Ўзбек жамиятининг ҳозирги реал оғриқлари ҳақидаги пьеса – “Ишлагандай бўлайлик” спектакли таҳлили


Сақлаш
16:11 / 21.11.2023 706 0

Ҳозирги вақтда қайсидир театрда янги спектакль қўйилибди деса, одамлар унчалик ҳам ҳаяжонга тушавермайди. Театрлардан кўп нарса кутилмай қолгани бор гап. Охирги пайтларда интернет тармоғида театр, санъат ҳақидаги подкастларни кузата туриб, кўпчилик (айниқса, ёшлар) театр санъатига “замондан орқада қолган соҳа” деб қарашини ҳис қиламан. Албатта, бунга етарлича асослар бор. Гарчи аксарият театрларимиз кўнгилочар бир маскан ўлароқ доим гавжум, лекин асл санъат ўчоғи сифатида мақомини, қиёфасини янгилай олгани йўқ. Бунинг сабаблари кўп ва алоҳида мавзу. Умумий қараганда, ҳозир маданий жабҳаларнинг барида ҳам савия инқирози кузатиляпти. Театр соҳаси ҳам сийқалик, бирхиллик ва ўртамиёналик гирдобида айланаётган бир муҳитда онда-сонда бўлсин, савияси юқори, бадиий-ғоявий бутун саҳна асарларининг пайдо бўлаётганини эътироф этиш лозим.

 

Яқинда Ўзбекистон давлат драма театрида атоқли режиссёр Олимжон Салимовнинг Эркин Аъзам асари асосида саҳналаштирган “Ишлагандай бўлайлик” (Снос) спектакли премьераси бўлиб ўтган эди. Мазкур спектакль кўпчиликда қизғин таассурот қолдирди, бориб кўрганларнинг аксарияти ижобий фикрлар билдиряпти. Айниқса, маданий жамоатчилик бу асарни жуда яхши қарши олди ва бу  бежиз эмас. Ҳақиқатан ҳам, Олимжон Салимовнинг янги ижод маҳсули биз одатда кўриб-кўниккан томошалардан анча фарқ қилади. Бу спектакль айнан нимаси билан қизиқ, қайси жиҳатларига кўра муваффақиятли – қуйида таҳлил  қилишга ҳаракат қиламиз.

 

 

Аввало, спектаклнинг драматургик асоси яхши. Ёзувчи Эркин Аъзамнинг 2011 йилда ёзилган “Фаррош кампирнинг туши” комедиясида ҳозирги ижтимоий ҳаётимиз рўй-рост акс эттирилган. Миллатни емираётган иллатлар, ижтимоий-ахлоқий муаммолар танқидий руҳда, ўзгача бир бадииятда ифода этилган. Бу пьеса 2014 йили биринчи марта Ўзбекистон давлат драма театрида (аввалги Аброр Ҳидоятов номидаги театр) саҳналаштирилган эди. Театрнинг ўша йиллардаги бош режиссёри Сайфиддин Мелиев ишлаган спектакль асарнинг бошқа бир ракурсдаги талқини ўлароқ бир неча йиллар намойиш  қилинган.

 

Орадан вақт ўтиб, шу театр жамоаси мазкур асарга яна янгидан мурожаат қилди.  Айтиш мумкинки, бунга энг асосий сабаб асар мавзу жиҳатдан ўз аҳамиятини умуман йўқотмаган. Театр, санъат замон билан ҳамнафас бўлиши, ҳақиқатни кўрсатиши керак деймиз. Ҳамнафаслик замонавий ҳаётнинг бир ёқлама – фақат яхши, намунали томонини кўрсатишдан иборат эмас. Ўз ўрнида салбий тарафларини ҳам танқид қила билиш зарур. Шу маънода, ушбу пьесани ўзбек жамиятининг ҳозирги реал оғриқлари ҳақидаги ёлғондан ҳоли саноқли асарлардан, десак бўлади. Қолаверса, Олимжон Салимов катта режиссёр, қайси асарни қачон саҳналаштиришни яхши билади. Олти йилдирки, ўзи бадиий раҳбарлик қилаётган Драма театрида турли жанрларда классик ва замонавий асарларни саҳналаштириб, жамоасининг ижодий потенциалини кўтаришга, театрнинг бадиий имиджини янгилашга жиддий эътибор қаратиб келади. “Ишлагандай бўлайлик”(Снос) спектакли эса, жамоанинг ижодий имкониятларини яна бир поғона илгари силжитган жиддий иш бўлганини таъкидлаш жоиз.  

 

Табиийки, ҳар қандай асар саҳнага кўчганда матндаги фикр “театр тили”да қайта жонланади ва бунда режиссёрнинг санъаткорлик салоҳияти ҳал қилувчи роль ўйнайди. “Ишлагандай бўлайлик” (Снос) саҳнавий асар сифатида тўлақонли режиссёр профессионализмининг маҳсулидир. Спектаклнинг талқини муаллиф концепциясига яқинлиги, саҳнавий-бадиий шаклининг пухталиги билан эътиборга лойиқ. Айниқса, талқинда аниқ услубнинг топилгани асарнинг катта ютуғидир.

 

Номидан ҳам маълумки, ушбу саҳна асари ўз-ўзини алдаётган оломон, ёлғон нормага айланган жамият ҳақида. Спектакль жанри сатирик фарс деб белгиланган. Бу жанр ўз-ўзидан бўрттиришни, гротеск ёндошувни тақозо этади. Саҳнадаги ҳамма нарса, сценография, либослар, актёрлар ижроси, мусиқий безак – барча ифода воситалари шу жанрга, талқиннинг умумий стилистикасига уйғунлаштирилганини кўрамиз.

 

Асар воқеалари “Ишлагандай бўлайлик” номли идорада бўлиб ўтади. Шу бир идоранинг тимсолида бугунги ҳаётимизнинг айни реал оғриқлари аёвсиз кулги остига олинади. Чироқ ёришиши билан саҳнада шундай манзара намоён бўлади: Пастдан тепага кўтариладиган зина, катта-кичик канализация қувурлари, боғлам-боғлам қоғозлар юкидан қулаб тушай деб турган жавон... Шунингдек, саҳнада зоҳир бўлган умумий муҳит – кулранг. Саҳналаштирувчи рассом Сергей Чуфарновнинг бу ечими спектаклнинг шартли макони бўлиши билан бирга, ич-ичидан нураб бораётган жамиятнинг мажозий кўринишини ҳам ифода этади.

 

 

Бу идора раҳбарининг юқоридан белгилаб берилган қатъий “иш принципи”  бор: “Рўйхатнинг бошида албатта шахсий масалалар турсин. Давлат ишлари ўз-ўзидан бўлаверади”. Асардаги ҳамма персонаж айни шу қабилда ҳаракатланади. Бутун спектакль давомида ўзаро диалоглар ҳам қаҳрамонларнинг шахсий масалалари доирасида кечади. Ишхонада иш ҳақида умуман гапирилмайди. Эрталабдан тиқилинч автобусда худди муҳим ишларни бажарадигандай шошилиб келишади, кун бўйи майдадан-майда дийдиёлар билан машғул бўлади ва охирида ҳамма ёқни талон-тарож қилиб қораларини ўчиришади.

 

Спектаклнинг мантиқий композицияси, бадиий қатлами анча мураккаб. Бир қарашда бутун сюжет бир-бирига узвий бўлмаган кўплаб алоҳида эпизодлардан иборатдай кўринади. Асардаги асосий воқеалик (кўчиш ҳақидаги миш-мишнинг катта машмашага айланиши) ана шу катта-кичик вазиятлар ўзанида изчил ўсиб-ривожланиб боради. Шу лейтмотив теграсида типиклашган турфа характерлар комедиясини кўрамиз. Ҳар битта персонаж билан боғлиқ ҳолатлар асардаги умумий вазиятнинг бир қисми бўлиб, композицион жиҳатдан бир-бирини тўлдириб боради. Томоша якунида буларнинг ҳаммаси бир бутунлик ҳосил қилиб, кўз олдингизда жамиятнинг асбурд қиёфаси намоён бўлади. 

 

Спектаклда ўнга яқин персонаж иштирок этади. Либослар рассоми (Лобар Турсунова) қаҳрамонларнинг ташқи кўриниши устида пухта ишлаган. Ҳар бирининг либосларида уларнинг характер-сажиясини ифодаловчи деталлар алоҳида бўрттирилган. Масалан, амалпараст Раҳбаровичнинг тиззагача тушиб турадиган галстуги, ошхўр ходимларнинг қоринлари, нафақага чиққан Собиқ муовиннинг чопонга айланган кастуми ва шунга ўхшаш деталлар жуда яхши топилган. Айниқса, ҳаммадан тепада ўтирадиган мансабдор Акахон образининг гиперболизация қилиниши, қўғирчоқ одам – манекинларнинг киритилгани асарнинг образлилик кўламига, ҳам томошавийлигига катта таъсир кўрсатган.

 

 

Қизғин воқеалар асносида аёлларнинг телевизордан эмоцияга берилиб турк сериалини томоша қилиши, лагандаги ошга қўл чўзиб тўдалашиб югураётган масса каби алоҳида урғуланган саҳналарга дуч келамиз. Ҳозирги оломоннинг аянчли ҳолини кўрсатиш мақсадида киритилган бу каби кўринишлар спектаклнинг  мазмуни ва сатирик кўламини бойитган.

 

Ҳатто саҳналар алмашинувидаги ўтиш мусиқалари, вазиятларда персонажларнинг ҳолатларини бўрттириш, акцентлаш учун қўлланилган товушлар (шум) ҳам спектакль бадииятининг муҳим қисмига айланади. Масалан, Акахоннинг сўзлари пастдагиларга гумбурлаб ваҳимали эшитилиши, фаррош кампирнинг ўзича минғирлаб, ёзғириб айтган ҳар гапи акс-садо бериб, миш-мишга айланиб кетиши, воқеалар оқимида ўқтин-ўқтин эшитилиб қоладиган қасирлаган товушларгача рамзий маъно юкланади. Булар кичик элементлар бўлса-да, спектакль бадииятида муҳим ўрин тутади. Умуман, саҳнадаги ҳамма нарса гапиради, асарнинг концепциясига мутаносиб ишлайди.

 

Табиийки, буларнинг ҳаммаси асосий куч – актёрлар ижроси билан уйғунлашганда тугал маъно касб этади. Сатирик характер жонлантиришнинг ўзига хос нозик талаблари, мураккабликлари бўлиб, ижрода бўрттириш меъёри озгина бузилса, бачканалик чегарасига ўтиб кетиш хавфи бўлади. Айтиш мумкинки, спектаклнинг ижро қатлами анчайин жонли, режиссёр актёрлар билан бирга роллар устида қаттиқ ишлагани сезилади.

 

Саҳнада бир-биридан кулгили қиёфаларни, ранг-баранг характерларни томоша қиламиз. Хусусан, актёр Илҳом Бердиев Раҳбар Раҳбарович тимсолида тепадагилар нима деса шуни қиладиган, шахсиятсиз, қўлидан бир иш келмас жонсарак амалпарастлар типини гавдалантиради. Актёр мимикаси, овоз-манъераси, юриш-туриши билан ўз қаҳрамонининг маҳдуд оламини ифодалашга ҳаракат қилади. Муовин бува ролида эса худди шу типнинг ўтмишдаги нусхаси – умр бўйи курсисини қўриқлаб яшаган, эндиликда нафақага чиқиб ҳам идорада судралиб юрган иззатталаб “қўланса” чолни кўрамиз. Театрнинг тажрибали актёри Элёр Носиров мансабсиз қолган бу қариянинг кайфиятини, “изтироби”ни  кўрсатиб беради.

 

Асардаги Ҳисобчихон ролида эса актриса Тамара Мирмақсудова маҳоратининг бошқа бир товланиши кўзга ташланади. Актриса  ўзини “ишхонадаги энг муҳим шахс” деб биладиган, ичидан пишган айёр аёл характерини жуда қизиқарли ижро қилади. Доим нимадир кавшаб юриши,  вазиятларда ўзини тутиши бу типни яна ҳам кулгили қилиб кўрсатади.

 

Актёр ўзи жонлантираётган образнинг ҳақиқатига ишониши, ишонтира олиши керак. Спектаклдаги Нафиса Тошматова (Мутахассис хоним), Пўлат Норматов (Бўлим бошлиғи), Сухроб Хуррамов (Бош мутахассис) каби актёрлар ҳам ўзларига юкланган ролларни жанр доирасида жонлантиришга, сатирик бўёқлар беришга ҳаракат қилган.  Котиба ролини талқин этган ёш актрисанинг ижроси ёрқинлиги, эркинлиги билан эсда қолади. Умуман, ҳар бир актёр  ўз қаҳрамони тимсолида қайсидир  иллатни фош этади.

 

 

Асардаги Фаррош кампир тимсоли спектаклнинг қизғин воқеалари орасида баъзи-баъзида кўриниш беради. Доно Бобохонова ижро этган бу кампирни ҳеч ким одам ўрнида кўрмайди. Лекин у асар воқеалари оқимида  ўзак вазифасини бажаради. Қариб-қартайганда ҳам тирикчилик дардида  эртадан кечгача ишлаб, ўзига-ўзи ёзғириб юрадиган шу фаррош ўзи билмаган ҳолда бутун идоранинг “оромини” бузади. Ва айни шу персонаж асарнинг парадоксал юкини ўзида ташийди. Чиндан ишлайдиган одам хор, ишлагандай бўладиганлар эса тўрда, роҳатда. Аслида сатирик асарда ижобий қаҳрамоннинг ўзи бўлмайди. Лекин томошабин шу Фаррош кампир тимсолига нисбатан ачиниш ҳиссини туяди.

 

Спектакль шу каби турфа характерлар қурамасидан иборат. Асарнинг умумий кўламида ҳаммасининг вазифаси муҳим бўлгани боис, асосий қаҳрамон ким ўзи, билиб бўлмайди. Бунга камчилик деб қараб бўлмайди. Чунки асарнинг асосий фокуси қайсидир алоҳида типга эмас, бутун бир жамиятнинг аҳволини кўрсатишга қаратилган. Шу нуқтаи назардан қаралганда, спектаклнинг марказдаги образи – ҳамма, ҳаммадан иборат жамият. Конфликт масаласи ҳам шу кўзда ёндошишни талаб этади. Умуман, спектаклнинг актёрлари ансамбли яхлит ҳолатда томошабин кўз олдида оломон образини акслантиради. Асар шу жиҳати билан ҳам одатий услубдаги спектакллардан фарқ  қилади.

 

Спектакль қизиқ нуқтада тугайди. Тўкилиб тушган бино (чириган тизим)да “менсиз ишхона ишхона эмас” деганларнинг ҳеч бир йўқ. Хатар туғилган ондаёқ ҳаммаси тум-тарақай қочган.  Ағдар-тўнтар саҳнада, аянчли хаос ичида яна балогардон фаррошгина қолади.

 

 

Спектакль менга илк таассуротда “Мовий тоғлар ёхуд ҳақиқатдан йироқ воқеа” фильмини эслатиб юборди. Гарчи фильм ва бу спектакль бошқа-бошқа мазмундаги асарлар бўлса-да, иккиси ҳам пуч жамиятни тасвирлайди.

 

Актёрларнинг ижросида баъзи ўринларда жанр баланси бирдек ушламаган, спектакль стилистикаси сингишмаган ҳолатлар сезилади. Лекин асар саҳнада ҳар сафар ҳар хил ижро этилиши мумкин. Спектаклнинг умумий бадиий планкаси олдида жузъий камчиликларни эътироз қилиш ҳам ўринсиз.

 

Шундай қилиб, спектаклнинг қизиқарли ва тиғиз воқеалари силсиласида вақтнинг қандай ўтганини унутасиз. Қарийб бир ярим соат давом этадиган сатирани кулиб-кулиб кўрасиз, лекин томоша ортидаги қоронғилик даҳшатини ҳис этиб турасиз...

 

Бир сўз билан айтганда, “Ишлагандай бўлайлик” (Снос) спектакли мавзуси, танқидий руҳи, бадиий яхлитлиги билан жиддий асар бўлган. Бир тарафдан бу спектаклни ҳамма ҳам бирдек тушунади деб айтолмаймиз. Оддий томошабинга унинг бадиий-ғоявий юки оғирлик қилади.

 

 

Умуман, асарда ўз аксини топган жамиятнинг айни шу савиясизлик, жаҳолат билан боғлиқ реал муаммоларини театр, санъат ҳал қилолмайди (зотан, миссияси бу эмас), лекин унинг тузувчиси ҳам, бузувчиси ҳам бўлган одамларнинг руҳиятига, тафаккур тарзига  таъсир этишга қодир.

 

Мафтуна МУҲАММАДАМИНОВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси