Янада халқчил, янада адолатли – конституциямизда инсон ҳуқуқлари ифодаси


Сақлаш
14:12 / 08.12.2023 315 0

Қадим-қадим замонлардан буён қаердаки инсонлар жамияти бор экан, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, бурч ва мажбуриятларини белгилаб берувчи, кишилар ўртасида тенгликни таъминловчи қонунлар жамланмасига эҳтиёж ҳам бўлган. Бусиз жамият, шубҳасиз, кемтикли жамият бўларди.

 

Бугун куррайи заминдаги барча мустақил юртларнинг ўз қомуси – конституцияси бор. 1789 йилда ҳозирча дунёдаги расман биринчи ва энг қисқа конституция ҳисобланмиш Америка Қўшма Штатлари Конституцияси тузилди. Шундан бери жаҳоннинг мустақил давлатлари томонидан саккиз юзга яқин конституциялар ёзилди, қабул қилинди, ўзгартирилди ва бу жараён ҳалигача давом этиб келмоқда. Бу татбиқ этиш ва ўзгартиришларнинг боиси эса, албатта, инсон ҳуқуқлари, жамиятнинг фаровонлигидир.

 

 

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, табиийки, давлат тузилиши, ҳокимият ва бошқарув органлари тизими, уларнинг ваколатлари ва шакллантириш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, суд тизими, жамият ва шахснинг ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб берадиган асосий қомусга эҳтиёж юзага келган эди. Аммо конституциямизни яратиш йўлидаги биринчи қадамлар бундан бироз илгари, аниқроқ айтганимизда, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши учун қилинган саъй-ҳаракатлар баробарида ташланган эди, десак муболаға бўлмайди. Чунки мустақил Ўзбекистон конституциясини ёзиш учун, аввало, ўз тилимиз расман тан олиниши жуда муҳим эди.

 

Фото: Daryo.uz

 

Бундан кейин ҳам Бош Қомусимиз тузилишига қадар яна бир неча муҳим қадамлар дадил қўйилди. Жумладан, 1990 йилда Ўзбекистонда илк бор президентлик институти ташкил этилиши ва давлат рамзларини таъсис этиш бўйича комиссия тузилиши; “Мустақиллик декларацияси”нинг эълон қилиниши ва ниҳоят Конституциявий комиссия ташкил этилишини айтиб ўтиш муҳим.

 

1990 йил 21 июнь кунида тузилган Конституциявий комиссияга Биринчи президент Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар ва мутахассислардан иборат жами 64 кишилик жамоа йиғилди, икки йил давомида конституция лойиҳаси ишлаб чиқилди. Икки йил давомида бир неча босқичли муҳокамалардан ўтгач, 1992 йилнинг 8 декабрида Бош Қомусимиз қабул қилинди. 

 

Юқоридаги маълумотларни бекорга келтирганимиз йўқ. Мана орадан 31 йил ўтибди, шунча йилдан буён, “халқчил қомус”имиз қабул қилинган санани умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келмоқдамиз. Орадан йиллар ўтиб, дунё ҳам, жамият ҳам, инсонлар ҳам ўзгарди. Энди олдимизда қомусимизни янада халқчилроқ кўринишда янгилаш вазифаси пайдо бўлди.

 

Янгиланган Конституциямизнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ жараёнлардан, муҳокамалардан хабарингиз бор, деб ўйлайман. Чунки бу гал Конституция лойиҳасида нафақат экспертлар, балки фуқаролар ҳам қатнашиш имконига эга эди. Шу жиҳатдан ҳам олтмиш беш фоизга янгиланган Конституциямизни фуқароларнинг бевосита фаоллиги натижасида юзага инсонпарвар қомус деб атасак муболаға бўлмайди.

 

Жорий йилнинг 1 майидан эътиборан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг янги Конституциясида моддалар сони 128 тадан 155 тага, нормалар сони эса, 245 тадан 434 тага кўпайди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминловчи ўринлар талайгина ортган. Жумладан, янги Бош Қомусимизнинг иккинчи бўлим (“Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари ва бурчлари”) 20-моддасида шундай қайд этилган:

 

“Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади”.

 

 

Тўғри, инсон ҳуқуқлари доим қадрланиши керак. Аммо бунда якка инсонни, яъни ҳар ким ўзинигина тушунмаслиги лозим. Бунинг учун эса инсоннинг бошқа инсонлар олдидаги бурчини ҳам аниқ қайд этиш лозим. Янгиланган Конституциямизнинг 21-моддасида айни мана шу нозик жиҳат ҳам эътиборга олинганига гувоҳ бўламиз:

 

“Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларига путур етказмаслиги шарт”.

 

Сўнгги йилларда юртимизда таълим соҳасига, ўқитувчилар фаолиятига мунтазам эътибор қаратилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг яна бир исботини янги қомусимизга ўқитувчилар ҳақида алоҳида модда (52-модда) қўшилганидан ҳам билиб олиш мумкин. Мазкур модда икки банддан иборат:

 

«Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ва тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. 

 

Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”. 

 

Қолаверса, собиқ Конституциямизнинг 1-моддасида қайд этилган “Ўзбекистон – суверен демократик давлат” жумласи янги таҳрирда қуйидагича келтирилган:

 

“Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатдир”.

 

Янги Конститусиямизнинг олтинчи бўлим (“Конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби”) 154-моддасида эса юқоридаги модданинг ўзгартирилмаслиги ҳақида қатъий ёзилган:

 

“Ушбу Конституция 1-моддасининг ва ушбу модда иккинчи қисмининг қоидалари қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас”.

 

Сўз ва матбуот эркинлиги таъминланаётган бир даврда оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ҳақида ҳам зарур қўшимчаларни киритиш аҳамиятли эди. Шу боисдан ҳам аввалги конституциянинг биргина моддадан иборат “Оммавий ахборот воситалари” номли бобига янги таҳрирда яна битта модда қўшилди ва “Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши" алоҳида таъкидлаб ўтилди.

 

Сирасини айтганда, янгиланган қомусимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатни янада яхшилашга, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиришлар талайгина. Халқимизнинг бевосита иштироки билан дунёга келган янги Конституция юртимиз фаровонлиги йўлида умрбод хизмат қилишига аминмиз.

Шоҳрух УСМОНОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси