Юрт тараққиёти: истиқболни белгиловчи ҳаётий мезонлар


Сақлаш
16:11 / 09.11.2023 324 0

Инсон қадр-қиммати, унга эътибор, таъбир жоиз бўлса, бутун жамиятнинг қиёфасини белгилайди. Кейинги йилларда Ўзбекистонда юз берган мислсиз янгиланиш ва эврилишларни кўриб, шундай хулосага келдим.

 

Яқин ўтмишни бир эслайлик. Куз ибтидосиданоқ бўйи ғўзадан ҳам паст мактаб ўқувчисидан тортиб, талаба ва ўқитувчилар, кекса отахон-у онахонларгача пахта теримига жалб этиларди. Ҳа, мустамлакачилик замонларидан мерос бўлиб келаётган бу жараёндан каттаю кичик четда қолмасди. Мана, олти-етти йилдан буён фермернинг ўзи пахтасини бинойидек йиғиб-териб олиб, давлатга топширяпти. Ҳеч қанақа ваҳима, зуғум йўқ. Ўқитувчи ўз аудиториясида, шифокор ўз шифохонасида юмуши билан машғул. Пахта далаларидаги мажбурий меҳнатга барҳам берилиб, ўқувчи-ю талабалар машаққатли меҳнатдан бутунлай халос бўлди.

 

Ўша йилларда пластик картага тушган пулларни нақдлаштиришнинг азоби-чи, ёки банклардан сўмни долларга алмаштириб олиш-чи? Бу муаммолар таъбир жоиз бўлса, бутун эл-улуснинг бош оғриғига айланиб, йиллар мобайнида ечими топилмаган эди. Вилоятдан шаҳарга келувчиларни айтинг, бечоралар худди чет элга келгандек ҳар муюлишда паспорт кўрсатишга мажбур бўларди. Қарангки, оқилона ислоҳотлар туфайли қисқа муддатда бу муаммолар барҳам топди. Чораси бор экан, ҳаммасини ижобий ҳал этса бўлар экан-ку! Кўзимизга майда-чуйда кўринган бу масалалар аслида инсон қадр-қиммати, шаънини ерга уришдан бошқа нарса эмасди.

 

Мамлакат раҳбари ташаббуси билан 76 мингдан зиёд фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик бериш, Сурия ва бошқа ерлардаги лагерлардан 500 нафардан ортиқ аёл ҳамда болаларни  она Ватанга қайтариш, хориждаги мигрантлар ҳақида ўйлаб, уларга ғамхўрлик қилиш – инсон қадрини улуғлаш шундай бўлади-да!

 

Хизмат юзасидан ёки қариндош-уруғлардан хабар олиш баҳонасида йилда бир-икки марта Сурхондарё вилоятига бориб тураман. Шу йил ёзда ҳам Қумқўрғон ва Бойсун туманлари қишлоқларида бўлиб,  неча ўн йиллар мобайнида  тупроқ кўпчиган кўчаларнинг асфальтланганини кўрдим. Онлайн овоз тўплаб, ташаббусли бюджетда ғолиб чиқиб, лой-тупроқ кўчаларини асфальт қилаётган ёки электр ҳамда газ тармоқларини янгилаётган қишлоқ аҳлига таҳсин дейиш билан бирга, шу ташаббусни бошлаганларга қайта-қайта раҳматлар айтдим. Ҳартугул, XXI асрнинг болалари мактабга тўпиғигача лойга ботмай бориб келадиган бўлишди.

 

Кимлар учун арзимас, аммо кимгадир муҳим бўлган ушбу эврилишларнинг ўзи ҳам турли жабҳаларда эришилаётган натижаларимизнинг барометри эмасми? Ислоҳотлар нафаси нафақат соҳа ёки тармоқларга, балки маҳаллалар, оилалар, оддий инсонлар ҳаётига кириб бормоқда. Зеро, пировард-натижа ҳам манзилли, яъни реал бир оила фаровонлигини ошириш, ҳар томонлама унга қулай шарт-шароит яратишдан иборатдир.

 

Бугунги кунда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”,”Ёшлар дафтари”ни ким билмайди, дейсиз? Кам таъминланган оилалар, қаровчиси бўлмаган қариялар, имконияти чекланган фуқароларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар-чи? Буларнинг бари шубҳасиз, “Инсон манфаати ҳамма нарсадан устун”, деган тамойилга кўра ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, эркин фуқаролик жамиятини яратиш, халқимизнинг кўнгилдагидек  турмуш кечиришини таъминлаш ғояларига ҳамоҳанг бўлган сиёсат самарасидир.

 

Инсонга  эътибор ҳақида сўз кетар экан, беихтиёр ижтимоий масалалар – иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш масалаларига юзлашамиз. Аммо бу ҳам нисбий, даромад ошгани заҳоти бозордаги нархлар ундан баттар осмонга сапчиса, бундан кимга наф? Эндиликда бу жиҳатлар ҳам назардан четда қолмаяпти. Ўтган йили Ўзбекистон тарихида илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. Ижтимоий кўмак миқдори ҳам йилдан йилга ортиб бораётир. Хусусан, 2017 йилда кам таъминланган 500 мингта оилага ижтимоий ёрдам кўрсатилган бўлса, ўтган йилда 2 миллиондан ортиқ оилаларга кўмак берилди. Бунга ажратилган маблағлар 7 баробарга кўпайтирилиб, яъни йилига 11 триллион сўмни ташкил этган.

 

Муҳими, бу жараёнлар бир зум ҳам тўхтаб қолаётгани йўқ, аксинча, изчил ва фаол давом эттирилмоқда. Жорий йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном берилишининг ўзиёқ, бундан кейин ҳам Ўзбекистонда ўзгариш ва янгиланишлар, ислоҳотлар, олиб борилаётган сиёсат негизида инсон, унинг манфаатлари устувор ўрин тутишидан далолат беради. Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни асосий мақсад олиниши ҳам инсон манфаатлари кўзлайди.

 

Кейинги йилларда мактабгача таълим, уй-жой коммунал, “маҳаллабай” ишлаш, инвестиция, давлат хизматлари, давлат-хусусий шериклик соҳаларида салмоқли ижобий натижаларга эришилди, деб айтишга тўла асосларимиз бор. Айниқса, хусусий сектор ва тадбиркорликка эътибор ва рағбат ортга қайтмас жараённи бошлаб бердики, биз бугун тадбиркорларнинг иқтисодиётнинг локомотивларига айланганини кўриб турибмиз. Президентимизнинг ҳар йили тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлари, у ерда тадбиркорлар томонидан кўтарилаётган муаммолар ҳам бутун мамлакат тақдирига дахлдор бўлмоқда. Энг асосийси, бу ўринда инсонларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш билан бирга иқтисодиётимизнинг эртанги куни, равнақи ҳам эътибордан соқит қилинмаяпти. Тарихда биринчи марта ўтган йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажми 80 миллиард долларлик маррани забт этди. Бу шубҳасиз, мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ривожланиб бораётганини кўрсатади. Иқтисодиёт тармоқларига эса 8 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиб, экспорт ҳажми 19 миллиард долларни ташкил этди.

 

Инсон дунёга келибдики, албатта, у ўзининг алоҳида бошпанаси бўлишини орзу қилади. Лекин ҳамманиям бунга қурби етмайди ёки бўлмаса аксарият инсонлар ҳаётининг кўп йилларини ижарада ўтказишга мажбур бўлади. Охирги олти йилда аҳоли учун мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп миқдордаги хонадонлар барпо этилди. Жуда кўп кам таъминланган ёки ёш оилаларга имтиёзли кредитлар асосида  уй-жойлар берилди. Аммо уй-жойларнинг арзонлашиши қийин бўлаётгани талаб нақадар юқори эканини кўрсатади.

 

Тураржойлар қуриш ҳақида сўз борар экан, лойиҳалари аҳоли билан ҳамжиҳатликда ишлаб чиқилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида олиб борилаётган ишлар алоҳида таҳсинга лойиқ. Айни кунда республикамизнинг 29 та “Янги Ўзбекистон” массивида 21 минг 312 хонадонга мўлжалланган 619 та замонавий уй-жойлар қад ростлади. Мазкур кўп қаватли уйлар муҳандислик-транспорт коммуникациялари, ижтимоий соҳа, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари билан бир бутун мажмуа шаклида бунёд этилаётгани янги уйлар соҳибларига қулайлик туғдиради. Айтиш керакки, бу ишлар давомли бўлиб, келгуси беш йилликда яна 250 мингдан зиёд оила замонавий қулайликларга эга уй-жойлар билан таъминланиши кўзда тутилмоқда. Мана шу далил ва рақамларнинг ўзи ҳам Ўзбекистон сиёсати инсонпарварлик, ижтимоий адолат  тамойилларига йўғрилганига яққол мисол бўла олади.

 

Республикада яқин йилларда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 миллиард долларга, йиллик экспорт ҳажмини эса 30 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда. Агар, 2018 йилда бу кўрсаткич 52 миллиард долларни ташкил этган бўлса, ўтган йилда 80 миллиард доллардан ошди. 2030 йилгача кўзланган катта мақсадлардан бири мамлакатни аҳолиси ўртадан юқори даромад оладиган давлатлар қаторидан жой олиши ҳисобланади.

 

Ўзбекистонни жуғрофий ўрнига кўра, шимол ҳамда жануб, машриқ ҳамда мағрибни магистрал транзит йўлаклари орқали боғлаб турувчи Марказий Осиё минтақасининг юраги десак хато бўлмайди. Ҳозир жаҳонда юз бераётган вазият транспорт-коммуникация тармоқларини ривожлантириш ва халқаро юклар ташилувчи янги маршрутларни очишни тақозо этаётир. Ўзбекистонда кейинги йилларда ҳудудларни бир-бирига боғлайдиган янги транспорт коммуникацияларини барпо этиш борасида жиддий иш олиб борилаётгани замирида ҳам ҳам шундай мақсадлар ётибди. Минтақа давлатларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари билан “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Афғонистон” ҳамда “Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия - Европа” транспорт маршрутлари ишлаб чиқилди. Ушбу мулоҳаза ва рақамларни келтиришимизнинг боиси шуки, шу каби ҳамкорликлар мамлакатнинг айнан халқаро доирадаги алоқалари, жаҳон бозор билан интеграциялашувини таъминлайди.

 

Инсон камолоти учун сармоя аввало, таълим ва тарбия йўли билан йўналтирилади. Бугун жаҳонда вазият ўта мураккаблашган, инсоният кўплаб қадриятларидан мосуво бўлаётган замонда ёшларнинг ахлоқи, маънавияти, таълим-тарбияси ҳар қачонгидан кўра долзарблик касб этаётир. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев деярли ҳар бир йиғилишда таълим ва тарбияга алоҳида урғу қаратаётгани бежиз эмас. Болани боғча ёшидан бошлаб тарбиялашга жиддий аҳамият қаратиш ниҳоятда муҳим. Шуни инобатга олган ҳолда, кейинги йилларда мамлакатимизда 21 мингдан ортиқ янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилди. Уларда айни кунда таълим-тарбия олаётган болажонларнинг қамрови 2016 йилдаги 27 фоиздан 70 фоизга кўтарилди. Энди 27 ва 70 фоизнинг мағзини чақадиган бўлсак, бутун манзара ойдинлашади. Шунингдек, ўтган фурсатда 200 дан зиёд Президент, ижод ҳамда ихтисослаштирилган мактаблари, бундан ташқари 400 та хусусий мактаблар барпо этилди. Уч мингдан ортиқ мавжуд мактаблар эса реконструкция қилинди ва тўлиқ жиҳозланди. Буларнинг ҳаммаси Учинчи ренессанс бунёдкорлари – келажак инсонларига тикилган капитал ҳисобланади.

 

Кейинги беш йилда ҳам барча соҳаларда юксалишлар кутилмоқда. Хусусан, бу даврда боғчалар сони 10 фоизга кўпайтирилиб, таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш учун янги дастур қабул қилинади. Боғчалар қамровини янада кенгайтириш маъносида хусусий секторга имтиёзлар берилади ва пировардида қамров даражаси 80 фоизга етказилади. Мактаб битирувчиларини олий таълимга жалб этиш даражаси эса 50 фоизга етказилади. Таълим тизимидаги бундай янгиланишлар, шубҳасиз, юртимизнинг келгусидаги тараққиёти учун тамал тоши бўлади. Жорий йилда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси бизни янада юксак марраларга даъват этади. Унга кўра, мамлакат ялпи  ички маҳсулот  ҳажми 160 млрд. долларга, аҳоли жон бошига эса 4 минг долларга етказиш белгиланди. Кеча ушалмайдигандек кўринган  орзу-умидлар бугун реал воқеликка айланмоқда.  Шу маънода “Ўзбекистон–2030” стратегиясида кўзланган режалар рўёбга чиқиб, юртимиз янги тараққиёт поғонасига, аниқроғи ривожланган давлатлар қаторига кўтарилишига шак-шубҳа йўқ.

 

                                                                            Абдумажид АЗИМОВ,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси