Тоғ ҳайқириғи – ўзбекка ўзлигини эслатган ҳофиз ҳақида хотиралар


Сақлаш
11:01 / 10.01.2024 356 0

Озарбойжон шоири Саломнинг шундай бир мўъжазгина шеъри бор:

 

Бизга инқилоблар керакмас, етар!

Халқни уйғотиш дегани

унга уйқу бермаслик дегани эмас.

 

Дарҳақиқат, халқ адабиёт ва санъатнинг маърифати билан, билим ва тафаккурнинг қудрати билан уйғонади. Кўпчиган бемаъни бақир-чақирлар, урҳо-сур, талотўплар, бир-бирининг устига мағзава тўкишлар билан халқ эмас, аксинча, оломон уйғонади. Энг мураккаб, оғир йилларда Шерали Жўраевнинг қўшиқлари қалбларни уйғотадиган, миллатни уйғотадиган  қўшиқлар бўлди. Хўш, бу қўшиқлар қандай пайдо бўлган?

 

1960-йиллардан сўнг ўзбек шеъриятининг янги бир авлоди майдонга кириб келди. Бу авлод ўзининг алангали шеърлари билан миллат қалбига оташ ташлади. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева шеърлари ўлик даврни долғалантириб юборди. Шеъриятдаги бу катта тўлқин қўшиқ санъатида ҳам янги фаслни бошлаб берди. Шу ўринда бир адибнинг “Жамиятдаги ўзгаришлар аввал шеъриятда, сўнг мусиқада, ундан кейин романда акс этади” деган гапини эслаб ўтмак жоиз. Баъзан менга Шерали Жўраев шу ҳассос шоирларнинг шеърларини ижро қилиб халққа етказиш учун дунёга келгандай туюлади. Ҳа, тарихнинг халққа шундай сийловлари ҳам бўлади. Унинг “Ўзбегим”, “Ўзбекистон – ватаним маним” каби қўшиқлари мустабидлар зулмидан букилиб қолган миллатнинг қаддини кўтариб юборган эди, биз бунга гувоҳ бўлганмиз. Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов шеърлари билан айтилган бу қўшиқлар ўзбекка ўзлигини намоён қилган ва асли кимлигини эслатиб қўйганди. Бу қўшиқларни бутун халқ жўр бўлиб айтган. “Ўзбекистон” қасидасининг нақоратидаги “Ўзбекистон!” деган ҳайқириқ тоғларни титратган, “Ўзбегим” қасидасидаги “ўзбегим!” деган чақириқ авлодлар томиридаги дарёни  уйғотган, “Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл” деган чорлов пахта далаларидаги қулларча меҳнатдан эзилиб кетган ўзбек аёлининг шаънини кўтарган. Шунинг учун бу қўшиқлар халқ қалбининг овозига айланди. Агар дунёдаги аҳли фикр биздан “Ҳар бир халқнинг ўз қўшиғи бўлади. Хўш, сенинг халқингнинг қандай қўшиғи бор?” деб сўраса, ҳеч иккиланмасдан “Ўзбегим” ва “Ўзбекистон – ватаним маним” деб жавоб берсак тўғри бўлади.

 

“Ўзбегим” қўшиғи илк бор тўйда, ошда айтилган. Қўшиқнинг илк бандлари ижро этилган пайтда меҳмонларга палов ташиётган хизматчилар турган жойларида қотиб қолишган. Ўша хизматчиларни тўхтатиб, қаерда ва қай юмуш билан турганини унуттирган нарса нима эди? У ўзлик эди! Ўзини, ўзлигини соғинган кишилар йўқотган нарсасини топган эдилар.

 

 

Шерали Жўраев ўзбекнинг бир неча авлодининг биринчи рақамли қўшиқчиси бўлиб қолди. Бу бахт ҳаммага ҳам муяссар бўлмайди. Баъзида манаман деган санъаткорлар битта авлод сўровига дош бериши қийин ва буни айни тезкор замонда табиий ҳол деб қараш керак. У олтмишинчи йиллардан сўнг майдонга кириб келди ва умрининг охиригача – 2023 йилнинг 4 сентябригача ўз шоҳсупасидан тушмади. Ва ҳали ҳам унинг бу чўққидаги ўрни дахлсиздир. Бу осон эмас! Бу машаққатли меҳнат ва тинимсиз ижод натижасидир.

 

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни таъкидлашни истардим. Шерали Жўраев Жалолиддин Румий, Хожа Ҳофиз, Шайх Саъдий, Низомий, Навоий, Бобур, Огаҳий каби улуғларимизнинг ХХ асрдаги хос ҳофизи бўлди. Чунки асрлар мобайнида тил ва бошқа мезонлар ўзгариши жараёнида уларнинг англаниши қийинлашиб қолганда Шерали ака айтган ғазаллар ҳеч қандай воситачиларсиз халқнинг қалбидан жой олди. Бунинг учун на шарҳ, на луғат шарт бўлди. Халқ маҳорат ва муҳаббат билан айтилган бу ғазаллар зимнига яширинган ўз руҳини тез таниб олди. Бу алоҳида эътироф этилиши керак бўлган хизмат. Чунки миллатни Навоийга яқинлаштириш ўз илдизига яқинлаштириш билан баробар. Дейлик, Алишер Навоийнинг “Сураи ваш шамс” ғазали ўта мураккаб, ўта оғир ғазал, ҳатто уни шоирлар ва адабиётшуносларнинг ўзлари ҳам тушунишга қийналиб қолади. Шерали Жўраев шу ғазални ижро қилди ва унинг руҳини миллионлаб қалбларга сингдирди. Шеърда шундай сир бор, руҳи сингдими, бас, қачондир англанади. Тоғда юрган чўпон ҳам, даладаги деҳқон ҳам, китоблар ичида яшаётган академик ҳам Навоийнинг бу қудратли ғазалини жон қулоғи билан тинглади, моҳияти сари қадам қўйди. Мирзо Бобурнинг “Баҳор айёми”, Огаҳийнинг “Кўрмишам”, Ҳофизнинг “Аё соқий”, Саъдийнинг “Эй сарбон”, Румийнинг “Билмассан” ғазаллари ҳам шундай қабул қилинди.

 

 

Форобийнинг “Мусиқа инсонни тубанлик ва разолат ботқоғидан қутқариб, руҳан баландга кўтаради” деган маънодаги яхши гапи бор. Шерали Жўраев қўшиқларида ҳам шу мезон етакчилик қилади. Лекин ХХI аср мусиқасининг аксар ҳолларда йўриғи бошқа бўлаяпти. Бу ҳақда рус адиби Валентин Распутиннинг ўша машҳур гапини яна қайта келтириб ўтишнинг ўзи кифоя. У шундай деган: “Агар Пушкин энагаси Арина Родионовнанинг қўшиқларини эмас-да, ҳозирги замон эстрадаси қўшиқларини тинглаб улғайганда эди, ундан Пушкин эмас, аксинча, Пушкиннинг қотили бўлган Дантес етишиб чиққан бўларди”. Шунинг учун қўшиқ ва мусиқанинг савияси ва тозалиги миллий дид ва миллий тафаккур тақдири билан боғлиқ эканлигини унутмаслигимиз керак.

 

Санъаткор учун сўзни ҳис қилиш ва сўзга ҳис бериш жуда муҳим даража саналади. Шерали Жўраевда бунинг иккиси ҳам рисоладагидай бутун эди. У сўзни ҳис этгани учун шундай ўлмас қўшиқлар яратди, йўқса, чалажон нағмалар ичида қолиб кетарди. У сўзга шоирдай ҳис бера олгани учун халқ қалбига йўл топди, йўқса, аллақандай кўлмак тўдалар қўшиқчиси бўлиб қоларди. У сўзга ҳис бера олгани учун баъзан мундайроқ шеърга ҳам жон киритиб юбора оларди, баланд шеърларни янада баландга кўтариб юборарди.  Унинг қўшиқларида сўз ва оҳанг бирлашади.

 

 

Кўп йиллар бурун “Яхшидур аччиқ ҳақиқат” қўшиғининг илк марта  радио студиясида ёзилишига гувоҳ бўлганман. Соатлаб Шерали Жўраевнинг ишлаш жараёнини кузатганман. У ҳар бир сўз, ҳар бир товуш устида эринмай ишларди. Мусиқадаги битта ортиқча нафасга ҳам тоқат қилолмасди. Ёнидаги мутахассислар “Шерали ака, энди бўлди, маромига етди” деганларида ҳам у “Йўқ, ҳали бор...” дерди. Битта шу қўшиқни ёзиш бир ҳафтада ҳам охирига етмаган. Мен кейинроқ саҳнада Баҳодир Йўлдошевнинг қандай жон куйдириб ишлашини кузатиб, бу икки санъаткордаги ижодий жараённинг ўхшашлигини сезганман.

 

Шерали Жўраевни мустақиллик куйчиси эди десак муболаға бўлмайди. Аслида “Ўзбегим” ва “Ўзбекистон – ватаним маним” қўшиқлари моҳиятан мустақилликни, озодликни улуғлаган қўшиқлар бўлган. Шерали ака бу қўшиқларни куйлаб турганда, ўша вақтлардаги машҳур бир хонандамизнинг “СССР” деган қўшиқ айтиб телевизорда чиққани ҳали ҳам эсимизда. Қўшиқ нақоратида “СССР” сўзи бузилган пластинкадай ўн марталаб қайтариларди. Бизнинг ҳофизимиз ундай қўшиқларни айтмади, ўзбекни, ватанни улуғлайдиган қўшиқлар айтди. 1991 йил 2 сентябрда Сурхондарёда бўлаётган бир тўйда Шерали Жўраев “Азизлар! Биз мустақил бўлдик. СССР деган аблаҳ нарсадан қутулдик” деб ҳайқирганида бутун эл гуриллагани ва бу даъватдан кимлардир қўрқиб, “Нималар деяпти бу?!” деб ваҳимага тушиб қолганига ўзим гувоҳман.

 

Бу мақола баҳона кўнглимдаги яна бир гапни айтай: биз ундан қарздормиз. Шу маънодаки, энг фараҳли кунларимиз ҳам, энг ташвишли кунларимиз ҳам унинг қўшиқлари билан ўтган. Шу маънодаки, унинг қўшиқлари туйғуларимизга, фикримизга, дидимизга катта таъсир қилган, ҳақиқий сўз ва мусиқа неъматидан баҳраманд этган. Биз Шерали Жўраев қўшиқларига суяниб яшадик. Улуғ шоирларимизнинг шеърларини англаш ва ҳис этишда у ҳар биримизга муаллимлик қилган. У мумтоз санъатимизни, халқимизнинг буюк устоз ҳофизлари меросини янги бир руҳда бизга тақдим этган.

 

 

Яхши кўрган одаминг ҳақида гапириш қийин. Чунки кўнглингда айтар гапларинг кўп бўлади. Қай бирини айтишни билмай қоласан. Шерали ака ҳақида гапириш ҳам мен учун шундай. Бундан кўп йиллар аввал Шерали ака ҳақида бир шеър ёзган эдим. Бу шеърнинг бешта банди 2002 йилда “Ҳамал айвони” китобимда “Шерали Жўраевга бағишланади” деб чиқиши керак эди. Афсуски, ўша вақтларда бунинг иложи бўлмади. Замон цензураси бунга  йўл бермади. Шеърнинг ўзи чиқишга чиқди-ю, лекин ҳофизимизнинг номи юлиб ташланди. Гап бунда эмас. Гап шундаки, беш банддан иборат шеърим менда доим тугалланмагандай таассурот қолдирар эди. Буюк ҳофизимиз Шерали акам вафот этган ўша соатларда шеърнинг кейинги икки банди ёзилди. Шеър қизиқ ҳодиса. Қачон бошланиб қачон тугалланишини унинг ўзи ҳал қилади.

 

Хуллас, бу шеърнинг охирги икки банди Шерали Жўраев вафоти куни ёзилди. Бошидаги беш банд эса бундан йигирма икки йил олдин ёзилган.

 

Муғанний

(Шерали Жўраевга бағишланади)

 

Муғанний, дардим дудидан

Дуторинг дуто бўлди.

Ашки селобим ичиб,

Санавбар сато бўлди.

 

Ғайри Ҳақ суҳбатида

Руҳимни ҳалок айлаб,

Мазаллат ғурбатида

От сурмак хато бўлди.

 

Ғафлат уйида мастмен,

Аммо ноумид эмас,

Қўл чўзса пири дастгир,

Кофир ҳам кимё бўлди.

 

Ғавғои ғамдин не ғам,

Не ғам бу маломатдин.

Яхшим ҳам, ямоним ҳам

Атойи худо бўлди.

 

Дайр аро куйлаб ўтдим,

Ҳеч ҳолим билолмаслар,

Куйим – интиҳо бўлди,

Кўйим – ибтидо бўлди.

 

Мен ҳаққа кетар бўлдим,

Алвидо, дўсту ағёр,

Сўзим бебаҳо бўлди,

Дунё бевафо бўлди.

 

Эй миллат, Абдулла-ю

Эркиндан сўнг Шералинг

Ер остида оқажак

Яна бир дарё бўлди.

 

Эшқобил ШУКУР

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 4-сон.

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси