Сиёсий-мафкуравий кучларнинг манфаатлари учун бутунбошли цивилизациялар барҳам топадиганга ўхшайди. Ҳантингтон ҳақ эдими?


Сақлаш
17:11 / 09.11.2023 440 0

 

Бундан ўттиз йилча аввал америкалик сиёсатшунос Сэмюэль Ҳантингтон “Цивилизациялар бир куни шубҳасиз тўқнашади ва бу, инсоният тарихида охиргиси ўлароқ, Ғарб цивилизациясининг ҳал қилувчи ғалабаси билан якун топади” деган фикри билан жаҳонга машҳур бўлган эди. Хулоса асосли ёки асоссиз эканидан қатъи назар, ўшанда мен бу шов-шувли башоратга ишонмаган эдим. Яшириб нима қилдим, марксизм-ленинизм, тарихий материализм руҳида тарбия топган кўпчилик одамлар сингари пировардида Ғарб цивилизацияси эмас, коммунизм тўлиқ қарор топишига иймоним комил эди.

 

Йиллар ўтди, аср алмашди. Инсоният тараққиётининг “ўқи”, “қутб”лари ҳам ўзгарди. Ўша дамларда ўз “зафарли юриши”га қатъий ишонган айрим куч марказларида бугун саросима, парокандалик ҳукм сурмоқда. Улар йўқотилган мавқени қайта тиклаш илинжида ҳозирча узил-кесил бир тўхтамга келмаган халқлар онгу тафаккурини ўзига оғдиришдан дурустроқ йўл тополмай қолди. Йўлини кескин ўзгартирган тарихга халал беришга қодир куч энди деярли йўқ.

 

Кенг миқёсли ижтимоий эврилиш, бир босқичдан иккинчисига ўтиш паллаларида муайян цивилизацияни рўкач қилиш, унинг номидан йўл тутиш усули ҳаракатга келар экан. Муаммо шундаки, цивилизациялар бир неча ёки ундан кўпроқ социум ва халқларнинг ҳамжиҳат бўлиб яшаш истаги ўлароқ бир-бирига қарама-қарши қўйилмоқда. Зиддиятдан манфаатдор сиёсий-мафкуравий кучлар эса воқеа-ҳодисалар маромини бамайлихотир орқаворатдан кузатаётир. Авваллари уларнинг манфаатларию амбицияси учун ижтимоий синфлар қурбон этилган бўлса, бу гал бутунбошли цивилизациялар барҳам топадиганга ўхшайди. Ҳантингтон башариятни бунга даъват қилмаган, ундан огоҳлантирган эди, холос. Аммо инсоният бугун “гибрид уруш” тимсолида цивилизациялар тўқнашувига гувоҳ бўлаётгани – аччиқ ҳақиқат.

 

Цивилизациялар муҳорабаси объектив равишда, бировнинг хоҳиш-иродасисиз келиб чиқяптими ёки уни ҳаракатга келтираётган субъектив туртки борми? Дангалини айтганда, ихтилоф чиқаришга ўрганиб қолган субъектлар керагидан-да кўп. Хўш, улар нима сабабдан ҳар доим шу йўлни танлайди, асл мақсад-муддао нима ўзи? Бу саволга жавобни бугун ёки кечадан эмас, балки тарих қатламларидан – халқларнинг хоҳиш-иродасини синдириш, уларни ўз измига бўйсундириб, бирхиллаштириш мафкурасининг илдиз отиш паллаларидан изламоқ лозим. Нима бўлганда ҳам, Ер куррасининг турли минтақаларида рўй бераётган катта-кичик тўқнашувлар вақт-соатини кутиб, ҳаёт-мамот жангига отланган империявий зеҳниятнинг хусусий кўринишидан бошқа нарса эмаслиги аниқ.

 

Сиртдан турли-туман, аммо моҳиятан бирбутун бу феномен одамларга жозибали туюлиши, ҳатто манипуляторлик (чалғитиш) кучи орқали ўзига ром этиши мумкин. Алқисса, бу ўринда ҳам индивидуумга хос маълум вақт кесимини саёз диахроник идрок этиш, ҳар бир давр вертикал ва горизонтал ўлчамга эга қатламлардан иборат эканини билмаслик хасталиги яна юзага чиқмоқда. Ваҳоланки, зукко мутафаккирлар ижтимоий-сиёсий жараёнлар маромида сезиларли ўзгаришлар бошланаётгани, мафкуравий жабҳада чуқур эврилиш билан боғлиқ янги даврга ўтилаётганини айтганига ярим асрча бўлди. Кимдир-биров уни идрок этишдан буткул йироқ, кимдир “бу ҳол соат милларининг шунчаки навбатдаги силжиши ўлароқ ҳеч нарсани ўзгартирмайди” деб билади. Вақт маромини қатъий чизиқли деб ҳисобловчи бошқа бир тоифа жараённи шунчаки эскининг ўрнини янги эгаллашига ўхшатади. Уларнинг тасаввурида тарих ғилдираги мутлақ мавҳумлик томон ҳаракатланмайди, балки олдиндан ҳисоб-китоб қилинган манзилда тўхтаб, макон ва замон ўзгариши эффектини беради, вассалом.

 

Бизнингча, ҳар бир янги давр буткул янги мезон-ўлчамлар, янги ижтимоий-маънавий уфқ сари элтувчи тенденцияларни вужудга келтиради. У, ўз навбатида, ижтимоийлик, ҳамжиҳатликнинг турли вариантларини шакллантиради. Шундай экан, барча умумжаҳоний бурилишларни кўпвариантлилик контекстида  идрок этмоқ лозим. Бу – объектив реаллик. Ҳаётий фаолиятни “беш босқичли тўғри чизиқ”, яъни формацион талқин қилиш, халқлар, миллатларни мифологик “прокруст ўриндиғи”га зўрма-зўраки ўтқазиш усули эса умумбашарий табиийликка соя солади.

 

Тарихнинг ҳар бир янги одими тараққиётнинг сон-саноқсиз йўлларига бошлаши, улардан бирига устуворлик беришда ҳар бир халқ эркин, суверен эканини инобатга олиш лозимлиги аллақачон аксиомага айланган. Бундан бехабарлик ёки уни менсимаслик қандай оқибатларга олиб келишига постколониал жамиятлар кечмиши гувоҳлик бераётир (Л.Бондаренко. Историко-культурные аспекты формирования наций в постколониальных государствах Африки // Вестник Российской АН. 2022, №1. Т. 92. Стр. 86 – 96).

 

Кейинги изланишларда дунё бир марказли эмас, аксинча, кўп марказли экани асосланди. Натижада, “XXI аср бошларидаёқ инсоният жаҳон тарихини ўрганиш ва талқин қилишда ижтимоий-гуманитар фанларда радикал бурилиш томон, уни глобал бирбутунлик сифатида идрок этиш сари юз бурди. Дунё динамикаси марказларининг ҳар бири янги даврда маконини ўзгартириши – ночизиқ кўп марказли яхлитлик деб эътироф этиладиган бўлди” (Ю.Гранин. Бесконечная имперскость России, цивилизационная измерение // Вопросы философии. 2022, №9. Стр. 78).

 

Европанинг ғарбий нуқтаси (Буюк Британия, Франция ва Гремания) бир неча юз йил мобайнида умумжаҳоний динамиканинг маркази бўлгани сир эмас. Бугунга келиб “Евроатлантика” дея жуғрофий қамрови кенгайтирилган макон ҳамон глобалистик даъводан воз кеча олмаяпти. У хаёлан 100–150 йил аввалги машҳур Виктория даврида яшаётгандек. Бизнингча эса, жаҳон сиёсати ва иқтисодиёти куч маркази у ерни тарк этиб, Шарқ сари ихтиёр қилди. Ушбу умумсайёравий тектоник силжишнинг замирида жумлаи жаҳоннинг бир неча асрлик тажрибаси ётади. Бу тажриба асрлар давомида ҳамжиҳатликда яшашнинг ибтидоий шаклидан инсон зотига ярашиқли юқори мақомга муттасил интилиш натижаси ўлароқ таркиб топган цивилизациялараро табиий соғлом рақобат, маърифий мулоқот ҳамда бир-бирини яқиндан билиш истагида намоён бўлади. Уларни табиий маромидан мосуво этиб тўқнаштираётган таълимотлар, мафкуралар, стратегиялар ҳам мавжуд.

 

Цивилизациялар, географик қамровидан қатъи назар, фозил ижтимоий гуруҳларнинг илоҳий ва дунёвий кўрсатмалар асосида таркиб топган мураккаб структурали носиёсий, тарихий-маданий бирикмасидир. У – одамзоднинг маррага етмоқ учун минг йилликлар мобайнида бехатар қўнимгоҳ излаши натижасидир (В.Федотова. Меняющаяся современность: всемирность и социальность // Вопросы философии. 2020, №11. Стр. 5–14). Афсуски, моҳиятан ижтимоий-руҳий туртки ҳосиласи бўлмиш цивилизацияни айрим кучлар охир-оқибат сиёсийлаштирди, оқибатда табиий ривожланиш маромига дарз кетди. С.Ҳантингтонни хавотирга солган эҳтимолий хатар бугун деярли воқеликка айланди. Нацизм, шовинизм, милитаризм, ирқчилик каби аксилинсоний оқимлар вазиятдан уддабуронлик билан фойдаланди. Охир-оқибат энг кўп зарар кўрган субъект – цивилизациянинг ўзи бўлиб чиқди.

 

Ер куррасининг қайси нуқтасини қамраб олишидан қатъи назар, илғор тамаддунлар башариятга ҳамжиҳат яшаш моделини тавсия этиши маълум. Минг йиллар бурун Хитойда ўрнатилган ноёб Яо ва Шунь комил инсон бошқаруви (меритократия), қадимги ҳинд заминида пайдо бўлган Артхашастра, Шарқу Ғарб туташган маконда илдиз отиб, умумбашарий кучга эга бўлган эллинизм кабилар ҳамон инсоният хотирасида. Турли элатларнинг ҳамнафасликда яшашига озми-кўпми шароит яратган мозий ижтимоий тартибот моделлари ҳозирги авлод қалбида ҳам умид ва ишонч нурини сочаётир. Демак, бугун тарихий ижтимоий-сиёсий тартибот, ижтимоийликнинг тамомила янги услублари саҳнага чиқаётгани объектив қонуният экан. Янги мезон-андазалар эса тарихий тараққиётни янада юқори босқичга олиб чиқса ажаб эмас.

 

Цивилизация моҳиятан маданий-маънавий феномен. Бироқ унинг ижтимоий-маънавий кучи рўёбга чиқмоғи учун қувват маркази – ядро зарур. Бу залварли юкни ўша тамаддун мансуб ижтимоий-сиёсий бирлашмаларнинг яққол етакчиси, яъни тўлақонли суверен давлатлардан бири ўз зиммасига олиши мумкин. Илғор сиёсий кучлар ўз вақтида майдонга чиқади, албатта. Бироқ тасаввуримиздаги қувват маркази эндиликда ўтмишдагиларга ўхшамаслиги тайин.

 

Ҳозирги даврда дунё аҳолисининг катта қисми ўз эътиборини Хитойдаги чуқур ижтимоий-сиёсий трансформацияга қаратаётир. Бу борада сўнгги хулосани айтмоққа ҳали вақт бор. Бироқ турли жабҳада юксалаётган замонавий Хитойнинг идеалларию қадриятлари, хусусан, “Буюк ҳамжиҳатлик” таълимоти, аксинча, Евроатлантика цивилизациясининг қадриятлардан йироқлашуви Чин ўлкаси жаҳон тамаддунини тубдан ўзгартириши ҳақидаги фаразларни туғдирмоқда.

 

Таъкидлаш жоизки, дунё кўпқутблилик томон юзланаётган экан, социумлардан бирининг етакчи-авангард мақомга эришиши бошқа давлатлар руҳиятига таъсир қилмаслиги лозим. Пойгада барча иштирокчилар сўнгги чизиқни бирваракай кесиб ўтиши имконсиз. Бундай шароитда етакчи жамият ёки давлатнинг мақоми ўзгача бўлиши табиий. Ахир, у – янгича ҳамжиҳат яшаш тимсоли, янги цивилизацион тартибот ташувчиси! Кучдан қолган цивилизация бундай залварли миссияга қодир эмас. Инсониятнинг истиқболи хусусида гап борар экан, муқобил тамаддун глобал “вестернлаштириш”дан асрлар мобайнида азият чеккан минтақалардан бирида вужуд­га келади, деган тахмин хаёлга келади.

 

Қаламга олинган глобал омил, яъни ижтимоий тартибот ташувчи жамиятга қайтсак, у пешқадам ижтимоий-иқтисодий ва маънавий марказ, аксар соҳаларда карвонбоши бўлмоғи лозим. Шундагина у дастлаб ўз минтақаси, сўнгра бошқа социомаконлар учун улги бўла олади. Жаҳон ҳамжамиятининг боши берк кўчадан чиқиб, янги тартиботга ўтишида мақбул йўл бу!..

 

Дунё ҳамжамияти сон-саноқсиз имкониятлар макони эканини унутмаслик керак. Улардан энг самаралисини танлаш эса элатлар, социумларнинг вазифасигина эмас, масъулияти ҳамдир. Бугунги ижтимоий-сиёсий, маънавий-руҳий ҳолат ўзгача: инсоният истиқболи хусусида масъул шахслар чуқурроқ ўйлашига тўғри келяпти. Ўзимбўлайчилик, ўйламай-нетмай андак жозибали туюлган йўлни ихтиёр қилиш, жавобгар институтларнинг масъулиятни соқит этиши, “барчанинг барча билан уруши” ҳолати бора-бора цивилизациялар тўқнашувига олиб келиши тайин. Инсон интеллекти ва унинг имконсизликни имкониятга айлантиришдек буюк кучи эса тараққиётнинг илғор йўлини топиши шубҳасиз.

 

Боя жаҳон ҳамжамияти ўзига ярашиқли ўзанга тушишида етакчи куч зарурлигига урғу бердик. Аммо илғор ижтимоий-сиёсий муносабатлар тизимига ўтишда йўллар шу қадар кўпки, улардан мақбулу манзурини танлаш осон эмас. Бу борада жаҳон ҳамжамияти бир неча маънавий юксак давлатлар атрофида бирлашиш ва шу асосда дунёни ўзгартириш йўлини танлаши ҳам мумкин.

 

Воқеалар мароми шуни кўрсатмоқдаки, Ер куррасининг турли минтақаларида зарур ижтимоий-тарихий муҳит, қийинчилик билан бўлса-да, шаклланмоқда. Бу ўринда халқаро сиёсат майдонида вужудга келган қитъалараро ва тамаддунлараро бирлашма – BRICS фаолияти тўғрисида мухтасар маълумот бериб ўтмоқчимиз. Суверенитетни байроқ қилган ушбу иттифоқни тузган давлатлар – евроосиё, конфуцийчилик, ҳиндувийлик, афросиё ҳамда ибероафрика тамаддунлари вакилларидир. Расмий ҳужжатларига эътибор қаратилса, BRICS эндигина илдиз отаётган янги цивилизациялараро ижтимоий тартиботга йўналтирилгани ойдинлашади.

 

Беш цивилизациянинг беш мамлакатини (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка) бирлаштирган бу сиёсий иттифоқ очиқлик, бўйсунмаслик, этник ва лисоний бағрикенглик, тенглараро тенглик каби қадриятларга таянади. Эҳтимол шу боисдир, тузилма кўплаб давлатларда қизиқиш уйғотмоқда. Аргентина, Туркия, Эрон, Миср, Жазоир каби ўнлаб давлатлар BRICS сафига қўшилиш ниятида.

 

Бошқа томондан, тараққиётнинг “Евроатлантика модели” бугун синовли дамларни бошдан кечирмоқда. Бунинг сабабини эса давлатлар ўзидан излаши керак. Ўтган асрнинг биринчи чорагида олмон файласуфи ва социологи Макс Шелер мазкур цивилизация ҳақида “уларнинг онгу тафаккури, руҳиятида ўзини шунчаки оддий миллат эмас, балки умумсайёравий империя эгаси деб ҳисоблаш устувор бўлиб келган” деган эдики, мазкур хулоса XXI асрга келиб яна бир карра исботини топди.

 

Инсоният қай бир цивилизацияни танлайди – айтиш мушкул. Тамаддун лойиҳасини олдиндан лабораторияда яратиш ва амалиётга зўрма-зўраки татбиқ этиш инқилоб, фуқаролик уруши ва бошқа фожиаларга сабаб бўлиши мумкин. Башарият янгича муносабатлар тизимини оммавий мажбурлов орқали ўрнатилишини энди кўтара олмайдиган кўринади. Кенг қамровли глобал ижтимоий-сиёсий эврилишни амалга оширишнинг дуруст йўли – инсоният онгу тафаккури ҳамда режаларининг эзгулик томон тадрижий силжишидир. Бу борада илмий тафаккур, янги ижтимоий­гуманитар изланишлару тадқиқотлар туртки бўлиши тайин.

 

Дарҳақиқат, мозий – ҳикматлар хазинаси, идеаллар кони, у муҳим кечмишлардан воқиф этиб, келажак тилсимини очишга кўмак беради. Нимага қўл уриш ва нимага қўл урмасликни ҳам уқтиради у. Шундан келиб чиқсак, бугунги ижтимоий тартибот келажакда қандай метаморфозани бошидан кечиради, у қандай шаклу шамойил касб этади? Тарихнинг бир босқичдан иккинчисига ўтиш қонуниятига таяниб айтсак, бўлажак гуманистик ҳамжамиятда миллиардлаб инсонларнинг ҳамнафас яшаш маданияти самарали хўжалик юритиш ва илмий-техник тараққиёт учун зарур шароит яратишга боғлиқ ҳолда кечади.

 

Янги даврда ахлоқий-ҳуқуқий кодекслар, маънавий муҳит ислоҳ этилиши, халқаро ва ички институциявий ўзгаришлар рўй бериши аниқ. Буларнинг бари тамаддунлар тўқнашувига ўрин қолдирмайди.

 

Тафаккуру тасаввурда гавдаланаётган идеал жамият ёки тартиботга чизгиларни Ер куррасининг турли ўлкаларида яшаб ўтган буюк мутафаккирлар илмий меросидан топиш мумкин. Сирасини айтганда, умумсайёравий маърифий тартиботга доир утопия Ҳомер, Яо ва Шунь, Зардўштдан то бугунгача мутафаккирлар ижодида яшаб келаётган метатарихий феномендир. Аксар таълимотларнинг утопиялигича қолгани, тарих қаърига унсиз шўнғигани рост. Аммо баъзилари ҳаётийлиги боис нафақат тафаккурда макон тутди, амалиётга изчил татбиқ ҳам этилди.

 

Дунёдаги жараёнлар, эзгу ният-мақсадларнинг якуни хусусида сўз борар экан, инсоният учун қайси йўл яхши ва қай бири ёмон деган жумбоқли савол кўндаланг бўлаверади. Таассуфки, ҳатто оламда нималар рўй бераётганидан бохабар кишилар даврасида ҳам анъанавий “илғор мамлакатлар” моделига мойиллик кайфияти сақланиб қолмоқда. Кўҳна дунё тараққиётнинг беҳисоб шакл ва усуллари хазинаси эканини фаромуш этмаган маъқул. Йўл-йўналишлардан қай бири яхши ёки ёмонлигини аниқлашда эса умумэътироф этилган мезон мавжуд: таклиф этилаётган тамаддун инсоннинг, сизу бизнинг осойишта ва фаровон ҳаётимизни таъмин этмоғи лозим. Аччиқ бўлса-да, тан олайлик, анъанавий “изм”лардан бирортаси ижтимоий-сиёсий уйғунлик орзусини рўёбга чиқара олмади. Савол кетидан савол туғилади: афсонавий Шамбаладек саодатли гўшани қаердан қидирмоқ керак?

 

Постноклассик фалсафага кўра, уни бир вақтнинг ўзида бугун ва келажакдан ахтармоқ нораводир. Бинобарин, инсон зоти неча асрлардан буён излаётган ўзаро ҳамжиҳат яшаш модели бир неча минтақада эмас, балки бугунги воқеликнинг ўзида мавжуд.

 

Нечоғли мураккаб ва зиддиятли бўлмасин, бугун дунё яхлит гипертизимга айланди. Оддий нигоҳдан панадаги чуқур қатламларда азалий ва абадий кураш кечаётир. Ҳаётдек бетакрор неъматни асрашда жаҳон аҳлининг ҳаммаслак, ҳамфикр эканини ҳисобга олсак, глобаллашув ва минтақалашувнинг кўламию шиддати ойдин бўлади-қўяди. Алқисса, оламнинг равиш-рафтори, кайфияти унинг ботиний қатламларидаги бетиним ҳаракат, силжишларга боғлиқдир.

 

Темур ЖЎРАЕВ

 

“Tafakkur” журнали, 2023 йил 3-сон.

“Ҳантингтон ҳақ эдими?” мақоласи

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси