Ҳиндистон, Покистон ва Хитой нима учун Кашмирга даъвогарлик қилади? Бир асрлик сиёсий низо таҳлили


Сақлаш
17:12 / 07.12.2023 354 0

Кашмир можароси салкам бир асрлик муаммо. Ҳиндистон ва Покистон давлатлари ҳануз муаммонинг ечимини топгани йўқ. Икки давлат элитаси ҳам мазкур ҳудудни миллий давлатчилиги шаклланишида асосий ўринга қўйиб келмоқда. Покистонликлар аҳолисининг катта қисми мусулмон бўлган Кашмирсиз тўлақонли давлат мақомига эга бўлмаймиз деб ҳисобласа, ҳиндистонликлар бу ҳудудни барча дин вакиллари тинч яшайдиган бағрикенг давлатнинг бир бўлагига айлантириш ниятида.

 

1947 йилда Буюк Британия мустамлакасидан озод бўлган Ҳиндистон иккига – мусулмонлар яшайдиган Покистон ва асосан ҳиндлар истиқомат қилувчи Ҳиндистонга ажралган эди. Эътиқод сабаб юз берган бўлиниш миллионлаб инсонларнинг қочқинга айланишига, қони тўкилишига олиб келди. Икки давлатнинг пайдо бўлиши оқибатида ўртада Кашмир можароси юзага чиқди.

 

Мусулмонлар яшашига қарамасдан тоғли Кашмир ҳудудини 1947 йилгача ҳинд маҳарожаси бошқариб келган. Британия мустамлакачилиги барҳам топгач эса ҳинд рожасига қарши қўзғолонлар кўтарилиб, бу исёнларда мусулмонларга ёрдам бериш мақсадида кўплаб қуролли покистонликлар Кашмирга бостириб киради. Маҳаллий рожа Ҳиндистон иттифоқига қўшилишга қарор қилади.

 

Кашмир можароси туфайли Ҳиндистон ва Покистон ўртасида биринчи уруш 1947–1949-йилларда бўлиб ўтади. Урушдан сўнг Кашмирнинг катта ҳудуди Ҳиндистон, кичик қисми Покистон назоратига ўтади. Аниқ белгиланган чегаранинг йўқлиги сабабли икки давлат ўртасида яна бир неча бор уруш ва кенг кўламли ҳарбий тўқнашувлар содир бўлади. 1971 йилда бошланган иккинчи Ҳиндистон-Покистон уруши Шарқий Покистоннинг мустақил Бангладеш давлатига айланиши ва Кашмирда томонлар ўртасида назорат чизиғи (чегара) ўрнатилиши билан тугайди.

 

Кашмир можароси сабабли икки давлат ўртасида қуролли тўқнашувлар вақти-вақти билан давом этиб келмоқда. Ҳамон Кашмирнинг Ҳиндистон ва Покистон назорат қилувчи ҳудудлари ўртасида қатъий чегара ўрнатилмаган. Икки давлат ҳам Кашмирни ўзининг қонуний ҳудуди деб билади. Назоратда бўлмаган ҳудудларни эса вақтинча босиб олинган деб ҳисоблайди.

 

Покистон Кашмир можаросини халқаро низо деб атайди. Муаммони халқаро форумларда муҳокамага қўйишга, бошқа давлатларнинг воситачилик қилишига интилади. БМТнинг резолюцияларига асосланган ҳолда Кашмирда плебисцит (референдумнинг бир тури) ўтказишни талаб қилиб келади. Ҳиндистон томони Кашмир можароси халқаро низо эмас, плебисцит ўтказмаса ҳам бўлади деган фикрда.

 

Ҳиндистон ва Покистон ўртасида Кашмир туфайли шу пайтга қадар уч марта уруш ва бир қанча кенг кўламли ҳарбий тўқнашувлар юз берган. Кашмир эса қўпорувчилик ҳаракатлари тез-тез содир бўладиган, қуролли ҳужумлар сабабли қон тўкиладиган зўравонлик маркази бўлиб қолмоқда. Покистон бу вазиятни ҳинд бошқарувига қарши халқ қаршилиги деб таърифласа, Ҳиндистон Покистон дастаклайдиган сепаратизм ҳаракати деб баҳолайди.

 

Кашмирда икки давлатга ҳам қўшилмай мустақил давлат бўлиш ғоясини илгари сурадиган кучлар ҳам бор. Бундай истиқбол Ҳиндистон учун хавфли. Чунки мамлакатда айирмачилик кайфиятидаги ҳудудлар етарлича топилади. Кашмирнинг мустақил деб тан олиниши домино эффектига сабаб бўлиб, минтақа ва штатларда айирмачиликнинг янги тўлқини бошланишига олиб келиши мумкин.

 

2019 йил 5 август куни Ҳиндистон назоратидаги Жамму ва Кашмир штатида Нарендра Моди ҳукумати мамлакат конституциясининг 370-моддасида назарда тутилган минтақанинг ярим автоном мақомини бекор қилди. Натижада штат икки қисмга: Ҳиндистон иттифоқи аъзолари бўлган Жамму ва Кашмир ҳамда Ладах ҳудудига бўлинди.

 

Табиийки, бу ўзгариш кашмирликлар орасида кескин норозиликларга сабаб бўлди. Вазиятни юмшатиш мақсадида Ҳиндистон ҳукумати ўн минглаб аскар ва полициячини минтақага жойлаштирди. Яна ҳам кескинроқ чоралар кўриш мақсадида барча маҳаллий мактаб ва бозорлар ёпиб қўйилди. Комендантлик соати эълон қилиниб, интернет чекланди.

 

Ҳозир минтақада нисбатан барқарор вазият ҳукмрон. Бироқ мутлақ тинчликка эришилгани йўқ. Кашмирга этник ҳиндларни кўчириб келтириш бошланадиган бўлса, айирмачи кайфиятдаги маҳаллий аҳоли янада фаоллашиши, кенг кўламли қуролли тўқнашувлар юз бериши мумкин.

 

Ҳозир Ҳиндистон сиёсатида ҳинд анъаналари ва диний қарашларига асосланган миллий ўзлик мафкураси (ҳиндуизм ҳам деб номланади) шаклланган. Бу мафкура ҳукмрон партия – Бхаратия жаната партий(БЖП)нинг асосий ғоявий йўналишини акс эттиради. Ҳиндуизм ғояси турли анъанавий қарашлар аралашмасидан ташкил топган.

 

Ҳиндистон конституциясининг 370-моддасида кўзда тутилган автономлик мақоми бекор қилиниши ортидан норозилик кучайиб, ҳинд куч ишлатар тузилмалари билан тўқнашувлар аланга олди. Маҳаллий аҳоли кўчириб келтирилаётганларга босим ўтказа бошлади. Қаршилик ҳаракатига жавобан ҳинд полицияси ва хавфсизлик кучлари жазо чораларини кўришни маъқул топмоқда.

 

Кашмир можаросида Хитойнинг ҳам манфаати бор. Кашмирнинг шарқий қисмидаги Оқсойчин ҳудуди Хитой томонидан назорат қилиниб, унинг таркибий қисми сифатида қаралади. Бироқ айни пайтда бу ҳудудни Ҳиндистон ҳам тоғли Ладах вилоятининг бир қисми деб билади ва унга доим даъво қилади. Хитой учун мазкур ҳудуд Ғарбий Тибет ва Уйғур автоном вилоятини боғлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

1950-йиллардан буён Оқсойчин Ҳиндистон ва Хитой ўртасида ҳудудий низолар давом этиб келишига сабаб бўлмоқда. Ўтган вақт давомида икки томон ўртасида бир неча бор ҳарбий тўқнашув юз берди. Оқсойчин чегара ҳудудида жойлашгани сабабли икки мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга. Ҳиндистон ва Хитой ҳудудий келишмовчиликларга қарамай, можарони тинч йўл билан ҳал этишни афзал кўради[1].

 

Кашмир можароси нафақат давлатлар ўртасидаги ҳаётий манфаатлар тўқнашуви, балки мафкуралар ўртасидаги кураш эканлигини ҳам сезиш мумкин. Можаронинг фаол иштирокчилари бўлган Ҳиндистон ва Покистон бирмунча вазмин позицияга эга Хитойнинг мазкур муаммога ғоявий қарашлари ва мафкурасига таянади.

 

Ҳиндистон мафкурасининг асосий йўналишларидан бири бўлган турли миллатлар аҳил кун кечирувчи дунёвий давлат ғоясининг муваффақиятида Кашмир масаласи катта аҳамиятга эга[2]. Кашмирда яшовчи аксарият мусулмон аҳолининг ҳиндуийлик динига эътиқод қилувчи ҳиндлар билан бир давлатда тинч ҳаёт кечириши ҳинд давлатининг ғоявий асосларидан биридир. Тўлиғича ислом дини асосида ташкил топган Покистон ва дунёвийликни тарғиб қилувчи, бироқ ҳиндуизмни кенг қўлловчи Ҳиндистон ўртасидаги Кашмир можароси айни пайтда қарама-қарши ғоялар тўқнашуви ҳам бўлиб, бу муаммони баттар чигаллаштиради.

 

Кашмирнинг бир қисми бўлган Оқсойчин ҳудудининг Хитой таркибида бўлиши унинг мафкуравий қарашларида муҳим бўлган миллий бирлик, иқтисодий ривожланиш, ижтимоий барқарорлик, уйғун жамият каби ғояларнинг ҳаётга татбиқ этилишида катта аҳамиятга эга. Бундан ташқари, бу ҳудуд Хитой ҳудудий бирлигини таъминлашда муҳим ҳисобланади. “Ягона Хитой” мафкураси доирасида Хитой назоратида бўлган ҳар қандай ҳудуд бўлинмаслиги тарғиб этилади ва Оқсойчин ҳам ҳудудий низоларга қарамай, Хитойнинг қонуний ери ҳисобланиб, қатъий ҳимоя қилинади.

 

Покистон ислом динига эътиқод қилувчилар мамлакати бўлиб, мусулмон ўзига хослигини сақлаш, диний асосда миллий бирликни таъминлаш, мусулмонларни ҳимоя қилиш ғояларига катта урғу беради. Табиийки, аксарият мусулмонлар яшайдиган Кашмир ҳудудини мусулмон бўлмаган ҳиндлар ҳукмронлигидан қайтариб олиш ғояси ҳукумат ва халқ томонидан қўллаб-қувватланади. Покистон учун Кашмирнинг бир қисмига эгалик қилиш стратегик аҳамиятга эга. Покистон назоратидаги Кашмир унга Хитой билан тўғридан-тўғри чегарага эга бўлишга ва асосий рақиби Ҳиндистоннинг Марказий Осиё билан бевосита боғланишига йўл қўймасликка ёрдам беради.

 

Шунингдек, минтақада икки давлат ҳудудидан оқиб ўтувчи асосий дарёлар тўйинадиган улкан сув ресурслари мужассам. Бу ресурсларнинг катта қисми Ҳиндистонга тегишли Кашмир ҳудудида жойлашган бўлиб, Покистон ҳудудида камроқ. Шу боис Покистон учун Кашмирга тўла эгалик қилиш сув захираларидан кўпроқ фойдаланишга имкон беради.

 

Кашмир низосининг асосини мафкуралар тўқнашуви десак адашмаган бўламиз. Ҳудуд учун низолашаётган томонлар Кашмир можаросидаги муваффақиятсизликни ўз давлатчилиги, ғоявий асослари учун мағлубият деб қабул қилади. Шу боис бу можарода томонларнинг ён беришини кутиш бефойда. Покистонда диний қарашларга қурилган исломий мафкура, Ҳиндистонда ҳинд миллатчилиги билан қоришиб кетган дунёвий демократик давлат мафкураси ва Хитойнинг иқтисодий ривожланишга катта урғу берувчи “хитойча коммунизм” мафкураси томонларнинг келишувга эришишини қийинлаштиради.

 

Кашмирда шаклланган мураккаб вазият Ҳиндистон ва Покистон ўзаро адоватга барҳам берган ҳолда ягона ечимни топишини тақозо қилмоқда.

 

Авазбек ШЕРМАТОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар

 институти илмий ходими

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 3-сон.

“Кашмир можароси” мақоласи


[1] China Appears to Understand the Risks in Kashmir More Than India or Pakistan, https://www.worldpoliticsreview.com/china-appears-to-understand-the-risks-in-kashmir-more-than-india-or-pakistan.

[2] National Ideologies and the Kashmir Conflict, https://www.worldpoliticsreview.com/national-ideologies-and-the-kashmir-conflict.

 

Oyina.uz'ни Телеграмни кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси