Бошида нурли доира билан чизилган Амир Темур, қовун кесаётган Абдуллахон II – Шарқ миниатюраларида тарихий шахслар қандай тасвирланган?


Сақлаш
19:11 / 07.11.2023 430 0

Шарқ миниатюраларини санъатшуносликнинг алоҳида йўналиши сифатида ўрганиш XIX асрнинг иккинчи ярмида ривожланиб, Европа ва Россия илмий журналлари ислом манбаларидаги суратлар, миниатюра намуналари ҳақида мақолалар эълон қила бошлаган. Австриялик шарқшунос олим Жозеф фон Карабатсекнинг 1882 йилда нашр қилинган қадимги Миср миниатюралари ҳақидаги рисоласи ва шу каби бир қатор изланишлар Европа илмий жамоатчилигида Шарқ миниатюра санъатига қизиқишнинг ошишига сабабчи бўлди. Юртимизда эса бу жараён 1924–1991 йилларда совет мафкураси талаблари асосида, марказлашган ҳолда ўрганилди. Мустақилликка эришганимиздан сўнггина, айниқса, охирги йилларда миниатюра санъати борасида жиддий тадқиқотлар олиб борилди. Хусусан, “Ўзбекистон маданий мероси” туркумида чоп этилган, 70 жилддан иборат китоб-альбомларнинг бири айни юртимиз миниатюра санъати тарихи ҳақидаги изланишларга бағишланган. 

 

Суқрот ўз шогирдлари даврасида. XIII аср араб миниатюраси.

 

“Ўзбекистон қўлёзма меросида тарихий шахслар” безакли китоб-альбоми XIII-XVIII асрларда ишланган 300 га яқин рангли миниатюрани ўз ичига қамраган. Шунингдек, унда 10 та сулолага мансуб 80 дан ортиқ ҳукмдор, шаҳзода ва маликалар, 20 дан ортиқ шоир, олим, мутафаккир ва рассомларнинг тасвирини учратамиз. Мазкур миниатюралар Камолиддин Беҳзод, Мансур Мусаввир, Дарвеш Муҳаммад, Мансур Мусаввир, Маҳмуд Музаҳҳиб, Муҳаммад Мурод Самарқандий, Оға Мирак, Ризойи Аббосий,, Шанкар сингари Марказий Осиё, Хуросон, Эрон, Ҳиндистонда яшаган таниқли рассомлар томонидан ишланган. Китоб-альбомдан Ибн Сино, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари улуғ аждодларимизнинг тасвирлари ўрин олган. Шу билан бирга китоб устида ишлаш жараёнида Нуҳ ибн Мансур, Султон Алоуддин Хоразмшоҳ, Нажмиддин Кубро, Туркон Хотун, Хадичабегим, Имомқулихон, Абдуллахон Иккинчи, Абдулазизхон сингари тарихий шахсларнинг сувратларини турли музейлардан излаб топилиб, чоп этиш ҳуқуқи қўлга киритилди. Тадқиқот жараёнида АҚШ, Франция, Буюк Британия, Швейцария, Германия, Россия, Туркия, Озарбойжон, Эрон, Миср сингари 30 дан ортиқ мамлакатларнинг 200 га яқин музей ва кутубхоналари билан боғланиб, улардаги қимматли миниатюралар нусхасини олиш бўйича музокаралар олиб борилди.

 

Нуҳ ибн Мансурнинг тахтга ўтириши. Рашидиддин. Жомеъ ут-таворих. Табриз, 1307 йил

 

Маълумки, Шарқда, хусусан, темурийлар, бобурийлар, шайбонийлар даврида ҳукмдорлар ислом шариатига қатъий амал қилганлар. Айни пайтда улар тасаввуф таълимотидан яхши хабардор бўлишган. Тасаввуфда инсонни, жонзотларни тасвирлашда қатъий чеклов бўлмаган. Шу сабабли қўлёзма асарларда, меъморий ёдгорликларда, якка турдаги тасвирий санъат асарларида ҳам инсон тасвири, жумладан, тарихий шахслар қиёфасини акс эттириш анъанага айланган. 

 

Шарқ миниатюраларида инсон қиёфасини акс эттириш анъаналари. Ризойи Аббосий. Чўпон. 1634

 

Темурийлар салтанатининг асосчиси Амир Темур ўз замондошлари ва кейинги авлодларнинг ҳам ҳурматини қозонган шахс эди. Шунинг учун ҳам Амир Темур сиймоси Шарқ қўлёзмаларида энг кўп учрайдиган образлардан бири дейиш мумкин. Нафақат темурийлар, бобурийлар ёки шайбонийлар даврида яратилган асарларда, балки, Ғарб тасвирий санъатида ҳам Амир Темур образига кўп бор мурожаат қилинган. Буюк ҳукмдор Мирзо Улуғбекнинг ҳақиқий сиймосини тасаввур қилишимиз учун эса ўрта асрларда яратилган миниатюралар жуда муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг энг биринчиси Мирзо Улуғбекнинг кўрсатмаси билан 1437 йилда кўчирилган, ас-Суфйнинг “Қўзғалмас юлдузлар китоби”даги тасвирдир. Асарда Сефей юлдуз туркуми учун чизилган суврат айнан Мирзо Улуғбекнинг юз тузилишига ўхшаб кетади. Чунки у АҚШда, Фрир ва Саклер галереясида сақланаётган “Мирзо Улуғбек оила даврасида” миниатюраси билан бир хил.

 

 Mирзо Улуғбек оиласи билан. Низомий.  Хамса. 1435-1448 йиллар. Фрир галереяси. АҚШ.

 

 

Камолиддин Беҳзод ишлаган Султон Ҳусайн портретида у ўзи севган яшил рангдаги либосда тасвирланган. Бу сурат 1490 йилда ишланган бўлиб, айни вақтда Кембриждаги Гарвард университети музейида сақланади. Беҳзод ижодида Ҳусайн Бойқаро тасвирланган миниатюра ҳам кўплаб учрайди. Улардан бирида ҳукмдор Искандар Мақдуний қиёфасида ҳам тасвирланган. Беҳзод ўз ҳомийси – Алишер Навоий образига ҳам бир неча бор мурожаат қилган. Рассом шоирни қўлида ҳасса билан боғда тасвирланган портрет-суратини чизган. Биз ўн олтинчи асрда яшаб ижод қилган бухоролик рассом Маҳмуд Музаҳҳибнинг портретида ҳам шоирни шундай ҳолда кўрамиз. Беҳзоднинг “Дарвешлар рақси” миниатюрасидаги шод-хуррам ўйнаётган сўфийлар образлари орасида реал одамлар ҳам тасвирланган. Тадқиқотчи Ҳамид Сулаймонов Қосим Алининг “Боғдаги суфийлар” миниатюрасида Низомий, Саъдий, Жомий сингари шоирларнинг хаёлий портретларини аниқлаган. Камолиддин Беҳзод асарларидан илҳомланиб чизилган Навоий суратларидан яна бири Алишер Навоий ва Султон Муҳаммад Мирзо расмидир. Бу портрет Табризда 1540 йилда Қосим Али томонидан чизилган бўлиб, айни пайтда Тўпқопи музейида сақланади.

 

 

Қосим Али. Алишер Навоий ва Чучук мирзо., 1530 йиллар, Ҳирот.

 

XV асрнинг бошида Амир Темур салтанатига қарашли бўлган улкан ҳудуд бобурийлар, сафавийлар ва шайбонийлар томонидан қайтадан тақсимланган. Бу эса XV асрнинг иккинчи ярмида Ҳиротда юзага келган миниатюра мактаби анъаналарининг турли ҳудудларга тарқалишига замин яратади. Ҳирот миниатюра мактаби вакили – Камолиддин Беҳзод 1507–1510 йилларда Муҳаммад Шайбонийхон хизматида бўлган. Шоҳ Исмоил Ҳиротни забт этгач, Беҳзодни ҳам ўзи билан бирга Табризга олиб кетади. Беҳзод бу ердаги санъат муҳитига янгича куч олиб киради. XV аср Бобурийлар Ҳиндистонида эса маҳаллий ҳинд ва Ўрта Осиё тасвирий санъати уйғунлигида янги миниатюра мактаби вужудга келади. Бобурийлар Ҳиндистонида портрет миниатюра жанри сифатида тасвирий санъатда муносиб ўрин эгаллайди. Бобурий ҳукмдорлар томонидан портрет санъатига қўйилган энг муҳим талаблардан бири бу – ташқи ўхшашликни кўрсатиб бериш бўлган. Ушбу талабни бажариш учун подшоҳ сарой устахонасининг энг истеъдодли портретчи рассомлари ҳукмдорни турли учрашувлар ва ҳарбий юришларда шахсан кузатиш ва уларнинг ўзига қараб расм чизиш ҳуқуқини олишган. Бобурийларнинг миниатюраларида ҳам Амир Темурнинг сиймосига катта ўрин берилган. Унинг барча портретларида ҳинд услуби учун анъанавий саналувчи боши атрофида порлаб турадиган нурли доира билан тасвирланган. Бундай суратлардан бири ҳиндистонлик рассом Муҳаммад Афзал абу Фақируллохон ижодига мансуб бўлиб, у айни дамда Рампур Раза кутубхонасида сақланади. Ушбу сулолавий гуруҳ портретидаги айвоннинг марказида сулоланинг асосчиси – Амир Темур ўзининг ўн икки авлоди даврасида тасвирланган.

 

XIV асрнинг охири – XV аср бошларида ишланган, эҳтимол, Темурнинг ҳаётлик давридаги портрети нусхаси

 

 

Амир Темур ўрта аср миниатюраларида

 

XVI асрда Мовароуннаҳр миниатюра санъатида портрет жанрининг яна ривожлана бошлаганини кузатамиз. Шайбонийхон қиёфаси бизга Беҳзод томонидан 1507 йилда ишланган, айни пайтда АҚШнинг Метрополитен музейида сақланаётган портрет орқали яхши таниш. Суратда Шайбонийхон ниҳоятда оддий кийинган, оқ салла, яшил яктак ва мовий камзулда эканини кўрамиз. 1560 йилларда Бухоронинг ўзига хос услуби тамомила шаклланган бўлиб, у Ўрта Шарқнинг бошқа миниатюра мактаблари орасида ҳам танилиб улгурган. Ушбу мактаб маҳсули – XVI аср охирида Бухорода ишланган, ҳозир Британия музейида сақланаётган Абдуллахон II портретида ҳукмдор қовун кесаётган ҳолатда тасвирланган. Ўн еттинчи асрнинг иккинчи ярмидаги аштархонийлар миниатюрасида муайян шахсга, унинг этник хусусиятларига қизиқиш кучая бошлаган. Бу ҳолат машҳур бухоролик миниатюрачи Муҳаммад Муқимнинг ижодида ҳам кузатилади. Минг олти юз қирқ саккизинчи йилдаги “Хамса”га ишланган миниатюраларда руслар ва ҳиндларнинг реал типажларини бошқа миллий либосларида кўрамиз.

 

 Камолиддин Беҳзод,  Шайбонийхон портрети. 1507 йил.

 

Тарихий шахсларни тасвирлаш афсонавий ёки тўқима қаҳрамонлардан фарқли равишда мусаввирдан реал ёндашувни талаб этади. Бунда рассом ўзидан аввалги ҳамкасблари ишлаган суратларга ёки уларнинг ҳаётлик пайтида ишланган тасвирларига таянади. Агар илгари бу шахснинг суратлари ишланмаган бўлса, уни яқиндан кўрган-билганлардан суриштириш, турли манбаларда келтирилган унинг ташқи кўриниши ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш мумкин. Бордию, ҳеч қандай тасвир ёки маълумот бўлмаса, мусаввир ўз тасаввури асосида қаҳрамонини тасвирлашга ҳаракат қилган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, тарихий шахслар чизилган миниатюралардаги аждодларимиз тасвири ҳақиқатга анча яқинлиги билан қадрли ва кўпроқ ўрганишимиз керак бўлган қимматли меросларимиздан бири.

 

Фирдавс АБДУХОЛИҚОВ,

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва

 

оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти раиси

 

Oyina.uzни Телеграмда кузатинг

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси