Кино карвонсаройга, фильмлар омбордаги ўтмас матоҳга айланган – сиёсий мақсадларга хизмат қилган Туркистон фильмлари таҳлили


Сақлаш
12:11 / 06.11.2023 428 0

Кино пайдо бўлган илк даврларда ундан шунчаки жўн ахборот воситаси ёки кўнгилочар аттракцион сифатида фойдаланилар эди. Аммо қисқа фурсатларда кинонинг коммуникацион таъсир кучи борлиги, ундан омманинг ақлий, жисмоний фаолиятини бошқариш учун ўткир қурол ўрнида фойдаланиш ва ортидан катта даромад кўриш мумкинлиги маълум бўлди.  Айнан мана шу факт салкам 130 йилдан буён кино санъатининг бошқа санъатлар ўртасида шоҳсупадан тушмай келишига сабаб бўлмоқда. Асосийси, кино нафақат давлат билан халқ ўртасидаги ишончли “вакил”, балки мавжуд ҳукмрон мафкураларнинг турли сиёсий ўйинлари тарғиботчиси ҳам ҳисобланади. Oyina.uz Туркистонда инқилобгача ва инқилобдан кейин кинодан қандай сиёсий мақсадларда фойдаланилгани хусусида сўз юритади.

 

Туркистондаги илк қадамлар

 

Туркистонда кинонинг илк намойиши  1897 йил Тошкентда бўлиб ўтган эди. Чор Россияси ҳукмрон бўлган у даврларда Туркистонга Россия орқали ёки Туркия томондан келган европалик сайёҳлар кинотомошалар кўрсатганлиги ҳақида узуқ-юлуқ маълумотлар бор. Лекин 1897 йилдан 1924 йилгача бўлган вақт оралиғида Туркистонда ташкил этилиб намойиш этилган фильмларда маҳаллий аҳолининг турмуш тарзидан ҳикоя қилувчи кадрлар кўп бўлмаган. “Туркестанские ведомости”, “Туркестанский курьер”, “Самарканд” газеталарининг 1905-1907 йиллардаги сонларида хориждан келганлар манзарали кинолавҳалар, сайиллар суратга олгани, катта пул эвазига кўрсатилган бу фильмларнинг эстетик қиймати йўқлиги тўғрисида  қайд этилган.

 

Бу вақтда Туркистоннинг бир қатор қишлоқларини тасмага тушириш учун кўп ҳаракатлар бўлгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Хусусан, 1914 йилда даниялик Франс Адолф Гардер ва “Эклер” франсуз кинематография жамиятининг вакили Рене Моро кино суратга олиш учун ҳокимиятдан рухсат оладилар. Шу каби “Туркестанские ведомости” газетасининг 1912 йил 2 август сонида россиялик А.Ханжонков ва унинг фирмаси “Кинематограф учун Туркистон табиатини, маҳаллий аҳолининг турмуши ва машғулоти, ўлканинг мустамлака шароитлари..., Ўрта Осиё қишлоқлари кўриниши, турли давлат идоралари, савдо-саноат корхоналари ва бошқаларни акс эттирувчи суратларни олиш мақсадида...” маҳаллий ҳокимият рухсатини олгани тўғрисида маълумот берилган.

 

Биринчи жаҳон урушига қадар Туркистонда янги кинотеатрлар очилишига ёки турли киносеанслар уюштиришга хайрихоҳ бўлмаган ҳокимият уруш вақтида зудлик билан кўриклар ўтказишга кўрсатма беради. Бундан мақсад, бир томондан аҳолининг кинематографга нисбатан чексиз қизиқишидан фойдаланиб, Ўрта Осиё халқларига ўз мафкурасини сингдириш бўлса, иккинчи томондан ўлканинг шаҳар ва қишлоқларида “махсус кинематограф кунлари”, “ҳайрия кинематографлар” ўтказиш орқали  кўриклардан тушган маблағни урушда ярадор бўлган аскарларга юбориш эди. Асосан, Россия кинофирмаларининг фильмлари намойиш этилган кўрикларда маҳаллий томошабин мустамлакачиларнинг сиёсатига хос ғоявий моҳиятга эга фильмларни томоша қилган.

 

Шўролар ҳокимияти ўрнатилгач, 1919 йилда Туркистондаги барча дам олиш ва кўнгилочар томоша масканлари назорат остига олиниб, мамлакатдаги кино ишлаб чиқарувчи корхоналар ва ижарачи муассасалар янги ҳукуматнинг мулкига айланади. Шу билан бирга кинодан мафкуравий ғояларнинг тарғиботида кенг фойдаланишга уринган шўро ҳокимияти янги-янги фильмлар яратиш, кинотеатрлар очиш, маҳаллий халқ вакилларидан кино ходимлари етиштиришга ҳаракатни бошлаб юборади. Аввалига ерлик киночилар бўлмагани учун хорижлик киночиларнинг ижод намуналари кўпаяди. Маълумотларга кўра, маҳаллий аҳоли ҳаётидан ҳикоя қилувчи фильмларни яратишга келган киночилар фильм суратга олиш вақтидагина ерлик аҳоли билан танишганлар. Тайёр бўлган қисман “ўзбекона” фильмларнинг мазмун-моҳияти ўзбек томошабинларига “афсона” сифатида кўринса-да, кино мухлиси учун бу фильмлар ўта қизиқарли томоша ҳисобланган.

 

Тобора сон жиҳатидан салмоқли, сифати ҳаминқадар бўлган фильмлар кўпая борди. 1923 йил июль ойида Давлат кино трестида 56 та янги фильм томошабинга намойиш этилган бўлса, шу йилнинг сентябрида 99 та, октябрда фильмлар сони 119 тага етган. Бу фильмларнинг бирортаси аҳолининг турмуш доирасига мос келмаганлигидан 1927 йилда яратилган “Равот қашқирлари” номли янги ўзбек фильмидан қониққан ёзувчи А.Қодирий “Қизил Ўзбекистон” газетасида шундай ёзади: “Шу кунгача ўзбек ҳаётидан ёки умуман Ўрта Осиё халқлари турмушидан олиб ўйналган фильмларнинг ҳаётимизга ёндошиб келган лавҳалари, кўринишлари бус-бутун деб бўлмаса-да, ва лекин хаёлий, сохтанамо бўлади... Аксар шундай сохталикларга йўлиққан ўзбек табиий ўзини кулгудан тўхтата олмайди, ёқа ушлаб ўзига иснод қилинган “нав ижод ҳаётни” бир неча вақтгача кулгу мақомида ўртоқларига, ҳазилмандларига сўзлаб юради... Бу ҳол ёлғиз кинолардагина эмас, европаликларнинг, ҳатто Ўрта Осиёда чиқадиган кундалик газета, журналларида ва адабиётларида, бизга бағишлаб ёзилган парчаларида, лавҳаларида ҳам шу хаёлот ёки ривоят орқали ёзилган “ваҳималарга” кўп учраймиз...”

 

“Кино трести”нинг рисоладагидек иш олиб бормаётганлиги хусусида бошқа қатор мақолалар ҳам эълон қилинган.  Жумладан, “Шарқ ҳақиқати” газетасининг 1929-йил октябр сонида “Чайнайвериб қирпит бўлган бир тўларсоқ” номли  мақола муаллифи Ғ.Ғулом “Ўзбекистон давлат кино трестини” “карвонсарой”га менгзайди. “Нега кино трести равнақсиз, нега у шунча терлаб-пишиб ишчи-деҳқон оммасига қилмоқчи бўлган хизматларининг натижасини “айиқ дўстлиги” билан тамомлайди, нега кўпчилик трестни ҳурмациз бир илтифот билан қаршилайди?

 

Юқоридаги қатор саволларнинг кенг мўжаз жавоби: кино трестининг ҳалигача карвонсаройликдан чиқа олмаганидир. Ҳозир унинг ташкил қилинганига олти йил бўлди. Шу давр ичида бир неча директорлар алмашинди. Қатор-қатор мутахассислар гуруҳлари қўниб ўтдилар. Бирлари энди ишни бошлаганда бошқалари келди. Умумий қоидалар бўйича илгаридагиларнинг ишлари сўнггиларига ёқмади. Қайтадан бошладилар. Бир хуржун червон, ғалвир-ғалвир ташаббуслар ҳавога учдилар ва ҳоказо...”.

 

Мақола муаллифи санаб ўтган “Бахт қуёши”, “Мохов қиз”, “Ўзбекистон хотинлари”, “Лотинлаштириш” ва “Ит олмас” картиналарининг бирортаси талаб даражасида эмаслиги, фильмларнинг мавзуси “ақл корхонасида пишитилмаган”, “аллакимларнинг боғланишсиз тасаввурларидан” пайдо бўлган ссенарийларнинг маҳаллий халқ ҳаётидан жуда йироқлиги  фелетон қилинган.  Маҳаллий киномутахассис, кадрларнинг йўқлиги, шу билан бирга ўзбек давлат кино трести бунинг учун ҳаракат ҳам қилмаслиги муаллифни таажжублантиради. “Режиссёрлик номига бўялиб келган” Авербах, Гертел, Дунаев сингари кишиларнинг битта картинани суратга олишда керагидан ортиқ пул сарфлангани-ю, бунинг натижаси самарасиз бўлганлигини яхши ўрганган Ғ. Ғуломнинг берган маълумотларидан ўтган асрнинг бошларидаги кинонинг ривожланиш босқичи кенг жамоатчиликнинг диққатида бўлганлиги, барча муаммоларнинг ечимини ёш адиб ва журналистлар қаттиқ ўрганганлари, аммо матбуотдаги тўхтовсиз “бонг уришлар” жавобсиз қолганлигини билиш мумкин.

 

Экрандаги “ҳаёт”

 

Октябр инқилобидан кейин кино санъати тарихида етакчи ўринда турган мавзуларни шартли равишда қуйидагича белгилаш мумкин: “инқилобнинг меҳнаткашлар оммасини “қулликдан” озод этиши”, “хотин қизлар озодлиги учун кураш”, “босмачилар ва уларга қарши кураш”, “янги ҳукумат душманлари”.

 

Шўроларнинг ИХ сезди партия қарорида мамлакатда меҳнат унумдорлигини ошириш йўлида кинодан фойдаланиш ҳақида сўз юритилган. Бу қарорларнинг ижроси учун мустамлака мамлакатлар аҳолисига таъсир этишнинг йўлларидан бири маҳаллий аҳолининг ўз турмушидан олиб ўйналган фильмларда ғоявий ташвиқотни илгари суриш эди.

 

“Юксалиш” (1931, ссенарий муаллифлари Н.Кладо, Н.Ғаниев, режиссёр Н.Ғаниев), “Боғдоднинг Америка пахтаси” (“Американка из Багдада, 1931, режиссёр Н.Кладо), “Макрли чангал” (1932, режиссёр В.Козлов), “Араби” (1930, режиссёр Н.Зубова) сингари фильмлар шундай мафкуравий ташвиқот фильмлардандир. Уларнинг мавзу доирасида “деҳқонларнинг пахта етиштиришига қарши бойларнинг кураши”, “шўро ҳокимияти қўлга киритаётган ютуқларга миллий буржуазия вакилларининг қаршилиги” каби масалалар намоён бўлади. Ҳукумат қарорлари буржуа синфини батамом йўқотиш сиёсатини олиб бориши натижасида театр, кино, адабиёт асарларида бу сиёсатнинг тамғалари муҳрланиб қолгани ҳозирда аниқ кўзга ташланади. Аммо экрандаги ҳаёт билан реал ҳаёт ўртасидаги тафовут, табиийки катта эди. Айниқса, хотин-қизлар озодлиги учун кураш мавзуси ёритилган “Иккинчи хотин”, “Чодра” (1927), “Мохов хотин” (1928), “Авлиё қизи” (1930), “Унинг ҳуқуқи” (1931)  каби фильмларда ўзбек аёлининг инқилобга қадар ўткан “оғир турмуши” Октябрь инқилобидан кейинги ўзгаришлар билан қиёсланган тарзда ифодаланган.

 

Режиссёр М.Доронин суратга олган “Иккинчи хотин” фильмида шарқ аёлининг характери, яшаш тарзи ва оилавий аҳволи қисман бўлса-да, ҳақиқатдан узоқ бўлмаган тарзда ифода этилган. 1927 йилда суратга олинган фильмда актёр ва режиссёрлардан С.Хўжаев, Н.Ғаниев, Х.Жалиловлар маслаҳатчи сифатида иштирок этдилар. Бу эса фильмнинг томошабинлар томонидан қизғин кутиб олинишига ёрдам берган. Фильм Л.Сайфуллинанинг “Иккинчи хотин” номли ҳикояси асосида суратга олинган бўлиб, ҳикоя 1925-йилда рус тилида чоп этилган “Ичкари” номли ҳикоялар тўпламига киритилган эди. Тўпламдаги барча ҳикояларда ўзбек аёлининг “ичкари”даги турмуш тарзи акс этган. Ихчам ссенарийга қиёс «Иккинчи хотин» ҳикояси экранлаштирилиши жараёнида шўролар ҳокимиятининг ўзбек хотин-қизларига кўрсатган “ғамхўрлиги” фильмда ўз аксини топишига эришилди.

 


“Чодра” фильмида ҳам инқилобнинг “куч-қудрати”, ёш шўро ҳукумати ўзбек хотин-қизларининг паранжи ташлашларини тарғиб этиши акс этади. Октябр инқилобининг ўн йиллигига бағишланган ушбу фильмнинг бош мақсади мафкуравий тарғибот эди. Бу фильмда ҳам савдогар – Хайдарбойнинг рафиқаси Лоланинг золим эр қўлидан олиб чиқиш учун олиб борилган кураш ёритилади. Икки қарама-қарши қутб – бечора ўзбек аёли ва золим бой образи акс этган фильм ўз вақтида ҳақиқатдан узоқ эканлиги маҳаллий матбуотда айтиб ўтилган. “Авербах Масковдан срочно чақирилди. У эндигина практикантликдан чиққан, таҳсил кўрмаган хом бир киши эди. Ўзбекистонга умрида биринчи марта келганига қарамай, бир ярим ой мобайнида ўзбек ҳаётидан  “Чодира” картинасини ишлаб чиқарди. Ҳозир ўша маҳсулот давлат кино трестининг омборида ўтмас матоҳ бўлиб ётади... “Чодира” исмига яраша “чодиралилар” сингари чордеволдан томошабин кўзига акс этгани йўқ. Бу ҳам мафкуравий томондан пойма-пой кавш. Санъат ҳемири, натижа муаммо – бир ҳуржун. Бу ҳам трест подвалида эндиги асарларнинг томошабинларини (чунки келгуси бўғинлар, дарҳақиқат, кечмишда аҳвол шундайдир, дея қўя қоларлар) кутиб ётади.”  Мақола муаллифи Ғ.Ғулом санаб ўтган бир неча фильмлар давр талабига жавоб бермаслигидан ташқари уларнинг яратувчилари ўзбек давлат кино трестининг беҳисоб маблағини  ҳавога совураётганлари қайд этилган. Фильм ижодкорлари (ссенарийнавислар – М.Инсаров, П.Коротков, В.Булах, М.Авербах, режиссёр М.Авербах, оператор А.Лемберг) маҳаллий турмуш ва шароитни яхши билмасликлари фильмнинг муваффақияциз якунланишига  сабаб бўлган.

 


1931 йилда режиссёр Г.Черняк “Унинг ҳуқуқи” номли фильмни яратди. Бу фильм ижодий гуруҳининг асосий қисми европа миллатига мансуб бўлган  ижодкорлар эди. Фақатгина етакчи образ Тожихоннинг эри образи актёр Р.Аҳмедовга топширилди. Фильмда озодликка интилган Тожихоннинг эрини ташлаб кетиб шаҳарга келиши, заводга ишга кириши, вақт ўтиб зарбдор ишчилардан бирига айланиши ҳикоя қилинади. Унинг ютуқлари кинохроника ходимлари томонидан суратга олиниб, кўп ўтмай фильм колхозда намойиш этилаётган вақтда хотинини таниб қолган колхозчи Қосим Юсупов экрандаги рафиқасига пичоқ ўқталади. Бироқ, колхозчиларнинг таъсирига кўра у ўз хатосини тушунади ва шаҳарга бориб рафиқаси билан ярашади...

 

Реал ҳаёт сирлари

 

Инқилобдан кейин мамлакатда содир бўлаётган жиддий ва даҳшатли ҳодисаларнинг аксарияти хотин-қизларнинг эркликка интилиши билан боғлиқ эди. Фильм ижодкорлари юқорида айтиб ўтганимиздек, масалага фақат шўро мафкурасини тарғиб этиш юзасидан ёндошганлар. Маълумотларга кўра бу вақтда хотин-қизлар озодлиги учун тузилган “Ҳужум” ташкилотининг ташвиқотчилик фаолияти жуда кенг тарқалган, мамлакатда озодликни истаган неча-неча аёлларнинг ўз акалари, эрлари, оталари, умуман, яқин кишилари томонидан ўлдирилган, йўллари тўсилган бир шавқациз давр эди. Ҳақиқий ҳаётдан узилган фильмларда эса паранжи ташлаган аёлларнинг аччиқ қисмати рўй-рост акс этмади. Аксинча, юзи очиқ бўлган ўзбек қизининг фаровон турмуши экран орқали мадҳ этилди. Аммо 20-30 йилларда мамлакатда айнан шўро ҳокимиятининг шошма-шошарлик билан олиб борган сиёсати жуда кўп аёлларнинг бевақт ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган эди. Бу ҳодисани фақатгина мамлакат аҳолисининг сиёсий онги давр ўзгаришларини тўлақонли англаб етмаганлиги билангина боғлаш мумкин эмас. Айни шўро ҳукумати даврида бадиий ижодда акс этган тарихий воқеълик озодликка интилган куч (ўзбек аёллари) ва унга қарши бўлган ёвуз кучлар (ҳурофотчилар)нинг ўзаро кураши сифатида баён этиб келинди. Аслида, совет давлатининг тезлик билан оёққа туришида мамлакатда аёллар кучидан ҳам фойдаланиш давр талаби эди. Шунинг учун ҳам Ўрта Осиё хотин-қизларини меҳнатга сафарбар этиш учун аввал уларни ичкаридан озод этиш ва ҳуқуқлари тенг эканлигини тасдиқлаб олиш шарт эди.

 

Назаримизда, Москвадан Ўзбекистонга фильм суратга олиш учун келган киночилар маълум кўрсатмалар асосида фаолият юритганлар. Уларнинг асосий мақсади хотин-қизларни зудлик билан жамиятнинг фаол ишчисига айлантириш, янги ҳокимиятга нисбатан аҳолининг ишончини уйғотиш (гарчи бу тўқима сюжетлар асосига қурилса ҳам), шунингдек, гўё мамлакатдаги оғир иқтисодий аҳволнинг бош сабабчилари бўлган маҳаллий бойлар, эшонлар ва босмачиларга халқнинг чексиз нафратини қўзғатишда кинонинг таъсирини ошириш эди. Бу масалаларни тўқима сюжетлар асосида ёритган режиссёрлар маҳаллий томошабиннинг фильмни қай тарзда қабул қилаётгани билан  мутлақо қизиқмаганлар. Улар белгиланган режа бўйича иш олиб борганлар ва мафкуравий ташвиқот юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисобот тўлдирганлар. Экран ташқарисидаги ҳаётда эса фильмлардагидек эркаклар хотин-қизлар йўриғига осонлик билан эргашмаган. Агар 20-йилларда хотин-қизлар ўртасида олиб борилган ташвиқот ишлари аста-секинлик билан олиб борилган, бир эмас, бир неча марта ўтказилган оммавий митинглар ёки хонадонлар аро ўтказилган тушунтириш ишлари ўзбек аёлларининг паранжи ташлашга бўлган иштиёқини уйғота бориб, уларнинг ишончини қозона бошлаган бўлса, кейинги ҳаракатлар кескин ва шиддатли кеча бошлади.

 

1926 йилда Ўрта Осиё партия комитетларининг хотин-қизлар бўлимлари ходимлари иштирокида кенгаш ўтказилди. Кенгашда хотин-қизларни тезроқ советлар жамиятининг фаолларига айлантириш учун қарор қабул этилди. Қарорга асосан Ўрта Осиёлик аёлларни ишлаб чиқаришнинг барча жабҳаларига жалб этиш, биринчи навбатда ўзбек аёлларининг паранжи ташлашга нисбатан барча чораларни кучайтириш муҳим вазифа этиб белгиланди ва бу тадбир “Ҳужум” деб аталди. Тарихий манбалар шуни кўрсатадики, фақат аёллар ўртасида олиб борилган ташвиқотлар натижасида мамлакатдаги кўп сонли ёш хотин-қизлар ўз эркини шўро ҳокимиятидан талаб қилиб чиққанлар ва паранжи ташлашдан ташқари ажралиш учун суд органларига аризалар берганлар. Бу ҳаракатда эркаклар орасида ҳам руҳий-мафкуравий таъсир ўтказиш ёки тушунтириш ишларини олиб бориш йўлга қўйилмаган. Аксинча, аёллар ўз эри, отаси, биродарларига қарши қўйилган. “Агар эркинг бўғилса сени ҳимоя қилувчи Шўро ҳокимияти бор, паранжини ташла”, қабилидаги даъватлар бечора аёлларни зудлик билан қарор қабул қилишга олиб келгани сир эмас. Маълумотларга қараганда,  1927-йилга келиб 100 минг аёл паранжисини ташлаган, 5 минг аёл саводсизликни тугатиш курсларида таҳсил олган, 5202 нафар аёл халқ маслаҳатчилигига сайланган. (Алимова Д. “Ҳужум”га зарурат бормиди?// Ўзбекистон адабиёти ва санъати. -  1992, 11 сентябрь № 37.)

 


Бу ютуқларга эришишнинг барчасини “Ҳужум” ёки бошқа тарғибот ишлари билангина боғлаб бўлмайди. Театр ва кино асарлари ҳам ўз томошабинига бевосита экран ёки саҳна орқали таъсир этганлиги табиий. Зотан кинематография санъати аҳолини мўжизалар рўй беришига ишонтира олар эди ва ХХ аср бошида яшаган томошабин экрандаги воқеаларни ҳақиқий ҳаётнинг акси, деб тушунган бўлиши ҳам мумкин. Лекин мамлакат аёлларининг ўз эрки учун бўлган кураши кескин тўсиқларга учраганини қуйидаги маълумотлардан билиб олиш мумкин: “Расмий ҳужжатларда 1927-1928 йиллари биргина Ўзбекистонда 2,5 мингдан ортиқ фаол хотин-қизлар, қишлоқ, раён кенгашларининг аъзолари, хотин-қизлар клублари ва кутубхоналар мудирлари ҳаётдан жудо бўлгани рақамланган. Албатта, бу кўрсаткич тўлиқ эмас. “Ҳужум”нинг оддий иштирокчиларидан қанчаси ўлгани ёки майиб-мажруҳ бўлгани, бу фожиалар учун масъулликни ва жавобгарликни ким ўз зиммасига олгани номаълум”. (Алимова Д. “Ҳужум”га зарурат бормиди?// Ўзбекистон адабиёти ва санъати. -  1992, 11 сентябрь № 37.)

 


Тарихчи олиманинг масалани чуқур ўрганган жиҳатларидан яна бири  шундаки, ўзбек хотин-қизларининг юзларини очиб ижтимоий ҳаётда эркин фаолият юритишларида миллий урф-одатлар, анъаналар поймол этилиш даражасида фаолият юритилган. Яъни, ташвиқот ишларига диндорлар, гарчи бу ҳаракатни қўллаб қувватласалар ҳам жалб этилмаган. Аксинча, динга ва руҳонийларга нисбатан “Курашчан худосизлар” уюшмаси тузилиб, руҳонийлар ва уларнинг эътиқодига нисбатан ҳам жиддий  кураш йўли бошланган эди. Шу тариқа, 1930 йилларга келиб диндорларнинг салбий қиёфалари ҳам ўз-ўзидан бадиий ижод турларига кириб кела бошлади. Натижада, хотин-қизлар ўлимида ҳам диндорлар, шўро ҳукуматига қарши ҳам аввало диндор ва бой, мамлакатдаги иқтисодий тангликни келтириб чиқараётганлар ҳам айнан мана шулар, деган ёрлиқ шўро ҳокимиятининг ташвиқотчилари учун жуда қўл келди. Лекин 30-йилларда яратилган бадиий ижод намуналаридаги аксар бой, бек ва руҳонийлар образларининг фақат салбий қиёфада тасвирланиши ҳақиқатга мутлақо зид бўлганидек, инқилобга қадар ўзбек аёлининг ичкарида зулм остида яшаганлиги, кўп хотинлилик жафосини чеккани ҳам барча Туркистон аёлларига хос эмас эди. Туркистон бойлари  ва руҳонийларига ёппасига ёпиштирилган бу тамға деярли етмиш йил давом этиб келди.

 

Агар ўзбек киносининг 20-30 йилларда яратилган асарларини таҳлил этиб борсак, “оқ” бу йўқсил, меҳнаткаш деҳқон, “қора” бу жадид, эшон, бой ва босмачилардир, деган  тенденсияни  кўриш мумкин... Тарихий маълумотлар эса ўзбек халқи ўз аҳли аёлини беҳудага хўрламаганини, балки ўзбек аёллари ҳам ҳар бир халқ каби тинч-тотув ҳаёт кечирганлари тўғрисида айтади: 1886 йилда Қозон нашриётида босмадан чиққан “Фарғона тузем аҳолиси аёлларининг турмушидан очерклар” номли китобда XIX аср охирида Фарғона вилоятида маълум муддат яшаб, маҳаллий аёлларнинг турмуш тарзини синчиклаб кузатган ва ўз кузатувлари асосида ҳужжатли асар ёзган эр-хотин Наливкинларнинг  ўзбек аёллари турмусҳига холис муносабати акс этган (Асарнинг инқилобдан аввал нашр этилганлигини қайд этамиз). Китобда фарғоналик аёлларнинг кўриниши, миллий характер хусусиятлари, шу жумладан оилавий эр-хотин муносабатлари ҳам батафсил ёритилган. Инқилобдан кейинги бадиий ижод намуналарида устун турган ўзбек аёллари образининг бир тарафлама талқинидан фарқли тарзда Фарғона аёлларининг анчайин эркли бўлганлари ушбу китобда далиллар билан ифодаланади. “...Бу ерда эркак аёлга нисбатан зулмини Европага қараганда камроқ ўтказади. Аёл моддий сабабларга кўра ажралиш ҳуқуқидан фойдалана олмаган тақдиргина эркак аёлга зулм қилиши мумкин. Ҳар қалай, айрим ҳолларда мусулмон аёлларининг аҳволи европаликларникига қараганда дурустроқ. Улар шахс сифатида ҳам кенгроқ ҳуқуққа эга бўлиб келганлар”. Демак, инқилобгача Туркистон аёлларининг “хўрлик” ва “зўрлик”дан иборат ҳаёт кечиргани шўро мафкураси тарғиботига хизмат қилган бадиий асарларда бир томонлама ўз ифодасини топган.

 

Шўролар сиёсий мафкурасининг мавжуд воқеъликка бир томонлама мурожаат этишни санъат ва маданият ходимларига дастуриламал сифатида белгилаб берганлиги, айни пайтда муаммолар ва уларни бартараф этишга бўлган ҳаракат ҳам бир томонлама ёритилиб келинганлиги, бундай йўлдан юрмаган ижодкорлар эса ижтимоий-сийосий майдондан йўқотилганлиги бугун кундек равшан.

 

Шоҳида ЭШОНБОБОЕВА.

Oyina.uz

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси