининг Хоразм воҳаси бўйлаб жойлашуви харитасини тузган ва ана шу харитада воҳада яшаган ўзбек уруғларидан ташқари (харитада 56 та уруғ номи келтирилган – Ф.Ж.) баёт, афшар, кирлаут, човдир каби ўғуз уруғларининг номини келтириб ўтади. XI асрнинг биринчи чорагида ўғузларга ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан таъсир ўтказган қипчоқлар уларнинг Орол денгизининг ғарбий ҳудудларига сиқиб чиқаради.

 

Манбаларда айтилишича, XI асрда Балхан ва Манғишлоқда  истиқомат қилган ўғуз уруғлари баёт, жабни, салор, авшар язир қабилавий иттифоқига бирлашадилар. Кейинчалик XIII асрга келиб язир қабилавий бирлашмаси мўғуллар истилочилик юришлари таъсирида тарқалиб кетади. Қадимги ўғуз этник номларига алоқадор бўлган топонимик номлардан ташқари ҳудудда йўмуд, салар, али эли, чандир, ших, ўкиз, байрам, кирлаут каби  ўғуз  уруғлари номлари учрайди.

 

Хоразм воҳасида яшаган ўзбек халқи таркибига сингиб кетган ўғузларга мансуб этник гуруҳларнинг тил ҳусусиятлари то бугунги кунгача сақлаган. Асрлар давомида ўғузларга мансуб деб ҳисобланган айрим қабила, уруғ номлари фонетик жиҳатдан турли ўзгаришларга учраган, шундай бўлса-да, айрим ҳолларда топонимлар шаклида сақланган бу номларни англаб олиш қийин эмас.

 

Баёт этноними топонимлар шаклида Хоразм вилоятидаги Хазорасп ва Янгиариқ туманларидаги қишлоқлар номи сифатида сақланганлигини кўриш  мумкин. Шунингдек, Маҳмуд Қошғарий ўғузларнинг йигирманчи уруғи жувалдар (жувалдор, жовулдор) эканини қайд этади. Айрим тадқиқотчилар жавулдур этнонимини ҳозирги човдур//чоудур билан алоқадор деб ҳисоблайдилар. Хазорасп туманида Жувандир номи билан аталувчи қишлоқ номи ҳам бевосита юқоридаги этноним билан боғлиқ бўлса керак.

 

Имир (эймур) – Хоразм ҳудудида учрайдиган ўғуз этнонимларидан биридир. Эймур этноними ўғуз қабилавий иттифоқидаги эмрели уруғи билан алоқадордир. Хоразм ҳудудида ўғузларнинг эмур уруғига хос этник гуруҳларнинг яшаганлиги узоқ даврларга бориб тақалади. Хоразмдаги Йумри, Йумритав каби топонимлар шу этноним билан боғлиқ. Йумритав оронимининг маъноси ҳақида турли қарашлар мавжуд. Айрим тадқиқотчилар тоғ номини жовмард “саҳий, мард, ботир” сўзи билан ҳам боғлайдилар.

 

Ёзма манбалардан бири “Нузхат ал-муштак”да ўрта асрларда ўғузларнинг яшаган жойлари ҳақида маълумот берилар экан, уларнинг Орол денгизи бўйларида ҳам кенг тарқалганлиги ва шунинг учун бу денгиз бўйида жойлашган тоғ Чакраўгуз (Ўғуз тоғи) деб номланганлиги ҳақида айтилади, бу тоғ тизмаларининг атрофларида “сув музга айланади ва бутун ёз давомида ҳам эримайди”. Тадқиқотчиларнинг кўпчилиги уни ҳозирги Султон Увайс тоғи билан локализация қилади. “Руджар китоби”да Чакраўғуз тоғ тизмаларининг жойлашган ўрни аниқ келтирилмайди. Идрисийнинг ўрта аср харитасида эса бироз аниқроқ бўлган маълумот мавжуд бўлиб, унда бу тоғ тизмалари Орол денгизи қирғоқларидан жануби-шарқда кўрсатилган. Шунингдек, XIV–XVI асрларда яратилган манбаларда Султон Увайс тоғлари Чағра номи остида келтирилган. Гурганждан шимоли-ғарбда жойлашган ва ғарбда то хазарлар ўлкасигача чўзилган кенгликдаги дашт Х асрда Хоразм ёки Ўғуз дашти деб юритилган. “Худуд ул-олам”да шундай келтирилади: “Шарққа йўналганда (бу дашт) Марв чегараларидан то Жайхунга қадар чўзилади. Жанубий йўналиш бўйича у Баверда, Нисо, Фороб, Дехистон ва Хазар денгизидан Атилга қадар кириб боради. Бу чўл Хоразм ёки Ўғуз чўли деб аталади. У Балх вилоятидан бошланиб, Жайхундан жанубга ва Хоразм денгизи (Орол денгизи – Ф.Ж.) билан туташиб кетади”.

 

Шунингдек, қиниқ (Хива туманидаги қишлоқ ва Қиниқёп), сандиқли (Бухоро ва Навоий вилоятлари, шунингдек Боғот ва Хазорасп туманларидаги қишлоқ номи), бижанак (Боғот ва Янгиариқ туманларидаги қишлоқ номи) каби ўғуз этнотопонимларининг мавжудлиги ушбу компонентнинг Хоразм воҳасида ўзбек халқи шаклланиши жараёнида фаол иштирокини кўрсатади. Ўғуз этнотопонимлари узоқ асрлардан бери қўлланилиши жараёнида фонетик ўзгаришга учраганлиги туфайли уларнинг шаклида баъзи ўринларда “силжиш” рўй берган.

 

Юқоридагилардан шундай хулоса қилиш мумкинки, ўзбек халқининг шаклланиши жараёнида Хоразм воҳасидаги ўғуз компонентининг иштироки қуйидаги йўналишларда борган:

 

1. X-XI асрларда ва ундан кейинги даврларда араб тарихчиларининг маълумотига кўра, Хоразм ва унга туташ ҳудудларга ўғуз қабилаларининг айрим гуруҳлари келиб жойлаша бошлайди. Айрим ўғузлар таркибида бўлган этник гуруҳлар ўз қабилавий иттифоқидан ажралиб чиқиб, маҳаллий аҳолига қўшилиб кетади. Турғун аҳолига нисбатан тўқ, осойишта яшашга интилиш, чорвадорлар катта қисмининг турғунликка ўтиш сабабларидан бири бўлган.

 

2. Ўғуз қабилаларининг турғун аҳоли билан яқинлашиб бориши ҳудуддаги этник жараённинг муҳим йўналиши ҳисобланган. Ўтроқ аҳоли билан аралашиб қолган этник гуруҳлар, узоқ вақтларгача уларнинг таркибида ўз этник номларини сақлаб  қолганлар. Ўтроқ аҳоли билан ўзаро яқинлашуви натижасида этник номларини баъзан унутиб, яшаб турган қишлоғи ёки минтақаларидаги аҳоли билан ўзларини бир халқ деб тушуна бошлаган. Аммо узоқ вақтларгача маълум  ўғузлар таркибидаги этник гуруҳлар яшаган қишлоқ шу этник гуруҳ номи билан аталиб (этнотопоним) бўлиб қолган.

 

 

Феруза ЖУМАНИЯЗОВА,

ЎзР ФА Шарқшунослик институти катта илмий ходими, доцент

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси