Ўзбекистонда хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган барча канал ва сайтлар фаолиятини зудлик билан чеклаш керак – Минҳожиддин Мирзо


Сақлаш
16:01 / 24.01.2024 270 0

Кишан кийма, бўйин эгма,

ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!

Абдулҳамид Чўлпон

                                              

Империяпарастлик талвасаси яна турли кўринишларда намоён бўла бошлади. “Йўқсуллар доҳийси” Ленин вафотининг 100 йиллиги муносабати билан Россиянинг НТВ каналида уюштирилган “ток-шоу”да россиялик “тарихчи” Михаил Смолин 1917 йилга қадар ўзбеклар, қозоқлар ва озарбойжонлар миллат сифатида мавжуд бўлмаган, инқилобдан кейингина улар СССР номи билан пайдо бўлган, деган ниҳоятда аҳмоқона сафсатани ўртага ташлади. Бу бир шахснинг фикрими ёки рус шовинизмининг асл башарасими?

 

Гарчи маданиятсизларча ва калтабинларча бўлса-да, шовинизмининг асосий башарасини кўрсатувчи ушбу “сиёсий қараш” истибдод кишанларини парчалаб, неча минг йиллик миллий давлатчилигини қайтадан тиклаган эл-у юртларни мана шундай олчоқ ғоялари билан руҳан чўктиришга уринишдир. Акс ҳолда, уларга бундай медиа имконият яратиб берилмаган бўларди.

 

Икки дарё – Аму билан Сир ўртаси, буюк Мовароуннаҳрда мавжуд бўлган кучли давлатчилик, тараққиёт нафақат Марказий Осиёга, балки бутун дунё тамаддунига прогрессив таъсир кўрсатганини бу “тарихчи” билмайдими? Ўзбек миллий давлатчилиги уч ярим минг йиллик тарихга эгалигидан, Турк ҳоқонликларидан бошлаб Амир Темур ва Темурийлар давригача бўлган улуғ замонлардан бехабарми? Айтганимиздек, “ўзбек кеча пайдо бўлган”, деб томоқ йиртаётган “тарихчи” ҳаққоний тарихни жуда яхши билади. Лекин унинг шовинизм билан “эмланган” тафаккури азалдан буюк давлат, буюк тарих, буюк маданият яратган халқнинг кимлигини тан олгиси келмайди.

 

Турон, Туркистон эли азалдан бағрикенг, жўмардликни ўзига касб қилиб олган, ҳамиша юксак мақсадларни кўзлаган оқкўнгил халқ бўлган. Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Маҳтумқули, Абай, Тўхтағул каби улуғ зотлар ўз ижоди, фалсафий, илмий-руҳоний асарлари билан нафақат икки дарё оралиғидаги халқларни, балки бутун башарият фарзандларини доимо меҳр-оқибатли, дўст-биродар бўлиб яшашга даъват этиб келган.

 

Боболаримиз неча асрлар мобайнида минтақада аҳил, баҳамжиҳат бўлиб, буюк қадриятлар асосида яшаб келган бўлса, бугун ҳам, таъбир жоиз бўлса, тарих ва ҳаёт гардиши, табиатнинг ўзи бизни – бутун Марказий Осиё халқларини айнан ана шундай дўстлик ва ҳамкорлик руҳида ҳаёт кечиришга даъват этмоқда. Бу тарихий воқелик! Минг афсуски, мана шундай тарихий ҳақиқатни англамайдиган ёки англашни истамайдиган Михаил Смолинга ўхшаганлар бундай қарашлари билан бир бутун халқларни ҳақорат қилмоқда. Бу кечирилмайдиган ва шунчаки “алаҳсираш” деб қараб бўлмайдиган ҳолдир!

 

Бугун шовинистик пропаганда юзидаги ниқобни йиртиб, ҳақиқий башарасини намойиш қилар экан, ҳар бир хатти-ҳаракатида фашизмнинг “қўланса ҳиди” анқийди... Афсуски, шовинистларнинг жиноий ҳаракатлари ўз жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланаётгани ўта аянчлидир.   Аслида, Михаил Смолин ва унга ўхшаш “сиёсатдон”ларнинг оғзида айланаётган “тил” қора ният эгасининг тилидир.

 

СССР деб номланган, аллақачон тарих ахлатхонасига итқитилган империяни тирилтириш – амалга ошириб бўлмайдиган хом-хаёлдан бошқа нарса эмас. Тарихдан яхши биламиз: фақат олчоқлик ва зўравонлик билан кун кўрган бу “империя” бошқа халқларнинг меҳнати эвазига зулук сингари “яшаб” келган. Бугун прилепинлар, смолинлар яна ўша “совет”нинг истибдод асосига қурилган тузумини қўмсаб айюҳаннос солишмоқда.

 

Жамиятимизни бундай хуружлардан, заҳарли ғоялардан сақлаш учун мамлакатимиздаги хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган барча радио-телведение каналлари ҳамда интернетдаги сайтларни зудлик билан чеклаш масаласини кўриб чиқишни вазиятнинг ўзи тақозо этаётир.

 

 Минҳожиддин МИРЗО,

         Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси