Маоизм — коммунизмнинг ҳалигача тирик вориси. Бу қандай ғоя ва у нега ҳали ҳам машҳур?


Сақлаш
12:11 / 17.11.2023 387 0

Хитой коммунизми асосчиси Мао Цзэдун ўз мамлакатида СССР марксизмидан фарқ қилувчи сиёсий тизим қурганди. Унинг 27 йиллик ҳукмронлиги даврида Хитойда маоизм сиёсий ғояси шаклланди ва амалиётга жорий этилди. «Катта сакраш», «Маданий инқилоб» каби миллионлаб инсонлар ўлимига олиб келган муваффақиятсиз дастурларга қарамай маоизм бугунги кунда ҳам, айниқса, ўта сўл ғоялар тарафдорлари орасида анча машҳур.

 

Маоизм қандай ғоя?

 

Маоизм — Хитойда Мао Цзэдун томонидан яратилган социалистик-коммунистик таълимотдир. Ушбу таълимот баъзи фарқларга эга бўлсада, марксизм-ленинизм тамойилларига асосланади.

 

Хитой озодлиги учун Япония билан курашиб, мустақил давлатнинг янги раҳбарига айланган Мао Цзэдун мамлакатда асосий иттифоқчи — СССРдаги каби коммунизм қуришга қарор қилади. Бу йўлда у большевиклардек террор ва репрессиялардан фойдаланади.

 

Цзэдун ҳокимиятни эгаллаш учун марксизмдаги «қуролли инқилоб» ғоясидан фойдаланганди. У ҳукмрон Гоминдан партияси билан фуқаролар урушини олиб боради ва ғалабага эришиб, Гоминдан тарафдорлари, бойлар ва буржуа қатламини мамлакатдан қувғин қилади.

 

Хитой инқилоби раҳбари Мао Цзэдун 

 

Мао Цзэдун фаолияти шуни кўрсатадики, маоизм марказида СССР коммунизмдаги каби куч ва зўравонлик туради. Хитойда амалга оширилган ва миллионлаб инсонлар ўлимига сабаб бўлган «Катта сакраш», «Ўнгларга қарши кампания», «Маданий инқилоб» лойиҳалари бунинг исботидир.

 

Маоизмнинг марксизм-ленинизмдан яққол ажралиб турувчи ғоявий томонлари ҳам мавжуд. Хусусан, маоизмга кўра, социалистик инқилобни марксизмдаги каби ишчилар синфи (пролетариат) эмас, балки деҳқонлар синфи амалга оширади ва бошқаради.

 

Маоизм ва марксизм ўртасида бундай фарқ пайдо бўлишига сабаб Цзэдун қуролли инқилобни амалга оширган йилларда (1946-1950) Хитойда деярли ишчи синфи йўқ эди ва мамлакатдаги энг қашшоқ ва катта қатлам деҳқонлар эди. Шу сабаб ҳам Мао айнан улардан инқилоб кучи сифатида фойдаланади.

 

Қолаверса, Мао марксизмдаги ишчилар ва иш берувчилар (капиталистлар) ўртасидаги кураш муқаррар эканлиги ҳақидаги фикрга қўшилмаган. У Хитой халқини бирлаштириб, иқтисодиётни коллектив тарзда ривожлантиришни мақсад қилган.

 

Аммо маозимнинг асосий принциплари барибир СССР мафкурасидан андоза олганди.

 

Биринчидан, маоизм ҳам марксизм-ленинизм каби ҳокимиятни қуролли қўзғолон ва умумий сафарбарлик орқали қўлга киритишни назарда тутади.

 

Иккинчидан, маозим марксизмдаги каби куч ишлатишни ёқлаб, узоқ давом этувчи «халқ уруши»ни тарғиб қилади. Маочилар ҳокимиятга қарши пропаганда ва дезинформациядан фойдаланишни тасдиқлайди.

 

Учинчидан, маоизм давлатнинг зўравонликдан фойдаланиш ҳуқуқини мутлақ қўллаб-қувватлайди. Маочилар давлатнинг куч ишлатиш ҳуқуқи муҳокама қилиниши ҳам керак эмас деб ҳисоблайди. Чунончи, маоизмнинг асосий «мушти» бўлган Хитой халқ озодлик армияси террорчилар ва «ички душманлар»ни аниқлашда шафқатсиз қийноқ усулларидан фойдаланган.

 

 

Тўртинчидан, антиколониализм. Маочилар марксистлар каби дунё мамлакатларининг бари озод бўлиши ва ўзларининг собиқ метрополияларидан қасос олиши кераклиги ҳақидаги ғояни илгари суради.

 

Умуман олганда маоизмни марксизмнинг Мао Цзэдун томонидан ўзгартиришлар киритилган агрессивроқ шакли дейиш мумкин.

 

Маоизм қай тариқа пайдо бўлди?

 

Юқорида айтилганидек, Мао Цзэдун ҳокимият тепасига озодлик ва фуқаролар уруши орқали келганди. Маочилар айнан мана шу урушларни қуролли инқилоб дея ҳисоблайди.

 

Хитойда коммунистик тузум ўрнатгач (1949 йил), Мао эндиликда коммунистик давлат мафкураси ҳам жорий қилиши лозим эди. Дастлаб социализм қуришнинг сталинча моделидан фойдаланилади. Бироқ, тез орада хитойлик социалистлар СССР йўлидан боришни рад қила бошлайди. Улар бюрократиянинг ўсаётгани ва Коммунистик партиянинг мослашувчанлиги йўқолиб бораётганидан норози бўлади. Хитой коммунистлари бюрократиянинг ривожланиши яна элита (капиталистлар) пайдо бўлишига олиб келади дея таъкидлайди. Натижада аста-секин СССР марксизмидан фарқли доктрина яратила бошланади.

 

Ушбу жараённи Сталиннинг ўлими тезлаштиради. Хрушчёвнинг «Сталин шахсига сиғиниш»ни қораловчи нутқи Хитойда худди шундай култ ўрнатишга интилаётган Цзэдунга ёқмайди ва у СССРдан узоқлашиш сиёсатини бошлайди. Бир вақтлар қалин иттифоқчи бўлган СССР ва ХХР деярли душманга айланади (улар ўртасида ҳатто қуролли чегара тўқнашувлари ҳам юз беради). Хитой СССРнинг «кичик укаси» бўлишни тўхтатади ва Москва билан рақобатга киришади.

 

1958 йил Мао Цзэдун «Катта сакраш» номли дастурни жорий этади. Унга кўра, Хитой беш йил ичида қишлоқ ва саноат соҳасида жадал ўсишга эришиши ҳамда СССРдан ўтиб кетиши керак эди. Бунинг учун мамлакатда худди СССРдаги каби умумий хўжаликлар — коммуналар ташкил этилади. Коммуналар колхозлардан бирмунча йирикроқ тузилма эди, чунки Хитой аҳолиси анча кўп бўлиб, зич яшарди.

 

«Катта сакраш» дастурининг пропагандик постери

 

Аммо Хитойда коммуналар 1960 йилдаёқ тарқатилади. Сабаби бундай бирлашмалар амалда самарасиз бўлади. Коммуналарга бирлаштирилган деҳқонлар уларга нотаниш бўлган турли хил юмушларни (ҳатто кичик саноатга ҳам жалб қилинган) бажаришга мажбур бўлади ва бу уларнинг ишчанлиги пасайиши ва норозилигига олиб келади. Бутун Хитой бўйлаб коммуна деҳқонлари норозилик белгиси сифатида ўз меҳнат асбобларини печларда эрита бошлайди. Меҳнат унумдорлиги кескин пасаяди, натижада ХХР раҳбарияти коммуналарни тарқатиб юборади.

 

Шунингдек, 1958 йилда далалардаги ҳосилни кўпайтириш учун «тўрт зараркунандага (чивин, пашша, каламуш ва чумчуқ) қарши» кампания бошланади. Бу кампания доирасида асосан чумчуқлар қирғин қилинади, чунки қолган уч жонзотни йўқ қилиш кўпроқ гигиена билан боғлиқ эди. Чумчуқларни эса 15 дақиқа давомида қўнишга йўл қўймаслик орқали чарчатиб, ўлдириш мумкин эди. Маълумотларга кўра, «Катта сакраш» даврида амалга оширилган чумчуқлар погроми оқибатида 4-5 миллиард қуш ҳалок бўлган.

 

Чумчуқларнинг йўқ қилиниши экотизимни бузади. Далаларда чигирткалар ва бошқа майда ҳашаротлар сони ортади ва улар ҳосилга жиддий зарар етказади. Коммуна тизими инқирози ва зараркунанда ҳашаротлар кўпайиши 1959 йилда Хитойда Буюк Хитой очарчилиги бошланишга олиб келади. Мамлакатда ғалла етишмовчилиги кузатилади ва Пекин Канада ҳамда Австралиядан буғдой сотиб олишга мажбур бўлади.

 

 

Бироқ бу етарли бўлмайди. Турли ҳисоб-китобларга қараганда, 1959-1961 йиллардаги Буюк Хитой очарчилиги даврида 15-40 миллион одам очликдан вафот этган.

 

«Катта сакраш» муваффақиятсизлигидан сўнг Хитойда Цзэдун сиёсатига ишончсизлик ортади. Мухолифатни йўқ қилиш ва аҳолини нима биландир чалғитиш учун Мао янги инқилоб — «маданий инқилоб»ни ўйлаб топади.

 

Маонинг «маданий инқилоби» доирасида қадимий Хитой қўлёзмалари, ёдгорликлари (масалан, Буюк Хитой деворининг бир қисми бузилиб, ғиштлари чўчқахона қуришга ишлатилган) йўқ қилинади. Барча нарса янги, инқилобий руҳда бўлиши керак эди. Театрларда фақатгина Цзэдун даврида яратилган асарлар намойиш қилинади.

 

Хитой ҳукумати «Маданий инқилоб»ни ёйишда, айниқса, ёшларга эътибор қаратади. Мактаб ўқувчилари ва талабалардан ташкил топган «хунвейбин»лар ушбу даврнинг рамзига айланади. Хунвейбинлар кўчаларда аёлларнинг бўялган сочларини кесиш, тор шимларни йиртиш, пошнали оёқ кийимларнинг пошналарини синдириш, тадбиркорларни ўз бизнесларига инқилобча номлар қўйишга мажбурлаш каби ишлардан ташқари, ўз ўқитувчиларини «аксилинқилобчи» айблови билан ўлдириш, одамларнинг уйларида тинтув ўтказиш ва қимматбаҳо буюмларини олиб кетиш каби анархистик ишлар билан ҳам шуғулланади.

 

«Маданий инқилоб» доирасида сиёсий репрессияларни ўтказаётган ҳукумат хунвейбинларнинг ўзбошимчаликларига қаршилик кўрсатмаган ва аксинча уларни рағбатлантирган. Мао Цзэдун «маданий инқилоб» баҳонасида расман унинг вориси деб тан олинган, мамлакатдаги иккинчи шахс ҳисобланувчи Лю Лю Шаоцини вазифасидан четлатган ва қамоққа тиққан. Шаоцидан ташқари партиядаги бошқа мухолифлар, жумладан Ден Сяопин ҳам репрессияга учраган (кейинроқ реабилитация қилинган).

 

«Маданий инқилоб» Мао Цзэдуннинг вафоти (1976 йил) билангина тўхтаган. Мао вафот этиши биланоқ «маданий инқилоб» ташкилотчилари бўлган «тўртлик» (улардан бири Маонинг хотини Сзян Син эди) ҳибсга олинади. ХХРнинг янги раҳбарига айланган Хуа Гофен мамлакатда маоизм сиёсатини давом эттиради, бироқ орадан икки йил ўтиб, у ҳам ҳокимиятни четлаштирилади ҳамда унинг ўрнини «прагматик» Ден Сяопин эгаллайди. Сяопин бошлиқ мўътадил сўллар маоизмни амалда бекор қилади. Хитой бозор иқтисодиётига ўтади, репрессиялар тўлқини камайтирилади.

 

 

Ҳозирги кунда маоизм Хитой Компартиясининг уч асосий мафкурасидан бири ҳисоблансада, унинг ғоялари актуаллигини йўқотган.

 

Шундай қилиб, маоизм асосий мезонлардан ташқари, давлатни куч ва зўравонлик билан бошқариш, умумий жамоа тарзида меҳнат қилиш, аграр социализмни жорий қилиш, ультра сўл тадбирларни қўллашни назарда тутувчи сиёсий оқимдир.

 

Маоизм Хитойдан ташқарида

 

Хитойда ўз ўрнини Сяопиннинг прагматик ғояларига бўшатиб берган маоизм дунёда ҳали ҳам машҳур. Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида асосий ғояси маоизм бўлган бир қанча партиялар мавжуд.

 

Хусусан, 1975-1979 йилларда Камбоджани бошқарган «қизил кхмерлар» ҳаракати тўлиқ маоизм ғояларига асосланганди. Худди Хитойдаги каби Камбоджада ҳам коллективлаштириш сиёсати олиб борилади ва очарлик юз беради. Маоизмнинг ультра-сўл ғояларига амал қилган «қизил кхемерлар» ҳукумати Камбоджада геноцид ўтказиб, мамлакатнинг 25 фоиз аҳолисини қирғин қилади.

 

Маоизм катта тарафдорларга эга бўлган яна бир мамлакат — бу Непал. Бу ерда Непал Коммунистик партиясидан ажралиб чиққан «Маоизм маркази коммунистик партияси» маоизмдаги «халқ уруши» ғоясини амалга оширган ва монархиянинг бекор қилиниши, Непалнинг дунёвий давлат деб эълон қилинишига эришган. 2006 йилдан буён партия асосчиси ва раҳбари Пушпа Камал Дахал Непал ҳукуматида бир неча бор бош вазир лавозимини эгаллади.

 

Непал Коммунистик партияси

 

Маоизм, айниқса, Лотин Америкаси мамлакатларида анча кенг тарқалди, чунки бу давлатларнинг аксарияти социал муаммолар гирдобида қолган. Қитъада маоизм ғоялари илгари сурувчи Пука Инти («Қизил қуёш», Эквадор), «Ёрқин йўл» (Перу) каби йирик партиялар мавжуд.

 

Маоизм Ҳиндистонда ҳам ўз таъсирига эга. 2004 йилда, «Ҳиндистоннинг маоистик коммунистик маркази» ва «Халқ уруши Ҳиндистон коммунистик партияси» бирлашувидан сўнг пайдо бўлган «Ҳиндистон коммунистик партияси» (ҲКП) маоистик ғояларга асосланувчи партия бўлиб, анча йиллардан буён Ҳиндистонда коммунизм қуриш учун «халқ уруши»ни олиб боради. Ҳиндистоннинг собиқ бош-вазири Манмоҳам Сингх ҲПКни «энг асосий ички хавф» деб атаган.

 

Ҳиндистон Коммунистик партияси мамлакатда коммунизм қуриш учун қуролли кураш олиб боради ва террористик ташкилот дея тан олинган

 

Маоистик партиялар Эрон, Филиппин, Бангладеш ва ҳатто бир қанча Ғарб давлатлари, масалан Бельгия, Португалия, Испания ва Туркияда ҳам фаолият юритиб келмоқда. Бироқ уларнинг кўпчилигида бу партиялар «халқ уруши» ғояси сабаб террористик уюшма деб тан олинган.

 

 

Мухтасар айтганда, маоизм бугунги кунда ультра-сўл ва миллатчилик ғояларини ёқловчи инсонларни бирлаштиради (у марксизмдан кўра сўлроқ йўналиш ҳисобланади). Қолаверса, маоизм бундай ғояларни куч билан амалга оширишни ва радикал ижтимоий ислоҳотлар ўтказишни назарда тутади. Айнан шу омиллар (кўпчилик учун қуролли кураш йўли тинч, дипломатик йўлдан осонроқ) маоизмнинг ҳали ҳам кенг тарқалишига ва машҳурликни сақлашига ёрдам бермоқда. 

 

Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси