Исо Масиҳнинг чорчўпига тортилган жадидлар, тобутини мойбўёқлар елкалаган рассом – Бобониёз Қурбон асарларида тимсоллар


Сақлаш
17:01 / 15.01.2024 295 0

XXI аср Ван Гоги

 

Келажак рассомлари ҳақида ўйлаганимда, Винсент ван Гог ва устоз Бобониёз Қурбон кўз олдимга келади. Дарвоқе, Бобониёз акага бағишланган  шеъримни “ХХI аср Ван Гоги” деб номлаган эдим. Шахсий дардлар ҳам ифода этилган, рассом шоир қиёфасида гавдалантирилган шеърда, жумладан, шундай сатрлар бор:

 

Шеърларимни ўқимаслар,

Лекин эълон қилгайман.

Шуҳрат менга юз йилдан сўнг

Келишин ҳам билгайман.

 

Ван Гог ҳаётлик чоғида биттагина асарини сота олган экан. Санъатни англаш, унинг қадр-қиммати борасида аҳвол орадан икки аср ўтган бўлса-да, афсуски, деярли ўзгаргани йўқ. Санъат ва адабиётнинг жамияту халқ учун нақадар муҳим экани ҳамон тўлиқ тан олинмагандек... Йўқса, санъаткорга эътибор спортчиникидан ортиқ бўлса бўлар эдики, асло кам бўлмас эди. Чунки спорт инсонни жисмонан тарбияласа, санъат маънан юксалтиради. Жисмонан кучли одам гўзалликни севмаса, ҳис этмаса, кучини гўзалликни нобуд қилишга сарфлайди. Бу инсоният учун қанчалик хатарли!..

 

 

Мўйқаламга муҳаббат

 

Бобониёз акани қарийб 20 йилдан буён биламан. Устоз бутун умр Ўзбек миллий академик драма театрида хизмат қилди. Бу давр мобайнида қўлига мўйқалам олмаган бирор кун бўлмаса керак. Ҳарҳолда, қачон учрашсак холст қаршисида қизғин ижодий иш билан машғул бўлар эди. Бобониёз ака бошқа рассомлардан фарқли ўлароқ фақат тасвирий санъат билан чекланиб қолгани йўқ. Кўп қиррали истеъдод соҳиби пьеса, шеър ва ҳикоялар ёзган, турли ихтиролар қилган, ҳатто табобат билан ҳам шуғулланган. Сўз санъатига меҳр, адабиёт ва санъатни айро билмаслик бадиий ижодга ундаган бўлса, Шаҳло исмли рассом қизларининг узоқ вақт хасталаниб бевақт вафот этгани устозни табобатни ҳам ўрганишга мажбур қилганди.

 

 

Оқибат

 

Бобониёз Қурбон театрда ишлаган вақтлари мўъжаз устахонасидан одам аримас эди. У киши бу даврда юзлаб ёшларга устозлик қилди. Шогирдларнинг аксари қўли юпқа оилаларнинг фарзандлари бўлиб, рассом ижод сирларини уларга фийсабиллоҳ, савоб учун ўргатган. Ўнлаб шогирдлари тасвирий санъатда юксак марраларга эришди. Аммо оқибатли шогирдлар ҳам камёб бўлар экан. Бугун устоз хасталикка чалиниб, уйдан чиқолмай қолган, унинг ҳолидан хабар олаётганлар сафи эса тобора сийрак...

 

 

Санъатга садоқат

 

...Бобониёз Қурбон Театр ва рассомлик институтини тугатиб, театрда иш бошлаган кезлар. Неча йиллаб у ижарадан бу ижарага кўчиб юриш серфарзанд оилани обдан ҳолдан тойдиради. Рассомнинг рафиқаси Холида Қурбонова ахийри бир куни эрига ёрилади: “Бобониёз ака, қачонгача театр бераётган арзимас ойликка чидаб яшаймиз?! Келинг, театрни ҳам, рассомликни ҳам ташланг! Биз ҳам бозорга чиқайлик!” “Сендан кечсам кечаман, лекин тасвирий санъатдан асло воз кечмайман!” дейди Бобониёз Қурбон ўшанда қатъият билан.

 

Санъат асарларининг бош қаҳрамони кўпинча муаллифнинг ўзи бўлади. Ҳатто ўзга олам, ўзга одамлар, воқеалар гавдалантирилса-да, уларнинг ортида санъаткор нигоҳи, дарду изтиробларини пайқаш қийин эмас. Бобониёз Қурбон асарлари ҳам рассомнинг шахсий ҳаётидан ҳикоя қилади. Унинг ҳаёти эса севимли иши, картиналари, бир сўз билан айтганда, тасвирий санъатдан иборат бўлади.

 

 

Хаёлий галерея

 

Келинг, энди Бобониёз Қурбон асарлари хаёлий галереясини бирга сайр этайлик. “Хаёлий галерея” деганим бежиз эмас. Гап шундаки, гарчи бир умр орзу қилган эса-да, рассом шахсий устахонага эга бўла олмади. Заҳматкаш инсон бир умр театрдаги камтарона хонада ижод қилди, ўша ерда шогирд тайёрлади.

 

 

Мойбўёқ тубигидаги автопортрет

 

Бобониёз Қурбон ижодида автопортрет ва портрет жанри алоҳида ўрин тутади. Унинг бош асарларидан бири “Автопортрет” деб номланган. Унда муаллиф ўз қиёфасини тепиб, мажақлаб ташланган мойбўёқ тубигида акс эттирган. Автопортретини рассомнинг ҳаёти билан мувозий ифода этадиган бу каби образлар жаҳон тасвирий санъатида ҳам кам учрайди.

 

 

Маълумки, мусаввирликда ишлатиладиган асбоб-ускуна, матою мойбўёқ жуда қиммат туради. Аксар рассомлар айнан шу томондан қийналгани сабаб, мойбўёқнинг бир қатрасини ҳам исроф қилмасликка уринади. Қолган-қутган бўёқни тубикдан сиқиб чиқаришнинг иложи бўлмаганда, ташлаб юборишга кўзи қиймай, оёқ остига ташлаб, пошналари билан тепиб-эзғилаб, палитрага ўтказиб олади.

 

Назаримда, инсон ҳаёти ҳам шундай. “Агар чанг бўлмаса, инсон мингга кирар эди” деган экан Ибн Сино бобомиз. Бу дунёда адолатсизлик, ноҳақлик ва улар ортидан келадиган ғам-қайғу бўлмаса, одамлар бағрикенг ва самимий бўлса, инсон эҳтимол минг йилдан ҳам кўпроқ умр кўрармиди?.. Афсуски, бир кам дунё ҳали-ҳануз бу балолардан қутулган эмас.

 

Бобониёз Қурбон ҳам турфа синовлар ичида яшади – унинг ҳаётида ҳам қувончу қайғу бисёр; содда ва самимийлигидан фойдаланганлар қанча?.. Аммо рассом яхшилик қилишдан бир зум чекингани йўқ. У қанча ёшларнинг бошини силади, қанчасига устозлик қилди, яна қанчасига уйидан жой берди. Яхшилигига жавобан қўлини тишлаганлар, ҳаётини зимистонга айлантирганлар ҳам учради... Айни ўшалар туфайли Бобониёз ака ўз қиёфасини тепиб-мажақлаб ташланган тубикда акс эттиргандир.

 

 

Жаконда ва Света

 

Бобониёз Қурбоннинг гўзал бир туркуми бор. Картиналарда мусаввир билан кўп йиллар бир даргоҳда хизмат қилган корейс ҳамкасби ва ҳамқалами Света Цой тасвирланган. Туркумнинг Леонардо да Винчининг машҳури жаҳон “Мона Лиза” – “Жаконда”си билан ажиб ўхшашлиги бор. “Мона Лиза” мумтоз, “Света” эса замонавий услубда яратилган.

 

 

Жаконда – флоренциялик бой савдогар Дель Жаконданинг беваси бўлиб, эри картина яратилмасдан бир оз аввал вафот этади. Умрйўлдошини яхши кўрган Мона Лиза мотам белгиси сифатида қошларини қириб ташлайди. Шу боис ҳам у суратда қора либосда тасвирланган.

 

“Жаконда” тасвирий санъат тарихидаги энг машҳур картина ҳисобланади. Унга оид тадқиқот, изланишлар шу кунгача давом этмоқда. Асар Франциядаги Лувр музейида ўқўтмас ойна ичида сақланади.

 

Бобониёз Қурбон “Мона Лиза” ҳақида қизиқ фикр билдирган эди: “Кўпчилик “Жаконда”ни Леонардонинг энг буюк асари деб ҳисоблайди. Менимча эса, мусаввирнинг энг буюк асари “Сирли кеча” деворий суратидир. Картинада Иуда Исони сотишидан  олдинги  кеча тасвирланган. Ўша оқшом Исо ўн икки ҳаворийни меҳмон қилиб, “Эртага ичингиздан бирингиз менга хиёнат қиласиз!” дейди. Даврада хоин Иуда ҳам ўтирибди... Ҳаворийлар “Исони ким сотар экан, ким?!” деб шивирламоқда. Гўё уларнинг овози сизга ҳам эшитилаётгандек”.

 

Светанинг тақдири ҳам Мона Лизаникига  ўхшаб кетади. Унинг эри узоқ вақт Паркинсон хасталиги билан оғриб вафот этади. Бобониёз Қурбоннинг унга бағишланган картинаси Светанинг эри касал вақти ёки у вафот этгач яратилган. Жаконданинг қирилган қошлари ва мотам либоси эрининг ўлимига, Светанинг сочларига тақилган қалампир шодаси эса аёлнинг аччиқ қисматига ишора қилади. Қалампир шодалари орасига икки мўйқалам санчилган, аёл рассомлик палитрасини бағрига босиб олган. Палитрага қанотли илҳом тулпори – митти Пегас қўниб турибди. Светанинг кўзлари итальян рассоми Амедео Модильяни асарлари бош қаҳрамони, унинг рафиқаси Жанна Эбютерннинг кўз қорачиқлари сингари чизилмаган. Аммо аёлни билган киши бир қарашдаёқ картинада айнан у тасвирланганини пайқайди.

 

 

Мен ҳам Светани танир эдим. У бошига тушган синовларни тасвирий санъат ёрдамида енгмоқчи бўлган эди. Санъат унинг овунчоғи эди. У исмидаги сингари ёрқин ҳаётни севар, расмлари ҳам иссиқ рангларга тўла эди.

 

 

Эрк қушлари

 

Бобониёз Қурбон – ватанпарвар инсон. Шўро қатағони мавзуси унинг ижодида алоҳида, кўламдор ўрин эгаллайди. Рассом Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир каби шоиру ёзувчиларимиз, жувонмарг бўлган миллат фидойиларини қуш тимсолида гавдалантиради; картиналарда қурбонлар руҳи тайрга айланиб кезиб юради, Исо Масиҳ сингари 37-йилнинг қонли чорчўпига тортилади...

 

 

Эрк қуши – Бобониёз Қурбон асарларида севимли тимсоллардан бири. У озодлик рамзи, халқимиз узоқ йиллар орзу қилган, ҳаётини тиккан ҳуррият тимсоли, таъбир жоиз бўлса, Бобониёз Қурбон ижодининг тотеми. Шунинг учун мен бу ижодкорни Қурбонқуш деб атагим келади. Умрини санъатга, одамларга яхшилик қилмоққа қурбон этган қуш...

 

 

Рангин марсия

 

Бобониёз Қурбон бир гал, Ўрол Тансиқбоев ва Чингиз Аҳмаров сингари Шуҳрат Абдурашид ҳам ўз мактабини яратган эди, деди автоҳалокат оқибатида ҳаётдан эрта кетган мусаввир дўстини эслар экан.

 

Бобониёз аканинг Шуҳрат Абдурашидга бағишланган картинаси ҳам бор, у навқирон рассомга яқин услубда яратилган. Бу тақлид эмас, муаллиф атай шу йўлни танлаган, марҳум сафдошига унинг ўз услубида рангли марсия битган гўё. Картинага боқамиз: Шуҳрат Абдурашид асарларида кўп учрайдиган кузги бийдай дала... Нечундир қонранг. Мусаввир қалбидек оппоқ булутлар, мовий осмон, унинг акси тушган кўм-кўк дарё. Даланинг бир четида очиқ қолган мольберт... ҳа, айнан очиқ қолган – очиқ турган эмас, чунки унинг эгаси энди қайтиб келмайди. Мольберт худди Шуҳрат Абдурашиднинг ҳаётга тўймаган, очиқ кетган кўзларига ўхшайди, унда ўша тугалланмаган асар кўринади – мусаввирнинг қадрдон далалари. Мольберт ва тугалланмаган асар эгасини кутаётгандек. Четда ёлғиз қуш мунғайиб турибди. Бу қандай қуш экан? Шуҳрат Абдурашиднинг руҳими?..

 

 

Чойхона

 

Бобониёз Қурбон – ижтимоий фаол рассом. Унинг аксар картиналари ижтимоий муаммолар, даққи қарашлар, салбий архетиплар дадил кўтариб чиқилгани билан ҳам аҳамиятли. Айниқса, чойхона мотиви. Чойхонага муккадан кетишимиз тараққиётдан ортда қолишимиз сабабларидан бири эканига нозик, аммо ўткир киноя бор бунда...

 

 

 

Дашнобод – андуҳим менинг!

 

“Дашнобод анорлари” картинаси – менинг ҳам дардим, менинг ҳам андуҳим! Чунки мен шу қишлоқда туғилиб ўсганман.

 

Картинада камина кўп гувоҳ бўлган тонгги манзара тасвирланган: анорлар орасида кулранг заҳри қотил (алюминий дуди) худди сурув оралаган кўкбўри мисоли сузиб юрибди...

 

       

 

Қўлимда доирадай айланар замон

 

Рассомнинг ижтимоий руҳдаги картиналаридан бири “Доиракаш”дир. Асарда бир эмас, олти доирани айлантириб ўйнатаётган доиракаш акс этган. Бу тасвир чуқур рамзий маънога эга. Унда баъзан созанда қўлидаги доиралардек турланадиган замонга инжа ишора бор.

 

 

 

Эътиқод

 

Бобониёз Қурбон санъатга чуқур эътиқод қўйган. Санъат унинг учун ҳаёт-мамот масаласи. Бир асарида доргача узанган узун йўл тасвирланган, дор эса рассом палитрасига боғланган. Рассом асарни қандай номлаганини билмайман, аммо менга қолса, уни “Эътиқод” деб атаган бўлар эдим.

 

Мусаввир “Санъат хиёнатни кечирмайди!” деб такрорлашни яхши кўради. Хиёнат қилдингизми, тамом, унинг дорига осиласиз!

 

 

 

Абадият йўли

 

Яна бир рамзий картина шарҳи билан хаёлий сафаримизни якунламоқчиман. Сўнгги йўлга кузатилаётган рассом. Қизиғи шундаки, сўнгги йўлга ҳам ранглар кузатаётир. Одам шаклидаги мойбўёқлар елкасига тобут ортмоқлаб олган. Тобутда эса мойбўёқ одам – рассом ётибди. Эҳтимол, бу санъаткор қисмати ҳақидаги асардир...

 

 

Бир армон дилни ўртайди: Бобониёз ака ёзган пьесалари саҳнага кўчишини бир умр орзу қилди. Устоз кўришганимизда гоҳида “Суюнчи бер, яқинда пьесам саҳналаштирилади!” деб қолар эди.

 

Балки вақти келиб, бутун умр пьеса битган-у, бирортаси саҳнага қўйилмаган қаламкаш ҳақида ҳикоя ёзарман...

 

Бугун устоз хасталаниб қолган. Сақлашга жой бўлмагани важидан театрдаги юзлаб картиналари арзонгаров сотувга қўйилган. Бу қандай қисматки, бир умр ижод қилиб, асарларингизга умрингизни берсангиз-у, хасталаниб қолганингизда улар жуда ҳам арзон баҳога сотиб юборилса!..

 

 

Аминманки, бир кун келиб, Бобониёз Қурбон картиналари ҳам худди Ван Гог асарлари сингари чинакам қадр-қиммат топади. Аммо у вақтда Бобониёз Қурбон орамизда бўлармикан!..

 

Насрулло ЭРГАШ

 

Tafakkur” журнали, 2023 йил 2-сон.

Келажак мусаввири” мақоласи

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси