Ўзбеклигимдан фахрланаман, ўзбеклигимдан уяламан – Нега биз ёлғончи миллатга айланяпмиз?


Сақлаш
16:01 / 11.01.2024 334 1

Яқинда қизғин суҳбат орасида бир дўстимиз айтиб қолди. Узоқ йиллар аввал отаси Англияга борганида йўлда адашиб қолибди. Кекса инглиздан йўл сўрашса, обдон тушунтирибди. Масофа узоқ бўлса-да, машинада 30 километрча бирга юриб, тўғри йўлни кўрсатиб юборган. “Дадам ҳар сафар инглизлар ҳақида гап кетса, улар яхши одамлар дейди ва шу воқеани айтиб беради”, деди дўстимиз. 

 

Европада яшаб келган дўстимиз биринчи борганида қишлоқларда йўл юзида мева-чевалар эгасиз тургани, қутисига нархлари ёзилиб, пул учун идиш қўйилганини кўриб ҳайратланганини айтди. “Беихтиёр агар шу ҳолат Ўзбекистонда бўлганида одамлар мевани олиб, пулини ташлаб кетаверармиди, бир-биримизга шу қадар ишона оламизми, деб ўйладим. Бироқ пандемия, аномал аёз вақтидаги видеолар, осмонга сапчиган нархлар, бақир-чақир навбат талашишлар кўз олдимга келиб, ижобий жавоб тополмадим”, дея хўрсиниб қўйди у. Дарвоқе, баъзан биргина инсоннинг ҳаракати ёки бирор воқеа сабаб бутун бир миллат ҳақида фикр шаклланади. Энди юзлар, минглар, миллионларникини тасаввур қилаверинг.

 

Ўзбек халқи ҳақида гап кетганда одатда меҳмондўст, болажон, мўмин-қобил каби таърифларни айтамиз. Ҳар бир меҳмонни иззатлаб, ош билан сийлаб, устига тўн ёпиб жўнатишга ҳавасмандлигимиз ҳануз ўзгармаган. Бу меҳмондўстликни шахс ва мамлакат миқёсида олиб қарасак, исрофгарчилик, кимўзарликка айланиб қолган. Болажон таърифи ҳам охирги йилларда хиралашгандек. Медиани кузатиб тез-тез дуч келадиган боласини калтаклади, ҳатто сувга чўктирди, ахлатхонага ташлаб кетди, деган хабарларга дуч келиб “болажонлик” ўтмишда қолдимикин, деб ўйлаб қоласан. Мўмин-қобил таърифи эса замонавий дунёда ўз ҳуқуқини билмайдиган, осон бошқариладиган, зулмга қарши кураша олмайдиган каби таърифларга синоним бўлиб бормоқда. Хуллас, санасак, миллий хислатларимиз ҳам, иллатларимиз ҳам етарлича.

 

Миллат ҳақидаги фикр мамлакат ичкарисидан кўра ташқарисида қабариброқ кўринади. Бошқа халқлар билан таққослаш, солиштириш имкони бўлади. Бу борада хориждаги юртдошларимизнинг кузатувлари ҳам қизиқ.

 

Корейс ўқитувчисининг сабоғи эсимдан чиқмайди

 

Ҳусниддин Исломов,

Жанубий Кореядаги Чунгбук миллий университети тадқиқотчиси:

 

 

– Илк марта Кореяга борганимда “ўзбекчилик” қиламан деб қаттиқ мулзам тортганман. Биласиз, корейслар алкогол ичимлик кўп истеъмол қилади. Мен ҳам Ўзбекистондан боришимда қимматидан битта олиб бордим. Буни кўриб ўқитувчим қаттиқ хафа бўлиб, жаҳли чиқиб кетган. Сен менга пора беряпсанми, бу ишинг учун сени бемалол полицияга топшириб юборишим мумкин, дея бақирган. Чет эллик бўлганинг, қоидаларни билмаганинг учун охирги марта огоҳлантираман, деганди. Бу сабоқ умрбод ёдимдан чиқмайди.

 

Ҳозир Жанубий Кореяда олий ўқув юртларига ўзбек талабаларини қабул қилишга иккиланишади, аввал бундай муаммо бўлмаган. Ариза топширганларнинг ҳаммаси, ҳатто сохта ҳужжат қилган учарлар ҳам ўқишга қабул қилинарди. Муаммо нимада? Кузатувимча, уддабурон ўртакашлар кўпайяпти. Сени Кореяга жўнатаман, деб содда ёшлардан 5 минг, ҳатто 10 минг АҚШ доллар олаётганлар бор. Йўл-йўриқ, тилни билмаган ёшлар қарз-ҳавола қилиб жўнаяпти. Кореяда яшаш харажатлари, қарзларни қоплаш, бунинг учун эса ишлаш керак. Натижада ёшлар ўқишга эмас, ишга чиқяпти, ноқонуний юрганлар ҳам жуда кўпайган. Бошқа давлат талабаларида бу ҳолатни учратмайсиз. Масалан, қўшни Қозоғистон, Қирғизистондан келганлар ҳам талай, ишга келгани иш, ўқишга келгани ўқишдан бош кўтармайди.

 

Корея университетлари шунгаям мослашди. Айрим рейтинги пастроқ таълим муассасалари ҳафтада бир кун, шанба куни дарс бўладиган тартибга ўтди. Ўзбеклар эса ўша бир кунлик ўқишгаям бормаяпти, пул топишга чопади. Пул, пул ва яна пул...

 

Чўчқа гўштини кўрганда ёдимизга тушган мусулмонлигимиз нега бировнинг ҳаққига келганда унутиляпти?

 

Муаммолар фақат талабалар ўртасида эмас, ишга борганлар орасида ҳам кўп. Масалан, ўзбеклар заводда ишлаяпти, 90 фоиз ходимлар корейс, 10 фоизи ўзбек ва бошқа миллат вакиллари. Энг кўп, таомномага эътироз билдирилади, чўчқа гўшти қўшилмаганми, деб сўраб жанжал қилади. Мусулмонмиз, эътирозни тушунаман. Кореяда мол гўшти қимматроқ, асосан товуқ гўштидан овқат қилинади. Кўрсангиз, ўшандаям жанжал, нега фақат товуқ, менга мол гўштидан овқат қилиб бер, дея. Иш вақтида намоз ўқийман, дейди. Бу, табиийки, иш берувчиларда норозиликни юзага келтиради.

 

Яна бир қусуримиз – масъулиятсизлик, ваъдада турмаслик. Мисол учун, бир кун аввал ишга чиқувчилар рўйхат қилинади. Соатига тўланадиган иш ҳақи олдиндан маълум (ўртача 120-130 минг вон). Миллатдошларимиз эса савдолашади, кўпроқ берасан, деб туриб олади. Айниқса, карантин вақтида авжига чиқишди. Кореяда ишчи кучи етишмади, касаллар кўпайган вақт. Айрим ўзбек мигрантлари 130 минг эмас, 150 минг вондан тўлайсан, деб талаб қила бошлади. Қийин вазиятдан фойдаланиб қолишга уриндилар. Мана шу каби сабаблар туфайли ўзбеклар деганда фақат пулни ўйлайдиган, ваъдасида турмайдиган одамлар, деган тасаввур шаклланиб қолди.

 

Оддий мисол, Кореяда алоқа компаниялари мижозларига фойдаланиш учун паст фоизли кредитга, баъзан ҳатто текинга телефон беради, суғурта қилинади. Бундан хабар топган ўзбеклар қиммат телефонлардан олишади ва йўқотиб қўйдим, дея ёлғон гапириб, яна янгисидан умид қилишади. Бундай воқеаларни кўриб, эшитиб уялиб кетаман.

 

Яқинда бир ҳолат бўлди. Ижара уйга кафолат пули сифатида 2000 доллар тўлагандим, бошқа жойга кўчишга тўғри келди. Уй эгаси адашиб 3000 доллар қайтарибди. Ҳайрон бўлиб ёнимдаги ўзбек танишимга бу ҳақда айтдим. “Яхши-ку, индаманг, айтмасангиз, билмайди барибир”, дейди. Йўқ, уй эгасига телефон қилиб, 1000 доллар кўп пул юборганини айтдим. Корейс эслолмади, шартномаларни текширди. Маълум бўлишича, у доим кафолат пулига 3000 доллар олар экан. Хориждан келганим, пулим камроқлигини айтганим учун мендан 2000 доллар сўраган ва буни унутиб ҳам юборган. Ортиқча пулни қайтариб жўнатдим, ахир менга яхшилик қилган инсонга бошқача жавоб бериш мумкинми? Чўчқа гўштини кўрганда ёдимизга тушган мусулмонлигимиз нега бировнинг ҳақига келганда унутиляпти?

 

Албатта, фахрланадиган воқеалар ҳам бўлади. Яқинда ўзбек йигити 60 ёшлардаги аёлни ёнғиндан олиб чиқди, бу ҳолат қизғин муҳокама бўлди. Кореядаги ўзбеклар гуруҳидаги изоҳларга қарасам, “Хайрият”, “Ўзбеклар ҳақида яхши хабарлар ҳам ўқир эканмиз-ку”, дея ёзишмоқда.

 

Қирғизистонлик мигрант билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлди. У ноқонуний келганлардан экан. Корея Адлия вазирлиги йигитга виза, қонуний ишлашга рухсат берди. Буни эшитган юртдошларимиз ёзмоқда: “Қанийди, бирор ёнғин бўлса-ю, мен ҳам кимнидир қутқариб чиқсам. Менга ҳам қонуний яшаш, ишлаш ҳуқуқини беришса...” Қанчалар ачинарли, қўрқинчли ният бу.

 

Миллатдошларимизга ишона олмайман, кўпчилик панд еганини кўрганим учундир

 

Гулрух Саъдуллаева,

“Fashion Gross Italy” компанияси HR менежери:

 

 

– Дунёнинг кўп давлатларида бўлганман, яшаганман. Ҳар хил ўзбекларни кўраман. Кўпи алдаб кетади, афсуски, бегонани эмас, ўзбекни “кийдиради”. Шу боис миллатдошларимизга ишона олмайман, кўпчилик панд еганини кўрганим учундир. Оддий мисол, кредит тарихида муаммо бўлмаса, кредитга техникалар олиш мумкин. Ўзбеклар икки-учталаб қиммат техникалар, асосан айфон олади ва Ўзбекистонга жуфтакни ростлайди. Бу кенг тарқалган “усул”лардан. Чегарада у нарсамни ўтказиб беринг, бу нарсамни олиб ўтишинг, дейдиганлар ҳам жуда кўп. Бунақа масалаларга хорижда жиддий қарашади, ҳатто уларга ишониб қамалиб кетганлар бор. Бировга яхшилик қиламан, деб бошга бало орттириш ҳеч гап эмас. Қўлдан келгунича ёрдам берадиган, яхши инсонлар ҳам кўп, албатта.

 

Халқимизда кўрмаганнинг кўргани қурсин, деган мақол бор. Оилада қаттиқ назоратда ўсган айрим ёшларимиз, асосан йигитлар хорижга чиққач, бирдан эркин ҳаёт билан юзлашгач, ўйин-кулги, наркотикка ружу қўйишади. Айрим давлатларда нисбатан енгилроқ наркотик моддалар сотувда бор, кўчадан бемалол топиш мумкин. Унинг таъмини тотган ўзбек ёшлари ўқиш, ишни унутади. Икки йиллик магистратурани тўрт йилда ҳам тугата олмаётганлар қанча? Ёки бошқа миллат қизлари, аёлларига уйланиб олиш, бирга яшаш ҳолатлари кўп. Вақти келиб уйига қайтганда ёш, ўн гулидан бир гули очилмаган қизга уйланади. Хотин, бола-чақа чет элда қолаверади. Шуми оила муқаддас деб тарбияланган ўзбек йигитлари? Бундай кейслар жуда кўп, айниқса, Америкада. Грин карта, фуқаролик олиш нималарга мажбур қилмаяпти? Шу сабаб доим айтаман, хорижда ўқиди ё ишлади дегани ҳаммаси зўр деганимас. Суриштириш, ўрганиш керак.

 

Бир неча йил аввал Финляндияга маданият алмашинув дастури бўйича борганман, фин оиласида яшаб, фарзандига энагалик ҳам қилдим. Ўзлари рози бўлиб, қўшимча тўловлар қилишган. “Бундан кейин ҳар қандай ўзбек қизини ишга олиш, фарзандларимиз тарбиясини ишониб топширишга тайёрмиз”, дейишган. Ўзбеклар ҳақида ҳар доим мана шунақа яхши таассурот, фикрлар қолдиришга ҳаракат қиламан. Италияда ўзбеклар кам, шу сабабдир негатив фикрлар ҳам деярли йўқ. Лекин ўзбеклар нисбатан кўпайиб бораётган Жанубий Корея, Япония каби давлатларда аҳвол ёмонроқ. Лондондаги ўзбеклар ҳам жуда аҳил-иноқлигини кўрганман. Бир-бирига ёрдам беради, қўллаб-қувватлайди. Кимдир фирибгарлик, алдов қилса, ўзаро гуруҳларда огоҳлантирилади, расм ва контактлари жойланади.

 

Кўп миллатлар ҳаётини, маданиятини кузатаман, ўрганаман, ўзимиз билан таққослайман. Тан олиш керак, Европа, Финляндия каби давлатлар билан солиштирганда ўзбекларни болажон миллат деган гуруҳга киритиб бўлмайди. Айниқса, эркакларимизни. Бу ўлкаларда ота тарбияда фаол иштирок этади. Ҳам ота, ҳам она декрет таътили олади, болага вақт ажратади. Паркларда болалар оналар билан эмас, кўпроқ фарзандини сумкаларини кўтариб юрган, овқатлантириб, мактаб-боғчадан олиб қайтаётган оталар билан юрганини кўрасиз.

 

Одамлар биздагидек қонунни четлаб ўтиш, “лазейка” қидириш йўлидан бормайди. Айниқса, солиқдан қочиш, даромадини яшириш ҳолатларига жазо кескин. Қамоқ, депорт, катта жарима. Финляндияда айтишарди: бу ерда нима қилсанг қил, лекин қонунни бузма, солиқдан қочма!

 

Билими кучли ёшларимиз кўп. Лекин хитой, ҳинд ёшлари билан таққослаганда ўқишга юзаки қараймиз.

 

Ўзбекистон фуқароларига кўп давлатларга виза олиш қийин. Паспортимиз қиймати паст, жараёнда алдов кўп. Борган юртдошларимиз ҳам белгиланган муддатдан кўпроқ вақтга қолишга уринади, қонунни бузади. Италия, Япония, Буюк Британия, Германия, АҚШ каби давлатга виза олиш йилдан йилга қийинлашиб бормоқда. Қўшимча ҳужжатлар, банк ҳисоб рақамида йирик суммадаги пул бўлиши талаб қилинади. Кўпчилик ҳужжатларни сохталаштиради, консалтинг фирмалар шу йўл билан фуқароларни иш-ўқишга жўнатяпти. Бундай уддабуронликлар сабаб билимли ёшларимизнинг ҳам йўли тўсилмоқда. Ечим ростгўйлик ва ҳалолликда. Тўғри, уларнинг айрим талабларини бажариш нореал, ҳисобга 30-50 минг доллар қўйиш имконсиз. Шу сабаб билимли ёшлар кўпроқ грантлар ютиб кетиши керак. Турист сифатида, ё бошқа сабаблар билан борган инсонлар ҳам қонунларга амал қилиб, вақтида қайтиб келса, ўзидан кейинги миллатдошларига муаммо яратмайди.

 

Миллат сифатида ижтимоий нормаларимизни қайта кўриб чиқиш вақти келди, назаримда.

 

Нега биз бундай ёлғончи миллатга айланяпмиз?

 

Муаззам Иброҳимова,

педиатр, тармоқ фаоли:

 

 

Туркияда йирик бир тадбир минбарида маъруза қилдим. Нутқ тугагач, бир турк ёнимга келиб, ўзбеклар орасида шундай илмли аёллар ҳам бор экан-да, деб айтди. “Ўзбекнинг эламани (хизматкор), энагаси, ишчи, узр-ку, фоҳишаларини кўрганмиз, лекин катта тадбирда турк ва инглиз тилида равон гапирганини биринчи марта кўрдик”, деди. Эҳтимол, кимдир учун бу гаплар мақтовдир, лекин менга ҳақорат бўлиб туюлди. Биз нега бу ҳолатга тушдик?

 

Барчасини моддиятга боғламаган бўлардим. Пулсиз, қийинчиликда яшаса-да, ўзлиги, ориятини сотмаганлар бор. Озроқ пул топиб, нафақат ўзининг, балки миллатининг ҳам бўйнини эгадиган ишлар қиладиганлар бор. Бу ҳолатларга кўп гувоҳ бўламиз, ҳатто ёмон йўллардан қайтсин, деб маслаҳат, маблағ, яхши иш топиб бердик. Афсус фойдасиз, ўзи кўниккан, жирканч йўлни танлаб кетди.

 

Бир воқеа бўлди. Туркияда ўзбек қизи ўзини тўққизинчи қаватдан ташламоқчилиги ҳақида хабар беришди. Оёғимизни қўлга олиб етиб бордик, вақтида кўрилган чора сабаб қиз қутқарилди. Гаплашсам, вазият жуда аянчли. Уни Туркияда бола қарайсан деб юборишган, иш бошида турган ўзининг маҳалладоши. Қиз фоҳишалик учун сотиб юборилган, зўрланган, таҳқирланган. Турк полициясига мурожаат қилдик, қиз Ўзбекистонга қайтарилди. У ва бошқа опа-сингилларимизни жўнатган одамни топиш, жазога тортишга ҳаракат қилдик. Оқибатда эса бу ишлардан онаси ҳам хабардор бўлиб чиқди. Сабабини сўрасак, отаси ва мен ногиронман, деди. Қаттиқ шокка тушдим. Воситачи маҳалладоши айтяпти: “Онаси юборди, илтимос қилди-ку. Мени қаерга ва нима ишга одам жўнатишимни биларди. Майли, юбор, пул топсин, деб айтди-ку...”

 

Бу вазиятда нима дейиш, нима қилишниям билмайсан. Она пул топсин деб ўз қизини бозорга солиши миллат учун катта фожиа. Тўғри, бизда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга берилаётган ёрдам етарли эмас, тирикчилик тошдан қаттиқ. Бироқ биз бундай халқ бўлмаганмиз, ахир. Шундай инсонларни биламан, тўрт девор орасида қотган нон еб кун кечиряпти. Лекин ғурури баланд, ҳаромдан ҳазар қилади.

 

Бир кўрсатув кўрсатишди. Ўзбек аёли Туркияда чолга теккан, унинг ўғлигаям хотин бўлган, Ўзбекистонда эри ҳам бор. Экранда юзини рўмол билан тўсиб уялгансимон қиёфада ўтирибди. Унга айтилаётган ҳар бир гап, таъналар менга, барча ўзбек аёлларига келиб тегади. Афсуски, турк телеканалларида бу каби воқеалар ҳақида кўрсатувлар кўпайган. Баъзи давраларда ўзбекман деб айтсангиз, сизга муносабат ёмонлашгандек туюлади, уяласиз. Бу жараённи қандай тўхтатиш мумкин, деб тинимсиз ўйлайман.

 

Тегишли идораларга таклифлар билан чиқяпмиз. Меҳнат миграциясини тўхтата олмаймиз барибир. Ҳечқурса уларнинг реестрини ташкил қилайлик, керакли касб-ҳунар ўрганиб борсин. Беморларга, болаларга қараш, уй ишлари қилишга бораётганлар кетишидан аввал меҳнат қоидалари, зарурий кўникмаларни ўргансин. Бундай таклифларга жавобан “Хизматкорлар мактабини яратмоқчимисиз?” деган иддаолар янгради. Ёдингизда бўлса, бир неча йил аввал Самарқанд вилоят ҳокимининг таклифига ҳам шундай муносабат билдирилганди. Аслида бу аччиқ ҳақиқат эди.  

 

Афсуски, хорижда меҳнат қилаётган аксарият хотин-қизларимиз ҳуқуқлари ҳимояланмаган. Иш берувчига ёқмаса, бирор хато қилса ёки уй эгаси шунчаки иш ҳақи беришни истамаса, кўчага ҳайдаб юборилади. Кундузими, ярим кечасими, фарқи йўқ. Шундай ҳолларда аёлларимиз нима қилади, қаерга мурожаат этади? Улар учун ҳуқуқий кўмак марказлари, ишонч телефонлари, адвокатлар ёрдами бўлиши керак.

 

Туркиядаги зилзилалар вақтида оғир вазиятда қолган 19 нафар аёлни Ўзбекистонга қайтардик. Тоғ-тоғ ваъдалар айтилди, иш топиб берилади, касал бўлсанг, даволанишингга кўмаклашамиз, деб. Уларнинг 11 нафари қайта мурожаат қилди. Қани ўша ваъдалар? Иш сўрадим – йўқ, даволанишимга ёрдам сўрадим – йўқ, бизни алдаб қайтарган экансизлар-да, деб. Ярми яна Туркияга кетди. Нега биз бундай ёлғончи миллатга айланяпмиз? Қийин вазиятдан ёлғон ваъда билан чиқиб, кейин бемалол гапимиздан тоняпмиз. Шу сабаб иллатлар кўпаётгандир.

 

Ўн йилдан бери ҳаётим Туркия билан боғлиқ, кўп бораман, турли лойиҳаларда қатнашаман. Ҳар сафар самолётга чиқсам, тўп-тўп бўлиб кетаётган қоракўз, навниҳол қизларимизни кўраман. Қаерга, нима ишга кетяпсан, деб қизиқаман. Аксарияти танишим чақирди, бирор иш топарман, дейди. Шундай содда, ҳуркак қизларимиздан бирини тўрт йил ўтиб қайта учратдим. Ўзбекона истарадан асар қолмаган. Ўзига эслатдим, ёдингдами, бола қарашга кетаётган эдинг, деб. “Ҳа, қарадим. “Катта-катта”, отам тенги “болалар”га қарадим”, деди алам билан. Қани мен тўрт йил аввал кўрган, гапирганда кўзини ердан узмай турадиган маъсума нигоҳлар? Кумушбиби, Раънолар юрти шу аҳволга тушганини кўриб изтиробга тушаман.

 

Албатта, ҳаммаси ҳам бундай эмас. Ҳалол, покиза, сидқидилдан меҳнат қиладиган опа-сингилларимиз кўп. Каттага ҳурмат, кичикка иззатда бўлиб, борган хонадонида қадр топаётган, раҳматлар эшитаётган аёлларимиз бор. Улар мисолида ҳақиқий ўзбек фаришталарини кўраман. Кекса отахон-онахонлар билан гаплашсам, қуюқ мақтовлар айтишади.

 

Яқинда Турк дунёси болалари фонди томонидан ихтирочи болалар фестивали ташкил этилди. Уч йилдан бери Ўзбекистон совриндорлар орасида, икки марта биринчиликни олди. Болаларимиз ҳақидаги мақтовлар, эътирофларни эшитиб, она сифатида ҳам, Ўзбекистон фуқароси сифатида ҳам фахрланиб кетдим. Умидим шундай болалар, ёшларимиздан. Улар ҳаммасини яхши томонга ўзгартирсин, тўп-тўп бўлиб хизматкорликка кетишларни тўхтатсин, илм-маърифат учун боришсин, миллат қаддини кўтаришсин. Бу менинг узоқ йиллик орзуларим, олдимга қўйган мақсадларим.

 

Инобат АҲАТОВА,

Oyina.uz

1 Изоҳ

Халмуратов Н.

14:01 / 12.01.2024

Сингиллар сизларга раҳмат!

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси