«Армон» – истиқлолчилар ҳақидаги фильмми ёки СССРни оқлашга уринишми? Жадидлар тарихи акс этган фильм ҳақида фаоллар фикри


Сақлаш
15:11 / 28.11.2023 401 0

Pежиссёр Руслан Солиевнинг жадидлар тарихидан сўзловчи «Армон» фильми премьерасидан сўнг Ойина.узда унинг муваффақиятлари, камчиликлари ва муждалари борасида фаоллар ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 

Модератор: Фаррух Жабборов, меҳмонлар: тарихчи Баҳром Ирзаев, блогер Шаҳноза Соатова ва киношунос Шоҳида Эшонбобоева.

 

Фаррух Жабборов: Ассалому алайкум Oyina.uz муштарийлари, чатга хуш келибсиз. Бугунги кунда, жадидчилик замонавий тилда айтганда, «тренд» мавзулардан бирига айланмоқда. Бу мавзуда мақолалар ёзиляпти, китоблар босиляпти ва мана энди фильмлар ҳам суратга олинмоқда. Яқинда режиссёр Руслан Солиевнинг шу йўналишдаги фильми экран юзини кўрди ва тармоқларда фаол муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу боисдан Oyina портали ушбу кино бўйича махсус чат-суҳбат ўтказишга қарор қилди. Ушбу суҳбатимизда тарихчи Баҳром Ирзаев, блогер, жадидшунос Шаҳноза Соатова ва киномутахассис Шоҳида Эшонбобоева меҳмон сифатида қатнашади.

 

Дастлабки сўзни мавзуга энг яқин инсонга — Шоҳида Эшонбобоевга берамиз.

 

Шоҳида Эшонбобоева: Ассалому алайкум, ҳаммага.

 

Ҳар бир халқ тарихида бот-бот эсланувчи, ўрганилувчи даврлар бор. Жадидлар даврини шундай даврлардан бири дейиш мумкин. 1996-2000 йилларда ҳам жадидлар меросига кенг миқёсда мурожаат қилинган, ушбу мавзуда кўплаб фильмлар суратга олинганди. Ўша йилларда «Армон» ҳужжатли фильмида эслаб ўтилган жадидларимизнинг деярли ярми ҳақида алоҳида кинолар томошабинларга намойиш қилинган. 2017 йилдан бошлаб жадидлар яна саҳнага қайтди. Уларнинг мероси ва тарихи тез-тез тилга олина бошланди. Бу жиҳатдан «Армон» фильмини тўлиқ замонамизга мос фильм деб айта оламан.

 

Фаррух Жабборов: Шоҳида опа, «Армон» фильмига муносабатларда «бу қандай кино ўзи, бадиий фильмми ёки ҳужжатли» деган саволлар бўляпти. Ҳақиқатдан ҳам фильм анъанавий ҳужжатли фильмлардан фарқ қилади, сиз бунга нима дейсиз?

 

Шоҳида Эшонбоева: Ҳужжатли фильмлари турли хил мактабларга эга, уларда ўзига яраша фарқлар мавжуд. Биз муҳокама қилаётган фильмда бадиий усуллардан кенг фойдаланилган, актёрлар ёрдамида воқеалик тикланган, бу жиҳатдан кино биз ўрганиб қолган телевизион ҳужжатли фильмлардан ажралиб туради. Умуман фильмда янги ёндашувлардан фойдаланилган ва бу яхши, чунки кино соҳаси бир жойда қотиб қолмайди, у янгиликлар билан тўлиб боради.

 

Фаррух Жабборов: Раҳмат Шоҳида опа. Ростдан ҳам сўнгги вақтларда тарихимиз ва юз йил олдинги тарихимизни ўрганиш кучайди. Бу борада жуда кўп ишлар қилинмоқда. «Армон» фильми намойиш қилингач ижтимоий тармоқларда унга турли хил муносабат билдириляпти ва мунозаралар пайдо бўлмоқда. Шу боисдан ҳозир сўзни ижтимоий тармоқлар фаоли Шаҳноза Соатовага берамиз. Шаҳноза опа сиз жамоатчилик муносабатида қандай тенденцияларни кузатдингиз?

 

Шаҳноза Соатова: Ассалому алайкум.

 

Тўғриси фильмни ижтимоий тармоқлардаги фикрларни ўқиб, кейин кўрдим. Кинони ушбу қарашлар таъсирига тушмай кўришга ҳаракат қилдим, аммо хулосаларим барибир ижтимоий тармоқлардаги билан уйғун бўлиб қолди. Фильм оддий томошабин учун жуда яхши, сифатли контент бўлган. Асар шошма-шошарликсиз, икки йил давомида тайёрланган ва бу унинг қийматини оширади.

 

Бироқ, менда бир-икки эътирозлар бор. Масалан, ўтмишнинг юмшоқ қилиб кўрсатилиши. Буни ўша қонли, драматик воқеалар: оқ подшонинг ўлдирилиши, Туркистон мухториятининг қулатилиши мавзуси айланиб ўтилганда кўриш мумкин.

 

Шунингдек, Анбар Отин ва Муқимий ғазаллари аслида эмас, таржимада берилди. Айниқса, Анбар Отин ғазали ўша даврдаги ўзбек аёлининг ҳақиқий аҳволини ёритар эди ва уни аслиятдагидек бериш тўғри бўларди, менимча.

 

Қолаверса, фильм маълум бир нуқтагача жуда яхши кетди, яъни қардош халқлар жадидчилик ҳаракати, Алош Ўрда, шахсий фожиалар намойиш қилинди. Кейин бирдан фильм бошқа каналга ўтиб қолгандек бўлди. СССР даври муваффақиятлари эслана бошланди, «Тўғри шундай қурбонлар бўлган, лекин бундай ютуқлар ҳам бўлган» деган маъно чиқа бошлади. Бундай ритмни биз рус-совет пропагандасида кўрганмиз. Мен фильмнинг топилмалари, устунликларини билан бирга мана шу жиҳатларини ҳам айтиб ўтган бўлардим ва бу менда хавотир уйғотди.

 

Фаррух Жабборов: Раҳмат Шаҳноза опа. Чиндан ҳам фильмнинг охирги 15 дақиқасида совет пропагандасининг ёрқин кадрларидан фойдаланилган. Бу тарихий нейтралликни сақлаш учун берилганми ёки бошқа маълум бир мақсад йўлида қилинганми? Бу саволга жавобни тарихчи Баҳром Ирзаевдан оламиз.

 

Баҳром Ирзаев: Фильм ҳақида гапирадиган бўлсак, биринчи навбатда унинг номига тўхталиш керак. Нега «Армон»? Шуни яхшироқ ёритиш керак. Иккинчидан фильм ким ҳақда? Агар жадидлар ҳақида бўлса у ерда Наливкин, Манделштам ва шунга ўхшаш инсонлар нима қиляпти? Уларнинг жадидларга нима алоқаси бор?

 

Албатта, фильмда ютуқлар бор. Адиб Холид, Темурхўжа ва катта-катта олимларнинг лойиҳага жалб қилингани қувонарли ҳол. Фақат мени ўйлантиргани фильмда жадидчилик Исмоил Ғаспиралибейдан бошлангандек кўрсатиляпти. Аслида эса янги руҳдаги фикрлар илдизи Фурқат, Муқимий, Қурсавий, Маржоний, Аҳмад Дониш каби олимларга бориб тақалади. Кинода ушбу инсонлар ҳам эслаб ўтилиши лозим эди.

 

Бундан ташқари, Туркистон ва Бухоро жадидчилари айтиб ўтилди, лекин негадир Хоразм миллатпарварлари, «ёш хоразмликлар» тилга олинмади. Қатағон даврини тасвирлашда ҳам эмоциялар, тўлқинлик етишмади.

 

Мен Шаҳноза опанинг фикрларига қўшиламан. Фильмда иккита томонни ҳам оқлашга ҳаракат қилинган, ҳеч кимни айбдор қилмасликка уринилган ва оқибатда қоришиқ кино пайдо бўлган. Иккита қарама-қарши ғояни бирданига алқашнинг иложи йўқ.

 

Бу ерда барча масъулият режиссёр зиммасида эмас, сценарийни ёзишда тарихчи олимлар ва манбалар билан кўпроқ ишланиши лозим эди.

 

Фаррух Жабборов: Тўғри таъриф бердингиз Баҳром ака. Усмон Носир борасида мен ҳам иккиланиб қолдим, чунки у жадид эмас, жадидлар шогирди эди. Фильм ижодкорлари тарихий воқеаликни тизимлаштира олмаган.

 

Хўш, навбатдаги саволга ўтсак – ушбу фильм бугунги жамиятимизга қандай мужда, сигналлар беради?

 

Шоҳида Эшонбоева: Фильм ҳозирги ёшларга кенг маълумотлар беради аммо чуқур эмас. Олдинроқ айтганимдек, фильмда тилган олинган жадидларнинг 50 фоизи ҳақида 1990 йилларда алоҳида фильмлар суратга олинган.

 

Тўғри, кино янги жиҳатларга эга, масалан Темурхўжа, Файзулла Хўжаев неварасининг чақирилиши, таржимонлар иштироки, қозоқ ва қирғиз жадидлари эсланиши каби. Бироқ мавзуга чуқур кирилмаган, асосий ахборотлар шунчаки қайта айтилган, очилмаган сирлар олиб чиқилмаган. Жадидларни янада яхшироқ таниш, оммалаштириш учун уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида фильмлар яратиш керак.

 

Фильм тарих билан яхши таниш бўлмаган ёшларга фойдали бўлиши мумкин, аммо ХХ аср Туркистон тарихидан хабардор бўлган инсонларга бу фильм катта маълумот бермайди.

 

Шаҳноза Соатова: Фильмда «Жадидлар бизнинг қаҳрамонларимиз» деган ғоя борлиги яхши. Фақат айтганимдек, ўша қайсидир нуқтада «тарихга қайтадан, ўша давр кўзи билан қараб кўр, советларнинг ютуқлариям бўлган» деган фикр чиқиб келадиган саҳналар бўлди. Бу менимча икки тарафни тенг ушлашга уриниш натижаси, лекин бирданига икки стулда ўтириб бўлмайди, айниқса, жадидлар масаласида.

 

Фаррух Жабборов: Чиндан ҳам фильм сўнгидаги лавҳалардан советлар ишлари фаровонликка олиб келган деган маъно чиқади.

 

Энди тингловчилардан бу борадаги саволлар ва фикрларни эшитсак.

 

Дилором Каримова: Ассалому алайкум. Бу фильм менга жуда ёқди, ҳам ҳужжатли, ҳам бадиий жиҳатлар аралашган омихта фильм сифатида жуда томошабоп бўлган. Мана олимларимиз фильмнинг камчиликларини санади, лекин менимча икки йил бундай катта кўламли кинони суратга олиш жуда кам вақт. Фильмни алоҳида, қисмларга бўлиб давом эттириш керак эди.

 

Латофат Абдиримова: Биринчи айтадиган гапим – кинодан мақсад йўқ. Бу фильм нима учун олинган? Жадидларни ҳаётини ҳикоя қилиш учунми ёки тарихнинг очилмаган саҳифаларини очиш учунми? Узрку, лекин кино натижа учун қилинган ишга ўхшайди.

 

Ёшлар бу фильмни кўриб, шунчаки «тарихда шунақа бўлган экан» деган деб кетади. Улар ўша даврдаги муаммолар ҳозир ҳам актуаллиги, жадидлар қаҳрамонлигини ҳис қилмайди. Бу жиҳатдан фильм мақсадсиз ва ёшлар ҳеч қандай чуқур маълумот бера олмайди.

 

Жонтемир: Сценарийни ўзбек ёзмаган, четдан қаралганда инглиз ёки рус миллати вакили ёзгани сезилиб туради. Масалан, биз учун аллақачон ёд бўлган маълумотлар улар учун янгилик бўлган ва фильмга олиб чиқилган. Картинада умуман миллий руҳ йўқ. Худди Москвадан буюртма қилингандек.

 

Янги тузумдаги мактаблар очишга оқ подшо буйруқ берган, деган лавҳа ўша эски «бизни руслар келиб маданиятли қилди, унгача ёввойи эдик» иборасининг қайта такрорланиши бўлибди. Менимча, режиссор жуда билимсиз, ўз тарихини, ота-боболарини билмайди, билганда бундай сценарий асосида фильм олинишига йўл қўймасди.

 

 

Давра суҳбатининг тўлиқ версиясини ушбу ҳавола орқали эшитишингиз мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси